Сабр таги – сариқ олтин

Lotin alifbosida

Доно халқимизда “Сабр таги – сариқ олтин” деган ақлли нақл бор. Мақолда сабр-бардош ортидан келажак хайрли натижаларни қимматбаҳо тошга ўхшатилганидан, уни дунёвий мақсад сари интилишда қатъиятли бўлишга тарғиб маъносида деб тушуниш мумкин. Дарҳақиқат, кўпчилик шу маънони тушунади ҳам. Ва кўзлаган мақсадлари сари ҳаракатларида шу мақолни ўзларига бош принцип қилиб, иложи борича қаноат билан олдинга интилиб катта-катта ютуқларга эришадилар. Албатта, бу яхши одат.

Бироқ, Ислом нуқтаи назаридан боқилса, “Сабр таги – сариқ олтин”  тушунчаси  бизнинг тасаввуримиздагига нисбатан анча кенгроқлиги, сабрга берилажак ажрлар эса сариқ олтин тугул оқ олмослардан ҳам қимматбаҳороқ эканини, сабрнинг “сариқ олтин”лари нафақат бу фоний дунё билан чегараланган, балки боқий дунёда ҳам асқотишини англаш мумкин.

Инсон ҳаётда яшар экан кутилган ва кутилмаган мусибатларга дучор бўлиши табиийдир. Гоҳида соғлигини йўқотса, баъзида яқинларида жудо бўлади. Эгаллаган мансабидан ажралиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Яна баъзида ҳар-хил хавф-хатарлар гирдобига тушиб қолади. Нима бўлганда ҳам бошига мусибат тушган мўмин ўзини йўқотиб қўймаслиги, бу кулфатларни Яратганнинг синови ўлароқ қабул этиб, унга чидамли бўлиши лозим. Тўғри келган одамга мусибатини арз қилиб ҳолидан шикоят қилиш, Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган номаъқул сўзларни айтиб бетоқат бўлиш мўминга ярашмаслигини билиши зарур. Аҳли мусибатлар руҳий тушкунликка тушиш ўрнига аксинча, мусибатни улкан имконият эшиги деб билиши ва ундан унумли фойдаланиб қолишлари керак бўлади.

Аллоҳ таоло бандаларини турли-туман балолар билан имтиҳон қилиб туриши, имтиҳонни “аъло баҳо”га топширганларга беҳисоб ажрлар ваъдаси қуръоний ҳақиқатдир. Бақара сурасида шундай марҳамат этилган: Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар беринг” (Бақара/155). Зумар сурасида эса қуйидагича ваъда бор: “Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур” (Зумар/10).

Ҳа, сабрнинг мукофоти беҳисоб ва бениҳоядир! Униг миқдори фақат Ҳақ таолонинг Ўзига аёндир!

Биласизми, мусибат агар унга сабр этилса гуноҳларни ювиб тозалаб ташловчи каффорат бўлади. Эътибор беринг, ҳазрати Абу Ҳурайра ва Абу Саъийд (розияллоҳу анҳума) икковлари айтадилар: биз Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшитганмиз, Ул зот шундай деганлар: “Мўминга етган ҳар бир ҳасталик, хорғинлик, оғриқ, махзунлик ва ҳатто ҳам-ташвиш ҳам унинг гуноҳларига каффорат бўлади” (Саҳиҳиҳи Муслим 4/1993).

Улуғ саҳобалардан Жобир Ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Умму Соибни кўргани борганда унга:

— “Сенга нима бўлди эй Умму Соиб, тез-тез ҳансираб нафас чиқаряпсан?”—дедилар.

— У: “Безгак. Аллоҳ баракасини олсин буни”—деди.

— Расулуллоҳ: “Безгакни сўкмагин, чунки Аллоҳ таоло у билан одам боласининг хатоларини худди босқон темир занггини кетказгани сингари кетказади”—дедилар (Сунани Абу Довуд 3/182).

Биласизми, мусибатга сабр қилган мўминга ҳисобсиз савоб ваъда қилган меҳрибон Роббимиз, гуноҳларини ўчириш билан бирга мусибат чоғида узрли қолдирилган хайрли амалларни амал дафтарларга бажарилди деб қайдлатар экан. Эътибор беринг, Абу Мусо ал-Ашъарий (розияллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп марта эшитганман, Ул зот айтардилар: “Мўмин солиҳ амалларга одатланган бўлса-ю, бироқ ҳасталик ё мусофирлик уни одатий амалларидан машғул қилиб қўйса, унга соғлик ва муқимлик чоғида қилиб келган амаллари ёзилиб борилаверади” (Сунани Абу Довуд 3/182).

Шундай экан, азизлар! Бошимизга ҳар не мусибат тушганда ҳам аламзадалик қилиб Аллоҳга хуш келмас ишлардан хазир бўлайлик. Балки, мусибатни бандасига арз қилмасдан унинг ажрини Холиқ таолодан кутайлик! Аллоҳ таоло барчамизни шариат доирасида собитқадам қилсин!

Андижон тумани “Довудхон тўра” жоме масжид имом-хатиби

Мадраҳимов Абдулваҳҳоб қори

 

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...