№23. Ҳаётимизда мавлид байрамини тантана қилишимизнинг самараси қаерда?

Хабарларингиз бор бу ой Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллуд топган муборак ойдир.
Ўтмишда одамлар Пайғамбаримиз мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунлари эътиборидан шу ойнинг бир кунини байрам қилиб нишонлар эдилар. Кейинчалик одамлар Расулуллоҳнинг туғилган ойлари эътиборидан тўлиқ бир ойни байрам қилишга ўтдилар. Балки одамлар ичида Расулуллоҳнинг туғилган ойлари эътиборидан икки ойни Рабиъул аввал ва ундан кейинги ойни ҳам байрам қилиб нишонлашни ўзларига одат қилиб олганлари ҳам бор.
Биз бу байрамни айниқса бир кунни бир-икки ойга кўпайтириб байрам қилишга ўзгартирилган вақтда бу ишни яхши аломат деб ҳисоблар эдик ва бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни одамлар яхши кўришларига равшан белги деб келар эдик.
Кейин биз бу байрамларнинг натижасига эътибор беришни бошладик, кузатишни давом эттириб бу байрамлар оз самара бераётганини ҳис қилдик.
Энди биз яхши аломат деб ҳисоблаган нарсамизга маъюс бўлишимиз керакми? Бу байрамни олқишлаганимиздан кейин энди унга қарши курашишимиз керакми? Ёки биз танлашимиз керак бўлган маълум фикр нима?
Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилишларини бир икки ой тўлиқ байрам қилишларига ва уларнинг ҳис туйғуларга нисбатан қандай жавоб беришимиз мумкин?
Биз ўнгу сўлимизга назар солсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига тескари бўлган нарсаларни кўрамиз. Агар уларга эргашиш умидларига қарасак ажойиб бир ғалати нишонларни ва йўлларни кўрамиз. Бу йўлда бугунги аксар одамларнинг ишларига қараб уларни одатдан ташқари бўлган кўринишда учратамиз. Мусулмон одам Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган кунни байрам қилиб нишонлаётган бўлсада бу ишни яхши деб ҳисоблашдан кўра бугунги кунда кўпроқ маъюслик ва ғамгинликни ҳис қилади. Чунки у Расулуллоҳ бажарган ва Расулуллоҳ насиҳат қилган ишлар билан бугунги кундаги мусулмонлар қилаётган ишларни бир-бирига солиштириб мусулмонларни бу кўрсатмалардан узоқлашиб кетганини ҳис қилади. Сўнг яна эътибор бериб, бу узоқлашиш янада кенгайиб кетаётганини кўради.
Бу узоқлашиш кундан кунга тобора кенгайиб бормоқда. Шундай экан қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш истагида бўлган кишининг қалбида бундай байрам қилиш, маъюслик ва қайғунинг манбаси бўлмасин?!
Расулуллоҳ алайҳис-солату вас-салом ўзларининг ҳаёт йўлларида дунёнинг турли зийнатларини назарга илмас эдилар. У зот турмушдаги кутилмаган ўзгаришлар ва ҳаётда юз берадиган мушкулликлар ҳамда дунёга ҳожатсиз бўлишда бизларга мисоли ўрнак -(мен бу гапим билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўқчилик ва қашшоқликда ўтган демоқчи эмасман, у зотни қашшоқ дейишдан Аллоҳ сақласин, лекин у зот бизларга мисоли ўрнак)- эдилар.
Расулуллоҳ алайҳис-саломнинг ҳаётдаги юриш туришлари фақирларнинг турмушларидек бўлган. Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзида бор таомнинг икки ҳилини бир кунда ҳеч тўйиб емаганлар. Ҳолбуки баланд тоғлар у зотнинг олдиларида тиллага айланишни истаса ҳам хоҳламас эдилар.
Бу ишларнинг бари умматларини дунёнинг ташвишига берилиб кетмасликларини билдириш учун бўлган эди. Келажакда мусулмонларнинг душманлари уларга дунё ва унинг хоҳиш истаклари орқали пистирмалар қўйишни исташларини тушунтириб бериш учун бўлган эди.
Уларга ўзларининг саҳиҳ ҳадисларида:
“Ҳурсанд бўлинглар ва сизларни шод қиладиган нарсани кутиб туринглар. Аллоҳга қасамки, мен сизларга келадиган фақрликдан қўрқмайман. Лекин мен сизларга дунё (эшиклари) очилиб, ўзларингиздан олдингилар бойликни афзал кўргани каби сизлар ҳам афзал билиб, улар мусобақа қилганлари сингари сизлар ҳам мусобақа қилишингиздан ва уларни ҳалок қилгани каби сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман“- деб, айтмаганмилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш қайерда қолди.
Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунларини байрам қилаётган ёки қилмоқчи бўлиб турганларнинг ҳолига эътибор бериб қараганимизда уларни боши ҳам охири ҳам йўқ дунё ҳою ҳаваслари ва унинг оворагарчиликларида чиқиб-тушиб юрганларини кўрамиз.
Бир-бирига мақтаниш ва фаҳрланиш улар билан ўзларига ўхшаш кишилар ўртасидаги рақобатга айланганини кўрамиз. Биздаги бундай кўринишлар ва мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдан узоқлашаётганимиздан гувоҳлик берадиган кўринишлар жуда ҳам кўп.
Бизнинг ҳолимиз шу бўлса ва ўртамизда шундай катта бўшлиқ пайдо қилиб қўйган бўлсак, у зотни эслаб байрам қилишимизнинг қанчалик қиймати бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам очликнинг шиддатидан қоринларига битта, баъзида иккита тошни боғлаб юрар эдилар.
Жамиятларимизда санаб бўлмайдиган даражадаги турли ҳил таомларни ўзида жамлаган катта ва кўркам дастурхон ёзадиган кишилар бор. У ерда дастурхонга тортилган овқатлар ҳидидан кўра фаҳрланиш ва бир-бирига мақтаниш ҳамда рақобат ҳидлари кўпроқ таралади.
Бундай дунёни назарига илмай ундан узоқлашган ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қандай қилиб ҳижолат бўлмаймиз?
Мен мубоҳ нарсаларни харомга чиқарувчи кишилардан эмасман. Лекин мен агар инсон мубоҳ нарсалардан фаҳрланиш учун фойдаланса улар ҳам харомга айланишини эслатадиган кишиларданман. Буни неча марта айтиб, неча марта тушунтириб берганман.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари кечаю кундуз Аллоҳга чорлаш, динини етказиш, уйида ҳам, оиласи ва болалари орасида ҳам яхшиликга буюриб ёмонликдан қайтаришдан иборат бўлиб, бу ишларни бажаришда бирор марта ўзининг шахсий манфаати учун фойдаланмаган ва динни сиёсатга аралаштирмаган. У зотни бунга ундаган ягона нарса Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг ризосига эришиш ва Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини тадбиқ қилиш эди.
˝Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир˝. Оли Имрон, 104.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз оиласи кейин қавми кейин бутун дунёни даъват қилишда бу ишни қандай гавдалантириб берганини кўрдик.
Биз бугунги кундаги ўзимизнинг воқелигимизга эътибор берсак, амру маъруф — наҳйи мункар (яхшиликга чақириш ёмонликдан қайтариш) ишлари бизларнинг ҳаётимизда, бизларнинг уйларимизда, жамиятларимизда, йиғинларимизда ва дўсту ёрларимиз орасидаги учрашувларимизда номаълум нарсага айланиб қолганини кўрамиз.
Қани ўша яхшиликга буйрувчилар? Қани ўша уйларида ёмонликдан қайтарувчилар? Эътибор билан воқелигимизга назар солсак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларига эргашишда бепарволикга йўл қўяётганимизни ҳис қиламиз. Ота ўз қизининг тақдирига ташвиш қилмайди. Бу тақдирда отани ташвишлантирадиган бир нарса бор, у ҳам бўлса нурли келажакда қизининг атрофида дунё бойликлари парвона бўлиб ўйинга тушиши ҳамда яқин келажакда қизининг бу юриши орқали фаровон ҳаёт ва дунёнинг ҳотиржамлик ҳиссини топиш бўлади.
Лекин қизи ёки болалари юраётган бу йўл қанчалик қинғир-қийшиқ бўлса ҳам, агар дин эсланса чақириқ юқори кўтарилаверади. Агар инсон ва жин шайтонлари бу йўлнинг бурилишларида қанчалик пойлаб уларни қўлга туширса ҳам ва йўллар қанчалик Аллоҳни рози қилмаса ҳам, чақириқ юқорилаб бораверади.
Бу динни ҳимоя қиладиган Роббиси борлигидандир.
Ҳа абатта динни қўриқлайдиган Роббиси бор.
Аллоҳнинг мутлақо бандаларига муҳтожлиги йўқ.
Лекин биз Аллоҳ таоло буюрган нарсани бажариш орқали Роббимизнинг раҳматига муҳтожмиз. Аллоҳ азза ва жалла айтган:
«Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди». Аҳзоб, 21.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш бизнинг бурчимиздир.
Нима учун Мустафо алайҳис-салом Аллоҳ таклиф этган нарсадан юз буриб:
˝Динни ҳимоя қиладиган Роббиси бор˝, демадилар? Сенинг дунёйингни ҳам ҳимоя қиладиган Робб бор эмасми? Келажагинг учун, қизинг ва болаларинг келажаги учун буларни ҳаммасини ҳимоя қиладиган Робб бор эмасми? Нима учун Аллоҳ азза ва жаллани унутасан ва ризқингни, қизинг ва болаларинг ризқини деб ҳансираб югурасан. Нима учун Аллоҳ таоло сенга дини учун хизмат қилишни таклиф этган пайитдагина Аллоҳнинг қудратини эслайсан.
Аллоҳга чақириш қайерда қолди?
Наҳл сурасининг 125-оятидаги Аллоҳнинг сўзида: «Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил», деб мисол келтирилган Аллоҳга бўлган ўша даъват қайерда қолди?
Расулуллоҳ: ˝Менинг гапимни эшитиб, сингдириб, ёдлаб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин˝, деб буюрган кўрсатмаларига мувофиқ ва муносиб равишда динни етказаётганлар қайерда қолди?
Қани Расулуллоҳ ва у кишининг саҳобаларига эргашувчилар? Қани ўша даъват? Қани ўша воъизлар? Ислом номи билан ҳаракатланаётганлар қанчалар кўп, Аллоҳ субханаҳу ва таолога чорлаётганлар қанчалар оз.
Эҳтимол ҳаммаларингиз, Расулуллоҳ ва у зотнинг саҳобалари қилган даъват билан ҳозирги кундаги бир жойда ўтириб ислом номи билан ҳаракат қилаётган даъват ўртасидаги фарқни билсаларингиз керак.
У билан бунинг ўртасида жуда катта фарқ бор.
Исломни ҳавойи истакларга бўсундириб бўлдик. Бу истаклар ва унинг турлари жуда ҳам кўп.
Исломни етакчилик ва бошчилик истакларига бўсундириб бўлдик. Бунинг ҳам мисоллари жуда кўп.
Исломни сиёсат истакларига бўйсундириб бўлдик. ˝Сиёсатдан исломга хизматчи сифатида фойдаланамиз˝, дедик. Бир оздан кейин буни топишимиз учун кўзларимизни очсак, исломни сиёсат учун хизматчи қилиб бўлганимизни кўрдик.
Бунинг исботини бутун дунёда кўриб турибсизлар.
Расулуллоҳнинг сийратларига эътибор бериб кейин бу воқеликга назар солсак, бу иккисининг ораси мағриб ила машриқчалик узоқ эканини ҳис қиламиз.
Ислом олами парча-пача қилиб ташланмоқда. Ёвуз кучлар бу парчалашни янада кўпайтирмоқда. Мусулмонлар динларига эътибор бермай юрибди. Улар ҳашаматлик ҳаётга ўрганиб ундан кайфи ошган. Балки охири йўқ мастлик ҳолати билан фақирлиги дини ва исломини эслашдан тўсган қашшоқлик орасида сарсон юрибдилар.
Расулулуллоҳ ўз сўзини рост айтган:
˝Фақирлик куфрга яқин тургусидир˝.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган сўзларининг маъноси ана шу воқеъликни тасдиқидан ўзга нарса эмас.
У зот айтдилар:
«Аллоҳга қасамки, мен сизларга келадиган фақрликдан қўрқмайман. Лекин мен сизларга дунё (эшиклари) очилиб, ўзларингиздан олдингилар бойликни афзал кўргани каби сизлар ҳам афзал билиб, улар мусобақа қилганлари сингари сизлар ҳам мусобақа қилишингиздан ва уларни ҳалок қилгани каби сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман».
Ҳалок қилиши қандай бўлади. Одамлар дунёни афзал билиб, бу йўлда мусобақа қилган вақтда ўзларининг кучларига қараб гурухларга бўлинади. Бу йўлда ғолиб бўлган улуғвор инсон ва ортда қолган ва ундан ҳам орқада қолган инсонларга бўлинади. Ана шу ерда фақирлик фитна уюштиради.
Ҳуллас, одамлари дунё йўлида мусобақалашаётган жамият икки бўлакга айланади. Бир бўлаги ночор фақирга айланади. Яна бири ортиқча бойга айланиб, ажойиб бир ғалати ҳатарли даражага етадики, бу уни ҳаддидан ошириб туғёнга кетказади.
Бир-бирига қарама-қарши бўлган икки воқеълик учқун чиқариши сабабидан ҳалокат юзага келади.
Бу биз бугун бошимиздан ўтказаётган нарсадир.
Ночор фақир ҳол тили билан ўша маст бойларга:
˝Огоҳ бўлинг! Исломий жамиятингизда инсоф билан иш тутинг сиз билан бизларни ўртамизда шайтон очган ёриқларни беркитинг˝, деб айтади. У ерда эса бирорта жавоб бергувчи йўқ.
Молига маст бўлган одамни дунё ғалати бир тескари инсон қилиб қўяди. Агар уни бирор киши фахрланиш ҳамда рақобатга чорласа қўли ва чўнтагидаги бор нарсани очиб миллионлаб бойлигини дастурхонга ўхшаб сочади. Бу воқеълик ўтиб бошқа бир воқеълик ўртага чиқса, яъни бир одам келиб ўша бойларни ночор фақирларга нисбатан инсофга чақирса, очилган қўллар ёпилганини, чўнтаклар қисқаришини (дефляцияни), сандиқлар беркилишини кўрасиз, тилларини эса пул камлигидан шикоят қила бошлашини эшитасиз.
Бу бизнинг воқеълигимиздир.
Менга айтинглар, ва жавоб беринглар!
Бундай байрам қилиш билан Расулуллоҳнинг олдиларига қайси юз билан борамиз. Бизга нима бўлдики, воқеълигимиз бу кўринишда бўла туриб, Расулуллоҳнинг туғилишларини байрам қилишга ҳижолат бўлмаймиз.
Ўзини Аллоҳдан узоқлашганини билган инсон, ўз ҳижолатини бирор нарса билан яшириши керак. Лекин гуноҳкорни етишиши мумкин бўлган нарса, ўзининг гуноҳига ҳижолатсизлик ва уялмасликни қўшишидир.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбаси.
3-сентябр 1993-йил.

Эшонгузар жоме масжид имом хатиби Абдуллажон Ғуломов таржимаси.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...