АЛ-ФИҚҲ АЛ-АКБАР ИМОМ АБУ ҲАНИФАГА ТЕГИШЛИ ЭМАСМИ?

icon33Аҳмад ибн Таймиянинг издошлари бўлмиш “салафий”лар тарафдан аҳли сунна вал-жамоа ақидасида ёзилган машҳур матн ал-Фиқҳ ал-акбар асарини имом Аъзам Абу Ҳанифага тегишли эмас деган иддао илгари сурилади. Салафий имом Албонийга айни шу мавзуда савол беришади. У “имом Абу Ҳанифанинг ақидаги доир ҳеч қандай асари йўқ” деб жавоб берган (“Ҳидоят ва Нур” туркум кўрсатувлари. 52-сон).

Умуман салафийлар орасида ал-Фиқҳ ал-акбар Абу Ҳанифага мансуб эмас деган фикр кенг тарқалган. Уларга кўра, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳижрий биринчи асрнинг охири ва иккинчи асрнинг биринчи ярмида (80-150) яшаб ўтган. Бу даврда ҳали китоб ёзиш анъанаси йўлга қўйилмаган эди, демак ал-Фиқҳ ал-акбарнинг муаллифи имом Абу Ҳанифа бўлмаган.

Масаланинг қизиқ тарафи шуки, хозирги салафийларнинг бу фикри салафийлик асосчиси Аҳмад ибн Тайямия ва унинг яқин шогирди Ибн Қаййим ал-Жавзияларнинг фикрига мутлақо тўғри келмайди. “Салафийлар” улуғи Шайҳ ул-ислом Ибн Таямия “Даръу таорузил ақл ван нақл” асарида ал-Фиқҳ ал-акбарнинг муаллифи имом Абу Ҳанифа эканлигини, у китоб Абу Ҳанифанинг шогирдлари орасида машҳур ва кенг ёйилганини айтиб ўтган. Шунингдек, яна бир “салафий” имом ибн Қаййим ал-Жавзия ҳам ўзининг “Ижтимо ал-жуюш ал-исламия” номли асарида ал-Фиқҳ ал-акбар имом Абу Ҳанифанинг асари деб айтиб қўйган.

Бу иккисдан ташқари бошқа эътиборли олимлар ҳам ал-Фиқҳ ал-акбарнинг муаллифи имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ эканлигини айтиб ўтган. Жумладан: аллома ибн Абулизз Ақидату Таҳовиянинг шарҳида айтган.

Шайҳ Ваҳбий Ғоважий Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ тарафдан ал-Фиқҳ ал-акбарга ёзилган шарҳни таҳқиқ қиларкан шундай деган: “ал-Фиқҳ ал-акбар имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг имлоси ва таълифидир. Бу китоб Аллома Зоҳид Кавсарий тарафдан биринчи бор таҳқиқ қилиб нашр этилган. Мен Мадинаи мунавварадаги “Ориф Ҳикмат” кутубҳонасида ал-Фиқҳ ал-акбарнинг жуда яхши сақланган қўлёзма нусхасини кўрдим. Ровийлари: Али ибн Аҳмад форисий, у киши Наср ибн Яҳёдан, у киши Абу Муқотилдан, у киши Осим ибн Юсуфдан, у киши эса имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ўғли Ҳаммоддан.

Ҳижрий 429 йили вафот топган имом Абдулқоҳир Бағдодий ўзининг “Усули дин” номли асарида шундай деган: “Аҳли сунна мутакаллимларининг аввалги фақиҳлари қаторида мазҳаб эгалари имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеъийни тилга олиш ўринли. Чунки имом Абу Ҳанифа қадарияларга раддан бир китоб ёзган ва уни ал-Фиқҳ ал-акбар” деб номлаган. (Усули дин. Абдулқоҳир Бағдодий. 38 — Бет).

Имом Абулмузаффар Исфароиний ҳам “ат-Табсир фид-дин” номли асарида бу мавзуга тўхталиб: “Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ал-Олим вал-мутааллим” асари билан “ал-Фиқҳ ал-акбар” асарларида аҳли бидъат ва мулҳидларга раддан очиқ-ойдин ҳужжатлар бор. Бу китобларнинг ривояти бизга ишончли ва мўътамад санадлар билан Наср ибн Яҳёдан у эса Абу Ҳанифадан етиб келган” деб айтган. (ат-Табсир фид-дин. 113 — Бет).

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, “ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга мансублигида шубҳа йўқ. Бу китоб Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг имлолари асосида, яъни у кишининг айтиб туриши шогирдлари эса қоғозга тушириши асосида ёзилган. Асрни муаллифдан Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа, имом Абу Юсуф, Абу Мутиъ Ҳакам ибн Абдуллоҳ Балхий, Абу Муқотил, Ҳафс ибн Муслим Самарқандий каби шогирдлари ёзиб олган ва бошқаларга ривоят ва китобат орқали етказганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг набираси Исмоил ибн Ҳаммод,  Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий, Муҳаммад ибн Самоа, Наср ибн Яҳё ал-Балхий, Шаддод ибн Ҳакамлар эса саҳиҳ иснодлар билан “ал-Фиқҳ ал-акбар”ни биринчи ровийларидан олиб кейинги авлодга тарқатишган ва асар шу тарзда ишончли ровийлар силсиласи орқали шайҳ Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳгача етиб келган ва у киши бу асарга шарҳ битган.

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “Ғиштли” жоме масжид имоми

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...