ЮСУФ ДАВРОННИНГ МОТУРИДИЙЛАРГА БЕРГАН САВОЛЛАРИГА ЖАВОБЛАР 1

230Фалсафа фанлари доктори Юсуф Давроннинг мотуридийларга берган 1-саволига Шайхул ислом Ибн Таймиядан биринчи раддия.

Юсуф Даврон:
Ақида бобида «Фиқҳул акбар»дан бошқа ҳижрий 300-йилдан олдинги қайси китобларга суянишимиз мумкин?
Шайхул ислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ:
فقلتُ له: الاعتقاد لا يُؤخذ عنِّي ولا عمَّن هو أكبرُ مني، ولكن عن كتاب الله وسنةِ رسوله وإجماع سلف الأمة.
«Ақийда мендан ёки мендан буюкроқ бўлган шахслардан олинмайди. Балки Аллоҳнинг китоби ва Расулнинг суннати ва умматнинг аввалгиларнинг ижмосидан олинади».
«Воситияда бўлган мунозара» китоби.
Аллоҳ таоло айтади:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхши ишдир» Нисо сураси, 59.
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ юқоридаги оятнинг шарҳида айтади:
Ўзидан бўлган ишбошиларга итоат қилиш амри авом учун. Ишбошиларга эса, Аллоҳ таоло зотан: «Инсонлар орасида ҳукм қилсангиз адолат билан ҳукм қилинг», деб амр қилиб бўлган.
Оятнинг давомидаги тортишиб қолинган масалани Аллоҳга ва Пайғамбарига қайтариш масаласи эса, ишбошиларга, яъни илм эгаларига қаратилгандир.
Чунки авом Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи вассалламнинг Китобидан ҳукм чиқариб олиш салоҳиятига эга эмас. Агар улар тортишиб қолсалар, уларнинг зиммасидаги нарса эса уламоларга ва улар ижмо қилган масалаларга итоат қилишдир.
Кўриб турганингиздек, Шайхул ислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг ҳам Имамул ҳуда Абу Монсур Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг сўзи ҳам бир бирига мувофиқ келаяпти. Улар эса ўз сўзларини айнан юқоридаги оятдан олганлар.
Агар Имоми Аъзам, Имом Мотуридий, Имом Насафий ва Ибн Таймиянинг китоблари йўқолиб қолса ҳам, умматнинг ичидан ишбошилар Китоб ва Суннат асосида аҳли сунна вал жамоа эътиқодини ҳимоя қилаверади. Зотан «Фиқҳул акбар»да Китоб ва Суннатда йўқ ҳеч нарса йўқ. Фақат бошқа услубда ёзилган холос.
Бундан Юсуф Давроннинг саволи биринчидан бемаъни, иккинчидан асоссиз савол экани англашилади. Агар «Фиқҳул акбар» бўлмаганда ҳам ақийдани фалон китобга эмас, балки Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннати ва умматнинг аввалгиларининг ижмосига суянамиз. Фиқҳул акбар эса, айнан шундай ёзилган китобдир.

Саид Комил Муҳаммад Карим

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *