ТАВҲИД ҚИСМЛАРИ ҲАҚИДА

71c8693eb9553abcf25d40d84b625d15

Тавҳид бу яккахудолик бўлиб, Аллоҳ таолони зоти ҳамда ўзига хос бўлган сифатлари ва феълларида шериги йўқ, Аллоҳни яккаю ягона деб эътиқод қилишдир. Тавҳидни илк бор XIV асрда яшаган Ибн Таймия (661-728 ҳ./1263-1328 м.) учга бўлиб, ислом оламида янги бир бидъатни пайдо қилган. Унга эргашувчи бугунги кундаги ибн таймиячилар, ваҳҳобий ва салафий каби оқимлар унинг бу фикрини оммалаштириб, ҳамманинг бошини қотириб юришибди.

Ибн Таймияга кўра тавҳид учга бўлинади: 1)рубубият тавҳиди – Аллоҳнинг ёлғиз ўзини раб деб билиш, яратиш, мулк ва бошқарувда ягона деб эътиқод қилиш; 2)улуҳият тавҳиди – Аллоҳнинг ёлғиз ўзини илоҳ деб билиш, ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилиш, таоатларда шериги йўқ деб эътиқод қилиш; 3)исм ва сифатлар тавҳиди – Аллоҳни исм ва сифатларини ҳам ёлғиз ўзигагина собит деб билиш, оят ва ҳадисларда келган ҳар қандай сифатни Аллоҳнинг ҳақиқий исм ва сифати деб эътиқод қилиш.

Ибн Таймиядан олдин ҳеч ким тавҳидни бундай уч қисмга ажратган эмас. Пайғамбаримиз алайҳиссалом исломга кираётган ҳеч бир мусулмондан тавҳид ҳақидаги тушунчанг қандай, рубубият ва улуҳият тавҳидинг қандай, исм ва сифатлар тавҳидига имон келтирганмисан, деб сўрамаганлар ва ўзлари ҳам буни айтган эмаслар. “Саҳиҳи Бухорий”да ёки “Саҳиҳи Муслим”да “Тавҳид китоби” бўлими бор бўла туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “тавҳид” сўзини ишлатган бирорта ҳадисни топа олмайсиз! “Рубубият” ва “улуҳият” сўзларини эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умуман ишлатган эмаслар, дунёдаги жами ҳадислар орасидан ушбу сўзлар қўлланган бирорта ҳадисни топа олмайсиз!

Саҳобалар, тобеъинлар ва таъба тобеъинлар тавҳидни бу тариқада учга бўлган эмаслар. Зотан, Аллоҳ таоло оламлар раббидир, у бутун оламлар илоҳидир. Илоҳ рабдир, раб эса илоҳдир. Уни иккига ажратиш мумкин эмас. Инсон “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ!” дейиши ва шунинг маъносинигина тасдиқ қилиб иқрор қилиши билан имонли бўлган ва ислом динига кирган бўлади. Аслида, тавҳид тушунчаси бунда-да соддароқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобимиз: “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ”ни айтганки банда жаннатга киради ва ҳатто жаннат вожиб бўлади, деганлар.

مَنْ كَانَ آخِرُ كَلاَمِهِ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ دَخَلَ الْجَنَّةَ

“Кимнинг охирги гапи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради” (Абу Довуд, 3/3118).

مَنْ مَاتَ وَ هُوَ يَعْلَمُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ دَخَلَ الْجَنَّةَ

“Кимки “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни билиб туриб вафот этса, жаннатга киради” (Муслим, 1/26).

Инсон имон-эътиқод, ихлос ва ишонч билан “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ!” деса, унга жаннат вожиб бўлади. Имом ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни ривоят қилганлар:

بَشِّرُوا النَّاسَ أَنَّهُ مَنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Одамларга башорат беринглар! Кимки “Ла илаҳа иллаллоҳ!” деса, унга жаннат вожиб бўлади” (Насоий, “ас-Сунан ал-кубро”, 6/10951).

Саҳоба Абу Саъид ал-Худрий разийаллоҳу анҳу айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бундай ҳадисни айтибдилар:

مَنْ رَضِيَ بِاللهِ رَبًّا وَ بِالْإِسْلَامِ دِينًا وَ بِمُحَمَّدٍ نَبِيًّا وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Кимки Аллоҳни парвардигор деб, исломни дин деб, Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар деб рози бўлса, унга жаннат вожиб бўлади” (Муслим, 3/1884).

Ҳар куни эрталаб ва кеч “РОЗИЙТУ БИЛЛАҲИ РОББАН, ВА БИ-Л-ИСЛАМИ ДИЙНАН, ВА БИ-МУҲАММАДИН СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМА НАБИЙЙАН ВА РОСУЛАН”, деб юришни, бу калимани кўп айтишни одат қилиш керак. Бу жаннатнинг вожиб бўлишига сабаб бўлади.

Ибн таймиячилар Аллоҳни ўз исм ва сифатларида ҳам ягоналигини тан олган ҳолда, оят ва ҳадисларда келган ҳар қандай сифатларни Аллоҳга собит қилиш лозим деб туриб, Аллоҳдан махлуқларникига ўхшаган ҳар қандай сифатни инкор қилиш, ўхшатиш, бузиб талқин қилиш (таҳриф, таътил ва таъвил) кабилардан поклашни исм ва сифатлар тавҳиди деб тушунтиришади. Аслида, тавҳидни бу тариқада учга бўлиб тушунтиришнинг асло ҳожати йўқ. Шу билан бирга, исм ва сифатлар тавҳиди деб алоҳида ажратиш ислом тарихида кўрилмаган ишдир. Одамлар Аллоҳнинг исм ва сифатларини билмаса ҳам комил мўъмин-мусулмон бўлишаверади. Масалан, кўпчилик мусулмонлар оммаси Аллоҳнинг 99 гўзал исмларини билмайди, ҳатто уларнинг борлигидан хабарлари ҳам йўқ. Шу билан бирга, улар мушрик ёки кофир эмас, мусулмон ҳисобланаверади.

Исм ва сифатлар тавҳидини айтувчилар бу борадаги ўз гапларини кўпайтириб ва кўпиртириб, Аллоҳнинг “муташобеҳ” деб аталадиган сифатларини таъвил қилиб талқин қилиш мутлақо жоиз эмас, ким шундай қилса тавҳидга зид иш қилган бўлади, дейдилар. Ҳолбуки, аҳли суннат ва жамоатнинг икки буюк қаноти бўлмиш ашъарийлар ва мотуридийлар бу сифатларни таъвил қилиб тушунишдан бошқа илож йўқлигини айтадилар. Шу билан бирга, аҳли суннат ва жамоат вакилларининг ҳаммаси Аллоҳ таолони сифатлашда “Қуръон” оятлари ва ҳадислардаги зоҳирий маънолар Аллоҳнинг зоти ва комил сифатларига мос келмай қолганларини Аллоҳга собит қилмасликни айтадилар, ибн таймиячилар эса собит деб туриб оладилар.

Ибн Таймиячиларнинг исм ва сифатлар тавҳиди бор, бунга кўра оят ва ҳадислардаги ҳар қандай сифатларни Аллоҳга собит деб билиш шарт, дейишлари бидъат ва хурофотдан бошқа нарса эмас. Масалан, қуйидаги ҳадиси шарифни: خَلَقَ اللَّهُ آدَمَ عَلَى صُورَتِهِ – “Аллоҳ Одамни ўз “сурат”ида яратди”, деганни қандай тушунамиз? Уни “Саҳиҳи Бухорий”да ривоят қилинган (Бухорий, 8/6227). Бунинг ибн таймиячилар айтганидек исм ва сифатлар тавҳидига биноан тушунадиган бўлсак, Аллоҳни одам сурати каби тасаввур қилишга тўғри келади. Ёки يَدُ اللَّهِ فَوْقَ أَيْدِيهِمْ – “Аллоҳнинг “қўл”и уларнинг қўли устидадир” (Фатҳ, 10) оятидаги “Аллоҳнинг қўли”ни исм ва сифатлар тавҳидини айтувчи ибн таймиячилар ҳақиқий қўл деб айтадилар. Бу эса Аллоҳни қандайдир жисм деб тасаввур қилишдан бошқа нарса эмас. Исм ва сифатлар тавҳидини айтувчи ибн таймиячилар оят ва ҳадисларда келган “истиво” сифатини ҳақиқий деб ҳисоблаб, Аллоҳни Арши аълода ўтиради, деб тасаввур қиладилар. Бундай тасаввурлари асло тўғри эмас.

Бошқа бир мисол. “Қуръон”да Аллоҳнинг “макр”и ҳақида сўз юритилган:

أَفَأَمِنُوا مَكْرَ اللَّهِ فَلَا يَأْمَنُ مَكْرَ اللَّهِ إِلَّا الْقَوْمُ الْخَاسِرُونَ

“Аллоҳнинг “макри”дан (ҳам) хотиржаммилар?! Аллоҳнинг “макри” (азоби)дан фақат зиён кўрувчилар қавмигина “хотиржам” бўлурлар” (Аъроф, 99).

Бошқа оятда эса قُلِ اللَّهُ أَسْرَعُ مَكْرًا – “Айтинг: “Аллоҳ тезроқ “макр” қилувчидир” (Юнус, 21). дейилади. Бошқа оятда эса бундай дейилган:

وَقَدْ مَكَرَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ فَلِلَّهِ الْمَكْرُ جَمِيعًا

“Улардан илгариги кимсалар ҳам (ўзларининг пайғамбарларига нисбатан) макр қилганлар. Бас, “макр”нинг ҳаммаси Аллоҳникидир” (Раъд, 42).

“Намл” сурасида эса бундай оят мавжуд:

وَمَكَرُوا مَكْرًا وَمَكَرْنَا مَكْرًا وَهُمْ لَا يَشْعُرُونَ

“Улар макр қилдилар. Биз ҳам улар сезмаган ҳолларида (уларни ҳалок қилиш билан) “макр” қилдик” (Намл, 50).

Макр қилган одамни, макр қилувчини маккор дейилади. Энди, юқоридаги оятларга биноан Аллоҳ таолони “маккор” деб бўладими?! Асло, деб бўлмайди! Бироқ, Ибн Таймия ва унга эргашувчиларнинг оят ва ҳадисларда келган сифатларни Аллоҳга собит қилиш шарт, деган исм ва сифатлар тавҳиди ғоясига кўра, Аллоҳни маккор деб сифатлашимизга тўғри келади! Бу аҳмоқгарчиликдан бошқа нарса эмас! Демак, тавҳидни улар каби “исм ва сифатлар тавҳиди”га бўлиб ўрганиш мумкин эмас.

Аслини олганда, Ибн Таймия ва унга эргашувчиларнинг тавҳидни учга бўлиб, исм ва сифатлар тавҳиди дейишлари тўғри эмас. Аҳли суннат ва жамоат вакиллари, ашъарий ва мотуридий эътиқодли ва таълимотли мусулмонлар жамаоси Аллоҳ таолонинг юқоридаги каби сифатларини мажозий маънода эканлигини айтиб, уларни таъвил қилиб тушуниш кераклигини айтадилар. Ибн Таймия ва унга эргашувчиларнинг фикрларига аҳли суннат ва жамоат уламолари кескин ва кучли раддиялар бериб келганлар.

Исм ва сифатлар тавҳидини оят ва ҳадисларда келган ҳар қандай сифатларни ёлғиз Аллоҳнинг ўзигагина собит қилиш шарт, деб тушуниб олганлардан бирлари қайсидир олимга нисбатан “Буюк муҳаддис” иборасини ишлатганим учун маломат қилган эди. “Аллоҳдан бошқаси буюк бўлиши мумкин эмас, буюк сўзини ишлатма, уни фақат Аллоҳга нисбатан ишлатиш керак, сен ширк қилдинг”, деганди. Яна бир сафар “Азиз ватанимиз” деб ишлатганим учун “Аллоҳ азиздир! Аллоҳдан бошқаси азиз бўлиши мумкин эмас. Азиз Аллоҳнинг сифати, унга ватанингни шерик қилма”, деб таъна қилганди. Яна бирлари “Светафорнинг қизил чироғида тўхташ мумкин эмас. Бу ширк бўлади. Чунки, таот ва итоат фақат Аллоҳга қилинади”, деганди. Булар ибн таймиячиларнинг мутаассибона фикрлари бўлиб, исм ва сифатлар тавҳиди каби бидъатомуз тушунчалардан келиб чиққан эди.

Аллоҳ таолонинг гўзал исм ва сифатларининг аксарияти муштарак маънога эгадир. Масалан, Аллоҳнинг Раҳим сифати бор. Бу меҳрбон ва раҳмли дегани. Аллоҳнинг бандалари ҳам меҳрбон ва раҳмлидир. Бировга: “Сиз жуда ҳам меҳрбон экансиз!” десангиз, Аллоҳга ширк келтирган бўласизми?! Аллоҳнинг Азиз сифати бор. Инсонга Аллоҳ таолодан ташқари ота-онаси ёки Ватани ҳам азиз бўлади. Бу билан у ширк келтирган бўлмайди. “Фалончи фалон нарсани яратибди”, деб туриб яратувчанлик сифатини бошқага нисбатан ҳам ишлатасиз. “Мени фалон инсон тўғри йўлга ҳидоят қилди” дейсиз, бу билан ҳодийлик сифатини Аллоҳдан бошқага нисбатан ҳам қўллайсиз. “Менга доктор шифо берди. Сизнинг ҳузурингизга шифо излаб келдим” деб қўясиз. Бу билан шофийлик – шифо берувчанлик сифатини Аллоҳдан ўзгага нисбатан ҳам қўллайсиз. “Подшоҳ бизга ризқ бериб турибди”, дейишади. Аллоҳнинг раззоқ – ризқ берувчанлик сифатини мажозий маънода ундан бошқага нисбатан ҳам ишлатилади. Аслини олганда, булар исм ва сифатлар тавҳидига асло зид ҳисобланмаслиги керак эди.

Исм ва сифатлар тавҳидининг мана бу ҳадисдаги маъно-мазмунидан бошқа маъноси тўғри эмас. У ҳам бўлса, Аллоҳнинг 99 та исмини айтиш ва улар билан дуо қилишдир. Инсон Аллоҳнинг 99 та исм ва сифатларини санаса бўлди, жаннатга киради:

إِنَّ لِلَّهِ تِسْعَةً وَتِسْعِينَ اسْمًا مِائَةً إِلَّا وَاحِدًا مَنْ أَحْصَاهَا دَخَلَ الْجَنَّةَ

 “Албатта, Аллоҳнинг тўқсон тўққизта – бир кам юзта исмлари бор. кимки уларни (айтиб) санаса, жаннатга киради” (Бухорий, 3/2736).

Дуо қилиш ибодатнинг мағзидир. Дуо қилинар экан, у албатта ижобат бўлади. Уни ижобат қиладиган сабаблар ҳам кўп. Дуонинг ўзи ижобат бўлиши билан бирга, сўралган нарса берилиши билан бирга, холис дуо қилиб ибодат қилгани сабабли унга жаннат вожиб бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг 99 (тўқсон тўққиз) та исмини айтиб, “Ё, Аллоҳ! Ушбу муборак номларинг ҳаққи-ҳурмати, менинг дуоларимни мустажоб айла!”, деб дуо қилмоқдир:

إِنَّ لِلهِ عَزَّ وَ جَلَّ تِسْعَةٌ وَ تِسْعِينَ اِسْمًا مِائَةٌ غَيْرُ وَاحِدٍ وَ إِنَّهُ وِتْرٌ يُحِبُّ الْوِتْرَ وَ مَا مِنْ عَبْدٍ يَدْعُو بِهَا إِلَّا وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ

“Аллоҳ азза ва жалланинг тўқсон тўққизта – бир кам юзта исми бор. Чунки, Аллоҳ тоқдир, тоқни севади. Қайсидир банда улар билан дуо қилса, унга жаннат вожиб бўлади” (“Канз ал-уммол”, 1/1935).

Тавҳидни учга ёки бир қанча қисмларга ажратиш мумкин, албатта. Бу ҳар бир олимнинг ўз ҳаққи, илмий савиясидан келиб чиқиб тушунтириши мумкин. Бироқ, юқоридагилардан келиб чиқиб, биз тавҳидни уч қисмга тақсимлаб, ана шу ажратилган ғоядан келиб чиқиб, одамларни тавҳидни билмаслик ва тавҳидга зид амал қилувчи, у муваҳҳид эмас деб туриб, ширк қилганликда ва мушрик бўлиб қолганликда айблашларга қаршимиз. Зотан, мўъмин-мусулмонлар бу каби тушунчаларни билмасалар ҳам, комил муваҳҳид мўъмин-мусулмонлар ҳисобланаверишади.

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *