Муҳим Набавий қоида: “Фойда қилмас илм, зарар қилмас жаҳолат!”

Lotin alifbosida

Сарлавҳада айтилганидек, шундай илмлар борки уни билишни фойдаси йўқ ва яна шундай илмлар борки уни билмасликни зарари бўлмайди. Ҳолбуки динимиз илм – маърифатга чақириб, жаҳолатдан қайтаради. Лекин, ҳар нарсанинг ҳам меъёр ва чегараси бўлади. Мана шу чегарадан ўтган нарсалар кўпинча қораланади. Аммо шундай нарсалар  борки на уларнинг чегараси бор на фойда зарари бор. Бундай ҳолатга уламолар истилоҳида: “Фойда қилмас илм, зарар қилмас жаҳолат”, дейилади. Бу мужмал қоидани қуйида батафсил ёритишга ҳаракат қиламиз.

Умр оз. Ўрганишимиз керак бўлган илмлар жуда ҳам кўп.

Сизда китоблар тўла кутубхона бор. Бир ҳафтадан кейин имтиҳон. Шунда сиз нима қиласиз? Тўғри келган китобни олиб ўқийверасизми ёки имтиҳон қилинаётган соҳага тааллуқлигини ўқийсизми? Жавоб оддий. Албатта, сохага тегишлиги ўқилади, ўрганилади.

Қуръони каримда жаҳолат сўзи турли кўринишларда 24 марта келган. Илм сўзи эса турли кўринишларда 779 марта келган. Соддароқ қилиб айтсак, бу тахминан ҳар бир сурада етти мартага тўғри келади. Мана шунинг ўзидан ҳам кичик хулоса қиладиган бўлсак, инсонда илм – маърифатнинг салмоғи кўпроқ, жаҳолат озроқ бўлиш керак, деганидир. Ҳамма илмни ўрганиб жаҳолатдан бутунлай қутулишнинг иложи йўқ. Бунга инсоннинг умри ҳам, тоқати ҳам етмайди. Илмни чуқур ўрганиб, қолган жаҳолатдан паноҳ сўраш лозимдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Мусо алайҳиссаломнинг қилган дуоларини келтиради:

            قَالَ اَعُوذُ بِاللهِ اَنْ اَكُونَ مِنَ الجَاهِلِينَ

У (Мусо): “Жоҳиллардан бўлишимдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман”, деди. (Бақара сураси, 67 – оят).

Саҳиҳ ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари келтирилади:

        اللََّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ عِلْمٍ لاَ يَنْفَعُ وَمِنْ قَلْبٍ لاَ يَخْشَعُ وَمِنْ نَفْسٍ لاَ تَشْبَعُ وَمِنْ دَعْوَةٍ لاَ يُسْتَجَابُ لَهَا

“Эй Аллоҳим! Сендан тўймайдиган нафсдан, қўрқмайдиган қалбдан, фойда бермайдиган илмдан ҳамда ижобат бўлмайдиган дуодан паноҳ сўрайман”. (Зайд ибн Арқамдан Муслим, Термизий ва Насаийлар ривояти)

Ҳар қандай маърифат ҳосил қилмайдиган, нафс, ақлга озуқа бўлмайдиган илм фойдасиз илмдир.

Катта уламоларнинг юқоридаги ҳадисга айтган шарҳларини келтирамиз.

Муновий раҳматуллоҳи алайҳ “Тайсир”да: “Фойда бермайдиган илм”ни амалга ҳамроҳ бўлмайдиган, шаръан рухсат берилмаган ёки хулқларни сайқалламайдиган илм, деб шарҳлаганлар.

Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ “Мирқот ал мафатиҳ”да айтади: “Тийбий раҳматуллоҳи алайҳ: “Фойда бермайдиган илм” – амал қилмайдиганим, инсонларга ўргатмайдиганим, ахлоқ, сўзлар ва ишларни сайқалламайдиган ёки динда унга эҳтиёж сезилмайдиган ёки ўрганишга шаръан изн беримаган илм, деб айтган.

Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Илмнинг ўзи қораланмайди. Чунки у Аллоҳ таолонинг сифатларидандир. Унинг (фойдасиз ёки зарарли бўлиши) учун уч сабаб мавжуд.

1. Ўзига ёки ўзгага сеҳр ва тилсим (махфий белгилар билан ёзиладиган хат) илмлари каби зарар, ёмонлик етишига восита бўлса. Чунки бу икки илм халққа зарар етказиш ва ёмонликка восита сифатида ишлатилади;

2. Зоҳиран кўринишда ўз соҳибига юлдуз илми каби зарар қиладиган илмлар. Унинг барчаси зарардир.

(Изоҳ: Ғайбдан юлдузларга қараб фол очиш, уларнинг қандайдир кучга эга деб эътиқод қилиш кабиларнинг барчаси дейилмоқчи. Чунки уламолар юлдузларни жойлашувига қараб йўл топиш, намоз вақтларини белгилаш ва бошқа керакли мақсадлар йўлида уни фан сифатида ўрганишнинг зарари йўқ дейишади).

 Унинг кичик зарари: бефойда нарсага машғул бўлиш, энг катта зарар ҳисобланган инсоннинг энг қиммат сармояси – умрни бефойда зойе қилишдир;

3. Шўнғувчи мустақил кириша олмайдиган дақиқ илмлар. Катта илмлардан олдин дақиқ илмларга ёндошиш ёки илоҳий сирлар ҳақида баҳс қилиш кабилар (бунга мисол бўлади). Фалсафачи ва мутакаллимлар ўша нарсалардан хабардор бўлсалар ўзларича мустақил иш қила олмайдилар. (Мирқот 8/59 Паноҳ сўраш боби)

Илмнинг таърифи – مَعْرِفَةُ المَعْلُومِ عَلَى مَا هُوَ بِهِ في الوَاقِعِ  العِلْم– “Илм маълум нарсаларни воқеликда қандай бўлса шундайлигича билишдир”.

Илм икки хил бўлади:

Зарурий ва касбий ёки назарий ҳам дейилади – эгалланадиган илм.

Зарурий илм – назар ташлаш ва далил исташга эҳтиёж йўқ илмлар.

Касбий (назарий илм ҳам дейилади) илм – назар ташлаш ва далил исташга эҳтиёж бор илмлар.

Яъни зарурий илмда инсон маълумотни исботлаш ёки инкор этишда ўйлаб кўриш, фикр юргизишга, зеҳнини ишлатишга ҳожат бўлмайди. Чунки у зарарурий илмдир. Мисол учун имоннинг етти бандини билиш.

 Касбий илм эса – назар ташлаш, далил исташ, ўқиш, ўрганиш, ўша нарсани тасдиқлаш ёҳуд инкор қилишда инсон зеҳнини ишлатадиган илмлар.

Жаҳолатнинг таърифи – الجَهْلُ تَصَوُّرُ الشَّيْءِ عَلَى خِلاَفِ مَا هُوَ بِهِ – “Жаҳолат нарсаларнинг воқеликдаги зиддини тасаввур қилишдир”.

Икки таърифнинг фарқи. Илм бу билиш керак бўлган нарсаларни воқеликдаги ҳолатини ўзгартирмай, қандай бўлса шундайлигича билиш демакдир. Жаҳолат эса нарсаларнинг воқеликдаги нарсаларни аксини, хилофини шунчаки тасаввур қилиш демакдир. Эътибор берсангиз илмнинг таърифида маърифат, жаҳолатнинг таърифида эса тасаввур – хаёлий ўйлар сўзи ишлатилмоқда. Чунки маълумотни воқеликка мос келиши илм, мос келмаслиги тасаввур дейилади.

Жаҳолат икки хил бўлади: Содда жаҳолат ва мураккаб жаҳолат.

Содда жаҳолат бу илмсизлик яъни билмасликдир. Масалан: ер остида нима борлигини билмаслигимиз каби.

Мураккаб жаҳолат бу нарсани бир ҳолатда бўлишини эътиқод қилиш. Ўша нарса аслида унинг эътиқодидан бошқача бўлиши. Масалан: Мужассималар Аллоҳ таолонинг жисм деб эътиқод қилишига ўхшаш. Бу қисм мураккаб жаҳолат деб аталганини боиси у икки нарсадан ташкил топади. Билмаслик ва нотўғри эътиқод.

Масалан бир киши: “синиқ ойнага қараса ёмон бўлади”, демоқда. Бу нарса қоидага мувофиқ “мураккаб жаҳолат” дейилади.  Чунки у нарсанинг воқеликдаги зиддини тасаввур қилмоқда. Синиқ ойнага қараса ҳеч нарса бўлмайди. Бу эса уни ёмонлик белгиси демоқда. Яна ўша нарсани таъсири борлигини ҳам эътиқод қилмоқда.  Бу қисм мураккаб жаҳолат деб аталганини боиси у икки нарсадан ташкил топади. Билмаслик ва нотўғри эътиқод.

Илм фойдали, фойдасиз ва зарарли бўлади.

Мушукнинг бошқача миёвлаши, синиқ ойнага қараса ёмон бўлиши, сафарга чиққан одамнинг олдидан қандайдир рангдаги мушукни бирдан ўтиб қолиши бахтсизлик аломати саналиши, қандайдир рақамларни бахт келтирувчи ёки бахтсизлик сабабчиси бўлиш, Одам алайҳиссаломнинг қони қайси гуруҳга оидлиги шу ва бошқа нарсалар ҳақида саволлар кўп берилади.

Замонамизнинг машҳур муфтийларига шу каби саволлар йўлланганда:

 “Аллоҳ таоло сизга бу каби саволларга жавоб топишни буюрган эмас. Қиёматда ҳам ўша “саволларнинг” жавобини билмагани учун инсон ҳисобга ҳам азобга ҳам тортилмайди”, дея жавоб қайтарадилар.

Тўғри келган нарса ҳақида савол бериш ярамайди. Чунки чиройли ва маъноли савол бериш илмнинг ярми ҳисобланади. Устоз ва шогирд ўртасидаги савол жавобларнинг қандай бўлиши шариатимиз тамонидан тартибга солинган. Бунга уламоларимиз Жаброил алайҳиссалом ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртасидаги савол жавобни мисол қилиб келтирадилар.

وَمَآ أُوتِيتُم مِّنَ العلم إِلاَّ قَلِيلاً

“…Сизга жуда оз илм берилгандир”, деб айт. (Исро сураси, 85 – оят).

وقال علي رضي الله عنه: العلم نقطة كثَّرها الجهال

Али розияллоҳу анҳу айтади: “Илм нуқтадир. Уни жоҳиллар кўпайтириб юборди”.

Ҳақиқатда жаҳолат бўлмаганида ёзилган китобларнинг сони бу даражада кўп бўлмасди. Қуръони каримда айтилгандек, илмнинг асли жуда оз бўлади. Лекин инсоннинг “Фойда қилмас илм, зарар қилмас жаҳолат” ортидан қувиши, қимматли вақтини сарфлаши энг катта фалокатдир.

Жаброил алайҳиссалом келиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга имон, ислом, эҳсон ва қиёмат ҳақида саволлар беради. Саволларига жавоб олганидан кейин ортига қайтади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан савол берганни кимлигини сўрайдилар. Улар эса Аллоҳ ва Расули билгувчироқ дейдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам савол берувчини таништириб:

“Бу Жаброил эди. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дейдилар.

Бу воқеа одамларга таълим учун бўлганди.

Ҳадисдан мавзуга доир олинадиган фойдалар:

Бериладиган саволларнинг маъноли бўлиши;

Тўғри келган нарсадан савол қилиш яхши эмаслиги;

Фойдали савол жавобларни динни ўрганишга восита бўлиши;

Фойдали савол жавобларни илм деб аташ мумкинлиги.

Юқорида айтилганидек инсонга жуда оз илм берилган.

وَلاَ تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ  إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولاً

“Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшалар масъулдирлар”. (Исро сураси, 36 – оят).

Яъни: Аллоҳ таоло инсонни тоқати етадиган нарсаларга буюрмоқда. “Фойда қилмас илм, зарар қилмас жаҳолат” ортидан вақт кетгазмасликка чақирмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки инсон эга бўлиб турган  неъмат ичида энг қадрли ва улуғларидан бири вақт, умр, ҳаёт неъматидир. Ундан оқилона фойдаланиб, яхши амаллар қилиб шукрини келтириш, уни беҳуда ўтказмаслик айниқса “Фойда қилмас илм, зарар қилмас жаҳолат” иборасини ўзига қоида қилиб олиши лозимдир. Зеро вақт ўтгандан кейин уни ортга қайтаришни умуман иложи йўқ. Шундай экан фойдали илмга интилиб, жаҳолатдан йироқ бўлмоқ даркордир!

Андижон шаҳар “Ҳазрати Билол” жоме масжиди

имом – хатиби: Равшанбек Ўринбоев

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...