УСТОЗИГА ОҚ БЎЛГАНЛАР

Broken-Glass-Rain-Drops-4K-Ultra-HD-Mobile-Wallpaper-90x1689Ислом тарихидаги буюк муҳаддис, аҳли суннат шайхи, мужтаҳид олим, улуғ муаррихлардан бири, учинчи юз йилликнинг мужаддиди Абу Жаъфар ибн Жарир ат-Табарий (224-310 ҳ./839-923 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳисобланади. У зот 7 ёшида “Қуръон”ни тўлиқ ёд олган, 9 ёшида ҳадис илмини ўрганишга киришган. У зот, гарчи фаолияти кўп давом этмаган бўлса-да, ўз даврида ўзининг фиқҳий мазҳаби – жаририяга асос солган.
Абу Жаъфар ибн Жарир ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ ўзининг 30 жилдлик тафсир ва 11 жилдлик тарих китоблари билан шуҳрат қозонган. Бутун дунё тарих соҳасида унинг китобига, тафсир соҳасида ҳам унинг тафсирига қарашади. У зотга “Қуръонга қанча тафсир ёзмоқчи бўлаяпсиз?” дейишибди. У зот 30 минг варақ тафсир ёзмоқчилигини айтибдилар. Шунда, буни ўқишга умр ҳам етмайди, ҳимматлар ҳам етмайди, дейишганига, 3000 варақ тафсир ёзибдилар. Абу Жаъфар ат-Табарийнинг айнан мужаддидлар сафига қўшилишига унинг янги мазҳаб барпо қилгани эмас, балки мазкур тафсир ва тарихга оид асарлари сабаб бўлган бўлса, ажаб эмас. Зотан, унинг мазкур тафсир ва тарихга оид асарлари кейинги давр мусулмон тафсирчилари ва тарихчиларига намунавий манба бўлиб келгани, шубҳасиз. Машҳур олим Имом ан-Нававий (631-676 ҳ./1233-1277 м.) раҳимаҳуллоҳ: “Имом ат-Табарийнинг тафсиридек бошқа тафсир ёзилмаганига уламолар иттифоқ қилганлар”, деган эди.
Шунингдек, “Таҳзиб ал-асор” ҳамда “Ихтилоф ал-фуқаҳо” каби муҳим ва машҳур асарлари бор. “Зайл ал-Музаййал” номли китоби яна “Таърих ар-Рижол” деб ҳам аталган бўлиб, 1000 варақ бўлган. У табақот ва таржимаи ҳол жанридаги асардир. Шунингдек, фақиҳлар ва уларнинг қарашлари ҳақида алоҳида “Ихтилоф уламо ал-амсор” номли китоби бўлган. Қироатларнинг турлари ва уларнинг қиёсий таҳлилига бағишланган алоҳида асари ҳам бўлган. Хуллас, ислом илм-фани учун 30 га яқин асарлар мерос қолдирган.
Абу Жаъфар ибн Жарир ат-Табарий раҳимаҳуллоҳни айрим ҳанбалийлар ва бугунги тоифалар айтиб юрадиган “Аллоҳнинг Аршда ўтириши” ҳақидаги ҳадиснинг асли йўқлигини ва маъноси ботиллигини айтгани учун мужассима ва мушаббиҳа деган жамоалар тошбўрон қилишган. Жисмоний ҳужум ва таъқиблардан сақлаш учун давлат унинг уйига қўриқчилар қўйиб қўйган эди. Шунга қарамасдан, бидъатчилар у зотнинг деворига ҳақоратомуз сўзларни ёзиб кетишар, шогирдлари ҳар куни бу ҳақоратли гап-сўзларни ўчиришга мажбур бўлишарди. Бундан ташқари, бир марта ўз даврининг бидъатчисига раддия китоб ёзганида, унинг ўғли ва қариндошлари келиб, алломани ҳақоратлаб сўкиб-сўкиб уриб кетишган.
Ибн Комил аш-Шажарий (ваф. 350 ҳ./961 м.) раҳимаҳуллоҳ айтади:
Мен Абу Жаъфар ибн Жарир ат-Табарий раҳимаҳуллоҳнинг ўлим тўшагида ётганида ҳузурига кирдим. У зотга: “Бизлардан рози бўлинг. Ҳар бир замондошларингиздан, юртдошларингиздан, шогирдларингиздан, сизга озор берганлардан, сиз билан жанжаллашган, баҳс-мунозараларда беадаблик қилганлардан, сизга душманлик қилганлардан, ҳасад ва ғийбат этганлардан ҳам рози бўлинг”, дедим. Мен бу гапни менга “Қуръон”дан таълим берган Абу Али Ҳасан ибн Ҳусайн ас-Соввафни ҳам назарда тутиб айтгандим. Чунки у зот Абу Жаъфар ибн Жарир ат-Табарийга шогирд ҳисобланса-да, кейинчалик, негадир оралари бузилган, у билан гаплашмас, бир-бирларидан узоқлашиб кетган эди.
Шунда, Абу Жаъфар ибн Жарир ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ бундай дедилар:
“Мен ҳаммадан розиман! Менга душманлик қилганлардан ҳам, менга озор етказганлардан ҳам, мени ғийбат қилганлардан ҳам, менга таъна қилганлардан ҳам, мени бидъатчиликда айблаганлардан ҳам розиман. Фақат битта одамдан рози эмасман! У Абу Али Ҳасан ас-Соввафдир. Мен “Зайл ал-Музаййал” китобимни ёзаётганимда, унга Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни мақтаб киритаётган эдим. У зот ҳақиқатда фақиҳ ва парҳезгор олимдир. Бироқ, анави Абу Али Ҳасан ас-Совваф бўлса, у зотни менга шундай ёмонладики, ҳатто мени уни мақтаганимга айблай бошлади. Мен уни ҳузуримдан ҳайдаб чиқардим. Шундан бери у билан гаплашмайман, бу иши учун ундан асло рози эмасман!”.
(Ёқут ал-Ҳамавий. Мўъжам ал-удабо. 6-жилд. – Байрут: Дор ал-Ғарб ал-исломий, 1993. – Б. 2463-2464).
Ҳа, Абу Жаъфар ибн Жарир ат-Табарий раҳимаҳуллоҳнинг шогирди каби буюк мужтаҳид имомларни ҳақорат қилувчилар, таъна қилувчи, айблаб гапирувчилар бугун ҳам топилиб турибди. Абу Ҳанифа (Ҳанифанинг отаси) эмас, Абу Жийфа (Ўлаксанинг отаси), Имом Молик эмас, Имом Ҳолик (Ҳалок қилувчи имом) дейдиганлар топилмоқда.
Ҳа, адашган мусулмонлар “такфир” фитнасига гирифтор бўлиб, ўзларининг имомларини-да бидъатчига, гумроҳга, йўлдан тойганга ва кофирга чиқараётганлари бор. Ўз имомини ўлдиришга ўқи йўқ, лекин орқасида намоз ўқийверадиган “бенамоз”лар бор…
Абу Жаъфар ибн Жарир ат-Табарий раҳимаҳуллоҳнинг ғазабланганича бор: дунёда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабидан ҳазар қиладиганлар топилади. Лекин орамизда ўзларини шу мазҳабданман деб туриб балодан-батардан, хавфдан-хатардан сақланиб қолган ва шу мазҳаб билан ниқобланиб юрган каззоблар бор… Одамлар кўзига ҳанафий мазҳаби фатволарини айтиб, шу мазҳаб китобларини ўқиб-кўрсатиб, лекин ўзларининг тоифалари орасига кирса, ИМОМИ АЪЗАМ АБУ ҲАНИФА раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабини ёмонлашдан қайтмайдиган, у зотнинг мазҳабидаги фиқҳни ва фатволарни заиф ва маржуҳ санайдиган мунофиқлар бор… Имоми Аъзам Абу Ҳанифараҳматуллоҳи алайҳ билан ишимиз йўғ-у, лекин унинг ёзган-ёзмаган асарлари шубҳали эканлигини айтиб ўтишимиз керак, деб туриб сафсата сотаётганлар бор…
Мусулмон уммати бир минг уч юз йиллардан бери буюк имом Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни ҳурматлаб келади. У зотнинг мазҳабларини қабул қилиб келади. Бутун бошли давлатлар, мамлакатлар ва минтақалар у зотнинг мазҳабларини бажонидил қабул қилиб, ушбу мазҳаб бўйича амал қилиб келади. Сизнинг бир минг уч юз йиллардан бери ота-боболарингиз ҳам шу мазҳабда бўлишган. У зотнинг мазҳаблари қиёматгача бардавом бўлади, иншааллоҳ. Зотан, у зотнинг мазҳаблари Қуръон карим ва Суннати набавия асосига қурилган. Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳ у зотнинг фиқҳдаги мазҳабини ривожлантирган бўлса, Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ақидадаги қарашларини тараққий қилдирдилар. Бугунги кундаги ҳанафий мазҳабидаги мусулмонлар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг фиқҳий қарашларини марғинонийлар, ақидавий фикрларини эса мотуридийлар илмий мактаблари орқали ўрганадилар.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ кўзимиз нури ва қалбимиз суруридир!
Устозларга оқ бўлиш ота-оналарга оқ бўлишдан ёмонроқдир. Устозларга оқ бўлиб қолишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин!
Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ
Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *