Дин – насиҳатдир!

Lotin alifbosida

Ёки раҳбарга насиҳат қилишнинг шаръий йўли

 Муқаддима

Охирги вақтларда давлатнинг ички ва ташқи сиёсатидан норози бўлиб, уни танқид қилувчилар учраб қолмоқда.  Эътирозларини баъзан ижтимоий тармоқлар орқали изҳор қилса, баъзан китоб ва рисолалар ёзиб тарқатиш услубидан ҳам фойдаланишмоқда. Уларнинг асл мақсади нима? Билмаймизку, лекин бу ташвиқотлари кимларгадир ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаяпти. Натижада юртимизда уларга ҳамжинс бўлган шахслар аста-аста пайдо бўлиб қолмоқда.

Мамлакатимиз аҳолисининг аксар қисми алҳамдулиллоҳ мусулмонлардан ташкил топган. Шундай экан, имкон қадар ислом андозасидан четга чиқмасликка ҳаракат қилишимиз лозим.  Ислом динида мусулмонларнинг манфаати, тинчлиги, омонлиги ҳамиша бирламчи масала бўлиб келган. Вазиятдан келиб чиқиб мусулмонлар тепасида бошлиқ бўлиб турган раҳбариятни танқид қилиш масаласида муқаддас динимизнинг кўрсатмалари қандай эканини ўрганиб чиқиш ва оммага тақдим қилишни куннинг долзарб масалаларидан бири деб топдик.

Танқид ва насиҳат тушунчаси

Асосий мавзуга киришдан олдин танқид ва насиҳат тушунчасига алоҳида тўхталмоқ фойдадан ҳоли эмас. Умуман бирор шахсга унинг айби ва камчиликларини айтишда икки хил услуб бор:

танқидий услуб ва насиҳат услуби. Танқид ва насиҳат тушунчаларига қисқача таъриф:

Танқид—бировнинг хато камчиликларини ахтариб топиш, уни бартараф этиш мақсадида кўпчилик олдида муҳокама қилиш. Оғир ботадиган қаттиқлик ва танбеҳ ила юзига айтиш.

Насиҳат—кишининг хато камчиликларини самимийлик билан, оғир ботмайдиган услубда эслатиш, маслаҳат бериш, яхшилик билан бошқалар олдида хижолат қилмасдан ёлғиз ўзига тушунтириш.

Танқид билан насиҳатнинг бир-биридан фарқи шуки танқид тингловчига оғир ботадиган услубда, насиҳат эса хушмуомалалик билан бўлади. Бу иккисидан қай бири самаралироқ эканини тушунтириб ўтиришга ҳожат йўқ бўлса керак. Бу учун халқимизда кенг тарқалган “яхши гапга илон инидан, ёмон гапга пичоқ қинидан чиқар” деган ақлли нақлни эслаш кифоя деб ўйлайман.

Динимизда мусулмонлар бир бирларини насиҳат билан ислоҳ қилишга тарғиб этилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:

أُبَلِّغُكُمْ رِسَالاتِ رَبِّي وَأَنَاْ لَكُمْ نَاصِحٌ أَمِينٌ

Сизларга Роббимнинг юборганларини етказаман ва мен сизларга ишончли насиҳатгўйман (Аъроф сураси /68).

Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

وَعَنْ تَمِيمٍ الدَّارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قال: الدِّينُ النَّصِيحَةُ. قُلنَا: لِمَنْ؟ قال:لله وَلِكِتَابِهِ وَلِرَسُولِهِ وَلأئِمَّةِ المُسْلِمِينَ وَعَامَّتِهِمْ

Тамим ад-Дорий розияллоҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дин—бу насиҳатдир!» Биз: ким учун?—дедик. Ул зот: «Аллоҳ учун, китоби учун, расули учун, мусулмонларнинг бошлиқлари ва оммаси учун.», — дедилар (Саҳиҳи Муслим).

Насиҳат динимиз билан чамбарчас боғлиқ фазилатдир. Ҳатто баъзи уламолар насиҳат дининг тўртдан бирини ташкил қилади, деганлар. Хуллас Ислом танқиддан кўра насиҳатни афзал кўради, танқидчилардан кўра насиҳатчилар тарафини олади! Танқидга нисбатан насиҳат яхши натижа бериши зиёлига ҳам оми саводсизга ҳам кундек равшан, ҳужжат талаб қилмас ҳақиқатдир!

Мавзуга кириш

Асосий мавзу — подшонинг айбини айтиш масаласига қайтадиган бўлсак бунинг воқеликда қуйидагича кўринишлари бўлиши мумкин:

1. Подшо ёки бошлиқнинг ёлғиз ўзига, ҳеч кимга билдирмасдан махфий тарзда самимийлик билан насиҳат тарзида айтиш;

2. Унинг ёлғиз ўзига насиҳат қилиш имкони бўла туриб, кўпчилик олдида унинг юзига яхшилик ва самимийлик билан айтиш;

3. Унинг ёлғиз ўзига махфий тарзда хушмуомалалик билан насиҳат қилиб, кейин ташқарига чиққач бу ҳолатни омма ичида ёйиб ошкор қилиб юбориш;

4. У йўқлигида одамлар ичида унинг айбу нуқсонларини оммага эълон қилиш;

5. У йўқлигидан, балки ундан яширинча унинг айбларини қоғозга тушириш ва оммага тарқатиб юбориш.

Хуллас раҳбар айбларини айтмоқчи бўлганлар иложсиз шу беш хил кўринишдан бирини танлашади. Ва яна шу беш хил кўринишнинг қай бирини танлаган бўлсин насиҳатчи табиий равишда  “мен бу ишим билан халқ манфаатини кўзладим, золимнинг айбини очиқча айтиб унга барҳам бермоқчи, юртни ислоҳ қилмоқчи бўлдим”, деганга ўхшаш хайрли мақсадларни кўзлаганини, яхши ният қилганини айтади (ёки иддао қилади).

Лекин, шуни яхши билиш керакки, ният ҳарчанд яхши бўлмасин амалий танланган йўл ношаръий бўлса, унинг зиғирча қадри бўлмайди.

