№26. Расулуллоҳ сизни жуда соғиндим

Наҳотки келмайсиз ўтса-да йиллар
Соғинч азобидан қаттиқ оғриндим
Қиёматда балки учрашар диллар
Расулуллоҳ сизни жуда соғиндим

Соғинганда йиғлар юрак бечора
Баъзида бу юрак бўлар минг пора
Таскин топар эдим кўрсам бир бора
Расулуллоҳ сизни жуда соғиндим

Бир зум бўлмадингиз бу йўлда омон
Чорладингиз бизни ҳидоят томон
Оламлар раҳмати соғиндим ёмон
Расулуллоҳ сизни жуда соғиндим

Машаққат йўлида улкан сабрингиз
Мушриклар қўлида тортган жабрингиз
Қанчалар улуғдир сизнинг қадрингиз
Расулуллоҳ сизни жуда соғиндим

Маккалик золимлар эгмай бошлари
Тоифлик мушриклар отса тошлари
Ансорлар сиз учун тўкар ёшлари
Расулуллоҳ сизни жуда соғиндим

Аллоҳнинг йўлида айтиб шаҳодат
Пайғамбар ортида қилган ибодат
Асҳоблар эришган гўзал саодат
Расулуллоҳ сизни жуда соғиндим

Сиддиқдек садоқат қилолмасам ҳам
Умардек шерюрак бўлолмасам ҳам
Ҳаёда Усмонга етолмасам ҳам
Расулуллоҳ сизни жуда соғиндим

Нафсимга алданиб бўлиб гуноҳкор
Вафот этсам агар айтмай истиғфор
Шафоат қилгайсиз қалбим умидвор
Расулуллоҳ сизни жуда соғиндим

Кўнглимни кўтармас латифа эртак
Бу кўнгил гўёки очилмас куртак
Бир лаҳза кўришлик мендаги истак
Расулуллоҳ сизни жуда соғиндим

МУНИРУЛЛОҲ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...