ҲАМИДУЛЛОҲ БЕРУНИЙ

20770176_1914707202186201_7153278653422098507_nАминов Хамидулла Абдирахимович, Қорақалпоғистон Республикаси, Беруний туманида 1977 йил 9 майда туғилган.
Ўрта мактабни тугатгандан сўнг Тошкент Ислом институтида (1994-1998) таҳсил олган, кейин А.Қодирий номидаги Тошкент Давлат Маданият институтида “Китобшунослик ва китоблар маркетинги” ихтисослиги бўйича магистратура йўналишида (2002-2004) ўқиган. 2000-2002 йилларда Хоразм Маъмун академиясида ишлаган, 2005 йилдан эса ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтига аспирантурага ўқишга кирди ва 3 йил давомида илмий изланишлар олиб борди.
2008 йил июль ойидан то 2014 йилгача мазкур институт кичик ва катта илмий ходими лавозимларида ишлаган.
2014 йилдан то ҳозирги кунгача Тошкент давлат Шарқшунослик институти ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида катта илмий ходим сифатида илмий фаолият олиб бормоқда.
Ҳамидуллоҳ Беруний қўлёзмашунослик ва тарихий манбашунослик йўналишида «Хоразмда китоб тарихи манбалари (XVIII аср иккинчи ярми – XX аср бошлари: ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди асосида)» мавзусида илмий иш олиб борган ва 2010 йилда диссертация ҳимоя қилган ва тарих фанлари номзоди бўлган.
Ҳамидуллоҳ Беруний 20 га яқин китоб, журнал ва илмий тўпламларда 30 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп мақолалар эълон этган. 15 га яқин илмий анжуманларда иштирок қилиб, илмий маърузалар билан қатнашган. Жумладан, Германия ва Туркия давлатларида бўлиб ўтган илмий анжуманларда иштирок этган.
Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг фароиз — мерос ҳуқуқига оид асарини ва Абу Ҳафс ан-Насафий раҳимаҳуллоҳнинг усул ал-фиқҳга доир асарини топиб асл матни ва таржимаси билан (ҳамкорликда) дунёда илк бор нашр эттирган.
Ҳамидуллоҳ Беруний араб ва форс тилларини билади. Араб ёзувидаги қўлёзмаларнинг кодикологик, палеографик жиҳатлари; тарихий ҳужжатлар тарихи ва таҳлили; Марказий Осиёда Ислом фиқҳи, ҳадисшунослик тарихи йўналишлари бўйича изланишлар олиб боради.
Ҳамидуллоҳ Беруний интернетда ҳам фаол илмий фаолият юритади. У ahlisunna.uz сайти муассисларидан бири. Илмий мақолалари сабабли islom.uz порталининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган. Fasebook да «Sunniy aqidalar», «Hanafiy fiqhi», «Ahli sunna ulamolari» каби гуруҳларда бугунги куннинг энг долзарб масала ва муаммолари ёритилган юзлаб илмий-исломий мақолалари ва таржималари эълон қилинган. Мақолалари асосан фиқҳий ва ақидавий масалаларга оид, шунингдек, ҳар хил нотўғри оқим ва тоифалар фикрларига раддиялардан иборат.
Ҳамидуллоҳ Беруний таниқли уламолар – Аҳмаджон домла Боғишамолий ҳафизаҳуллоҳ, Аҳмаджон махдум Кўҳистоний раҳимаҳуллоҳ, Шайх Дўстмуҳаммад Турсун раҳимаҳуллоҳ, Ҳикматуллоҳ домла Самарқандий ҳафизаҳуллоҳ, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ва Исмоилжон махдум Хўқандий ҳафизаҳуллоҳ каби фазилатли ва шарофатли зотларни ўзига устоз деб билади. Дунёнинг таниқли уламоси Муҳаммад Тақий ал-Усмоний ҳафизаҳуллоҳдан ҳадисшунослик ва ҳадис ривояти бўйича илмий ижозатнома (ижоза) олган.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *