ЕРДАГИ ҲУКМДОР ЮКИНСА, САМОДАГИ ҲУКМДОР РАҲМ ҚИЛГАЙ!

2253654547лоыавтиТўртинчи ҳижрий асрнинг биринчи ярми, Андалусия Ислом давлатининг VIII халифаси Абдурраҳмон Носир лидиниллоҳ ҳукмрронлик йиллари. Қуртубада бир йилдан ортиқ давом этган қурғоқчилик ва очарчилик халқнинг тинкасини қуритган эди. Андалусия қозиси Мунзир ибн Саъид раҳматуллоҳи алайҳ одамларни истисқо намози ўқишга чорлади. Одамлар шаҳар ташқарисидаги намозгоҳга тўпландилар. Улар истисқо намозини халифа бошчилигида, унга иқтидо қилиб ўқиш илинжида давлат раҳбарини кутиб ўтиришар эди. Халифа ҳа деганда келавермагач, аллома Мунзир ибн Саъид раҳимаҳуллоҳ халифанинг элчисига: «Халифага бориб айт, одамлар истисқо намозини ўқиш учун уни кутишмоқда», деб тайинлади.
Элчи қайтиб келиб Мунзир ибн Саъидга: «Ҳазрат, халифа бир овлоқ жойда ёлғиз ўзи ўтирибди, ҳеч ким унинг олдига киришга ботина олмаётир», деди. Аллома бу хабарни эшитгач, элчи билан бирга у айтган жойга борди. Ҳақиқатан, халифа қасру айвон, нозу неъматларни ташлаб, бир хароба гўшада бир ўзи қолган эди. У подшоҳлик либосларини ечиб, дағал, одми кийимларни кийиб олган, бошини ерга қўйиб, туппроққа беланиб, дод деб илтижо қилар эди. Уни ўша кунгидек қўрқувда ҳеч ким кўрмаган эди. Ўша пайтдаги Европани зир титратиб турган катта бир давлатнинг ҳукмдори боши саждада, кўз ёшлари соқолларини ҳўл қилиб, юзидаги тупроқни лойга айлантирган бир ҳолда қуйидагича илтижо қилар эди: «Ё Раббий! Менинг ёмонликларим, гуноҳларим сабабли халқни азоблайсанми? Ахир сен энг тўғри ҳукм қиладиган Зотсан-ку. Мана пешонам, у Сенинг қўлингда, қандай азоб бўлса мени азобла. Сен ҳеч нарсадан бехабар эмассан, Сендан ҳеч ким қочиб қутила олмас!»
Мунзир ибн Саъид халифанинг бу муножотини эшитиб, тазаррусини кўриб, юзи қувончдан ёришиб кетди. Одамлар олдига қайтиб бориб: «Ҳой одамлар! Бўлди, уйларингизга қайтаверинглар, тез орада ёмғир билан сероб бўласизлар. Зотан, ердаги ҳукмдор юкинса, самодаги Ҳукмдор раҳм қилгай!» деди.
Одамлар ҳали тарқаб-тарқалмай туриб ёмғир ёға бошлади, ҳамма сероб бўлди. Бир йилдан ортиқ давом этган қаҳатчилик ана шундай якун топди.
Бундан ҳар бир мусулмон, хусусан, илм аҳллари, иш эгалари, ҳукм аҳли керакли хулоса олмоғи даркор.

(Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳнинг суҳбати асосида ёзилди)

Ҳасанхон ЯҲЁ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...