Йирик ҳанафий олими мавлоно Мулла Али раҳматуллоҳи алайҳ бу мавзуда шундай деган:

Шариатда қораланган гуноҳлар яхши ният билан қилинганда савобга айланиб қолмайди. Тўғри, “Амаллар ниятга қарабдир!”—деган ҳадис бор. Баъзи саводсизлар шу ҳадисга суяниб яхши ният билан қилинган маъсият тоатга айланиб қолади, деб ҳаёл қилишади. Бир инсон юзидан ўтолмай бошқа одамни ғийбат қилиш, бировнинг молини сўроқсиз садақа қилиб юбориш, ҳаромдан топилган мол билан масжид қуриш кабиларни бунга мисол қилиш мумкин. Буларнинг ҳаммаси асли илмсизликдан. Яхши ният шариатда маъсият деб ҳукм қилинган амалларни асло ўзгартира олмайди. Аксинча, ёмонлик ортидан яхшиликни умид қилиш, ҳаром иш билан яхши ният қилиш гуноҳ устига қўшимча гуноҳдир. Агар буни билиб қилса динни бузган бўлади. Билмай қилса қаттиқ гуноҳкор бўлади. (Таҳсинут-товийя битаҳсинин-нийя).

Ислом ўз низомида ҳамиша мусулмонлар манфаатини кўзлайди. Мусулмонларга наф келтирадиган йўллар яхши! Зарар келтирадиган йўллар эса ёмондир! Ибн Ҳажар ал-Асқалонийга мансуб “Мунаббиҳот” китобининг энг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагича ҳадис келтирилади:

Икки хислат бор-ки, у иккисидан афзалроқ нарса йўқ:

1. Аллоҳ таолога иймон келтириш;

2. Мусулмонларга манфаат етказиш.

Ва яна икки хислат борки, ундан ёмонроқ нарса йўқ:

1. Аллоҳ таолога шикр келтириш;

2.Мусулмонларга зиён етказиш.

Шундай экан раҳбарнинг айбини айтишда иложсиз танлашимиз керак бўлган беш хил вариантдан ҳар бирининг шаръий ҳукмини билиб олиш зарур бўлади. Токи яхши ният қилганимиз билан чаласаводлик туфайли ношаръий услубни танлаб гуноҳ устига гуноҳ орттириб олмайлик.

1-кўринишнинг шаръий ҳукми

Подшонинг ёлғиз ўзига, кўпчиликдан махфий тарзда юзма-юз, самимият ила насиҳат қилиш аҳли сунна вал-жамоа мазҳабининг муҳим қоидаларидан биридир! Ҳукми эса насиҳатчига хавф-ҳатар бўлмаган тақдирда вожибдир! Лекин халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон даврида пайдо бўлган бидъатчи хаворижлар бу услубни суннатдан эканига қўшилишмаган. Улар ошкора айтиш тарафдори бўлишган ва охир оқибат Ҳазрати Усмон ва Али розияллоҳу анҳунинг қатл этилишига сабабчи бўлишган.  Имом ибн Абдулбарр “Истизкор” номли асарида раиятнинг султонга насиҳати вожибдир, деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

من أراد أن ينصح لذي سلطان في أمر فلا يبده علانية ، وليأخذ بيده, فإن قبل منه فذاك, وإلا كان قد أدى الذي عليه

“Кимки бирор масала юзасидан султонга насиҳат қилмоқчи бўлса, уни ошкора қилмасин! Аксинча, унинг қўлидан ушласин (ёлғиз ўзига айтсин), агар қабул қилса жуда яхши. Акссинча (рад қилса), у зиммасидаги бурчини адо қилди” (Имом Аҳмад).

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

قيل له ألا تدخل على عثمان فتكلمه ؟ فقال: أترون أني لا أكلمه إلا أسمعكم؟! والله لقد كلمته فيما بيني وبينه ما دون أن أفتتح أمراً لا أحب أن أكون أول من فتحه .رواه البخاري ومسلم

Унга: “Усмоннинг хузурига кириб гапирмайсанми?!—дейилди.

У айтдики: Биласизларми, мен хозир асло гапирмайман! Агар гапирсам сизлар эшитиб қолмайсизларми?! Аллоҳга қасамки унга, бир иш эшигини очиб қўймай (яъни бирор балони бошлаб қўймай) деб, фақат орамизда қоладиган қилиб гапириб бўлдим. Мен  у эшикни очиб беришни истамайман”. (Бухорий ва Муслим).

Имом Нававий “Мен  у эшикни очиб беришни истамайман” иборасини шундай шарҳлаган:

يعنى المجاهرة بالإنكار على الأمراء في الملأ

яъни, амирларга омма олдида ошкора инкор қилиш—демакдир!

Бухорий шарҳи “Фатҳ ул-борий”да шундай ёзилган:

وَقَالَ عِيَاض : مُرَاد أُسَامَة أَنَّهُ لَا يَفْتَح بَاب الْمُجَاهَرَة بِالنَّكِيرِ عَلَى الْإِمَام لِمَا يَخْشَى مِنْ عَاقِبَة ذَلِكَ ، بَلْ يَتَلَطَّف بِهِ وَيَنْصَحهُ سِرًّا فَذَلِكَ أَجْدَر بِالْقَبُولِ

Ийёз айтган: Усоманинг муроди бундай бўлган: у бошлиққа ошкора рад қилиб чиқишни назарда тутган эди. Чунки у бунинг оқибатидан чўчирди. Балки бошлиққа мулойимлик билан кўпчиликдан сир тутиб насиҳат қилинади. Мана шунисининг қабул қилиниши яқинроқ.

Хозирги даврда подшонинг айбини оммага достон қилиш тарафдорлари учун қадрли шахслардан бири шайҳ Абдуллоҳ ибн Боз Усома ҳадисига шарҳ бераркан шундай деган:

لما فتحوا الشر في زمن عثمان — رضي الله عنه — وأنكروا على عثمان — رضي الله عنه — جهرة تمت الفتنة والقتال والفساد الذي لا يزال الناس في آثاره إلى اليوم حتى حصلت الفتنة بين علي ومعاوية وقتل عثمان وعلى بأسباب ذلك وقتل جم كثير من الصحابة وغيرهم بأسباب الإنكار العلني وذكر العيوب علناً حتى أبغض الناس ولي أمرهم وحتى قتلوه نسأل الله العافية

Усмон розияллоҳу анҳунинг даврида ёмонлик сари дарча очишиб халифа Усмонга ошкора инкор қилиб чиқишганда фитна, фасод ва қитол ўзининг том даражасига кўтарилиб олди. Одамлар хозиргача ўша фитналар изидан келишмоқда. Ҳатто Али ва Муовиянинг орасида ҳам шу фитна бўлди. Усмон, Али,  кўплаб саҳоба ва бошқалар ошкора инкор қилиш ва айбларни фош этиш туфайли ўлиб кетишди. Одамлар ўз ишбошиларига ғазаб қилишди ва ҳатто уни қатл қилишгача бориб етдилар. Аллоҳдан офият сўраймиз.

