Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг тавфиқи ва мадади ила ahlisunna.uz сайтида мавлиди шариф ойи муносабати билан “Биз Сизни севамиз, ё Расулаллоҳ!” шиори остида танлов ўтказган эдик. Танловга севимли пайғамбаримиз, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам, Муҳаммад Мустафо, Расулуллоҳ руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишланган ашъорлар, мактублар, мавлидлар, мақолалар, таржималар шаклидаги муҳаббатномаларни қабул қилишни кўзлаган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севиш, у зотга муҳаббат изҳор қилиш фарз амал бўлиб, уни ҳамма билан бирга ошкора амал қилиш ислом шиорларидан биридир. Айниқса, бугунги фитнаангиз замонда бу жуда зарурдир! Ана шу заруриятдан келиб чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатини изҳор қилганларнинг муҳаббатномаларини бир жойга тўплаб, андроид дастур қилиш нияти ҳам бор эди.
Севимли пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатини изҳор қилган мўъмин-мусулмонларнинг юборган муҳаббатномалари етиб келиб турди. Бошқа сайт ва ижтимоий тармоқларда мавлид муносабати ила ўтказилган ва ўтказилаётган танловларга юборилган муҳаббатномалар билан ҳам танишиб бордик. Биз мазкур дўстларимизга қиёмат кунида пайғамбаримиз, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам, Муҳаммад Мустафо, Расулуллоҳ руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларини тилаб қоламиз. Уларнинг бу муҳаббатномалари бизга етиб келганлигига, муҳаббатномалар билан имкон қадар танишиб борганлигимизга ул зоти шарифнинг ҳузурларида гувоҳлик берамиз.
Айрим мусулмонлар бу йилги мавлид ойида ҳам ўз ўй-фикрлари, ғам-ташвишлари, дунёга қўйган ҳирслари ила йўлдош бўлиб, ғафлатда қолганларига шубҳа йўқ. Оламларга раҳмат бўлмиш севимли пайғамбаримизга муҳаббат изҳор қилиш у ёқда турсин, ён-атрофларидаги одамларга, қариндош-уруғларига, ота-оналари ва оилаларидагиларга меҳр кўрсата олмасдан, у зоти шарифнинг ҳаётлари ва сийратларини ўрганиш у ёқда турсин, ана шу атрофидаги одамларнинг қалбларига бир он қулоқ ҳам сололмасдан азиз вақтларини бой берган мусулмонлар қанча!
Ҳа, миллион-триллион афсуслар бўлсинки, мусулмонларнинг ўзлари томонидан севимли пайғамбарлари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг обрўлари ва ҳурматларини пасайтиришга уруниш ҳоллари бўлиб ўтган ва яна бўлаётган энг ёқимсиз ҳолатдир.
Бугунга келиб, мусулмонлар орасида ҳам севимли пайғамбаримизни масхаралаш, обрўлари ва ҳурматларини пасайтиришга уруниш, ул зоти шарифни ҳам ўзларига ўхшаган ҳамма одамлар қаторида деб, гапиришда ва ҳатти-ҳаракатда ҳурмат ва таъзим бажо келтирмасдан муомала қилиш ҳолатлари кузатилаётганига нима дейсиз?!
Бугунга келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севимли шаҳарлари бўлмиш Мадинада – ул зоти шариф томонларидан ҳарам дея кўрсатма берилган жойда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрлари олдида бомба портлатиб, ўз-ўзини ва аниқ мусулмонлиги кўриниб турган мўъмин-мусулмонларни ўлдириб юборганлар ўзларини мусулмон, деб аташаётганларига нима дейсиз?!
Бугунга келиб, севимли пайғамбаримиз Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига зиёратга борилмайди, ким ана шу зиёратни ният қилиб уйидан чиқса, ҳаром ва бидъат иш қилган бўлади, деб туриб шармандали фатво бераётганларга нима дейсиз?!
Бугунга келиб, оламларга раҳмат бўлмиш Пайғамбари охирзамон соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олдида ҳурмат ва таъзим билан туришни, саломлар бериб, ул зоти шариф билан бир замон ҳамнафас бўлишни истаётган, у ерда дуолар қилиб, Аллоҳдан ўз истакларини амалга оширишни сўраётган одамларни уриб-сўкиб, “бу залолат бир бидъат!”, деб дўқ ураётган қаровулларга нима дейсиз?!
Бугунга келиб, Аллоҳнинг энг буюк пайғамбари, мўъмин-мусулмонларнинг энг севимли кишиси, оламларга раҳмат Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрлари олдида сайру тамошога келганлар сингари расмларга тушиб, ул зоти шарифга орқа қилиб туриб олиб, ўз-ўзига маҳлиё бўлиб селфи қилаётган, аммо-бироқ, ўзларини ҳеч бир мўъминдан қолишмайдиган ихлосли банда қилиб кўрсатаётганларга нима дейсиз?!
Бугунга келиб, сафарларга чиққанда суннат намозларини ўқиш бидъат ва ҳаром дея севимли пайғамбаримиз Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳ-ул-оламина фидоҳунинг шаҳарларига келиб туриб ҳам, ул зотнинг муборак Масжиди набавийларида ибодат қила туриб ҳам суннат намозларини ўқимаётган бефайз ва бепарво умматларга нима дейсиз?!
Бугунга келиб, севимли пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тааллуқли маконларни йўқ қилишга урунаётган, ширки акбар дея йўқ қилиб юборганларга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочлари, мўйи мубораклари, идишларини ёки калишларини зиёрат қилишни, табаррук санашни эса ростакамига ширк деб баҳолаётганларга нима дейсиз?!
Бугунга келиб, “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ!” калимасини-да яхши айта олмайдиган умматга, ўзларининг оламларга раҳмат бўлмиш пайғамбарини тўлиқ танимайдиган оломонга билдириш ва англатиш мақсадида ҳар йили Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидлари – туғилган кунларини нишонлаб, шу баҳонада ул зоти шарифни бу охирзамон умматларига танитишни, англатишни йўлга қўйганларни айблайдиган, мавлидни бидъати залолат, ҳаққоний қабоҳат деб оламга жар солаётган ноаҳл-ножинсларга нима дейсиз?!
Бугунга келиб, менинг севимли пайғамбарим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ё, Расулаллоҳ!” дея мурожаат қилаётган ва кўз ёшлари ила саловат айтаётган ёхуд намозлардан сўнг ўтириб қолиб, саловатлар айтиб туриб кетувчи ихлосли мўъминларга: “Сенинг бу ишинг ширкдир, залолатдир, бидъатдир!”, дея таъна қилаётган, лекин, ўзларини бирор марта ихлос ила саловат айтишаётганини кўрмайдиганингиз, янги тоифаларга нима дейсиз?!
Бугунга келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насл-насабларидан бўлган, асрлар давомида ҳурмат-иззатда бўлиб келган, шоҳлар-да, хонлар-да уларнинг обрўларини сақлаб келган саййидзодаларни беҳурмат қилаётган, эшон боболарни ул зоти шарифнинг авлодидан эмас, деб туриб таъна-дашном қилаётган ўзлари ҳурматсиз ва обрўсиз одамларга нима дейсиз?!
Бугунга келиб, Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Муҳтарам Ҳабибим ва Мукаррам Пайғамбарим, руҳий ва руҳ-ул-оламина фидоҳунинг асрлар давомида амал қилиниб келаётган, ишониб келинаётган жонфидо ҳадиси шарифларини заифга ва ҳатто мавзуъ (сохта)га чиқараётган, ҳадеб саҳиҳлигига шубҳа билдираверадиган, амалдан қолдиришни хоҳлайдиган, ўзлари эса энг саҳиҳ ҳадисларга ҳам амал қилишдан қочадиган янги “ҳадисшунос”ларга, шунингдек, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадиси шарифлари умуман ва мутлақо ҳужжат бўлолмайди”, дея оламга жар солиб, ўзларини “қуръоний” деб атаётган бефайз бесуннатларга нима дейсиз?!
Бугунга келиб, Пайғамбарим алайҳиссаломга алоқаси бор бирорта одамни – севиб-ардоқлаган, бирга ҳамсуҳбат бўлган, бирга ҳамсафар бўлган, бирга товоқдош бўлган, ҳатто ёстиқдош бўлган, иймонлашишган саҳобаларни ва ул зоти шарифнинг севимли аёлларини минбарларда туриб ҳақорат қилаётганларга, яна бу ишларини комил мусулмонлик деб атаётганларга нима дейсиз?!
Бугунга келиб, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳунинг меросхўрлари, ҳаққоний уламоларнинг олдин ўтганларини ҳам, яқинда дунёдан ўтиб, вафот қилиб кетганларини ҳам, ҳозирда ҳаёт бўлиб, исломга, диннинг ривожига бақадри имкон хизмат қилаётган олимларни-да ҳақорат қилиш ва масхара қилишни ўзларига касбу кор қилиб олган, яна ўзларини ҳақиқатгўй тақводор мусулмон қилиб кўрсатаётган “билармон”ларга нима дейсиз?!
Ана шундай ачинарли ҳолатлар кузатилаётган бир даврда, севимли пайғамбаримиз Расулуллоҳ руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир оғиз муҳаббат изҳор қилганларга, бирор сатр битик битганларга икки дунёда хайрли башоратлар бўлсин! Зотан, оламни қутқаришга қодир муҳаббат бесамар кетмагай!
Биз ана шундай мўъмин-мусулмон дўстларимизнинг барчасини озгина бўлса-да рағбатлантириш, уларни охират савобларидан умидвор қилиш мақсадида мукофотлашни кўзлаган эдик. Бор ҳақиқат шуки, уларнинг ана шу бир оғиз муҳаббат изҳорларига, бирор сатр битикларига икки дунё бойликлари фидо бўлсин! Бизнинг кўп бойлигимиз ва ҳомийларимиз бўлмагани учун ўз имкониятларимиздан келиб чиқиб, камтарона тарзда маънавий бойликларимиздан ҳадиялар беришга қарор қилдик. Бу билан, тўғриси, Расулуллоҳ руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида юзимиз ёруғ бўлмоғини, шафоатларига ноил бўлмоқни ният қилдик. Аллоҳ бу ниятимизга Ўзи етказсин!
Азизлар, бу ўткинчи дунёни ғафлат билан ўтказиб юборманг. Муҳаббат билан яшанг! Бутун оламга, оламдаги бор мавжудотларга, жонли-жонсиз нарсаларга, яхши-ю ёмонларга, тамоми инсониятга, хусусан, севимли пайғамбаримиз, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам, Муҳаммад Мустафо, Расулуллоҳ руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат қилиб яшанг! Омон бўлинг!
Ҳамидуллоҳ Беруний.

