Таровеҳ дейилишининг сабаби

Lotin alifbosida

004. Taroveh

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Таровеҳ сўзи арабча “тарвеҳа” сўзидан олинган. Унинг маъноси “истироҳат, ором олиш” дегани бўлиб, бу намоз ҳар тўрт ракъатдан сўнг озроқ дам олиб, истироҳат олиб, бироз танаффуслар қилиб ўқилгани учун шу ном билан аталган. Шунинг учун тўрт ракъатни бир тарвиҳа дейилади. Ойша онамизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозлари ҳақидаги бир гапи бор:

كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يصلى أربع ركعات فى الليل ثمّ يتروّح فأطال حتى رحمته

 “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кечаси тўрт ракъат ўқидилар, сўнг ўтириб дам олдилар. Кейин узоқ вақт намоз ўқидалар, ҳатто менинг раҳмим келди”. (Байҳақий ривояти).

Демак, кечки намозларда ўртада бир оз муддат дам олиб ўқиш Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломда ҳам бўлган экан. Шунинг учун Имом Байҳақий таровеҳ намозида имомнинг истироҳат қилишининг асли мана шудир, деган. (Байҳақий, “асСунан алкубро”, 2/229/4807 рақам).

Таровеҳ намозидаги дам олиш одати саҳобалар давридан қолган – Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу ҳар икки саломли таровеҳ орасида одамларга масжиддан то бозорга етиш вақти ўтгунча танаффус (дам олиш) берганлар. (Байҳақий, “асСунан алкубро”, 2/229/4806 рақам, Зайд ибн Ваҳбдан ривоят қилинган).

Тобиъийнларнинг улуғларидан Лайс ибн Саъддан ривоят қилинишича, унинг даврида таровеҳлар орасида одамлар алоҳида ўзларича бир неча ракъат намоз ўқиб олгунча истироҳат берилар экан. Лекин, Уббода, Абуд Дардо, Уқба ибн Омир разийаллоҳу анҳум каби саҳобалар таровеҳ орасида дам олиш пайтида ўзича намоз ўқишни макруҳ санашган эканлар. (Ибн Қудома. АлМуғний).

Демак, таровеҳда ҳар тўрт ракъатдан сўнг ором олиб ўтириш салафи солиҳинлардан қолган одатдир. Имом Ҳасан ибн Зиёд Ҳазрати Абу Ҳанифадан қилган ривоятлари бўйича икки ракъатдан ўқиб, икки салом берилгандан сўнг ором олиб ўтириш керак. У ҳар жойнинг урфига мувофиқ амалга оширилади. Баъзилар бунда саловотлар айтиб ўтиришади. Ҳарамдагилар эса Каъбани тавоф қилиб ҳам олишади. Баъзилар жим ўтирадилар. Баъзилар имомнинг маърузасини тинглайдилар. Мазҳабимиз уламоларидан Иброҳим ибн Юсуф ҳар тўрт ракъатдан сўнг ҳар ким ўзи алоҳида намоз ўқигани яхшироқ ва гўзалроқ, деганлар. Мадина аҳли шундай қилиб, йигирма ракъат жамоат билан, ҳар ким ўзи ўн олти ракъат намоз ўқиб, таровеҳни ўттиз олти ракъат ўқишган эканлар. (Фатовойи Таторхониййа, 1жилд. 476бет).

Бизда эса махсус ҳар тўрт ракъат ва таровеҳ билан витр орасида таровеҳ тасбиҳлари бор бўлиб, ўша тасбиҳ уч мартадан такрорланади. Ибн Абуд Дунё Имом аз-Зуҳрийдан нақл қилишича, у бундай деган:

تسبيحة فى رمضان أفضل من ألف تسبيحة فى غيره

“Рамазондаги бир тасбиҳ бошқа ойлардаги минг тасбиҳдан яхшироқдир!”. (Ибн Абуд Дунё. Фазойилу Рамазон, «ал-Мактабат аш-шомила» ичида, 1/25).