Саъийд ибн Жубайрдан ривоят қилинади:

قال رجل لابن عباس رضي الله عنهما: آمر أميري بالمعروف؟ قال: إن خفت أن يقتلك, فلا تؤنب الإمام فإن كنت لا بد فاعلا فيما بينك وبينه

Бир киши Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумага деди: амиримга амри маъруф қиламанми? Ибн Аббос: агар сени қатл этишидан қўрқсанг, асло бошлиқни қоралама. Агар ҳеч иложинг қолмаса фақат ўзаро бўлсин—деди. (ибн Абу Шайба).

Саъийд ибн Жумҳондан ривоят қилинади, у айтди:

أَتَيتُ عَبْدَ اللَّهِ بْنَ أَبِي أَوْفَى وَهُوَ مَحْجُوبُ الْبَصَرِ ، فَسَلَّمْتُ عَلَيْهِ ، قَالَ لِي : مَنْ أَنْتَ ؟ فَقُلْتُ : أَنَا سَعِيدُ بْنُ جُمْهَانَ ، قَالَ : فَمَا فَعَلَ وَالِدُكَ ؟ قَالَ : قُلْتُ : قَتَلَتْهُ الْأَزَارِقَةُ ، قَالَ : لَعَنَ اللَّهُ الْأَزَارِقَةَ ، لَعَنَ اللَّهُ الْأَزَارِقَةَ ، حَدَّثَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُمْ كِلَابُ النَّارِ ، قَالَ : قُلْتُ : الْأَزَارِقَةُ وَحْدَهُمْ ، أَمْ الْخَوَارِجُ كُلُّهَا ؟ قَالَ : بَل الْخَوَارِجُ كُلُّهَا ، قَالَ : قُلْتُ : فَإِنَّ السُّلْطَانَ يَظْلِمُ النَّاسَ ، وَيَفْعَلُ بِهِمْ ، قَالَ : فَتَنَاوَلَ يَدِي ، فَغَمَزَهَا بِيَدِهِ غَمْزَةً شَدِيدَةً ، ثُمَّ قَالَ : وَيْحَكَ يَا ابْنَ جُمْهَانَ ، عَلَيْكَ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ ، عَلَيْكَ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ ، إِنْ كَانَ السُّلْطَانُ يَسْمَعُ مِنْكَ ، فَأْتِهِ فِي بَيْتِهِ ، فَأَخْبِرْهُ بِمَا تَعْلَمُ ، فَإِنْ قَبِلَ مِنْكَ ، وَإِلَّا فَدَعْهُ ، فَإِنَّكَ لَسْتَ بِأَعْلَمَ مِنْهُ .

Абдуллоҳ ибн Абу Авфа розияллоҳу анҳунинг олдига келдим. Унинг кўзи ожиз эди. Келиб салом берганимда у менга:

— сен кимсан?—деди.

— Мен: Саъийд ибн Жумҳонман, дедим.

— У: отанг нима бўлди—деб сўради.

— Мен: отамни Азориқалар қатл этишди, дедим.

— Шунда у: Аллоҳ азориқаларни лаънатласин, Аллоҳ азориқаларни лаънатласин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки, улар жаҳаннам итлари экан—деди.

— Мен: азориқаларнинг ўзини айтганми ё хаворижларниям қўшганми?—деб сўрадим.

— У: балки хаворижларнинг ҳаммаси—деди.

— Саъйид ибн Жумҳон айтадики, Мен: султон одамларга зулм ўтказяпти, уларга (хоҳлаганини) қиляпти, дедим.

— Шунда у менинг қўлимдан ушлаб шиддат билан маҳкам қисди ва айтди: Эй ибн Жумҳон ҳолингга вой бўлсин саводи аъзамни маҳкам тут, саводи аъзамни маҳкам тут (катта жамиятдан ажрама). Агар султон сўзингга қулоқ тутса ва сўзингни қабул этса унинг уйига бориб билганларинги айт! Агар қабул қилмайдиган бўлса, уни ўз ҳолига қўй, чунки сен ундан (сиёсатни) билмдонроқ эмассан (Муснади Аҳмад ибн Ҳанбал /18981).

Имом Шавконий айтади:

ينبغي لمن ظهر له غلط الإمام في بعض المسائل أن يناصحه ولايظهر الشناعة عليه على رؤوس الأشهاد بل كما ورد في الحديث أنه يأخذ بيده ويخلو به ويبذل له النصيحة ولا يذل سلطان الله

Баъзи масалаларда бошлиқнинг адашганини билган киши унга насиҳат қилиши лозим. Насиҳат қилишда одамлар орасида қўполлик қилмасдан худди ҳадисда келгандек, қўлидан бир четга тортиб ҳоли жойга ўтиб насиҳат қилсин. Аллоҳнинг султонини хўрламасин.

2-кўринишнинг ҳукми

Подшога насиҳат қилишда юқорида кўрсатилган иккинчи услуб яъни, унинг ёлғиз ўзига насиҳат қилиш имкони бўла туриб, кўпчилик олдида унинг юзига яхшилик ва самимийлик билан камчиликларини айтишнинг шаръий ҳукми нима? Бунинг ҳукми ҳаром! Нега?—Дейишингиз мумкин.

Биринчидан, юқорида имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисдаги Расулуллоҳнинг ушбу “Кимки бирор масала юзасидан султонга насиҳат қилмоқчи бўлса, уни ошкора қилмасин!”—деган буйруғига хилофдир.

Иккинчидан, салафи-солиҳларнинг одатига хилоф. Масалан Абдуллоҳ ибн Абу Авфа, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуларнинг манҳажига тескари.

Учинчидан, яхшими ёмонми мусулмонларга раҳбар бўлиб турган ҳар қайси мусулмон шахс Аллоҳнинг ердаги султонидир. Султоннинг камчилигини омма олдида айтишлик унга нисбатан ҳурматсизлик ва шаръий одоб чегарасидан ташқари бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг султонини хорламасликка чақириб шундай деганлар:

من أهان سلطان الله في الأرض أهانه الله

“Ким Аллоҳнинг ердаги султонини хўрласа, Аллоҳ уни ҳам хор қилиб қўяди”  (Термизий). Подшонинг айбини оммага достон қилиш тарафдорлари учун қадрли шахслардан яна бири бўлмиш Солиҳ Усаймин айтади:

إذا كان الكلام في الملك بغيبة أو نصحه جهراً والتشهير به من إهانته التي توعد الله فاعلها بإهانته

Подшонинг йўқлигида ортидан гап кетаётган бўлса, ёки очиқчасига оммага машҳури жаҳон қилиб насиҳат қилиш бу ишлар фоилини Аллоҳ хорлаб қўйиш билан таҳдид қилган ишлар сирасидандир. (Мақосидул ислам 393).

3-кўринишнинг ҳукми

Подшонинг камчиликларини бартараф қилиб давлат ва дин ишларини ислоҳ қилмоқ ниятида унга учинчи услуб яъни, унинг ёлғиз ўзига махфий тарзда хушмуомалалик билан насиҳат қилиб, сўнгра бу ҳолатни оммага ёйиб ошкор қилиб юборишнинг ҳукми ҳам ҳаромдир!

Биринчидан, бу ҳолат ҳам худди иккинчи кўринишдаги каби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимки бирор масала юзасидан султонга насиҳат қилмоқчи бўлса, уни ошкора қилмасин!”—деган буйруғига хилофдир.

Иккинчидан, салафи солиҳларнинг қилган ишларига номувофиқ.

Учинчидан, бу феълда риё ва ихлоссизлик бор. Албатта подшога шаръий манҳаж асосида насиҳат қилиш катта жасорат ва савобли. Лекин, “мен подшога фалон куни шундай-шундай деб унинг камчиликларини юзига айтдим ва унга насиҳат қилдим” деганга ўхшаш гаплар билан оммага ошкор қилиб юбориш эса мақтанчоқлик, риёкорлик ва холис Худо учун эмаслигининг аломатидир.

Тўртинчидан бундай ҳаракат оқибатида жамоатчилик орасида фитна, тартибсизлик, гуруҳбозлик ва тафриқа келиб чиқади. Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар бошига бало ва ташвиш келтиради холос. Асло жамиятни бу йўл билан ислоҳ қилиб бўлмайди.

Бешинчидан, бу ишда юқорида айтилганидек Аллоҳнинг султонини хорламоқ бор.

 4 ва 5-кўринишларнинг ҳукми

Энди подшо йўқлигида унинг айб-нуқсонларини оммага гапириш, масалан жамоатчилик ичида, оммавий митингларда раҳбарнинг айбу нуқсонларини омма олдида чиқиш қилиб гапиришнинг ҳукми, шунингдек, подшодан яширинча унинг айбу нуқсонларини қоғозга тушириб, китоб ё варақалар шаклида оммага тарқатишнинг шаръий ҳукми нима? Бу иккисининг ҳукми ҳам олдинги икки кўринишнинг ҳукми каби ислом нуқтаи назаридан олиб қаралганда ҳаромдир!

Нима учун деб сўрашга ҳақлисиз.  Шунинг учунки

1) Биринчидан, бу ишлар подшони ғийбат қилишдир! Ғийбат ислом шариатида қатъан ҳаром қилинган жирканч иллатдир. Ғийбатдан Аллоҳ таоло алоҳида қайтариб шундай деган:

وَلاَ يَغْتَب بَّعْضُكُم بَعْضًا

“Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманг” (Ҳужурот сураси /12)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғийбат ҳақида шундай деганлар:

قَالَ أَتَدْرُونَ مَا الْغِيبَةُ قَالُوا اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ؟ قَالَ ذِكْرُكَ أَخَاكَ بِمَا يَكْرَهُ قِيلَ أَفَرَأَيْتَ إِنْ كَانَ فِي أَخِي مَا أَقُولُ قَالَ إِنْ كَانَ فِيهِ مَا تَقُولُ فَقَدِ اغْتَبْتَهُ وَإِنْ لَمْ يَكُنْ فِيهِ فَقَدْ بَهَتَّهُ

“Ғийбат нима, биласизларми?” саҳобалар деди: Аллоҳ ва унинг расули билгувчироқ. Расулуллоҳ айтдилар: “биродарингни унга ёқмаган тарзда гапиришингдир!” шунда кимдир деди: нима дейсиз, агар унда бор айбни гапирсамчи? Расулуллоҳ дедилар: “сен гапирган айблар агар унда бор бўлса ғийбат қилган бўласан, мабодо йўқ бўлса бўҳтон қилган бўласан”. (Имом Муслим).

2-) Иккинчидан, бу каби ҳаракатлар яъни оммавий йиғинларда подшонинг ортидан гапириш, хоҳ бор айби бўлсин хоҳ йўқ айби бўлсин, ёки унга билдирмасдан китоб ва ё варақалар орқали подшонинг бор ёки йўқ айбларини омма ҳукмига тақдим қилиш кенг жамоатчилик орасида турли-туман гап сўзларни келтириб чиқаради. Бунинг ортидан фитна, мусулмонлар орасида бўлиниш, тафриқа келтириб чиқаради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу пайғамбаримиздан шундай ривоят қилади:

قَالَ إِنَّ مُحَمَّدًا صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:» أَلَا أُنَبِّئُكُمْ مَا الْعَضْهُ؟ هِيَ النَّمِيمَةُ: الْقَالَةُ بَيْنَ النَّاس

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Изҳа нималигини айтиб берайми? У чақимчилик, одамлар орасида гап тарқатишдир.” (Имом Муслим).

3) Учинчидан бу 4-5 кўринишлар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимки бирор масала юзасидан султонга насиҳат қилмоқчи бўлса, уни ошкора қилмасин!”—деган буйруғига хилофдир!

