Танбеҳ!

Lotin alifbosida

“Аммо, эй толиби содиқ, билгинки, фақат гапларни (яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини) қабул қилишга ва зоҳирий амалларни бажо келтиришга урунганинг тақдирда ҳам, агар ҳол ҳақиқати бўлмаса, уларни холисанлиллоҳ бажариш мумкин эмас! Чунончи, баъзи зоҳир уламолари гумон қилишадики, фақат мана шу зоҳирий амалларни адо қилиб юриш ила ҳол ҳақиқати комил ва мукаммил (камолотга етказувчи комил шайх)нинг иродати ва ижозатисиз юзага келар эмиш. Қандай ва қанақасига, фақат, мана шу зоҳир амаллар ила инсон ҳол ҳақиқатига етибди?! Етиб ҳам кўрсин! Шу маънода Ҳазрати Румий қуддиса сирруҳу айтадилар:

Ҳеч касро аз ҳуд ангизе нашуд,

Ҳеч кас аз хештан чизе нашуд.

Донаи ангуру тухми харбуза,

То бар деҳқон нарафт чизе нашуд.

То бурун наоранд оҳанро зи санг,

Ҳеч оҳан ханжари тезе нашуд.

Ҳеч ҳалвойи нашуд устоди кор,

Токи шогирди шакаррези нашуд.

Номи Мавлоно нашуд Султони ишқ,

То ғуломи Шамси Табризий нашуд.

(Мазмуни: Ҳеч ким ўзидан ўзи улуғ бўлган эмас, ҳеч ким ўзидан ўзи бир нарса бўлган эмас! Узум донаси билан тарвуз тухми деҳқонга етмасидан туриб бир нарса бўлмаган. То тошдан, харсанглардан темирни чиқармагунча, ҳеч бир темир ўткир ханжар бўлган эмас. Ҳеч бир иш устасини шакаррез-шакар қуювчига шогирд бўлмасидан ҳалвойи (ҳалвопаз уста) дейилмади. Шамс Табризийга шогирд бўлмагунча Мавлононинг номи Султони ишқ бўлмади!).

…Бас, шундай экан, замонанинг уламо ва фуқаҳолари нима учун ҳеч қандай комилу мукаммилнинг суҳбати ва иродатисиз фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавлларини қабул қилиш билан ва зоҳирий амалларни бажо келтириш билан ҳол ҳақиқатига эришиш мумкин, деб айтадилар?! Фақат жазба бўладиган бўлса, бу мумкиндир, лекин бу ҳолат нодирдир. Ҳеч ким нодирга ҳукм қилган эмас. Сулуксиз жазбага етиш мумкин, лекин, комили мукаммилнинг суҳбатисиз, унинг тарбияси ва иродатисиз ҳеч ким иршод мақомига етмаган, ета олмайди ҳам. Фақат у мажзуб бўлиб қолаверади, комилу мукаммил эмас. Мажзубдан эса бир иш чиқиши қийин. Агар бир шахс бу айтилганларсиз “Мен бу олий мартабага етдим” деса ва шайхлик даъвосини  қилса, “Кимнинг шайхи бўлмаса, бас, унинг шайхи шайтондир” (сўзининг) ҳукми билан унинг  раҳнамо шайхи шайтондир. Наъузу биллоҳ! У адашгандир, у адаштиргувчидир. Ҳеч бир мусулмонни Худой таоло унинг шум суҳбатига мубтало қилмасин!

…Замонанинг уламо ва фуқаҳоларига бир танбеҳдирки, ҳаргиз бундай гап-сўзларни айтмасинлар. Карам ва саховат кўрсатсинлар. Бу олий тоифа (тариқат аҳли)га мана бундай (ёмон, ифлос) эътиқодларни қилмасинларки, бу дунё-у охиратга зиён ва хусрон сабабидир. Зероки, бу тоифанинг нисбатлари Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарофатлик нисбатларидур. Уларга анъана тарзда етгандир бу. Ўзича амал қилгандан кўра, уларнинг суҳбатига бориш ва уларга иродат қилиш яхшироқдир!

…Агар мана шунга қодир бўлмасангизлар, унга тавфиқ топа олмасангизлар, яна карам қилиб, бу олий тоифага эътироз билдириш ва жадал (жанжал) мақомида бўлманглар. Уларга иймон келтиринглар, чунки авлиёларнинг иймони анбиёларнинг иймонидир.

…Бас, уламо ва саййидлар ҳамда бошқаларга лозим келадики, бу нусхани ўқигандан, эшитгандан кейин, сўфийларнинг (ҳақиқий сўфийларнинг, албатта) олий мақомлари ва ҳолатларини билиб, эътирозу низони тарк қилсинлар. Ҳеч бир заҳри қотил бу олий тоифага эътироз билдиришдан ўта олмайди. Чунки, ҳамма нарсада ақлу идрок бўлади. Бу тоифага эътироз билдиришда эса ақлу идрок бўлмайди.

…Агар (илм аҳли) ўзларининг ихлос ва эътиқодларини дуруст қилсалар, умид қиламизки, ҳар ерда бўлсалар ҳам уларнинг баракаларидан маҳрум қолмайдилар ва уларнинг олий мақомларига етурлар, инша Аллоҳ”.

(Махдуми Аъзам ад-Даҳбедий. “Танбеҳ ал-уламо”. ШҚМ, № 1443/ХХVI. – В. 357б-365а).

Ҳамидуллоҳ Беруний.

…Уламоларнинг илми Аллоҳнинг каломидан истинбот қилингандир. Улар эса мана шунинг ҳомили, кўтаргувчисидирлар. Шу жиҳатдан азиз ва шарифдирлар. Ҳеч кимнинг уларга густоҳлиқ қилишга ҳадди ҳам, ҳаққи ҳам йўқ!

…Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодлари эса бағоят азиз ва шарифдирлар, уларга таъзим қилиш вожибдир.

… Шу билан бирга ҳалолу ҳаромдан, жоизу ножоиздан дам урадиганлар ўзларини ҳаром ейишдан, ғийбат қилишдан сақламайдилар. Ҳолбуки, ғийбат зинодан ҳам ёмонроқдир. Хусусан, бу олий тоифанинг ғийбатини қилиб, уларга ҳар турли гумони бадлар юритиб, (айбу нуқсонлар) ўрай бошлайдилар, гап-сўз қиладилар. Ана шу жиҳатлардан ҳам кўп ҳолатда бу тоифа улардан (зоҳир олимларидан) гина ва шикоятлар қиладилар.

… Ҳазрати Ориф Мавлоно Муҳаммад Жомий қуддиса сирруҳу айтганлар:

Ин нукта бо-фақиҳ чи гуямки нест,

Бу Жаҳлро зи машраби азби Муҳаммадий.

Мазмуни: Бу нуктани фақиҳга айтиб нима қиламан, Абу Жаҳлнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ширин сарчашмасидан тотиши мумкин эмас.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...