№30. Қандай уммат бўлдик, Расулуллоҳга!

Аллоҳ суйган банда Ҳабибуллоҳга
Раҳмат бўлиб келган Набийюллоҳга
Айтинг бугун менга мусулмон аҳли
Қандай уммат бўлдик Расулуллоҳга

Билмадим не бўлди бизларга бугун
Гўёки мағрурмиз дунёга устун
Бошимиз эгмасдан ибодат учун
Қандай уммат бўлдик Расулуллоҳга

Мазмунсиз сўзларни сўзласа тиллар
Зулматга эргашиб ўтса бу йиллар
Ҳидоят нурисиз қорайса диллар
Қандай уммат бўлдик Расулуллоҳга

Дунёда тарк этиб ҳар бир суннатни
Яҳшилик ортидан қилсак миннатни
Амалсиз истасак мангу Жаннатни
Қандай уммат бўлдик Расулуллоҳга

Бир ҳадис мазмунин англамай туриб
Ҳалол йўлдан эмас ҳаромдан юриб
Сийрат китобларин бир четга суриб
Қандай уммат бўлдик Расулуллоҳга

Нафсимиз роҳатин мангу деб билиб
Мазлум инсонларни бағрини тилиб
Аллоҳдан уялмай гуноҳлар қилиб
Қандай уммат бўлдик Расулуллоҳга

Ғанимат вақтимиз қилгаймиз увол
Бир кун келиб топса умримиз завол
Кўнгил ичра кезар биргина савол
Қандай уммат бўлдик Расулуллоҳга

Яхшилар кўнглини тинимсиз доғлаб
Зоҳидлар қадамин гуноҳга чоғлаб
Бу фоний дунёга қалбимиз боғлаб
Қандай уммат бўлдик Расулуллоҳга

Гўёки кўзлардан томчилар бир нам
Умматлик бахтини унутсак бир дам
Қалбимни қийнайди доимо бир ғам
Қандай уммат бўлдик Расулуллоҳга

МУСТАФО МУНИРУЛЛОҲ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...