4) Тўртинчидан, бу кўринишларнинг иккиси ҳам салафи солиҳларимиз раҳбарга насиҳат қилишда танлаган манҳажларига тескаридир! Чунончи Усома ва Абдуллоҳ ибн Абу Авфа ҳадисларида ўтди.

5) Бешинчидан бу икки турдаги ҳаракатлар султонга нисбатан ҳақорат ҳисобланади. Султонни хорлаганни Аллоҳ хорлаш билан қўрқитгани ҳақидаги ҳадис юқорида айтилди. Бу ҳолат ҳам ўша ҳадисга хилоф.

6) Олтинчидан бу каби ҳаракатлар халқ орасида охир оқибат қон тўкилишига олиб бориши мумкин. Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ “Табақот”ида шундай келтиради:

عن عبدا لله بن عكيم الجهني أنه قال: لا أعين على دم خليفة أبداً بعد عثمان!!

فقيل له: يا أًبا معبدٍ أًوَ أًعنت على دمِهِ؟ فيقول إِني أًعد ذكر مساويه عوناً على دمِهِ!

— Абдуллоҳ ибн Укайм ал-Жуҳанийдан ривоят қидлинади, у айтди: Усмондан кейин энди ҳеч бир халифанинг қони тўкилишига қўшилмайман.

— Унга савол қилинди: эй Абу Маъбад Усмоннинг қони тўкилишида сенинг ҳам қўлинг борми?

— У жавобида: мен унинг ёмонликларини гапириб юришни, унинг қонини тўкишга ёрдам деб ҳисоблайман—деди.

7) Еттинчидан раҳбарнинг камчилигини унинг йўқлигида оммага ошкор қилиш бу—раҳбарга қарши чиқиш ва халқни унга қарши оёққа туришга ташвиқот қилиш деб баҳоланади. Аҳли сунна вал-жамоа ақидаси бўйича бу иш ҳаром ва бидъат ҳисобланади. Ақидавий низомимиз Ақидатут-таҳовия матнида мавзуга доир қуйидагича ҳужжат бор:

و لا نري الخروج علي ائمتنا و ولاة امورنا و إن جاروا، ولا ندعوا على احد منهم، و لا ننزع يدا من طاعتهم، و نري طاعتهم من طاعة الله تعالي فريضة ما لم يأمروا بمعصية، و ندعوا لهم بالصلاح و النجاح و المعافات

“Имомларимиз, бошлиқларимиз агарча зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқишни ҳақ деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз”. (Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий).

(Матндаги айрим бандлар масалан: “Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз—ибораси юзасидан бизга эътироз бўлиши мумкин. Мухолифлардан: “ана гуноҳга амр қилса итоат қилинмас эканку”, деганга ўхшаш фикрлар чиқиши табиий. Бу эътирозга “ИСЛОМДА РАҲБАРГА МУНОСАБАТ” номли мақоламизда батафсил жавоб берилган. Хоҳловчилар ўша мақолага мурожаат қилсинлар. Бу ерда гап чўзилиб кетмаслиги учун бу мавзуга тўхталмадик).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

عن إبن عباس عن النبي صلى الله عليه و سلم قال: من كره من اميره شيئا فليصبر، فإنه من خرج من السلطان شبرا مات ميتة جاهلية

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди: “Кимки амир тарафдан бирор қарорни номаъқул кўрса, бас, сабр қилсин. Чунки, ким подшо қарорларидан бир қарич бўлса-да ташқари чиқса, шубҳасиз жоҳилятда ўлади”. (Бухорий, китоб ал-фитан 7054. Муслим, китоб ал-имарот 1849. Доримий, китоб ас-сияр 2519. Имом Аҳмад. Муснад 2491).

Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ ҳадис шарҳида шундай дейди:

قال ابن بطال: فى الحديث حجة في ترك الخروج على السلطان و لو جار، و قد اجمع الفقهاء على وجوب طاعة السلطان المتغلب و الجهاد معه، و ان طاعته خير من الخروج عليه لما في ذلك من حقن الدماء و تسكين الدهماء

“Ибн Баттол айтган: бу ҳадисда султон агарчи золим бўлса ҳам унга қарши чиқилмаслигига ҳужжат бор. Фуқаҳолар ҳукумат раҳбари бўлиб турган султонга итоат қилиш ва унинг ёнида туриб душманга қарши жанг қилиш вожиблигига бир овоздан ижмоъ қилганлар. Шунингдек, султонга итоат қилиш унга қарши исён кўтаришдан яхшироқдир. Чунки султонга итоат билан кераксиз ғам-ташвишларга барҳам берилади ва қон тўкилишининг олди олинади”. (Фатҳ ал-Борий. 13 – Ж. 9 – Б).

Машҳур саҳоба Ҳузайфа розияллоҳу анҳу севимли пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бўлган бир суҳбатини шундай ҳикоя қилади:

عن حذيفة رضي الله عنه: كان الناس يسألون رسول الله صلي الله عليه و سلم عن الخير، و كنت أسأله عن الشر مخافة ان يدركني

قال: قلت: يا رسول الله! إنا كنا في جاهلية و شر، فجاءنا الله بهذا الخير، فهل بعد هذا الخير من شر؟

قال: «نعم».

قلت: و هل بعد ذلك الشر من خير؟

قال: «نعم، و فيه دخن».

قلت: و ما دخنه؟

قال: «قوم يستنون بغير سنتي، و يهدون بغير هديى، تعرف منهم و تنكر».

قلت: فهل بعد ذلك الخير من شر؟

قال: «نعم. دعاة علي ابواب جهنم، من اجابهم إليها قذفوه فيها».

قلت: يا رسول الله! صفهم لنا.

قال: «هم من جلدتنا، و يتكلمون بألسنتنا».

قلت: فما تأمرني إِن أَدركني؟

قال: «تلزم جماعة المسلمين و إمامهم».

قلت: فإن لم يكن لهم جماعة و لا إمام؟

قال: «فإعتزل تلك الفرق كلها، و لو ان تعضَ بأصل شجرة حتي يدركك الموت و انت علي ذلك».

متفق عليه

و في رواية لمسلم:

قال: «يكون بعدي أئمة لا يهتدون بهداي، و لا يستنون بسنتي، و سيقوم فيهم رجال، قلوبهم قلوب الشياطين في جثمان إنس».

قال حذيفة: قلت: كيف أصنع يا رسول الله إن أدركت ذلك؟

قال: «تسمع و تطيع الأمير، و إن ضرب ظهرك و اخذ مالك فاسمع و اطع».

Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўпинча оқибати яхшиликка олиб борувчи ишлар ҳақида сўраб, билиб олишар эди. Мен эса аксинча оқибати ёмонликка олиб борувчи нарсаларни аниқлаб олиш ҳаракатида бўлардим. Токи ўша ёмонликка гирифтор бўлиб қолишни олдини олишим учун. Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедим:

— Эй Аллоҳнинг расули! Биз илгари нима яхши-ю нима ёмонлигини ҳам билмайдиган жоҳилят ичидаги оми одамлар эдик. Мана Аллоҳ сизнинг шарофатингиз билан бизга Ислом неъматини берди. Агар шу Ислом йўлида оғмай-тоймай, тўғри эътиқод ва амал қилиб борар эканмиз, абадий саодат—жаннатга эришамиз, иншааллоҳ. Бундан улуғроқ яхшилик бўлмаса керак. Энди айтингчи, шу яхшиликдан кейин, биз учун исталмаган ёмонликлар, фитна ва осийликлар ҳам бўлиши мумкинми? Яъни, Ислом неъмати ичида бўла туриб ўзимиз учун зарарли ҳолатларга тушиб қолишимиз мумкинми?

— Ул зоти шариф: “ҳа” дедилар. Яъни, шундай замонлар келадики унда мусулмонлар учун ёмонликка сабаб бўлувчи ёмон нарсалар ҳам учрайди.

— Мен: ўша ёмонликдан кейин яхшилик бўлиши ҳам мумкинми?—дедим. Яъни, ўша ёмонликлардан омон сақланиб қолишимиз, уни айланиб ўтиш ё чап бериб қолиш имкониятимиз бўладими—дедим.

— Пайғамбаримиз: “ҳа, лекин ўша яхшиликнинг тутуни бўлади” яъни, уни таниб олиш осон бўлмайди. У худди тутундек бўлади. Оқлигини ҳам қоралигини ҳам билмайсан. Бир томондан оқ кўринса бошқа томондан қора кўринади—дедилар.

— Мен: унинг тутуни нима—дедим.

— Ул жаноб: ўша тутун аслида “шундай қавмларки мендан бошқанинг суннатига эргашади, мен бошлаган ҳидоятдан бошқасига чорлашади. Уларда менинг динимга алоқадор нарсаларни ҳам кўрасан, менга мутлақо алоқаси йўқ мункар ишларни ҳам кўрасан”—деб жавоб қилдилар. Яъни, уларнинг даъватлари худди тун каби оқ ва қораликнинг қоришмаси каби яхшилик ва ёмонликнинг муҳтавосидан иборат аралаш-қуралаш тутунсифат гаплар бўлади. Уларнинг ёмонлигидан омон бўлиш учун сен уларнинг ичидан яхшиларини ажратиб олишинг ва амал қилишинг, ёмонларини ҳам ажратиб олишинг ва ундан четда туришинг керак, деган маънода уқтирдилар.

— Мен: Ўша тутунга ўхшаган яхшиликдан кейин ҳам ёмонлик бўлиши мумкинми?—дедим.

— Расулуллоҳ: “ҳа, бўлади. Улар жаҳаннам эшиги олдида туриб олган даъватчилардир. Ким уларнинг даъватига ижобат қилса, улар уни жаҳаннамга улоқтиришади”—дедилар. Яъни, шундай даъватчилар чиқадики, улар халқни ҳидоят қолиб залолатга, суннат қолиб бидъатга, яхшилик қолиб ёмонликка чақиришади. Уларга қўшилганлар эса тўғри жаҳаннамга гирифтор бўлишади.

— Мен: эй Расулуллоҳ, уларни бизга тавсифлаб беринг, улар қандай одамлар бўлишади—дедим.

Ул зот: “улар ҳам ўз ичимиздан бўлишади. Худди биз гапирган тилда гапиришади”—дедилар. Яъни улар ҳеч бегоналар эмас. Аслида ўз ичимиздан чиққан ватандош, қондошларимиз бўлади. Биз каби китоб, суннатдан гапиришади. Аммо оят ва ҳадисларни ўз бузуқ мақсадлари томон йўналтириб олишади.

— Мен: агар ўша замонларга етиб борсам нима қилмоқни тавсия қиласиз—дедим.

Пайғамабаримиз: “мусулмонлар жамоасини ва уларнинг бошлиғини маҳкам ушлайсан”—дедилар. Яъни, Мабодо ўшандай фитна замонга бориб қолсанг, ундан омон чиқишинг ва оқибатинг гўзал тугаши учун шуни тавсия қиламанки, энг кўп жамоа тарафда бўл, жамиятдан ажрама, шу билан бирга мусулмонлар раҳбарига итоатда бўл.

— Мен: уларнинг жамоаси ҳам имоми ҳам бўлмасачи? Яъни улар бир фикр, ақида атрофида бирлаша олмаган бўлса, ораларидан бирор шахсни бошлиқ деб тан олишмаса, бундай аҳволга тушиб қолсам нима қилай?—деб сўрадим.

— Жаноби Расулуллоҳ: “бу ҳолда ўша фирқаларнинг барини тарк қил, ҳеч бирига қўшилма. Гарчи дарахт илдизини чайнаб (тирикчилик қилсанг) ҳам уларга қўшилма ва ҳатто умрингнинг сўнгги дамигача шундай ҳолатда бўлсанг ҳам майли”—дедилар. Яъни, бир ақида атрофида жамлаша олмай хилма-хил тоифаларга бўлиниб кетган одамлар даврига етиб борсанг, уларнинг на раҳбари ва на бирдамлиги бўлмаса, уларнинг ҳаммасидан воз кеч. Улардан воз кечиш ҳар қанча мушкул бўлса ҳам сабр — матонат билан улардан то охирги даминггача йироқ тур. Мана шуниси сен учун хайрлидир—деб тавсия бердилар.

Мазкур воқеани имом Бухорий ва имом Муслим икковлари бир ҳил санад билан ривоят қилган (Бухорий /7084-3606-3607. Муслим /4890). Имом Муслим тўпламида келган яна бир ривоятда қуйидагича кўриниш ҳам бор:

— Расулуллоҳ жаноблари: “Мендан кейин шундай имомлар келади-ки, мен бошлаган ҳидоятга юришмас ва менинг суннатларимни одат қилишмас. Уларнинг ичида ўзлари инсон шаклида-ю бироқ, қалби шайтоний кишилар бўлади”—дедилар.

— Хузайфа айтди: мен: Мен ўша замонларга етиб бориб қолсам қандай йўл тутайин?—дедим.

— Расулуллоҳ: амирга қулоқ соласан ва итоат қиласан. Агарча белингга урилса ҳам, молинг олинса ҳам қулоқ сол ва итоат қил—дедилар. Яъни, агар ўшандай фитна замонгача етиб борсанг, сен учун ва сенинг қарамоғингдагилар, атрофингда бирлашган дўстларинг учун энг яхши йўл шуки, жамият раҳбарига қулоқ сол, амрига итоатда бўл. Гарчи сени калтакласалар ҳам, молингни таласалар ҳам қулоқ тут ва итоатли бўл—деб тавсия қилдилар (Муслим /4891).

Шунингдек, салафи солиҳлардан Молик ибн Динор раҳматуллоҳи алайҳ шундай таълим берар экан: Тавротда ёзилишича, Аллоҳ таоло айтаркан:

“Подшоларнинг қалби менинг қўлимдадир. Ким менга итоат қилса унга подшоларни раҳмат қилиб қўяман. Ким осий бўлса, подшолар у учун мендан жазодир. Шундай экан, подшоларни сўкиб оввора бўлманглар, балки менга тавба қилинглар, шунда уларни сизга меҳрибон қилиб қўяман”. (Танбеҳ-ул-муғтаррин. Имом Шаъроний).

Ва яна ўша манбада шундай ўгит бор:

Муҳаммад ибн Юсуфнинг укаси унга ўз шаҳри ҳокимларидан шикоят қилиб мактуб йўллади. Муҳаммад ибн Юсуф укасига жавоб ёзди:

Хатингизни олдим. Эй укагинам, сиз зиёли инсонсиз! Осийлар бошига тушган уқубатларни инкор этишлари яхши эмаслигини яхши биласиз. Сизлар гирифтор бўлган балоларнинг сабабчиси ўз гуноҳларингиздир. Вассалом. (Танбеҳ ул-муғтаррин /43).

8) Саккизинчидан Подшо, амир, султон ва ҳоказо раият тепасидаги бошлиқлар ортидан уларга нисбатан танқидий фикрларни гапириб халқ орасида ташвиқот қилиш, халқ осойишталигига раҳна солувчи гаплар тарқатиш бу фитнадир! Фитна шаръан ҳаромдир! Аллоҳ фитнанинг қотилликдан ҳам ёмонроқ эканини айтган! Уламолар фитнага – одамларни кераксиз ташвиш ва изтиробга солиш, халқ ичида манфаати йўқ тўполонлар чиқариш, деб таъриф берганлар. Имом Абдурауф Муновий айтган: кишини машаққатли ишларга гирифтор қилиш бу—фитнадир.  Имом Биргивий “Тариқатул-муҳаммадия”да шундай мисол қилган :

كان يغري الناس علي البغي و الخروج علي السلطان

“Одамларни боғийлик ва подшога қарши чиқишга ундов каби”. Худди шу иборага шарҳ берган Ходимий раҳматуллоҳи алайҳ айтади:

و لو ظالما، لكونه فتنة اشد من القتل. و كذا المعاونة لقوم مظلومين من جهته إذا ارادوا الخروج عليه

“..гарчи подшо золим бўлса ҳам. Чунки бу қотилликданда ашаддийроқ фитна бўлгани учун. Шунингдек, подшо томондан жабр кўрган мазлум жамоа подшога қарши бош кўтаришни ирода этиб туришганида уларга кўмак бериш ҳам фитнадир!” (Бариқа. 3-Ж. 152-Б.)

Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: “Албатта, мўмин ва мўминаларни фитна қилиб, сўнгра тавба қилмаганларга, ана ўшаларга жаҳаннам азоби ва куйдирувчи азоб бор” (Буруж сураси-10)

Пайғамбаримиз муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Фитна ухлаб ётади. Уни уйғотганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!”. (Имом Суютий).

Эҳтимолий эътирозга эҳтиётий жавоб

Шу ўринда эътироз туғилиши мумкин:

Сиз келтирган барча далилларда илгарги бахтли замонларда яшаб ўтган халифалар, солиҳ мусулмон подшолар ҳақида гап кетган. Уларни бугунги золим подшоларга тенглаштиришга асло ҳаққингиз йўқ. Даллиларингиз бугунги замон подшоларини асло ёнини олмайди! Ва бугун ишламайди!

Бунга жавоб:

Шуни унутмаслик керакки Ислом—ҳамиша мусулмонлар манфаатини кўзлайди! Султонни танқид килиш ёки унга насиҳат килиш буйича тавсия берилган барча ҳадис ва салафлар ўгитлари аввало дин ғамида қолаверса, насиҳат қилувчининг ўзи, яқинлари ва халқига зиён етиб қолишининг олдини олиш учун айтилгандир! Бунда муйян давр ёки муйян шахсларгина назарда тутилган эмас. Ва ҳолбуки Ислом ўз низомларида бутун уммат ғамини ейди! Шундай экан сизга тақдим қилинган ҳадисларда келган тавсиялар умумий равишда, барча замонларга ҳатто то қиёматга қадар ўз ҳукмини йўқотмайди, умумийлигини сақлаб қолади.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш ўринли: Фуқаро ва султон муносабатларини ислоҳ қилиш учун айтилган далиллар илгарги бахтли замонлар, исломий ҳақ халифалар ва тобеинлар даврида эълон қилинган экан, бу шуни англатадики, ўша даврларда ҳам султон томондан фуқарога нисбатан ҳақсизликлар учраб турган. Унга қарши чиқиш эса ўша даврда ҳам турли қирғинбарот кўнгилсизликларга сабаб бўлган. Шуни олдини олиш учун дин ғамхўрлари—уламолар томондан оддий халққа зарур насиҳат ва ўринли кўрсатмалар берилган.

Энди бир мулоҳаза қилинг, салафи солиҳлар давридаки султонга очиқча эътироз қилиш уммат бошига кулфатлар келтириши мумкинлиги туфайли ўша тавсиялар халққа уқтирилган бўлса-ю, бугунги фитна-фасодга тўлиб тошган, арзимаган бир учқун ортидан йирик фуқаролик уруши оловлари ловуллаб кетиш эҳтимоли йирик бўлган қалтис замон халқига нега биз салафлар ўгитлари билан насиҳат қилишга ноҳақ бўлар эканмиз?! Ислом мезони ичида етти ўлчаб бир кесган собиқ умматларга тўғри келган танбеҳлар бугунги умматга ишламайди, дейишлик бу ислом мақсадларини тўла тушунмасликдан эмасмикин?! Аксинча, ҳозирга замонда уларнинг долзарблиги янада кучайган эмасми? Бу тавсиялар маълум бир давлатга (айниқса аҳолисининг 90 фоизидан  ошиғи мусулмон бўлган юртга) ҳеч қандай алоқаси йўқ деяётганлар, ушбу ҳадисларнинг ҳукмини ўзбошимчалик билан бекор қилишга уринаётганларини англашармикин?!

Ҳақни гапирган мард, “гапирма” деган зулм ҳомийсими

Баъзи инсонлар ҳар-хил йиғинларда, шунингдек, ижтимойи тармоқларда кўпинча раҳбарлари устидан баҳс қилишади. Мавзу раҳбарнинг камчилиги, халқига қилган зулми вазифасига лаёқатсиз экани ва ҳоказо танқидий фикрлар. Бу каби баҳсларда танқидчилар ўзларини “ҳақни айта олган жасур” ҳисоблашса, уларни бу йўлдан қайтаришга уринганларни “зулм тарафдорлари” деб ерга уришади. Хўш, аслида қандай? Бу саволнинг жавоби юқорида ўтган бўлса ҳам қисқача тўхталиб ўтишга зарурат бор.

Раҳбарни танқид қилганлар асосан қуйидаги ҳадис каби далилларга таянишади:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِنَّ مِنْ أَعْظَمِ الْجِهَادِ كَلِمَةَ عَدْلٍ عِنْدَ سُلْطَانٍ جَائِرٍ

Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, пайғмабаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Золим султон хузурида ҳақ гапни айтиш жиҳоднинг энг афзалидандир!”. (Термизий).

Ташқаридан қараганда танқидчиларни қўллайдиган далил. Аммо бу ерда бир нуқтани улар назардан четда қолдиришади. Яъни, ҳақ гапни подшонинг хузурида шахсан юзига айтиш ҳақида гап кетяпти. Унинг орқасидан ғийбат қилиш, халқини унга қарши гиж-гижлаб уруш гирдобига чорлаш ҳақида эмас. Бу ҳадиси шарифни юқорида ўтган ушбу ҳадис билан солиштириб кўрамиз:

من أراد أن ينصح لذي سلطان في أمر فلا يبده علانية ، وليأخذ بيده, فإن قبل منه فذاك, وإلا كان قد أدى الذي عليه

“Кимки бирор масала юзасидан султонга насиҳат қилмоқчи бўлса, уни ошкора қилмасин! Аксинча, унинг қўлидан ушласин (ёлғиз ўзига айтсин), агар қабул қилса жуда яхши. Акссинча (рад қилса), у зиммасидаги бурчини адо қилди” (Имом Аҳмад).

Демак, подшо халққа зулм қилганини англаган ҳар қайси фуқаро, подшонинг хузурига бориб (қабулига ёзилиб), қўлидан ушлаб бир четга тортиб (бу ибора билан аслида кўпчиликдан сир тутган ҳолда насиҳат қилишга ишора этилган) ҳақни унинг юзига айтсин. Ана шунда у мард бўлади, энг афзал жиҳодчи бўлади.

Лекин аксинча, подшонинг хузурига бормасдан, ҳатто у топа олмайдиган ерларга яшириниб олиб, унинг сирларини оммага ошкор этиб ташлаган киши шаръан ким бўлади?! Наҳот шу феъл эгаси Исломда мард бўлса, бунақангилар исломни кулгуга қўйишмайдими?! Биз билган ва юқорида далиллари келтирилган Ислом таълимотида ҳақиқий мард бу—подшонинг айбини шахсан ўзига, сирини ошкор қилмасдан айта олганлардир! Ислом мана шунақа мардларни қадрлайди. Панада писиб олган номардларни эмас!

 Ғийбатни оқлаш иймон учун хатарли!

Муҳтарам ўқувчи, сиз ҳам гувоҳ бўлгансиз десам адашмаган бўламан. Жуда кўпинча кимнидир ғийбат қилаётганларга “ортидан гапирманг, бу ғийбат бўлади” деб танбеҳ берилганда улар: “бу ғийбат эмас, биз бор айбини гапиряпмиз”—деб жавоб беришади. Шу жавоб аслида “ғийбат ҳаром эмас, ҳалол” деган гапнинг бошқача шаклда айтилганидир! Биз шу нуқтани доим ёдда тутишимиз даркор! Ҳанафий олимларидан Зайнуддин Биргивий айтади:

الغيبة علي ثلاثة اضرب: الأول ان تغتاب و تقول ليت اغتاب لأني اذكر ما فيه. فهذا كفر. ذكره الفقيه ابو الليث في التنبيه. لأنه استحلال للحرام القطعي…

Ғийбат уч қисмдир: аввалгиси, ғийбат қилиб ортидан: “мен ғийбат қилмадим. Чунки унда борини гапиряпман”, деб баҳона кўрсатишингиз. Бунинг ҳукми куфрдир! Фақиҳ Абу Лайс “танбеҳ”да айтган. Чунки бу гап қатъий ҳаромни ҳалол санашдир. (Бариқа).

Хулоса

Юқорида келтирилган барча ақлий ва нақлий далиллар шуни кўрсатадики, мўмин мусулмон шахс ҳар қандай жамиятда бўлмасин, раҳбарни танқид қилиши муқаддас динимиз таълимотига зиддир! Балки мўмин ўз раҳбарига насиҳат қилади! Насиҳат қилганда ҳам ўзбошимчалик қилмасдан шариат йўл-йўриғи бўйича ҳаракат қилиши лозим бўлади! Аллоҳ таоло барчамизни шариат андозасида собитқадам қилсин!

 

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...