ЗАКОТ МОЛИЯВИЙ ИБОДАТ

029Дархақиқат, меҳрибон Роббимиз Аллоҳ таоло Рамазон ойида бандаларига Ўз раҳмати ва баракотини янада зиёда қилиб беради. Шундай экан, ўз навбатида  инсонлар ҳам бу кунларни ва ойларни ғанимат билиб, кўпрок ибодат ва яхши амалларни зиёда-зиёда адо этишга ҳаракат қилишларимиз лозим. Муборак ҳадисларда Рамазон ойида қилинган барча яхши амалларга бошқа ойлардагига қараганда кўпроқ савоблар берилиши айтиб ўтилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб  : “Кимда ким Рамазон ойида бирор бир нафл амални бажарса, у бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда ким бу ойда бир фарз амални бажарса, бошқа ойдаги етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади” -дедилар. Албатта Ислом арконидан бири бўлган Рўза тан закотидир. Аллоҳ таоло бизларга берган мол-мулкимизнинг ҳам закотини адо этишимиз динимизнинг мукаммаллигига сабабдир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: “Холбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган холларида ибодат қилишга ва намозни мукаммал адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (хаққоний) диндир”- деб марҳамат қилган. (Баййина, 5-оят). Закот молиявий ибодат бўлиб, «Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» маъноларини билдиради. Закот Қуръони каримда йигирма етти жойда намоз билан бирга қайд этилган. Бу эса ўз навбатида, намоз билан закот бир- бирига чамбарчас боғлиқ эканлигига далолат қилади. Ислом дини тавхид, намоз, рўза, закот ва ҳаждан иборатдир. Зеро, Фирдавс жаннатининг ворислари бўлган нажот топувчи мўминларнинг сифатларидан бири ҳам закотни адо этишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Улар закотни адо этувчидирлар”. (Мўъминун, 4-оят).  Буни акси эса, яъни закот беришга қодир бўла туриб юз ўгиришлик эса, мушрикларнинг сифати эканлиги қуйидаги оятда баён қилинган: “Мушрикларга халокат бўлгай. (Улар) закот бермайдиган ва узлари охиратга ишонмайдиган кимсалардир”. (Фуссилат, 6-7 оят). Беш қўл баробар бўлмаганидек хар бир инсонни тушунчаси ўар хил бўлади, яъни садақа, эхсон қилиш билан мол-дунё камайиб қолади деганлар ҳам йўқ эмас. Аслида закотнинг яна бир фоидаси шуки, уни адо этган кишининг молида барака бўлади ва Аллоҳ таоло унинг берган закотининг ўрнини бир неча баробар қилиб тўлдиради. Сўзимизга ушбу оят далил бўлади : “Одамларнинг мол-мулки кўпайсин деб сизлар берган рибо (фоиз) ларингиз , Аллоҳ наздида (ҳеч нарсани) кўпайтирмайди. Аллоҳнинг «юзи» ни (яъни розилиги) мақсад қилиб берган закотингиз эса, бас, айнан ўшалар кўпайтирувчилардир”. (Рум, 39-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мол-мулк садақа қилиш билан зинхор камаймайди”- деб мархамат қилганлар. Закотнинг дунё ва охиратга тегишли кўплаб хикмат ва фоидалари бор. Энг аввало жамиятдаги инсонлар ўртасида ўзаро муносабатлар мустахкамланади. Сабаби иқтисодий томондан турли хил холатда ҳаёт кечирувчи кишилар ўртасида номаълум бир тўсик бор. Ушбу тўсикни кетказиб, уларни бир бирга якинлаштирувчи восита албатта-закотдир. Ҳадисларда: “Закот исломнинг кўпригидир”-дейилган. Моддий жиҳатдан кам таминланган оилаларни қўллаб- қувватлаш – ижтимоий химоя қилишнинг мухим чораларидан биридир. Ўз навбатида закот берувчи инсонларга ўз эгаларини суриштириб, билиб тўғри топиб бериш зарур бўлганидек, закот олишга хақли одамлар ҳам, мени шароитим яхши, мен закот олишга хақли эмасман деб кибрланмаслиги лозим ва закот бергувчини хаққига дуолар қилишлиги зарур. Зеро, шариатимиз бундай одамларга мутакаббир камбағал  деб бахо беради. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: “Мол- мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг ва улар (ҳаққи) га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)-дир. Аллоҳ эшитувчи ва билгувчидир”-деб мархамат қилган. (Тавба, 103-оят). Ҳадиси шарифда: “Сизлар молларингизни закот (беришлик) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (беришлик) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони хозирлангиз”- дейилган. Уч жуфт оят борки улар бир-биридан ажратилмайди:   1. “Намозни барпо қилинглар ва закотни беринглар”, дейилди, демак, намоз ўкишлик билан бир қаторда закотни ҳам адо қилишимиз жуда зарур; 2. “Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулга итоат қилинглар”, дейилди, кимки Аллохга итоат этиб, Расулга итоат этмаса, унинг Аллоҳга бўлган итоати қабул қилинмайди яъни унинг даъвоси ёлғондир; 3. “Менга шукр қил ва ота-онагга ҳам”,дейилди. Кимки Аллоҳга шукр қилиб, ота-онасига шукр қилмаса, унинг Аллоҳга қилган шукри қабул қилинмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким беш нарсани ман қилса, Аллоҳ таоло ундан беш нарсани ман қилади”: 1. Ким мол-мулкидан закот бермаса, Аллоҳ  унинг молларини офатлардан сақлашни ман қилади; 2. Ким ердан униб чиққан нарсалардан ушр бермаса, Аллоҳ унинг касб-коридан баракани кўтаради; 3. Ким садақа беришни ман қилса, Аллоҳ ундан тинчлик офиятини ман қилади; 4. Ким дуо қилишни ман қилса, эсдан чиқарса, Аллоҳ ундан ижобатни ман қилади; 5. Кимки жамоатга ҳозир бўлишни ман этса, Аллоҳ ундан иймон комиллигини ман қилади. Садақа ва эхсонларни қандай адо этиш тўғрисида ҳам оят ва ҳадислар етарли. Жумладан Аллоҳ таоло: “Садқаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию камбагалларга пинхона берсангиз- ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гунохларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”-деб мархамат қилган. (Бақара, 271-оят).  Ушбу оятнинг тафсирида уламолар закот, ушр каби фарз садақаларни ошкора бериш яхши деганлар. Сабаби ундан бошқа инсонлар ҳам ибрат олиб, закотини берадилар. Лекин нафл ва ихтиёрий садақалар махфий равишда берилгани яхшироқдир. Шунда риё ва миннатдан узоқроқ бўлади. Аччиқ бўлсада хақиқат мол-дунёсидан закот, ушр ва бошқа садақаларни қалбида мустахкам имони ва саховати бўлган яхши кишиларгина адо қиладилар. Буни акси, бахил,қизганчик кишилар эса, ҳеч қачон бошқаларга яхшилик қилишни хоҳламайдилар. Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар розияллоҳу анху доимо шундай дуо қилар эканлар: “Эй, Аллоҳ. Ортиқча мол-давлатни ичимиздаги яхши кишиларга бергин. Шояд улар орамиздаги хожатмандлардан хабар олиб турсалар”. Аллоҳ таоло мол-мулкимизга беҳисоб барака берсину молу- дунёга муҳаббат бермасин. Бу муборак, фазилатли кунларни рўзадорлик, тоат- ибодат, Қуръони карим тиловати , инсонлар калбига сурур ва хушнудлик тухфа қилиш билан ўтказишга муяяссар қилсин. Жаннатмакон диёримизни тинчлигини абадий қилсин. ОМИН.

Манбалар асосида:

Андижон шаҳар “Абу-Ҳурайра”

жомеъ масжиди  имом хатиби:

Шарофуддин Мусабоев

тайёрлади.

 

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *