АЗОН ТАКБИРЛАРИ ҚАНДАЙ АЙТИЛАДИ

_103599569_mediaitem103599568Куни кеча ижтимоий тармоқда “Азон такбирларини қўшмасдан алоҳида-алоҳида айтиш далиллари” деб ўзбекча ном қўйилган ва араб тилида ёзилган фитна ва ихтилоф қўзғовчи мазмунли мақола ўқидим.  Муаллиф азон такбирларини тўрт товуш билан ораларида вақф қилиб, ажратиб-ажратиб айтиш суннатлиги ва Мовароуннаҳр урфи эканини, такбирларни қўшиб икки товуш билан айтиш эса макруҳ, урфга хилоф, хорижий мазҳабларга тақлидан четдан ўзлаштирилган одобсизлик эканини иддао қилган.

Мақолани ўқиган фойдаланувчилар иккига бўлинибди. Кимлардир муаллифни кўкка кўтариб олқишласа, унинг фикрига қўшилмасдан эътироз билдирганлар бир тараф.  Изоҳ қолдиришда илм ва одоб билан ёзганлари ҳам бор, исломий одоб-ахлоқ доирасидан ташқарида бир-бирини камситиб, мазаҳлаганлар ҳам йўқ эмас.

Худди шу ва шунга ўхшаш ҳолатлар аслида ислом умматининг офати, бирдамлик кушандаси, миллатни ичидан емрувчи иллат ҳисобланади. Биз қачонки диний мавзуларда илм ва одоб билан илмий суҳбатни йўлга қўя олсак, бир-биримизни душманлардек камситиш ва ҳақоратлашдан тўхтаб, уруш-жанжални бас қилсак  худди шу ондан тафирақичиликка нуқта қўйиб илмда олдинга силжишни бошлаймиз. Бунинг учун эса ҳар бир масалага илмий ёндашиш, Аллоҳдан ҳидоятга чорлашини илтижо қилиб сўраш ва ҳақ талабида бўлишимиз керак. Ҳақни исташ ўрнига ўзимизни ҳақман деб таассуб қилсак, нариги томонни аниқ залолатига ҳукм қилсак ҳақни кўрмасдан ўтиб кетамиз. Бир-биримизни ғажиб, ғайридин ва мунофиқларга кулгу бўлиб юраверамиз.

Бу мавзуда илгари ҳам бир фитна кўтарилган эди. Азон такбирларини қўшиб айтганлар – ваҳҳобийлар! – деган гап тарқатилган ва Андижонда роса шов-шув бўлган эди. Ўшанда ҳам бу мавзуда бир мақола ёзганман. Бугун яна шу мавзуни ёритишга мажбур бўлдим.

ТАРАССУЛ ВА ҲАДР

Масала моҳиятини яхши тушуниш учун аввало азондаги “тарассул” нималигини билиб олиш керак. Тарассул деб ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари тарифлашича, азон айтишда шошмасдан, сўзларни бир-биридан бироз тин билан ажратишга айтилади. Токи тингловчиларга аниқ ва тиниқ етиб борсин учун. Азонда тарассул иқомада эса “ҳадр” қилиш суннат. Ҳадр бу иқома сўзлари орасида вақф қилмасдан бир-бирига улаб шошилган ҳолатда айтишдир. Тарассул азонни иқомадан ажратиб турувчи омил ҳисобланади. Азон ва иқома айтилиш тезлигида бир-биридан фарқ қилиши учун шариатда тарассул ва ҳадр суннат ўлароқ жорий этилган.

Имом Дорақутний ўз тўпламида Али розияллоҳу анҳунинг “Расулуллоҳ бизга Азонда тарассул қилишни, иқомани эса енгил айтишни буюрур эдилар” – деган сўзини ривоят қилган.

ЧАЛҒИШ ЖОЙИ

Азон такбирларини қўшиб айтиш суннат, улаб айтиш эса ваҳҳобийлик, одобсизлик, хорижий мазҳабга тақлид қилиш, мовароуннаҳр урфига мухолифлик бўлади деганга ўхшаш гаплар кимдан чиққан? Бу гапларнинг таг-туги борми? Шариатнинг гапими ё бирор тоифанинг қуруқ иддаоларими?

Бу гаплар шариатнинг гапи эмас! Бу гаплар аслида “тарассул” сўзининг луғавий маъноси билан кифояланиб, ундан кўзланган муродни чуқурроқ ўрганмаслик оқибатида пайдо бўлган қуруқ гаплар холос.

Азон такбирларини қўшиб айтувчи муаззинларни адашган деб айблайдиганлар “тарассул” сўзининг луғавий маъноси билан чекланиб қолган. Азон такбирларини ажратиб, тўрт товуш билан вақф қилиб айтиш керак. Тамом вассалом! Шу қатъий ҳукм, Бундан бошқаси хато – деган ҳом хулосага келишган ва асл моҳиятдан чалғиганлар.

ТАКБИРЛАРДАГИ ТАРАССУЛНИНГ ҲАҚИҚАТИ

Аслида ҳақиқат бошқа. Ҳанафий мазҳабининг забардаст фақиҳлари азон такбирлари тўртта бўлсада, уни иккига бўлиб, икки товуш билан икки мартада айтилади, икки такбир битта калима ўрнидадир. Бир-бирига қўшиб талаффуз этилади. Икки такбирни қўшиб айтгач, бироз тин олиб вақф қилиш ва кейин яна икки такбирни бир овозда айтиш такбирлардаги тарссулдир деганлар. Азон такбирларини бир-бирига қўшишда охирги “ро” ҳарфи заммалик бўладими, фатҳалик бўладими ва ё сукун билан талаффуз қилинадими? Бу бошқа масала. Хозир бу ҳақда гаплашмаймиз.

Имом Сарахсий раҳимаҳуллоҳ азоннинг учта нуқтасида фуқаҳолар ихтилофи борлигини айтиб, қатор санайди ва биринчиси шаҳодат калималаридаги “таржиъ” (азондаги шаҳодат калималарини икки марта махфий икки марта жаҳрий қилиб жами тўртта айтиш) масаласини келтиради. Имом Шофеъий “таржиъ” суннат деган ва далил сифатида шаҳодат калималарини азон такбирларига қиёслашини айтган. Яъни азондаги шаҳодат калималари ҳам ҳудди азон такбирлари каби тўрт марта айтилади, деб шаҳодат калималарини тўртта айтишга ҳужжат келтирган. Бунга жавобан имом Сарахсий азон такбирларига шаҳодат калималарини қиёс қилиш ноўрин, чунки такбирлар тўртта бўлгани билан уларни иккига бўлиб айтилади. Икки такбир ҳудди битта калимани ўрнида бир товуш билан айтилади, кейинги икки такбир ҳам ҳудди шундай бир товушда битта калима каби  талаффуз этилади деган. (Қаранг: Имом шамсуддин сарахсий. Мабсут. 1 – Ж.120 – Б. Дор ал-фикр матбааси. 1431 – ҲЖ).

Шу жойда бир мулоҳаза. Мен юқорида тилга олган мақола муаллифи азон такбирларини қўшиб айтганларни хорижий мазҳаблар – шофеий, моликий, ҳанбалийларга тақлид қилувчилар деб айблаган эди. Аслида унинг ўзи такбирларни тўртга бўлиб айтишда ҳанафийликка мухолиф бўлиб чиқяпти!

Шайҳ Муҳаммад Саъид Соғиржий раҳимаҳуллоҳ бундай деган: Азоннинг сифатига келсак, унинг аввалида тўртта такбир айтилади. Ҳасан ибн Зиёд имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан “такбирлар икки марта айтилади” – деган гапни ривоят қилган. Бу ривоят имом қози Абу Юсуфдан ҳам келган. Имом Молик ибн Анас шу ривоятларни олган. Аслида азоннинг тўртта такбирларини икки марта иккитадан айтилади. Охирги икки такбир ҳам шундай. Яъни бир товушда иккита айтади. (Қаранг:Имом Соғиржий. Ал-фиқҳал-ҳанафий ва адиллатуҳ. 1 – Ж. 151 – Б. Дор ал-калим матбааси. Дамашқ. 2018 – М).

Мавлоно Абдураҳмон ал-жазирий шундай дейди: тарассул бу – муаззин ҳар икки жумланинг орасида унинг нутқига жавоб бериш имконини берувчи сакта (тўхташ) билан муҳлатламоғидир. Лекин бу сакта ҳар икки такбирдан кейин бўлади. Бир такбир билан иккинчи такбир орасида эмас! (Абдураҳмон ал-жазирий. Ал-фиқҳ алал-мазоҳиби арбаъа. 1 – Ж. 191 – Б.  Дор ал-кутуб ал-арабий матбааси.2012 – М).

Имом Шурунбилолий “Мароқ ал-фалоҳ” асарида “азоннинг аввалида тўртта такбир айтади” деган. Имом Таҳтавий эса ҳуди шу матн ҳошиясида “шу тўртта такбирни икки товушда” айтади деб урғулаб қўйган. (Қаранг: Имом Таҳтавий. Ҳошияту Таҳтавий. 1- Ж. 373 – Б ал-матаба ал-ҳийфия. Матбааси. Туркия. 2018 – М).

ХУЛОСА

Хулоса қилиб айтамиз:

  • Ҳанафий мазҳабига кўра, азон калималаридаги тўрт такбир икки мартада, икки такбирни бир-бирига қўшиб, битта калима каби бир товушда айтилади.
  • Азон такбирларини бир-бирига қўшиб айтган одам ваҳҳобий ҳам, мовароуннаҳр урфига мухолиф ҳам, суннатга мухолиф ҳам, хорижий мазҳабларга тақлидчи ҳам бўлмайди. Балки асл ҳанафий бўлади!
  • Биз бу каби масалаларда бир-биримизни танқид қилиб, залолатга нисбат бериб, адашганга чиқаришимиз ислом мақсадларига зид иллатдир. Ислом мусулмонларни бир-бирлари билан аҳил-иноқлигини кўзлаган муқаддас диндир. Ихтилофни, тафриқачиликни қоралайди.

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

02 08 2023.

15 01 1445

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...