ТАСБЕҲ – ВАБОНИ ДАФ ҚИЛУВЧИ БИР САБАБ

3b43ce1d15588a5c725bf002650013c0Вабо каби дарди бедаво тарқалган ҳудудларда тиббий муолажалар билан бир қаторда, унга қарши маънавий ва руҳий муолажлар ҳам қўллаб борилса, касаллик чекинишида кутилган натижага эришиш осонроқ, ҳаракатлар эса янада самаралироқ бўлади.

Тиббий муолажалар хусусида бирор нарса дейишим қийин. Бу халқ табобати ва замонавий тиббиёт ходимларининг иши. Бу соҳада мен фақатгина: “Тиббиёт ходимларига сўзсиз қулоқ солинг ва айтганларига қатъий амал қилинг!” дейишдан нарига ўта олмаслигим аниқ.

Лекин, маънавий ва руҳий муолажалар хусусида салаф уламоларимизнинг тавсия ва сабоқларига асосан баъзи бир маслаҳатлар беришга озмунча бўлсада имконим бор.

Аҳли сунна вал-жамоанинг тўрт мужтаҳид имомларидан бири Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ вабога учраганлар учун шундай тавсия берган эканлар: “Вабони даволашнинг энг яхши услубларидан бири Аллоҳга тасбеҳ айтишдир!”.

Имом Шофеъий ҳазратларининг бу сўзлари албатта, бежиз бўлмаган. Чунки Аллоҳга тасбиҳ айтиш билан бандалар бошидан азоб ва уқубатлар кўтарилади. Чунки Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

فَلَوْلَا أَنَّهُ كَانَ مِنْ الْمُسَبِّحِينَ* لَلَبِثَ فِي بَطْنِهِ إِلَى يَوْمِ يُبْعَثُونَ

Агар у кўп тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида, унинг қорнида қайта тирилтириладиган кунгача қолиб кетар эди.(Соффат сураси 143-144).

Бу оятда Аллоҳнинг пайғамбарларидан ҳазрати Юнус алайҳиссалом ҳақида гап боряпти. У киши қавмининг озор ва нодонликларидан қочиб сафарга отланади ва кемага чиқади. Кема йўлда қаттиқ довулга учраб, ундагилар балодан қутулиш йўлини ахтаради ва ораларида хожасидан қочган қул борлигини ва уни денгизга отмагунларича бу балодан қутулмасликларини англашади. Аммо ўша қулнинг кимлиги номаълум эди. Уни қуръа ташлаш йўли билан аниқламоқчи  бўлишади ва қуръа Юнус пайғамбар алайҳиссаломга тушади. У кишини денгиза отишгач эса Алоҳнинг амри билан баҳайбат наҳанг у кишини ютиб юборади. У киши бу балодан қутулиш учун Аллоҳга кўп тасбеҳ айтади. Агар у киши кўп тасбеҳ айтмаганида балиқ қорнида ҳалок бўлар ва то қиёматгача қолиб кетар эди. У кишининг зулмат балосидан қутулишига Аллоҳга ёлбориб кўп тасбеҳ айтиши сабаб бўлган.

Аллоҳ таоло Ўз каломида ҳазрати Юнус алайҳиссаломнинг қай тарзда тасбеҳ айтганини қуйидагича ҳикоя қилади:

فَنَادَى فِي الظُّلُمَاتِ أَن لَّا إِلَهَ إِلَّا أَنتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنتُ مِنَ الظَّالِمِين

У зулмат ичида туриб: “Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен нуқсонлардан покдирсан! Мен ҳақиқатда зулм қилувчилардан бўлдим” деб нидо қилди.(Анбиё сураси 87).

Шуни унутмаслик керакки, бошга тушган балони бартараф қилишда гуноҳлардан воз кечиш ва олдин қўл урилганларига астойдил тавба қилиш шарт. Ҳазрати Юнус алайҳиссаломнинг қандай тасбеҳ айтганига эътибор қилинг! У киши аввало Аллоҳни якка деб тан олишини ошкор этди, ортидан Аллоҳни айб ва нуқсонлардан поклаб зикр қилди. Ортидан эса ўзининг гуноҳкор бандалигини эътироф этди. Бу дуони у киши бир ё икки марта қилгани йўқ. Балки жуда кўп такрорлаб Аллоҳга ёлборди. Ана ундан кейин эса Аллоҳнинг амри ва нажоти билан балиқ ҳазрати Юнус алайҳиссаломни қирғоққа чиқариб ташлади.

Демак, бугун бутун дунёни тиз чўктирган вирус балосини даф қилиш учун энг аввало ўз гуноҳларимиз, зулму-ситамларимизни тан олишимиз, унга чин дилдан афсусланишимиз ва соф тавба қилишимиз керак. Қалбни поклаб, Аллоҳга бутун вужудимиз билан юзланган ҳолда, ҳокисорона бош эгиб, Раббимизга кўп-кўп тасбеҳ айтишимиз керак бўлади. Аллоҳ бу тарзда нажот сўраган бандларини ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Шунда ҳаракатларимизга барака беради ва касалликка қарши тиббий муолажаларимиз натижаси кўринади.

Зотан, Имом Абу Довуд раҳимаҳулоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу маънодаги ҳадисларини ривоят қилганлар: «Ким ғамга мубтало бўлса, Зуннун (Юнус) алайҳиссаломнинг «Ла илаҳа илла анта, субҳанака, инний кунту миназ-золимийн» дуосини ўқиса ғамдан қутулади».

Аллоҳ таоло барчамизни тавба ва ихлосга қайтарсин! Бошимизга тушган вирус балосини тезроқ кўтарсин! Бу касалга чалинганларга шифо, чалинмаганларга эса мустаҳкам ҳимоя берсин! Омин!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *