ЮСУФ ДАВРОННИНГ ЯНА БИР ХИЁНАТИ

download6666Юсуф Даврон ўзининг “Фиқҳул акбар” Имом Абу Ҳанифага оид эмаслиги” номли видеосида ўзининг даъвосига гўё 16 та асардан далил келтирган. Биз шу 16 тадан фақат 4 тасигина манба эканини, бироқ, уларни ҳам ҳақиқий далил сифатида ишлатиб бўлмаслигини очиқлаб берган эдик. Юсуф Давроннинг китобларга хиёнатини “ал-Фавоид ал-баҳия”даги матнни хато талқин қилганини, ушбу асарнинг шу бетида ҳатто унинг даъвосига қарши далил борлигини кўрсатган эдик. Муҳаммад Муҳиддин Мансур, Аброр Мухтор Али, Саид Комил ва Козимжон Иброҳим ҳафизаҳумуллоҳ ажмаъин каби устозлар эса Юсуф Давроннинг бошқа хиёнатларини ҳам исботлаб бердилар…

Демак, Юсуф Давроннинг хиёнаткорлиги ошкор бўлиб бормоқда. Қуйида биз унинг яна бир хиёнати ҳақидаги очиқ-ойдин далилни Сиз азизларга ҳавола қилмоқчимиз. Хиёнаткорни таниб олинг:

Юсуф Даврон гўё “Фиқҳул акбар” Имом Абу Ҳанифага оид эмаслиги”га келтирган 16 та китобдан бири “Шазарот аз-заҳаб” ҳисобланади. Юсуф Даврон ундаги: “ШУ ЙИЛИ (199-йил) АБУ МУТИЪ ҲОКИМ (Юсуф Даврон буни ҳам хато ёзган, аслида ал-Ҳакам) ИБН АБДУЛЛОҲ АЛ-БАЛХИЙ АЛ-ФАҚИҲ (вафот этган). У КИШИ АБУ ҲАНИФАНИНГ ШОГИРДИ ВА “ФИҚҲУЛ АКБАР” КИТОБИНИНГ МУАЛЛИФИДИР”, деган иқтибосни келтиради. Бироқ, ўзингиз қайта-қайта ўқиб кўринг: бу ерда “Фиқҳул акбар” китоби Абу Ҳанифаники эмас ва унга тегишли эмас, деган ҳеч қандай гап ҳам, шунга ишора ҳам йўқку! Бу ерда бошқа бир “Фиқҳул акбар” тўғрисида гап кетаётган бўлса-чи ёки бу ерда асарнинг ривояти ва ровийси ҳақида гап айтилган бўлса-чи?!

Олдинги мақоламизда Юсуф Даврон “ал-Фавоид ал-баҳия”ни ўқиб ҳам кўрмаганлигини,  бировлар (балким душман томон) тайёрлаб берган матнларни ўқиб, айтаётган бўлиши мумкинлигига ёки агар шу китобни ўзи кўрган ва билган бўлса ҳам, ўз илмига, имони ва тақвосига хиёнат қилиб асл матнни яшираётганига ишора қилган эдик. Бу ерда биз Юсуф Давроннинг “Шазарот аз-заҳаб”дан иқтибос келтирганида ҳам ана шу ифлос йўлларни тутганини қайд қила оламиз. Агар у “Шазарот аз-заҳаб”дан ўзи фойдаланиб, ўз тарафдорлари ва мухлисларига ҳамда мусулмон миллатига ҳақни ва ҳақиқатни етказишни хоҳлаганида, қуйидаги иккита иқтибосни ҳам айтган бўларди:

1)“Шажарот аз-заҳаб”нинг Юсуф Даврон иқтибос олган нусхасининг 10-жилдининг 403-бетида Илёс ар-Румий ҳақидаги қуйидаги жумла мавжуд:

وَ صَنَّفَ شَرْحًا عَلَى الْفِقْهِ الْأَكْبَرِ لِأَبِي حَنِيفَةَ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ

“У КИШИ (яъни, Илёс ас-Румий) АБУ ҲАНИФАНИНГ – АЛЛОҲ УНДАН РОЗИ БЎЛСИН – “АЛ-ФИҚҲ АЛ-АКБАР” (китоби)ГА ШАРҲ ЁЗГАНЛАР” (Ибн Имод ад-Димашқий. Шазарот аз-заҳаб. 10-жилд / Таҳқиқ ва таълиқ: Абдулқодир ал-Арнаут ва Маҳмуд ал-Арнаут. – Димашқ-Байрут: Дор Ибн Касир, 1993. – Б. 403).

2)“Шажарот аз-заҳаб”нинг Юсуф Даврон иқтибос олган нусхасининг 10-жилдининг 421-бетида Муҳйиддин ибн Баҳоуддин ал-Ҳанафий ҳақидаги қуйидаги жумла мавжуд:

و َمِنْ تَصَانِيفِهِ…وَ شَرْحِ الْفِقْهِ الْأَكْبَرِ لِلْإِمَامِ الْأَعْظَمِ جَمَعَ فِيهِ بَيْنَ طَرِيقِ الْكَلَامِ وَ طَرِيقِ التَّصَوُّفِ

“УНИНГ (яъни, Муҳйиддин ибн Баҳоуддин ал-Ҳанафий) ЁЗГАН АСАРЛАРИДАН ИМОМИ АЪЗАМНИНГ “АЛ-ФИҚҲ АЛ-АКБАР”И ШАРҲИ БЎЛИБ, УНДА КАЛОМ ВА ТАРИҚАТ (аҳли) ЙЎЛЛАРИ ОРАСИНИ ЖАМЛАГАНЛАР” (Ибн Имод ад-Димашқий. Шазарот аз-заҳаб. 10-жилд / Таҳқиқ ва таълиқ: Абдулқодир ал-Арнаут ва Маҳмуд ал-Арнаут. – Димашқ-Байрут: Дор Ибн Касир, 1993. – Б. 421).

Бу икки иқтибосда “ал-Фиқҳ ал-акбар”ни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳники эканлиги очиқ-ойдин айтиб қўйилган. Демак, “Шажарот аз-заҳаб” муаллифи бунга шак-шубҳа қилмаган. Чунки матндаги “лом” ҳарфи араб тили қоидасига кўра “тахсис”ни – хослаш ва тегишлиликни билдиради. Яъни, “ал-Фиқҳ ал-акбар” Имоми Аъзам Абу Ҳанифаники, деган қатъий маънони англатади. Юсуф Даврон эса бу икки иқтибосни кўрмаган ёки уни яширган!!!

“Шазарот аз-заҳаб”да тилга олинган икки олимнинг “ал-Фиқҳ ал-акбар”га ёзган шарҳларининг асл матнлари ҳам нашр қилинган. Демак, бу икки олим ҳам “ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга тегишли эканлигига ишонган ва унга шак-шубҳа билдирган эмаслар.

Демак, бу ерда хиёнаткор яна Юсуф Даврон бўлиб қолмоқда. У бировлар тайёрлаб берган ва уларнинг кўрсатмалари бўйича матнларни ўқиб бермоқда, у ўз “далил”ларидаги китобларни варақлаб кўрмаган, ёки кўрган бўлса ҳам агар, улардаги асл ҳақиқатларни яшириб, у ўз илмига, имонига, тақвосига, халқи ва миллатига хиёнат қилмоқда.

Шунинг учун, биз Юсуф Давронни ва унинг мухлисларини инсоф ва адолат қилишга, ҳақ ва ҳақиқатга қайтишга чақирамиз. Зотан, ҳамма гап соқол, оппоқ кўйлак, ташқи кўриниш ва сўзомолликда эмас, инсоф ва адолатда, соғлом эътиқодда, мусаффо имонда ва мақбул тақвода, тўғри ақлда ва кучли фаҳм-фаросатдадир.

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *