ЭЙ УМАР МЕНДАН НАРИРОҚ ТУР! АЛЛОҲ МЕНГА ТАНЛАШ ИХТИЁРИНИ БЕРДИ ВА МЕН (ШУНИ) ТАНЛАДИМ.
Аллоҳ таолонинг Ўзи назорат қилиб ўстирган ҳамда у зотни меҳрибонлик, кечиримлилик ва васатийлик соясида вояга етказган элчиси Муҳаммад алайҳис-салом.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма одамларнинг зоҳирларига қараб муомала қилардилар, зоҳирини ташлаб ботинига ўтиб кетмас эдилар. Икки кўзларини зоҳирлардан беркитиш учун ботинларни титкиламас эдилар. Мадинада мунофиқлар бўлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қандай муомала қилдилар? Биз бу муносабат ҳақида батафсил сўзлашни истаётганимиз йўқ.
Илгариги Қурайшликларда бир гап бўлар эди: “Итингни семиртиргин, ўзингни тишлайди” биз ҳам шунга ўхшаш гапни айтамиз холос.
«Аллоҳга қасамки, агар Мадинага қайтиб борсак, албатта азиз хорни ундан чиқарур”, деган кишига Расулуллоҳ қандай муомала қилдилар?
Бу одам Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул бўлиб унинг ўғли содиқ мусулмонлардан эди.
Бир куни у келиб, Расулуллоҳга: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга бир хабар келди, сиз айтган гапи учун отамни ўлдирмоқчи экансиз. Агар шундай бўлса, мени ўзимга буюринг, ўзим сизга унинг бошини олиб келай» — деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилиб: “Йўқ, модомики у орамизда экан, унга меҳрибонлик кўрсатамиз” — дедилар.
Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул вафот этганида ўғли ҳижолат бўлиб Расулуллоҳга одам юборди ва шоядки унга енгиллик бўлсин деб, отасини кафанлаш учун ўзлари кийганида баданларига тегиб турадиган кўйлакларини беришларини илтимос қилди. Расулуллоҳ кийимни ечдилар ва унга бериб юбордилар.
Унинг жанозасини олиб келинган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жаноза ўқиш учун юзландилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу у зотнинг рўпараларида тўхтади ва қулоқларига шивирлаб: «Эй Аллоҳнинг Расули, фалон ишларни қилган, фалон гапларни айтган бўлса ҳам унга жаноза ўқийсизми?» — деди. Расулуллоҳ эса унга эътибор ҳам бермадилар.
Умар шу гапни кўп такрор айтаверганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умарга қараб:
“Эй Умар мендан нарироқ тур. Аллоҳ менга танлаш ихтиёрини берди ва мен (шуни) танладим”— дедилар ва Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг жанозасини ўқидилар.
Мен сизларга айтиб ўтган ана шу дастурдан кейинги эргашадиган нарсамиз мана шудир.
Энди сиз, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларининг бирортасида ғулув, бировларни қўрқитиш ва уларга хавф солиш ҳидини сезаябсизларми эй Аллоҳнинг бандалари?!
Имом Бутий хутбасидан.
Ғуломов Абдуллажон таржимаси.

