Хиёнатгача хиёнатлар

Lotin alifbosida

Xiyonatgacha xiyonatlarХиёнат тушунчаси

Хиёнат—бу сўзнинг умумий маъноси аҳдни бузмоқ, ишончни суиистеъмол қилмоқ, ваъдага вафосизлик кабилар бўлиб, исломийлик юзасидан ҳам, инсонийлик юзасидан ҳам салбий сифат деб қаралади. Инсон ҳаётда ўз обрўси, шаъни, номус ва ориятини сақлаши учун хиёнатнинг ҳар қандай кўча-ю сўқмоқларидан йироқ бўлиши, ундан қаттиқ хазар қилиши лозимдир.

Хиёнатнинг яна бир хосроқ тушунчаси бор, яъни аёл кишининг эрига хиёнат қилиши. Инсоният хиёнатнинг ҳар турини қораласада, хусусан аёлнинг ўз эрига хиёнат қилишини асло қабул қила олмайди. Асл эркак қайси динга мансуб бўлишидан қатъий назар аёлининг хиёнатига чидаб туриши мумкин эмас. Бу маънавий бузуқлик нафақат инсонлар орасида балки парранда-ю ҳайвонот оламида ҳам қабул қилиб бўлмас номаъқулчилик сифатидан танилгани кўпчиликка маълум бўлса ҳам керак.

Асри саодатдан йироқлашиб охир замонга яқинлашган сари кундан-кунга янги фитналарни қарши олиб бораверар эканмиз. Бугунга келиб аксарият тушунчасида “аёлнинг хиёнати” деган сўз жуда тор ва қисқа маъно касб қиладиган бўлиб кетди. Жуда кўпчилик бу иборани “аёл бегона эр билан зино қилса хиёнат қилган бўлади” деб изоҳ беради холос. Ҳарҳолда, ҳамманинг фикри шу бўлмасада кўпчиликнинг тасаввурида хиёнат бу—фақат жинсий алоқа йўли билан қилинган хиёнат, деб тушунилади. Лекин биз “хиёнат” ҳақида сўз юритар эканмиз унга омманинг мафҳумидан келиб чиқиб эмас, балки шаръий нуқтаи назардан ёндашамиз. Шариатимизда хиёнат тушунчаси омманикига нисбатан кенгроқдир. Яъни, омманинг тасаввуридаги хиёнатгача ҳам бир неча тур хиёнатлар бор-ки, улар бугунга келиб кўпчиликнинг тушунчасида хиёнат эмас балки оддий бир ҳолга айланиб қолмоқда.

Хиёнатдан олдинги хиёнатлар

Зино хиёнатнинг энг катта кўриниши бўлиб, унгача бўлган ҳаракатлар эса зинога чорловчи кичик хиёнатлар ҳисобланади. Охир оқибати зино билан якун топувчи ҳар қандай ҳаракат, зинога олиб борувчи ҳар қандай омилларни “аёлнинг ўз ҳалол эрига хиёнат қилиши” деб айтиш мумкин.  Бунга қуйидагиларни мисол тариқасида келтирса бўлади:

1. Бегона эркак билан хуфёна учрашувга чиқиш;

2. Аврати ва зийнатларини бегона эркакларга кўз-кўз қилиш;

3. Хилват жойда ажнабий эркаклар билан ёлғиз қолиш;

4. Бегона эркакнинг бадани ё бирор аъзосига аёл ўз бадани ё аъзосини теккизиши;

5. Телефон орқали бегоналар билан ишқий суҳбат қуриш;

6. Смс ва хатлар орқали шаҳвоний хат алмашинувлари;

7. Ижтимоий тармоқларда ишқий ёзишма ва мулоқотлар қилиш;

8. Бегона эркакларни шаҳвоний иштиёқ билан тамошо қилиш;

9. Беҳаё филм ва расмларни тамошо қилиш;

10. Шаҳвоний ҳирсни қўзғатувчи ҳикоя ва қиссаларни ўқиб ё тинглаб бегона эркаклар ҳақида ҳаёлан фаҳшоний тасаввурга бориш ва улар ҳақида ўйлаш;

11. Эрнинг изнисиз, маҳрамсиз ёлғиз сафарга чиқиш;

12. Ҳамияти бор эркак кишининг нафсониятига тегадиган, уни норизо қиладиган ҳар қандай ҳаракатки аёли томондан содир этилса, бас, у ҳам аёлнинг эрига хиёнатидир.

Хиёнатнинг бу турлари агарча кўпчиликнинг эътиборидан четда бўлса-да, аммо шу фелларнинг ҳаммаси шаръий нуқтаи назардан аёлнинг ҳалол эрига озор берувчи хиёнатидир! Ва уларнинг ҳукмлари Ислом ахлоқига доир манбаларда батафсил келтирилган.

Ҳасан ал-Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилади: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари етиб келди: “Аллоҳ номаҳрамни тамошо қилувчини ва ўзини (узрсиз, заруратсиз) номаҳрамга тамошо қилдирувчини лаънатлагандир!” (Мишкот 3125).

Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Аёл киши бегона аёл киши билан (бир-бирига авратлари кўринар кийимда) юзланмасин . Бас, бири иккинчисини эрига тасвирлаб беради. У эр эса гўёки ўша аёлни (ҳаёлида тасаввур қилиб) кўриб туради” (Мишкот 3099).

Шу ҳадисга бироз эътиборни жалб қилсак: диққат қилинг, бир аёл бегона аёлнинг авратларини кўриб уни ўз эрига тасвирлаб берса-ю эр ҳам уни ҳаёлида тасаввур қилса, бу шаръан ман этилган иш экан! Энди шуни аксини олайлик, яъни аёл киши бегона эркакни ҳаёлида тасаввур қилиши мумкинми?! Асло! Мумкин эмас! Чунки, ҳадиси шарифда эътиборга олинган жиҳат—икки номаҳрам жинс орасида содир бўлиши мумкин бўлган фитна ҳадисда айтилган ҳолатнинг акси яъни, аёлларда ҳам мавжуддир. Қачонки бирор аёл бегона эркак ҳақида ўйлаб, уни тасаввур қилиб шаҳвоний лаззатланар экан, ҳадисга асосан бу ҳам ман этилган бўлади.

Қолаверса, бу ҳадис билан фуқаҳолар салам савдосининг жоизлигига далил қилиб, “тасвирлаб беришлик айнан ўзини кўрсатиш билан бир хилдир”, деб хулоса олганлар. Фуқаҳоларнинг бу хулосасига кўра бугунги кунда ижтимоий тармоқларда бир-бирларига расмларини ошкор қилиб хуфёна суҳбат ва мулоқот қилмоқлик айнан юз кўришиб мулоқот қилиш билан бир хил деган ҳукмни бериши мумкин.

Имом Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳлар Умму Салама онамиздан ривоят қилишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонига кўзи ожиз саҳоба Абдуллоҳ ибн Умму Мактум кириб келади. Ўша вақтда Ул зотнинг хузурида Умму Салама ва Маймуна онамиз икковлари бўлган экан. Оналаримиз Абдуллоҳ ибн Умму Мактумнинг кўзи ожизлиги туфайли ўзларини ундан четга олмайдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга “ундан беркининглар”—дейди. Умму Салама онамиз: “унинг кўзи кўр-ку, бизни кўрмайди”—дейдилар. Расулуллоҳ жанобимиз эса унинг бу сўзига раддан: “сизлар ҳам кўрмисизлар?! Уни кўрмаяпсизларми?!”, дейдилар. (Мишкот 3116)

Юқорида санаб ўтганимиз кичик хиёнатлар инсонни аста-аста катта хиёнат—зино томонга чорлаб охири унинг ҳолини хароб қилади, охиратда шармандаи шармсор этади. Зино энг катта гуноҳлардан бири бўлиб, унинг ҳаром амал экани китоб, суннат ва ижмоъ билан собит бўлган. Зинонинг нечоғли қабиҳлигини зинокорларнинг Ислом жамиятида эгаллаган тубан ўрнидан ҳам билса бўлади. Зинокорлар Исломда ишончдан чиққан одамлар бўлиб, маҳкамаларда уларнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди, сўзларига ишонилмайди. Масъулиятли, мартабали лавозимларда зинокор фосиқларга ўрин берилмайди.  Шариатимиз қонунига кўра, оилали инсон зинога қўл урса, унинг жазоси то ўлгунича тошбўрон қилишлик билан амалга оширилади.

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *