КАЛОМ ИЛМИ

Кириш2CiJL

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «илм исташлик ҳар бир мусулмонга фарздир» маъносидаги ҳадислари эл орасида машҳур. Бурҳон ул-ислом Зарнужий бу ҳадисга қуйидагича изоҳ беради: «шуни яхши билингки, бу ҳадисдан ҳар бир мусулмон ҳамма илмни ўрганиши фарз, деган маъно тушунилмайди. Балки, ҳар бир мусулмон ҳолат тақозосига кўра илм исташи фарз, деган маъно кўзда тутилган. Айтадиларку, «илмнинг афзали ҳолатни яхши билмоқ, амалнинг афзали ҳолатни сақлай билмоқ»[1].

Демак ҳадисга кўра, ҳар бир мусулмон қай ҳолатда бўлишидан қатъий назар давр талабидан келиб чиқиб илм исташи, кундалик ҳаётида зарурий билимларни ўзлаштириб бориши шаръан фарз ҳисобланар экан.

Бугунги давримизда бошқа кўплаб соҳалар қатори диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга ошди ва оширилмоқда. Она тилимизда тафсир, ҳадис, фиқҳ каби диний фанларда кўплаб хилма хил адабиётлар, таржималар чоп қилинмоқда. Илм аҳллари масжид меҳробларидан туриб мавъиза йўли орқали халқимизга шариат аҳкомларини ўргатмоқда. Айниқса, интернет орқали диний таълим кенг йўлга қўйилган. Юзлаб веб сайтлар, ижтимоий тармоқларда канал ва гуруҳлар узлуксиз фаолият олиб боряпти. Бу хайрли ишлар натижасида аҳолининг диний савиясикундан кун ошиб боряпти. Одамлар орасида гарчи мадраса кўрмаган бўлсада, диний арабча адабиётларни ўқий олмасада, лекин ақоид, фиқҳ, тафсир, ҳадисшунослик каби муҳим фанларда яхшигина тушунчага эга катта қатлам шаклланиб улгурди.

Лекин минг таассуфки, гуруч курмаксиз бўлмагани каби интерент сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган ҳар бир маълумотни ҳам тўғри ва ишончли деб бўлмайди. Диндан гапираётган ҳамма ҳам соф исломни ўргатяпти деб ишониб бўлмайди. Мусулмонлар орасига ихтилоф, фитна солишни кўзлаган, исломий бирдамликка путур етказишни режа қилган ғаразли кучлар, бидъатчи тоифалар орамизда йўқ эмас.

Ўша бидъатчиларнинг шу кунларда энг кўп тарқатаётган фитналаридан бири илми каломни бидъат ва уни ўрганиш ҳаром деб иддао қилишларидир. Илми калом ва мутакаллимларга энг кўп таъна тоши асосан соҳта салафийлар тарафдан отиляпти[2]. «Имом Мотуридий адашган, Имом Ашъарийнинг ҳаёти ботил ақидада ўтган», деган гаплар ҳам шу соҳта салафийлардан чиқди. Ва ҳолбуки бугунги кунда дунёда 1,5 миллиарддан ортиқ мусулмон истиқомат қилиб турган бўлса, шуларнинг қарийб 50 фоизи ҳанафий-мотуридийларни ташкил қилади. Чорак қисмидан кўпроғи ашъарийлик таълимоити бўйича эътиқод қиладиган мусулмонлардир. Мотуридийлик ва Ашъарийлик таълимоти Ислом оламига ёйилганига минг йилдан ортган бўлсаю, бугунга келиб аҳли сунна вал-жамоанинг икки йирик мутакаллими – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий бидъатчига чиқарилса… Бир тарафдан кулгили, бир тарафдан ачинарли, тўғри эмасми?!

Соҳта салафийларнинг илми калом ва калом аҳлига қилган  ҳужумлари аҳоли эътиқодига маълум даражада салбий таъсирини кўрсатди. Илгари «илми калом, мутакаллим» атамаларининг маъносини англаш тугул, уларни умуман эшитмаган-билмаган одамлар бугунга келиб «илми калом бидъат, салафлар илми каломдан қайтарган, Имом Мотуридий мутакаллим бўлган, мутакаллимлар эса бидъатчи» деганга ўхшаш куракда турмас гапларни бемалол гапирадиган ва ҳатто ижтимоий тармоқларда бу ҳақда постлар қолдирадиган кунларга етиб келдик. Ҳа, афсуски шу ҳолатга тушдик!

Худди шу ҳолатдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бугун илми калом тарихи, бу илмнинг моҳияти, мавзу-мақсади, ўзига хос жиҳатлари ва бугунги давримизда бидъатчи тоифаларга раддия қилишда илми каломнинг тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида халқимизга энг тўғри маълумотларни етказиш, юқорида келтириб ўтилган ҳадиси шарифга мувофиқ жуда ўринли бўлади. Зотан, илми каломга доир ҳақиқатларни бугун етказмас эканмиз, эртага кеч бўлади.

Илми калом таърифи

Илми калом ҳақида тарқатилган нотўғри ва нохолис ахборотлар таъсирига тушганларни иккига бўлиш мумкин: илми калом ҳақида фикри тўлиқ бузилганлар ва аниқ фикрга келолмай шубҳада турганлар. Шубҳада турганларнинг шубҳаларини тарқатиб юбориш учун, шунингдек, илми каломни бидъат, у билан шуғулланишни эса ҳаром деб ишониб қолганларнинг фикрини ҳақ тарафга буриш учун энг биринчи навбатда илми каломнинг моҳияти ва таърифини етказиш лозим бўлади.

Шундай экан, илми калом нима ўзи? Аллома Насафий (вафоти 508 ҳж) раҳимаҳуллоҳ илми каломни шундай таърифлаган:

هو العلم بالعقائد الدينية عن الأدلة اليقينية

«Илми калом бу – қатъий далиллардан диний ақидаларни ўрганадиган фандир»[3]. Таъриф бизга қуйидаги хулосаларни беради:

  1. Илми калом фанида шариатдан ташқари мавзуларда баҳс қилинмайди. Унда фақат ислом шариатига доир масалалар ўрганилади.
  2. Илми каломда ислом шариатининг аслига тегишли эътиқод масалалари ҳақида гап кетади. Фаръий-фиқҳий масалалар, шунингдек, одоб-ахлоққа доир мавзуларда баҳс қилинмайди.
  3. Илми калом тушунчаси саҳобаларнинг ақидага доир таълимотларини ҳам ўз ичига олади. Гарчи у даврда эътиқодга доир илмлар «илми калом» деб номланмаган бўлса ҳам.
  4. Илми калом фақат энг ишончли қатъий далилларга асосланадиган фан. Зонний далиллардан илми каломда фойдаланилмайди.

Аллома Насафий раҳимаҳуллоҳ илми каломга берган бу таъриф Аллома Саъдуддин Тафтазоний (712-793 ҳж) раҳимаҳуллоҳнинг Шарҳ ал-мақосид асарида ҳам айнан келтириб ўтилган[4].

Тарихчи олим Абдураҳмон ибн Халдун (732-808) ўзининг «Тарих»ида илми калом ҳақида бундай деган:

و هو علم يتضمن الحجاج عن العقائد الإيمانية بالأدلة العقلية و الرد على المبتدعة المنحرفين فى الإعتقادات عن مذهب السلف و اهل السنة

«Илми калом бу – иймоний эътиқод масалаларини ақлий далиллар билан ҳимоя қилмоқ ва ҳамда эътиқодда аҳли сунна ва салафи солиҳлар мазҳабидан  адашиб чиқиб кетган бидъатчиларга раддия қилишни қамраб олувчи фандир»[5].

Ибн Халдун таърифига кўра қуйидаги хулосаларни оламиз:

  1. Илми калом нақлий эмас балки ақлий-мантиқий ҳужжатлар асосида иймон-эътиқодга доир масалаларни исботлайдиган, ҳимоя қиладиган фан.
  2. Илми калом салафи солиҳлар ва аҳли сунна мазҳабидан чиқиб кетган бидъатчи тоифаларга мантиқий йўллар билан раддия беришни ўргатадиган фан.
  3. Илми каломнинг қуроли соғлом ақл ва тўғри мантиқдир.

Эътиборингизга илми каломга берилган иккита таъриф ҳавола қилинди. Биринчи таъриф ҳижрий X асрга, иккинчи таъриф эса ҳижрий VIII асрга оид. Ҳар икки таърифга кўра, илми калом номи гарчи салафи солиҳлар даврида истеъмолда бўлмаган эсада, лекин моҳияти мавжуд эди.

Қуръонда илми калом борми?

Илми каломнинг асли Қуръони карим. Тавҳидга доир эътиқодий масалалар аслида Аллоҳнинг каломи Қуръонда энг ишончли қатъий ва инкор қилиб бўлмас мантиқий ҳужжатлар билан исбот қилинган. Масалан Аллоҳ таоло насороларга раддан айтади:

مَّا الْمَسِيحُ ابْنُ مَرْيَمَ إِلاَّ رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ وَأُمُّهُ صِدِّيقَةٌ كَانَا يَأْكُلاَنِ الطَّعَامَ

«Марям ўғли Масиҳ илгари ўтган пайғамбарлар каби бир пайғамбар, онаси сиддиқадир. Икковлари ҳам таом ейишади». (Моида сураси 75). Таом ейдиган, инсонга хос бошқа ишларни қиладиган кишини Худо, деб даъво қилиш соғлом ақлга асло тўғри келмайди[6].

Худди шу оятда Аллоҳ таоло Исо Масиҳ ва онаси Марямнинг овақт ейишларига алоҳида урғу беряпти, овқатга ва хазм қилингач эса уни чиқариб ташлашга муҳтож бўлган инсон қандай қилиб қилиб илоҳ бўлиши мумкин, ақлни ишлатмайсизларми?! – демоқчи бўляпти. Яъни Аллоҳ Ўзининг ягона илоҳлигини мантиқий услубда исбот қиляпти. Бу услуб эса айнан илми калом услубидир.

Ҳофиз ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ Қуръонда илми калом йўқ, дегувчилар ҳақида шундай деган:

و العجب ممن يقول ليس فى القران علم الكلام والأيات التى هى فى الأحكام الشرعية نجدها محصورة والأيات المنبهة على علم الأصول نجدها توفى على ذلك و تربى بكثير

«Қуръонда илми калом йўқ, деган киши таажжубли. Ҳолбуки шаръий аҳкомлар ҳақидаги оятлар чегараланган, лекин Қуръон усул фанига ишора қилувчи оятларга тўла ва улар жуда кўпку»[7].

Қуръонда илми калом мавжудлиги ҳақида имом Бадруддин Заркаший ҳам айтиб ўтган. У киши шундай деган:

إعلم أن القرأن العظيم قد إشتمل على جميع أنواع البراهين و الأدلة و ما من برهان و دلالة و تقسيم و تحديد شي من كليات المعلومات العقلية و السمعية إلا كتاب الله تعلى قد نطق به لكن اورده تعلى على عادة العرب دون دقائق طرق احكام المتكلمين. و اعلم انه قد يظهر منه بدقيق الفكر استنباط البراهين العقلية على طرق المتكلمين

«Шуни яхши билингки, Қуръони карим ҳар турли ҳужжат ва далилларниўз ичига олган. Ҳар қандай ақлий ва самъий қоидалардан иборат бурҳон, далолат,  тақсим ва бирор ҳад белгилаш бўлсин, уларнинг бари ҳақида албатта Қуръон гапириб ўтган. Лекин Аллоҳнинг китобида у қоидалар мутакаллимлар танлаган дақиқ йўллар билан эмас, балки араблар одатига мувофиқ тарзда гапирилган. Билиб қўйингки, теран фикрлаш билан Қуръондан мутакаллимлар йўлига мувофиқ ақлий бурҳон-ҳужжатлар албатта зоҳир бўлади»[8].

Аллоҳ таоло Қуръони каримда ақлий-мантиқий ҳужжат бурҳонларни мутакаллимлар услубида баён этмаслигини сабаби шуки, Аллоҳ Қуръонни ўша давр арабларининг оммабоп тилида, авомга ҳам зиёлиларга ҳам тушунарли тилда нозил қилган. Агар мутакаллимлар тилида илмий услублар билан баён қилганида аксар авомга тушунарсиз бўлар эди. Бинобарин Аллоҳ шундай деган:

وَمَا أَرْسَلْنَا مِن رَّسُولٍ إِلاَّ بِلِسَانِ قَوْمِهِ لِيُبَيِّنَ لَهُمْ

«Биз қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, ўз қавмининг тили билан баён қилиб бериши учун юборганмиз». (Иброҳим Сураси 4). Ҳар бир пайғамбар ўзи хитоб қиладиган қавмдан чиқан бўлгани учун илоҳий ваҳйлар ҳам ўша қавмнинг тилида

нозил қилинди. Токи бу қавмга юборилган Аллоҳнинг амр ва қайтариқларини, шариат ҳукмларини улар учун тушуниш ва тушунтириш осон бўлсин[9].

Ақида илмининг “илми калом” деб номланиш сабаби

Юқорида таъкидланганидек, илми каломнинг моҳияти саҳобалар даврида ҳам мавжуд бўлган, Аммо у даврда бу фан илми калом деб номаланмаган эмас. Ҳатто бу фанга доир қоидалар, муқаддималар, тасаввуротлар ҳам тартибли шаклда қоғозга туширилмаган эди. Аллома Саъдуддин Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ ақида илмининг фан сифатида шаклланиши ва номланиш тарихини шундай баён қилади:

«Исломдаги дастлабки олимлар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суҳбатларининг баракаси, у зоти шарифга замондошликлари, шариатга доир хабарларни бевосита Расулуллоҳдан эшитиб билиб туришлари ва ўша даврдаги воқеа-ҳодисларга ўзлари шоҳидликлари туфайли шариат илмларига доир масалалалрни тартиблаб боб ва фаслларга ажратиб қоғозга туширишга эҳтиёжлари йўқ эди. У даврда янгича ечим талаб қиладиган воқеа-ҳодисалар, ихтилофлар ҳам деярли йўқ эди. Шунинг учун салафи солиҳлар шариатнинг аслига доир илмларни ҳам, фаръига доир масалаларни ҳам боб ва фаслларга ажратиб ёзиб чиқишмаган эди. Бу ҳолат то фикрий ихтилофлар, бидъат ва ҳовага мойилликлар, янги-янги муаммоли воқеалар, фатволар кўпайгунига қадар давом этди. Одамлар орасида ихтилоф, бидъат, янги муаммолар кўпайгач эса олимлар шариат манбаларига кўпроқ назар қилишга, янги масалаларга ечим топиш учун ижтиҳодга мажбур бўлдилар. Натижада бор имкониятларини Ислом ақидаларини таҳқиқ қилишга, ҳукмлар чиқаришга сарфлай бошладилар. Ақидавий усул ва қоидаларни ёзишга, ҳужжат бурҳонларини баён қилишга, масалаларини далиллари билан, шубҳали жойларини батафсил жавоблари билан ёритишга киришдилар. Шундай қилиб фаръиётга доир илмларни «Фиқҳ» деб, эътиқодга доир масалаларни эса «Фиқҳи акбар» деб номлашди.

Кўплари эса фандаги энг машҳур бўлимлар номидан келиб чиқиб амалиётни «Фиқҳ» деб, эътиқодни эса «Тавҳид ва сифатлар илми» деб атади.

Яна, ақида илмини  «Илми калом»  деб ҳам номладилар. Чунки бу илмдаги баҳслар соҳа аҳлининг энг кўп ишлатадиган «الكلام فى كذا و كذا» (калом-гап бу ҳақда) деган сўзларининг манбаси эди, шунингдек, ақида илмида энг кўп ихтилоф Аллоҳ таолонинг каломи хусусида бўлган. Аллоҳнинг каломи қадимми ё ҳодисми, шу масала юзасидан жуда кўп тортишувлар бўлган. Фанга илми калом деб ном берилишига бу ҳам бир сабаб эди. Бундан ташқари бу фан билан шуғулланганларда эътиқодий масалаларини таҳқиқ қилишда ўзига хос сўзамоллик, гапга усталик шаклланар эди. Худди фалсафада мантиқ илми гапга усталик иқтидорини бергани каби. Яна бир сабаб шу эдики, бу фан одамлари орасида бошқа исломий фанлардан фарқли ўлароқ, мухолифлар билан жуда кўп тортишув бўларди, уларга тинимсиз раддиялар берилар эди. Ва яна бу илмдаги ҳужжат далиллар бошқа илмларга нисбатан ўта кучли ва қатъий бўлгани учун ҳақ калом (гап) шу бошқаси эмас, дегандек даражага чиққанди. Худди икки гапнинг кучлироғига «гап шу, вассалом!» дейилгани каби»[10].

Салафи солиҳларнинг илми каломдан қайтаришлари

          Мавзу ва мақсадига кўра, илми калом энг шарафли фан ҳисобланади. Чунки бу фанда Аллоҳ таолонинг тавҳиди, исм-сифатларига доир масалалар, иймон-эътиқодга доир аҳкомлар қатъий далиллар асосида ўрганилади. Илми калом баҳслари шариат қонуни, Китоб, Суннат, Ижмоъ ва соғлом ақлга мувофиқ жорий бўлади. Бу фанни тартиблаб шакллантирган уламолар мукаммал иймонни, икки дунё саодатига эришмоқни кўзлаганлар. Бу жиҳатлар илми каломнинг энг улуғ ва шарафли илм эканини англатади.

          Шу жойда ҳақли савол туғилади: сиз илми каломни мақтаяпсиз, ахир салафи солиҳлардан илми калом ҳақида кўплаб салбий фикрлар, бу фан билан шуғулланишдан қаттиқ қайтариқлар ворид бўлганку?! Бунга нима дейсиз?

Бунга ўхшаш саволлар илми каломнинг ашаддий танқидчилари бўлмиш замонамиз соҳта салафийларидан жуда кўп берилади. Савол ҳақиқатанм ҳам ўринли. Хўп, унга нима деб жавоб берамиз. Бу саволга Аллома Тафтазоний шундай жавоб берган:

و ما نقل عن السلف من الطعن فيه فمحمول على ما إذا قصد التعصب فى الدين و إفساد عقائد المبتدئين و التوريط فى اودية الضلال بتزيين ما للفلسفة من المقال

«Салафи солиҳлардан илми каломга таъна қилингани нақл қилинган, шу таъналар аслида илми каломдан мутаассибликни, бошланғич босқичдаги толиби илмларнинг эътиқодини бузишни ва фалсафий гаплар билан зийнатланган қоидалар орқали одамларни залолат водийсига тортиб кетишни кўзлаганларга тегишлидир»[11].

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ асҳобларига насиҳат қилиб айтаркан:

  • Бидъатдан тийилинглар! У кишига:
  • Эй Абу Абдуллоҳ, бидъат – нима у ? – дедилар. Имом Молик:
  • Аҳли бидъатлар шундай бўлади, улар Аллоҳнинг исмлари, сифатлари, каломи, илми ва қудрати ҳақида гапириб юришади. Саҳобалар ва уларга яхшиликда эргашганлар ўзларини тийган мавзулардан тийилмайдилар, деб жавоб беради[12].

Имом Моликнинг бу сўзларига эътибор қилинса маълум бўладики, у киши мутлақо илми каломни эмас, балки салафи солиҳларга эргашмасдан, бидъат йўлига ўтиб кетган мутассиб бидъатчи мутакаллимларни танқид қилган.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам аҳли калом ҳақида танқидий бир гаплари ривоят қилинади: «Калом аҳли ҳақида менинг ҳукмим шуки, уларни савалансин ва туяга ўтиргизилиб, Китоб ва суннатни тарк этиб каломга юзланган одамнинг жазоси шудир, деб жар солган ҳолда кўчама-кўча, қабилама-қабла сазойи қилинсин»[13].

Имом Шофеъийнинг бу танқиди ҳам умумий бўлмаган, балки Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатини қўйиб, фалсафий қарашларга берилиб, фақат ақлий далилларга ёпишиб олган бидъатчи каломчилар ҳақида бўлган. Тошкуброзоданинг ушбу сўзларига эътибор қаратамиз:

واعلم أنَ السلف من الفقهاء والمجتهدين قد ينقل عنهم النكير في حق علم الكلام  حتى أن كثيرا ً من فقهاء عصرنا أنكروا على المشتغلين بعلم الكلام أشد الانكارمتمسكاً بما ورد في ذلك عن العلماء الأخيار حتى إنزعج منه المحصلون و شوشوا اعتقادهم في حق علم الكلام  فوجب عليها الكلام في الكلام  ليتميز كلام أهل السنة عن كلام العوام وبيان ما وقع من الفتاوى و الأحكام  ودفع ما سبقت إليه الأفهام من الأوهام و بالله التوفيق والإعام

«Билиб қўйинг, салафи солиҳларнинг мужтаҳид ва фуқаҳолардан илми каломни тан олмасликлари ҳақида гаплар нақл қилинади. Ҳатто улардан ворид бўлган нақлларни ушлаб, асримиз фуқаҳоларидан кўпчилик илми калом билан шуғулланувчиларни бу йўлдан қаттиқ қайтаришди ҳам. Натижада илми каломдан таҳсил олувчиларнинг хотиржамлиги йўқолди, илми калом ҳақидаги эътиқод-тушунчалари барбод бўлди. Шунга кўра, аҳли суннанинг илми каломи билан авомнинг илми каломини бир-биридан ажратиб олиш учун илми калом ҳақида ҳақиқатни гапириш, бу илм ҳақидаги фатво ва ҳукмларни баён қилиш, ҳаёллар бориб қолган мавҳум тушунчаларни даф қилиш вожиб бўлди. Тавфиқ ва илм Аллоҳдандир»[14].

Шу ўринда имом Имом Қодихон Фатво тўпламида нақл қилган ушбу ибратли воқеани келтириб ўтиш ўринли:

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўғли Ҳаммодни илми калом билан шуғулланишдан қайтарар экан. шунда ўғил отасига:

  • Ўзингиз илми калом билан шуғулланар эдингизку, нега мени қайтарасиз? – дебди. Имом Абу Ҳанифа:
  • Эй болам, биз илми калом соҳасида билан баҳс-мунозара қилганимизда ҳар биримиз гўёки бошидаги қушни учиб кетишидан қўрққандек, бир-биримизни адашиб қолишидан қўрқар эдик. Бугунга келиб сизлар бир-бирингизни адаштириш, мот қилиш учун баҳс-мунозара қиляпсизлар! – дейди.

Имом Қодихон айтадики:

و اما تعليم علم الكلام و المناظرة فيه قالوا وراء قدر الحاجة مكروه

«Илми калом таълими ва бу фанда мунозара қилиш масаласида фуқаҳолар эҳтиёждан ортиқчаси макруҳдир, деганлар»[15].

Демак илми калом билан шуғулланганлар салафи солиҳлар даврида иккига бўлинган экан. Китоб ва суннат таълимотидан чиқмасдан, салафи солиҳлар ортидан изма-из борган, шариатда келган аҳкомларни ақл билан ҳам исбот қилувчи мутакаллимлар ва ақлни нақлдан устун қўйиб, шариатда келмаган ва ё қайтарилган мавзуларга киришиб, тўғри йўлдан тойиб кетган бидъатчи мутакаллимлар. Салафи солиҳлар танқидий фикрларини фақат бидъатчи мутакаллимлар ҳақида билдирган. Сунний мутакаллимлар ҳақида эмас! Сунний калом билан уларнинг ўзлари ҳам шуғулланганлар!

Аҳли сунна олимларидан илми калом уламолари

Аҳли сунна уламоларидан илми калом билан шуғулланган, бидъатчи тоифаларга энг кўп раддиялар берган, баҳс мунозараларда уларнинг ботил ақидаларини фош қилиб аҳли сунна ақидасини ҳимоя қилган олимлар ичида энг пешқадами сифати имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни кўрсатиш ўринли. У кишининг бу фанда ёзган ал-Фиқҳ ал-акбар, ал-Олим вал-мутааллим асарлари машҳур. Яҳё ибн Шайбон Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади:

«Ёш йигитлик даврим. Менга илми каломда катта насиба берилган ва мен баҳс-мунозаралар олиб борар эдим. Хусуматчиларимнинг аксари Басрада эди. Басра шаҳрига илмий тортишув учун йигирма мартадан кўп борганман. Унда баъзан бир йил, баъзида озроқ ва баъзида кўпроқ ҳам қолиб кетган кунларим бўлган. У ерда Хавориж, Мўътазила ва бошқа аҳли ҳаво аҳли бидъатлар билан тортишув олиб борганман. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, уларни ҳар сафар мағлуб этганман. Бидъатчи тоифалар ичида Мўътазилалардан кўра тортишувга усталари йўқ. Чунки уларнинг каломи, тортишув услублари ниҳоятда чиройли муқаддималар билан безалганки, кўнгил ҳеч иккиланмай қабул қилиб юборади. Мен уларнинг сўзларидаги безакларини калом илмининг бошланғич қисмидаги қоидалар билан йўққа чиқариб юборар эдим. Рофизий ва муржиалар эса Кўфада кўп эди. Аллоҳга ҳамдлар айтаманки, уларни ҳам мағлуб этиб бидъатларини фош қилиб ташлардим. Ўша даврларда энг шарафли илм бу – илми калом деб ҳисоблар эдим. Кейин орадан маълум вақтлар ўтди. Ўйландим: саҳобалар, тобеинлар биз билган нарсалардан кўпроғини билардилар, лекин улар тортишув, баҳс-мунозаралар билан вақтини кетказишмаган. Улар асосий вақтларини фиқҳга сарфлаганлар, шу илмда суҳбат қилганлар. Шундан кейин фиқҳга киришиб умримни шу илмни ривожлантиришга бағишладим»[16].

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ умрининг кейинги даврида илми каломда чуқур кетиб адашган аҳли бидъатлар билан мунозаралар қилишдан чарчаган ва улар билан тортишувни тўхтатиб, фиқҳ илмига шунғиб кетганлар. Натижада фиқҳ илмида даврининг даҳосига айланган, шу илмда шуҳрат қозонган, оламга буюк фақиҳ сифатида донг таратган.

Аллома Тошкуброзода раҳимаҳуллоҳ айтади:

«Аҳли сунна вал-жамоанинг илми каломда икки раиси бор. Бири ҳанафий яна бири шофеъий. Ҳанафийси мом ал-ҳуда Абу Мансур Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-мотуридий. Унинг Китоб ат-тавҳид, Китоб ал-мақолот, Китобу таъвилот ал-Қуръон номли асарлари бор. Шунингдек, у кишининг мўътазилий, қаромита ва рофизийларга раддиял китоблари ҳам бор. усули фиқҳ фанида Маъхаз аш-шароъи, Китоб ал-жадал номли китоблари бўлган. Самарқандда 333 йили вафот этган. Шофеъийси эса мутакаллимлар имоми, мусулмонлар ақидасини ҳимояси учун жонкуяр, шайҳ Абулҳасан Ашъарий раҳималлоҳдир»[17].

Доктор Абдулмалик ибн Абдураҳмон Саъдий айтади:

«Мўътазилийлар шайҳи Жубоийнинг шогирдларидан бири Шайҳ Абулҳасан Ашъарий илми калом фанини тартиблаб тузиб чиққан олим бўлган. Лекин бу киши мўътазилийк мазҳабини тарк этган ва тобелари билан бирга мўътазилий ақидасини ботиллигини, аҳли сунна ақидасининг ҳақлигини исботлаш билан шуғулланган. Имом Абу Мансурл ал-Мотуридий ҳам улар сафида эди. Шунинг учун ҳам уларни «Аҳли сунна вал-жамоа» деб номланган»[18].

Хулоса

  1. Бугунги кун давр талаби шуки, илми калом ҳақида жамиятда тўғри тасаввур шакллантириш.
  2. Илми калом деганда динимизда ҳар бир мусулмон билиши лозим бўлган фан – ақида илми тушунилади.
  3. Илми калом бидъат эмас ва унинг асоси Аллоҳнинг каломи — Қуръони каримдир.
  4. Салафи солиҳлар қуйидаги сабабларга кўра ақида илмини калом илми деб номлаганлар:
  • Бу фан илмий баҳсларида «калом бу ҳақда, бу ҳақда» деган гап қўлланган;
  • Бу фандаги энг баҳс «Аллоҳнинг каломи қадимми ё ҳодисми» деган масала юзасидан бўлган;
  • Бу фан билан шуғулланганларда этиқодий мавзуларда гап кетадиган бўлса ўзига хос гапга усталик иқтидори шаклланган;
  • Бу фан олимлари исломдан адашган фирқаларга энг кўп раддия берадиган, улар билан энг кўп гаплашадиган олимлар эди;
  • Далил ва ҳужжатлари инкор қилиб бўлмас даражда кучли бўлгани учун илм аҳллари орасида эътиқод илмлари фани «Гапнинг зўри шудир!», дейиладиган даражага чиққан эди. Маҳаллий тилда «Гапнинг ўғилболаси шу бўлади» деганга ўхшаш.
  1. Илми калом иккига бўлинади: сунний илми калом, бидъий илми калом. Сунний илми калом шариатдан четга чиқмаган. Бидъийсида эса ақлга ҳақиқатга олиб борувчи бирламчи восита сифатида қаралган.
  2. Салафи солиҳлар даврида аҳли суннадан адашиб чиқиб кетган барча аҳли бидъат тоифаларнинг адашиб кетишларига асосий сабаб уларнинг илми каломда чуқур кетишлари, тортшув ва жадалга берилиб кетишлари, ақлни нақлдан олдинга қўйишлари, саҳобалар ўзларини тийган мавзуларга киришиб, масаланинг тагига етаман деб зўр беришлари бўлган. Айниқса муташобиҳотларда. Бу ҳолат эса салафи солиҳларни бездирган, ҳафсалаларини пир қилган ва илми каломдан қайтаришларига туртки бўлган.

[1] Бурҳон ул-ислом Зарнужий. Таълим ал-мутаъаллим. Дор ас-савдония лилкутуб, 9 б.

[2] Yusuf Davron Darsliklari. https://youtu.be/nuD53RkAjqE

[3] Шайҳ Маймун ибн Муҳаммад ан-Насафий. Баҳр ул-калом. Мактабату Дор ал-фарфур. 47 б.

[4] Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳ ал-мақосид. Олам ул-кутуб. 163 б.

[5] Абдураҳмон ибн Халдун. Муқаддимату ибн Халдун. Дор ал-фикр. 1 ж. 580 б.

[6] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири Ирфон. «Шарқ» нашриёт матбаа акциядорлик кампанияси бош таҳририяти. Тошкент – 2019. 1 ж, 579 б.

[7] Ҳофиз Ҳибатуллоҳ Ибн Асокир. Табйину казиб ил-муфтари фима нусиба илал-имом Абилҳасан ал-ашъарий. Дор ал-фикр. Дамашқ. 359 б.

[8] Бадруддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Заркаший. Ал-Бурҳон фи улумил-Қуръон. Мактабату Дор ат-турос 2 ж, 24 б.

[9] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири Ирфон. «Шарқ» нашриёт матбаа акциядорлик кампанияси бош таҳририяти. Тошкент – 2019. 2 ж, 516 б.

[10] Имом Масъуд ибн Умар Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳ ал-мақосид. Олам ал-кутуб. 1 ж 164-165 б.

[11] Имом Масъуд ибн Умар Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳ ал-мақосид. Олам ал-кутуб. 1 ж 175-176 б.

[12] Доктор Абдураҳмон Умайра. Таълиқ ала Шарҳ ал-мақосид. Олам ал-кутуб. 1 ж 176 б.

[13] Жалолуддин Суютий. Савн ул-мантиқ вал-калом ъан фаннайил-мантиқ вал-калом. Силсилату Иҳё ут-турос ал-исламий. 1 ж. 65 б.

[14] Аҳмад ибн Мустафо Тошкуброзода. Мифтоҳ ас-саъода ва мисбоҳ ас-саёда фи мавзуъот ил-улум. 2 ж, 135 б.

[15] Фахруддин Қодихон. Фатово Қодихон. Дор ал-кутуб илмия. 3 ж. 331 б.

[16] Аҳмад ибн Мустафо Тошкуброзода. Мифтоҳ ас-саъода ва мисбоҳ ас-саёда фи мавзуъот ил-улум. 2 ж, 136 б.

[17] Аҳмад ибн Мустафо Тошкуброзода. Мифтоҳ ас-саъода ва мисбоҳ ас-саёда фи мавзуъот ил-улум. 2 ж, 133-134 б.

[18] Доктор Абдулмалик ибн Абдураҳмон. Шарҳу ақоиди насафия. Дору ан-нур ал-мубин. 2014. 15 б.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...