ҲИЗБ АМИРИНИНГ МУРОЖААТИ

69169774_2381752555249016_3517605428336787456_n(1-ҚИСМ)

• Мен, узоқ ўйланишлар ва истихоралардан сўнг 2017 йил январ ойида «Ҳизбут-таҳрир» ғояларидан воз кечганим ҳамда ҳизбий фаолиятини тўхтатишга қарор қилганимни расман эълон қилдим.
• Сўнгра «Ҳизбут-таҳрир» ғояси, ақидаси ва тариқати борасида аҳли сунна уламолари билдирган кўплаб эътирозларни қайтадан кўриб чиқиб, иккала тараф далил хужжатларини холис объектив таҳлил қилиб, натижада қуйидаги хулосаларга келдим:

— Авваламбор, «Ҳизбут-таҳрир»нинг визит карточкаси бўлган-«Ҳалифаликни тиклаш вожиб» деган ғоя — аслида биронта шаърий далил билан қувватланмаган. Бу ғоя асосида фақат, «вожиб, усиз битмайдиган нарса хам вожибдир» деган мантиқий қоида ётади холос. Яъни мусулмонларга халифаликни тиклаш вожиблигига далолат қилувчи бирон оят ҳам, ҳадис ҳам мавжуд эмас. Аксинча, барча далиллар бу мантиқнинг ушбу ўринда тўғри келмаслигини кўрсатади. Масалан Аллох таоло «Оли Имрон» сурасида мулк – подшолик Аллоҳни қўлида эканини, уни истаганига ўзи бериб, истаганидан Ўзи тортиб олишини маълум қилган. «Нур» сурасида эса агар шунга лойиқ бўлсалар, Аллоҳ мусулмонларни ер юзида халифа қилишини ваъда тарзида айтган.
Бундан эса бирон шахс, тоифа ёки тузумни хокимиятга келтириш ёки ундан четлатиш бандалар зиммасида эмас, балки ёлғиз Аллоҳ ваколатидаги иш экани маълум бўлади.
Сунатда эса халифа йўқ пайтларда мусулмон киши нима қилиши лозимлигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари тушунтириб берганлар.
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Ҳузайфа ибн Ёмон розияллоҳу анҳу мусулмон уммати ичида жаҳаннам дарвозаларига даъват қилувчилар кўпайганида нима қилиш керак, деб сўрайдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар жамоасини ва уларнинг имоми, яъни халифасини лозим тутасан, деганлар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу яна:
«Агар мусулмонларнинг жамоаси ҳам, имоми ҳам бўлмасачи?!», деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Гарчи дарахт илдизини чайнаб бўлса ҳам ўша фирқаларнинг бирортасига қўшилма!», деб жавоб берганлар.
Барча уламолар таъкидлашича, бу ердаги «жамоа»дан мурод Қуръон ва Суннатни мукаммал билувчи олимлардир. Демак, долғали замонларда мусулмонлар мўътабар олимлар атрофида жамланишлари лозим. Агар олимларни топмаса ҳеч бир фирқага қўшилмаслиги керак.
Башарти охирги саволга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Халифа йўқ бўлса, дарҳол уни тиклаш вожиб, шунга ҳаракат қил!», деганларида эди «Ҳизбут-таҳрир»нинг даъвосига асосланган мантиқни тасдиқлаган бўлардилар. Модомики халифа бўлмаган пайтда нима қилиш лозимлиги ҳақида сўралганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай мантиқдан келиб чиқмаган эканлар, биз хам мантиқ эмас балки Расуллохнинг буйруқларига амал қилишимиз ва уламолар этагидан ушлашимиз ҳамда бирор фирқага қўшилмаслигимиз лозим бўлади. Шу нуқтаи назардан ушбу ҳадис халифаликни тиклаш вожиб эмаслигига далолат қилувчи очиқ хужжатдир.

— Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимки Аллоҳ ва Расулига иймон келтирса, намозини адо этса , закотини берса ва Рамазон рўзасини тутса – уни жаннатга киритиш Аллоҳ зиммасидаги ҳақ бўлади – у Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганми ёки туғилган ерида ўтираверганми фарқи йўқдир», деганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривояти
Мазкур ҳадисдан англашиладики, ҳатто халифалик давлати мавжуд бўлган тақдирда ҳам, бир киши ҳалифалик бўлмаган ватанида иймон-эътиқодини бутун сақлашга ҳамда зурурий ибодатларини бажаришга қодир бўлса ватанида қолиб, яшайвериши жойиздир. (Яъни унга халифа мавжуд жойга ҳижрат қилиш вожиб бўлмайди) Ҳатто Имом Муовия таъкидлаганидек, ўша кишининг дорул исломга хижрат қилишидан ҳам ўз маконини лозим тутиши афзалдир.

— «Халифалик мендан кейин 30 йилдир», ҳадиси эса барчага маълум. Аҳли Сунна вал Жамоа олимлари айни тўрт рошид халифа, ҳамда имом Ҳасан розияллоҳу анҳумлар умматни бошқарган олти ойни қўшилса шу билан ўттиз йиллик халифа даври тугаган бўлади. Кейин подшоликлар даври бошланди. Чунончи Муовия розияллоҳу анҳу энг аввалги ва энг афзал подшо бўлганини Сунний уламолар бир овоздан таъкидлаганлар.
Келажакда, нубувват минҳожига асосланган халифалик башорати бор ҳадисга келсак, бу ҳадисдаги хабар умматга буйруқ ёки ҳаракат учун қўлланма сифатида далил бўлмайди, балки ҳадиси шариф келажакда бўладиган ҳодисадан башорат-ҳушхабар сифатида маъно касб қилади. Худди Имом Маҳдийнинг чиқиши ёки Ийсо алайҳис саломнинг тушишлари қандай башорат қилинган бўлса, нубувват минҳожига асосланган халифалик ҳадиси ҳам айнан шу маънодаги ҳадислар жумласига киради. Хусусан уламолар мазкур ҳадисда Маҳдий ва Ийсо алайҳиссалом тарафидан уммат бошқариладиган давр назарда тутилган деб шархлайдилар. Нима бўлганда ҳам келажакда кутиладиган ҳодисалар башорати бор ҳадисларни ушлаб олиб, мусулмонлар ўзлари истаган пайтда ўша башоратларни амалга оширишга уринаверишлари мумкин эмас. Балки бу ҳодисалар Аллоҳ таоло Ўзи истаган вақтда юзага келтирадиган фавқулотда ишлардир… (Давоми бор)

Ҳафизуллоҳ НОСИР

Ҳафизуллоҳ Носиров Мужоҳидович  «Ҳизбут таҳрир» жамоасининг Ўрта Осиё бўйича амири бўлган, шу айблов билан йигирма йил атрофида маҳбус бўлган ва бу жамоанинг ботил эканини илмий асосда исботини кўрган ҳамда онгли равишда тушуниб етиб, жамоани тарк қилган, кейингги ҳаётида жуда кўп адашган ёшларни бу ботил жамоадан қайтишларига сабабчи бўлган инсон.
• Ҳафизуллоҳ ўзининг самимий эътирофларидан бирида: «Мен ёшлик ғурури билан бу ботил тоифага мансуб бўлдим ва кўпчиликни «Ҳизбий» бўлишига сабабчи бўлдим. Энди бу хатоларимни ислоҳи учун илмий асосда «ҳизбий»ларнинг хатоларини баён қилиб, камида киритганим қадар инсонларга ҳақни тушуниб етишлари учун сабабчи бўлишни хо ҳлайман!», деган…
• Аллоҳ таоло бу биродаримизга ҳақ йўлни муборак қилсин, ниятларига эриштирсин ва тезроқ уйларига қайтиш, яқинлари билан қовушиш бахтини ҳам ато қилсин! Илмларидан ҳақ йўлда уммат фойдаланишини Раббим насиб айласин!
• Омин!

• Сиз ҳам бу даъват карвонига қўшилинг, адашиб юрган биродарларимизга етиб бориши учун ушбу #ЭЪТИРОФ ни тарқатинг! Зора кимнидир бу ботил йўлдан қайтишига сабабчи бўлсак!

Аброр Мухтор Алий

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *