АЛЛОҲГА ЯҚИНЛИК ҚАЙСИ МАЪНОДА?

CbsKDraW0AED0JZХалқ орасида солиҳларга нисбатан “Худога яқин инсон” фосиқ ва фожирлар ҳақида эса “Аллоҳдан узоқ банда” деганга ўхшаш гаплар бор. Буни ҳамма ҳар хил тушунади. Эътиқод илмидан хабари борлар бу сўзлардан асл мақсадани тўғри англаб олишади. Аммо авом эса нотўғри тушуниш эҳтимоли юқори. Яъни, Аллоҳга кимлардир масофавий яқин яна кимлардир масофавий жиҳатдан узоқ  – деган маънода.

Ана шу тушунмовчиликка лоақал шу мақолани ўқувчилари орасида бўлса ҳам барҳам бериш ниятида ва ўз ўрнида баъзи зоҳирий адашган тоифаларга қисқача эслатма бериб ўтиш ниятида қўлга қалам олинди. Хўш, Аллоҳ таолога яқинлик ва Ундан узоқлик аслида қандай тушунилади?

Аҳли суннат раиси, мазҳаббошимиз имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “ал-Фиқҳ ул-акбар” асарида масалани қуйидагича ёритади:

و ليس قرب الله تعالى و لا بعده من طريق طول المسافة و قصرها و لكن على معنى الكرامة و الهوان

Аллоҳ таолонинг яқинлиги ва узоқлиги масофавий узоқ-яқинлик маъносида эмас! Балки, икром, азизлик ва хорлик, бадбахтлик маъносидадир.

Қуръон ва Суннатда бу маънода кўплаб иборалар бор, масалан:

إِنَّ رَحْمَتَ اللّهِ قَرِيبٌ مِّنَ الْمُحْسِنِينَ

Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир. (Аъроф сураси/56).

إِنَّ رَبِّي قَرِيبٌ مُّجِيبٌ

Албатта, Роббим яқин ва ижобат қилгувчидир… (Ҳуд сураси/61).

إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي جَنَّاتٍ وَنَهَرٍ * فِي مَقْعَدِ صِدْقٍ عِندَ مَلِيكٍ مُّقْتَدِرٍ

Албатта, тақводорлар жаннату анҳорларда. Сидқ ўриндиқда, қудратли Подшоҳ ҳузуридадирлар. (Қомар сураси 54/55).

Аъроф сурасида айтилган Аллоҳ раҳматининг яхшилик қилувчиларга яқинлигининг маъноси бу гуноҳкорлардан раҳматнинг узоқлиги демакдир. Солиҳ амал қилганларнинг Аллоҳга яқинлиги деганда Аллоҳ таолонинг икромига ноил бўлишлари билан, осий-гуноҳкорларнинг Аллоҳ таолодан узоқлиги  деганда эса уларнинг бадбахтлиги, хорлиги билан таъвил этилади.

Худди шунингдек, ҳадиси қудсийларда ҳам келган:

و ما يزال عبدى يتقرب إلى بالنوافل حتى احبه

Бандам менга нафл ибодатлари билан яқинлашиб келаверади, ҳатто Мен уни яхши кўриб қоламан(Бухорий ривояти).

Яна қуйидагича келади:

و إن تقرب إلي شبرا تقربت إليه ذراعأ و إن تقرب إلي ذراعا تقربت منه باعا

Агар менга бир қарич яқинлашса, унга бир зироъ яқинлашаман, агар менга бир зироъ яқинлашса, унга бир қулоч яқинлашаман…(Бухорий ва Муслим).

Яна бир ҳадисда қуйидагича келган:

أقرب ما يكون العبد من ربه و هو ساجد

Банданинг Раббисига энг яқин бўлган вақти — у сажда қилувчилик ҳолатидир! (Муслим ривояти).

Убай ибн Молик розияллоҳу анҳудан ҳам шу маъноли ҳадис ривоят этилган:

من ادرك والديه او احدهما ثم لم يغفر له فأبعده الله

Кимки ота-онасини ёки бирортасини тириклик чоғида хизматини қилиб гуноҳларидан фориғ бўлиб олмаган бўлса, Аллоҳ уни (Ўзидан) йироқлаштирибди. (Имом Аҳмад ривояти).

Юқорида келтирилган оят ва ҳадисларнинг зоҳирига эътибор қилинса масофавий яқинлик тушунилади. Аммо улардан асл маънони ирода этилмайди, балки мажозий маънода иззат-икром ва хорлик-бадбахтлик тушунилади.

Аллоҳ таоло жисм эмаски бирор бошқа жисмга яқин ё узоқ деган нисбий тушунчалар билан изоҳланса, Аллоҳ таоло замондан, макондан, жисмдан пок мисоли йўқ танҳо зотдир. Бир нарсага том маънода масофавий жиҳатдан яқин бўлиш ё йироқ бўлиш бу яратилган махлуқотларга хос сифатдир. Аллоҳ таолонинг пок Зотига тўғри келмайди.

Юқоридаги матнда имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ баъзи муташобиҳ нассларни ўрни келганда таъвил билан изоҳлаганига яққол далил бор. Замонавий зоҳирийлар бўлмиш салафийлар Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мутлақо таъвилий қарашларни ёқламаган деган иддаоларидан олдин шу иборани бир кўриб олишса ўзларига яхши бўларди…

Файзуллаев ФУРҚАТ

Сирдарё вилоят Сардоба туман «Янги кишлок» ж/м

 

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...