Таровеҳнинг нияти

Ҳар бир нарса ниятга боғлиқ эканлиги:

انما الأعمال بالنيات لكلّ امرئ ما نوى

“Иннама-л-аъмолу би-н-нийёт. Ли-кулли имриин ма нава…” ҳадиси билан маълум.

(Мазкур ҳадис: “Албатта амаллар ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир кимса учун ният қилган нарсаси бўлур” маъносида бўлиб, жуда машҳурдир. Уни Имом Бухорий (1/2, 8, 175, 9/29), Абу Довуд (2201), атТермизий (1647), анНасоий (Таҳорат, 59, Қасам ва назрлар 19), Ибн Можжа (4227), Аҳмад (1/25), Байҳақий (1/41, 215, 298, 2/14, 6/331, 7/341), Тафсири Ибн Касир (2/345), Шарҳи Маоний аласор (3/96), Шарҳ ассунна (1/401), Мишкот (1) ва бошқа муҳаддислар ҳадис тўпламларида зикр қилганлар).

Шунинг учун таровеҳ намози ҳам ниятсиз дуруст бўлмайди, албатта. Маълумки, ният қалбда адо этиладиган амалдир. Бироқ, уламоларимиз тил қалбнинг таржимони эканлигини инобатга олиб, дилга тил билан ният қилишни қўшиб адо этиш афзаллигини айтадилар. (Қаранг: Бурҳониддин Марғилоний. АлҲидоя. I-жилд. Ҳиндистон: Юсуфий, 1314. -90-91 бетлар. Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож ашшариъа алБухорий. Мухтасар алВиқоя. Қозон1911. 13бет).

Таровеҳ намозини таровеҳ ёки суннати вақт ёхуд қиёми лайл деб ният қилинади. Мутлақ намоз ёки нафл деб таровеҳга ният қилишни олдинги уламолар жоиз эмас, дейишган бўлса-да, лекин кейинги уламолар буни дуруст деганлар. (Ҳофизиддин Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад анНасафий. Канз уддақойиқ. –Mунбай: Фатҳ алкарим, 1305. 23бет. Мазкур манбада нафл, суннат ва таровеҳ намозига мутлақ ният қилиш кифоя қилади, дейилиб, фарзга эса қайси фарз намози эканлиги, масалан асрга аср деб таъйин этиш лозимлиги таъкидланган).

Таровеҳда имомга иқтидо қилаётган одам имомга иқтидо қилаётганини ҳам ният қилиши лозим. Бусиз таровеҳга қўшилмай қолиши мумкин. “Агар имом хуфтан ўқиётган бўлса, иқтидо қилдим, агар таровеҳ ўқиётган бўлса иқтидо қилмадим” деганга ўхшаш иккиланишлар билан намозга қўшилиб бўлмайди. (Шайх Низом. Фатовойи Ҳиндиййа (Фатовойи Оламгириййа). 1жилд. Байрут: Дор алкутуб алилмиййa, 2000. 75бет).

“Хониййа” ва “Сирожиййа” номли фатво китобларида таровеҳ бошланишида ният қилиб олса бўлгани, кейинги икки ракъатларда ният қилмаса ҳам бўлади, дейилган. Чунки таровеҳнинг ҳамма ракъатлари бир намоз ҳисобланади. Бироқ, “Хулоса”да таровеҳ бир намоз бўлгани билан ҳар бир икки ракъат алоҳида ҳисоб-китоб қилинади, шунинг учун ҳар икки ракъатга алоҳида ният қилиш керак, дейилган. (Фатовойи алҲиндиййа (Фатовойи Оламгириййа). 1жилд. Байрут: Дор алкутуб алилмиййа, 2000. 130бет).

Мана шу эҳтиёт юзасидан ҳам жуда тўғри, чунки, ракъатлар орасида у ёқ, бу ёққа қараш, ёнидаги билан сўзлашиш мумкин. Шу боисдан ниятни ҳар сафар янгилаб олган маъқул.

Давоми бор…

Ҳамидуллоҳ Беруний

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *