Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
“Ҳужжат ал-ислом”, яъни “Ислом динининг ҳужжати” деган фахрли номга эга бўлган, буюк олим Имом Муҳаммад ал-Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ “ал-Арбаъин фий усул ад-дин” асарларида “Аллоҳ осмонда”, “Аллоҳ Аршда ўтиради!” дегувчиларга раддия сифатида қуйидагиларни айтадилар:
“Албатта Аллоҳ таоло жисм эмас, тасвирланган ҳам эмас. У чегараси ва миқдори бор жавҳар (модда, материя) ҳам эмас. У зот ўлчовда ҳам, қисмларга бўлиниш жиҳатидан ҳам жисмларга ўхшамайди. Зотан, У жавҳар эмас, жавҳарлар Унга сингмайди (ҳулул қилмайди). У араз (аксиденция) ҳам эмас, аразлар Унга сингмайди. Балки, мавжуд нарсаларга ўхшамайди, мавжуд нарсалар ҳам У зотга ўхшамайди.
Аллоҳ зотга ҳеч нарса ўхшаш эмас. У бирор нарсанинг ўхшаши ҳам эмас. Уни миқдорлар чегара қилолмайди. Уни томонлар ўраб турмайди, Уни томонлар иҳота қилолмайди. Унга осмонлар паноҳ беролмайди.
У Аршга ўзи айтган жиҳатга кўра ва ўзи хоҳлаган маънога мувофиқ “истиво” қилган зотдир. У шундай “истиво”ки, тегиб туриш, қарорланиш, маконлашув, сингиб кетиш, кўчиш кабилардан беҳожатдир. У зотни Арш кўтариб турмайди, балки Арш ва уни кўтариб турувчи фаришталар Аллоҳнинг қудратининг лутфи ила кўтарилиб турувчидирлар ва Аллоҳнинг марҳаматига муҳтождирлар.
Аллоҳ Аршдан юқори ва коинотдаги ҳар бир нарсадан юқоридир. Унинг юқорилиги Аллоҳни Аршга ва самога яқинлигини орттира олмайди. Балки, У худди коинотга даражаларни кўтарувчи бўлгани каби Аршга ҳам даражаларни юксалтирувчидир.
Шу билан бирга, У ҳар бир мавжудотдан яқиндир, у бандаларига жонтомирдан ҳам яқиндир. У ҳар бир нарсага гувоҳдир. Унинг яқинлиги жисмларнинг яқинлигига ўхшамайди, бу худди Унинг зоти жисмларнинг зотига ўхшамагани кабидир.
Аллоҳ бирор нарсага сингмайди (ҳулул қилмайди). Бирор нарса Унга ҳам сингмайди. Аллоҳни макон эгаллаб туришдан худди Уни замон чегаралаб туришдан муқаддас бўлгани каби олийдир. Балки, У зот замон ва макон яратилишидан олдин бўлган. У зот ҳозир ҳам бўлганидекдир!
Аллоҳ ўз сифатлари ила яралмишлардан фарқлидир. Унинг зотида бошқа бўлмайди, бошқалар Унинг зотида эмас. У ўзгаришдан ва кўчишдан муқаддасдир, Унга янгиликлар ўтмайди. Уни қўшимча тасодифлар холи қолдира олмайди. Балки, Унинг буюк сифатлари йўқ бўлиб кетишдан пок ҳолда доимийдир. Унинг сифатлари мукаммаллигининг камолоти ортишидан холидир.
Аллоҳ ўз зотида ақллар ила топса бўладиган маълумдир. У кўзлар ила кўрса бўладиган Зотдир. Қиёмат кунида яхшиларга Унинг тарафидан лутф ва наъматлар мавжуд. Неъматларининг энг тугали карамли Парваридгорга назар солмоқдир!”
(Абу Ҳомид ал-Ғаззолий. ал-Арбаъин фий усул ад-дин. – Дамашқ: Дор ал-қалам, 2003. – Б. 18-19).
Ҳамидуллоҳ Беруний.