ВИТРДАН КЕЙИН НАМОЗ ЎҚИШ МУМКИНМИ?

depositphotos_37668419-stock-illustration-question-answerСавол. Витрдан кейин намоз ўқиш мумкинми? Айримлар охирги намоз витр бўлиши керак, дейишади. Ундан кейин ухлашдан олдин ҳеч қандай намоз, масалан, қазо намозларини ҳам ўқиб бўлмайдими? Витрни таҳажжудга турганда ўқиш шартми? Таҳажжуддан кейин албатта витр ўқиш лозимми? Мабодо, витрни хуфтондан кейин ухлашдан олдин ўқилган бўлса, сўнг таҳажжудга турганда витр ўқиладими ёки ўқилмайдими?

Жавоб. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда витрдан кейин ҳар қандай намозни ўқиш мумкин ва жоиз. Улуғ ҳанафий олими Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ: لَا بَأْسَ بِالتَّطَوُّعِ بَعْدَ الْوِتْرِ وَلَا يَكُونُ ذَلِكَ نَاقِضًا لِلْوِتْرِ – “Витрдан кейин нафл намоз ўқишнинг зарари йўқ. Бу ҳолат витрни нуқсонга учратмайди”, деб туриб, бу ҳақидаги далилларни ҳадиси шарифлардан ҳамда саҳобаларнинг қилган ишларидан ҳужжат келтириб бўлиб, ундан кейин бундай деганлар:

وَهَذَا الْقَوْلُ الَّذِي بَيَّنَّا قَوْلُ أَبِي حَنِيفَةَ وَأَبِي يُوسُفَ وَمُحَمَّدٍ رَحِمَهُمُ اللهُ

“Биз баён қилиб берган бу гап Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳумуллоҳнинг гапларидир!” (Абу Жаъфар ат-Таҳовий. Шарҳ маоний ал-асор. 1-жилд. – Байрут: Олам ал-кутуб, 1994. – Б. 340-344).

Аслида, витрдан кейин намоз ўқиш мумкин эмас, деган фикр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: اجْعَلُوا آخِرَ صَلَاتِكُمْ وِتْرًا – “Намозларингизнинг охиргисини витр қилинглар!” (Бухорий, 1/472) ва  اجْعَلُوا آخِرَ صَلَاتِكُمْ بِاللَّيْلِ وِتْرًا- “Кечки намозларингизнинг охиргисини витр қилинглар!” (Бухорий, 2/998) деган ҳадиси шарифларини тўғри тушунмасликдан келиб чиққан. Биринчидан, бу буйруқ ва кўрсатма вожибликни билдирмайди, балки у мустаҳабликни – шуни қилса савоб, қилмаса гуноҳ йўқ амални билдиради. Иккинчидан, унга амал қилмасдан, яъни кечки намознинг охиргисини витр қилмасдан, балки витрни ўқигандан сўнг яна намоз ўқишнинг жоиз эканини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари амалда кўрсатиб берганлар. Бу ҳақида алоҳида саҳиҳ ҳадислар келтирилади. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрдан кейин икки ракъатни ўтириб ўқиб қўярдилар (Абу Довуд, 1/1342).

Гоҳида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрдан сўнг ўтириб ҳам, тикка туриб ҳам намоз ўқийверардилар:

ثُمَّ يُوتِرُ ثُمَّ يُصَلِّي رَكْعَتَيْنِ وَ هُوَ جَالِسٌ فَإِذَا أَرَادَ أَنْ يَرْكَعَ قَامَ فَرَكَعَ

“Сўнгра витр ўқирдилар, сўнг эса ўтирган кўйи икки ракъат намоз ўқирдилар. Агар рукуъ қилмоқчи бўлсалар, туриб рукуъ қилардилар” (Муслим, 1/738).

Яна шуни тушуниш керакки, “Намозларингизнинг охиргисини витр қилинглар!” кўрсатмаси одатий ҳолда амал қилинадиган ишни назарда тутмоқда. Яъни, инсон одатда ухлашдан олдинги охирги намозини витр билан тугатади. Энг кўп ҳадиси шарифларни ривоят қилган Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

أَوْصَانِى خَلِيلِى بِثَلَاثٍ: صِيَامِ ثَلَاثَةِ اَيَّامٍ مِنْ كُلِّ شَهْرٍ، وَ رَكْعَتَىِ الضُّحَى، وَ اَنْ أُوتِرَ قَبْلَ اَنْ أَنَامَ

“Халилим (яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга уч нарсани васият қилганлар: ҳар ойда уч кун рўза тутмоқни, зуҳо (чоштгоҳ)нинг икки ракъат намозини ўқимоқни ва ухлашдан олдин витр ўқимоғимни” (Бухорий, 1/33; Муслим, 1/85, 86; Абу Довуд, 1/7; Насоий, 1/81; Доримий, 1/151; Аҳмад, 2/229; Байҳақий, 3/47; Таёлусий, 2/2392; Ибн Абу Шайба, 2/95).

Хулафои рошидинлардан бири, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёдлаб олган уч нарсамни сен ҳам ёдингда сақла!”, деб туриб, وَ لَا تَنَمْ إِلَّا عَلَى وِتْرٍ – “Витрни ўқиб бўлмагунча ухлай кўрма!”, деганлар (Ҳоким, 4/175).

Бизнинг ота-боболаримиз мазкур саҳиҳ ҳадиси шарифларга – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсияларига амал қилиб, ухлашдан олдин албатта витрни ўқиб ётганлар. Бунинг учун хуфтонни жамоат билан бирга ўқиганларидан сўнг унинг фарзи ва суннатидан кейиноқ дарҳол витрни ўқишга одат қилганлар. Шунинг учун, одатда хуфтонни ўқигандан кейиноқ витрни ўқиб, сўнг ухлашга ётиш керак!

Айрим одамлар хуфтоннинг ўзини суннати билан бирга ўқиб, витрни ўқимай ухлашади ва таҳажжудга турганда, таҳажжуд намозини ўқиб бўлиб, унинг ортидан витрни ўқишади. Бу ҳам жоиз амал ҳисобланади, албатта. Саҳиҳ ҳадиси шарифда келади:

مَنْ خَافَ أَنْ لاَ يَسْتَيْقِظَ آخِرَ اللَّيْلِ فَلْيُوتِرْ أَوَّلُ اللَّيْلِ ، ثُمَّ لْيَرْقُدْ ، وَمَنْ طَمِعَ أَنْ يَسْتَيْقِظَ مِنْ آخِرِ اللَّيْلِ فَلْيُوتِرْ مِنْ آخِرِ اللَّيْلِ ، فَإِنَّ قِرَاءَةَ آخِرِ اللَّيْلِ مَحْضُورَةٌ ، وَذَلِكَ أَفْضَلُ

“Кимки кечанинг охирида тура олмасликдан қўрқса, кечанинг аввалида (хуфтонда) витрни ўқиб олсин. Кимки кечанинг охирида ҳам уйғона олишидан умид қилса, кечанинг охирида витр ўқисин. Чунки туннинг охирида қироат қилганда (раҳмат фаришталари) ҳозир бўлади, мана шуниси афзалдир!” (Муслим, 1/755).

Таҳажжуд эса суннатда айтилган мустаҳаб, ихтиёрий намоз. Таҳажжуд нафл бўлиб, ўқиса савоб, ўқимаса гуноҳ йўқ. У қолдирилса, унинг қазосини ўқиш ҳам вожиб эмас. “Қуръон”да: وَمِنَ اللَّيْلِ فَتَهَجَّدْ بِهِ نَافِلَةً لَكَ – “Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд намозини нафл қилиб ўқинг!”, дейилган (Исро, 79).

Витр эса вожиб намоз, уни ўқиш мажбурий. Зотан, ҳадиси шарифда витрнинг вожиблиги жуда кескин ифодаланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу гапларини уч марта такрор-такрор айтганлар:

اَلْوِتْرُ حَقٌّ فَمَنْ لَمْ يُوتِرْ فَلَيْسَ مِنَّا

“Витр ҳақ вожибдир. Кимки витр ўқимаса, биздан эмас!” (Абу Довуд, 1/1421; Ҳоким, 1/1146; Байҳақий, 2/4251; Аҳмад, 5/23069).

Витр қолдирилса, унинг қазосини ўқиш ҳам вожиб. Суннат ёки нафлларнинг қазоси ўқилмаслиги ўз-ўзидан маълум. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

مَنْ نَامَ عَنْ وِتْرِهِ أَوْ نَسِيَهُ فَلْيُصَلِّهِ إِذَا ذَكَرَهُ

“Кимки витрини ўқимасдан ухлаб қолган ёки унутган бўлса, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин!” (Абу Довуд, 1/1431; Ҳоким, 1/302; Байҳақий, 2/480; Дорақутний, 2/22).

Таҳажжудни ҳеч қачон жамоат бўлиб ўқиш мумкин эмас, витрни эса рамазонда жамоат бўлиб ўқилади. Таҳажжуднинг нафл экани “Қуръон”да эълон қилинган, витрни эса Аллоҳнинг изни билан Пайғамбаримиз алайҳиссалом вожиб деб эълон қилганлар. Шунинг учун, витрни ухлашдан олдин ўқиб, унинг мажбуриятидан тезроқ қутилиш керак. Ухлаганда эса туриш-турмаслиги номаълум, фаришталар келиб сизни турғазиш-турғазмаслиги маълум эмас, витрнинг эса қазо бўлиб қолиш эҳтимоли бор. Кечаси ухламасдан витрни туннинг охирида ўқийман, деб витрни атайин кечиктириш эса уммати муҳаммадияга ярашмайдиган қилиқ. Шунинг учун, улуғ зотларнинг ҳаммаси ва умматнинг жуда кўпчилик авлиёлари витрни таҳажжудда эмас, хуфтонда ўқишга одатланган эдилар. Витрни таҳажжудда ўқишга одатланган зотлар ҳам таҳажжуд пайтида уйқудан уйғонишга ишончлари комил бўлган, фаришталар келиб турғизадиган, имон-эътиқоди жуда кучли ва тақвоси буюк кишилар бўлган:

Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу билан Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу иккиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида витр ҳақида гаплашиб қолишибди. Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу: “Мен витрни ўқиб кейин ухлайман. Мабодо уйғониб қолсам, тонггача икки ракъат-икки ракъатдан намоз ўқийвераман”, дебдилар. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу: “Мен эса хуфтонни фарзи билан бирга икки ракъат суннатини ўқибгина ётаман. Сўнг саҳарликка яқин туриб витрни ўқийман”, дебдилар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳуга: “Мустаҳкам нарсани ушлабсан, шуни эҳтиёт қилиб асра!”, деганлар. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳуга эса: “Қувватли ишни қиларкансан, бунга кучли бўл!”, деганлар (Таҳовий, 1/2016-2017).

Ҳазрати Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу ва ашараи мубашшара – ўн нафар жаннат башорати берилган саҳобалардан бири Саъид ибн Зайд разийаллоҳу анҳу витрни хуфтонда ўқир, сўнг таҳажжудга турганда икки ракъатдан икки ракъатдан намоз ўқиб қўяверар, витрни қайтариб ўтирмасдилар (Ибн Абу Шайба, 2/6800).

Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳунинг ишини инкор қилмасдан, балки уни маъқуллаганлари витрни ўқиб ётиб, сўнг таҳажжудга турганда фақат икки ракъат-икки ракъат (кўпи билан 12 ракъат) нинг ўзини ўқиб қўяверишнинг жоизлигини билдиради. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисларида:لاَ وِتْرَانِ فِى لَيْلَةٍ  — “Бир кечада икки витр йўқ!” деганлар (Термизий, 1/468; Ибн Ҳиббон, 6/2449; Байҳақий, 2/5039; Аҳмад, 4/16339).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Бир кечада икки витр йўқ!” деганлари уйқудан олдин хуфтондан сўнг дарҳол витрни ўқиганлар таҳажжудга турганда фақат таҳажжуднинг ўзини ўқиб қўяверади, деган маънони билдиради. Яъни, витрдан кейин ўқилган намозлар ўша витрни ва унинг савобини йўққа чиқармайди! Саҳоба Талқ ибн Али разийаллоҳу анҳу рамазонда бир уйда жамоат бўлиб хуфтонни, витрни ва таровеҳни ўқибдилар. Кейин масжидга чиқишадиган бўлиб қолибди. Масжидда таровеҳдан кейин витр ўқиладиган бўлибди. Шунда Талқ ибн Али разийаллоҳу анҳу бир кишига витрни жамоатга ўқиб беришини айтиб, ўзлари ўқимай чеккага ўтиб ўтирадиган бўлибди ва бу ишини “Бир кечада икки витр йўқ!” деган ҳадис билан тушунтирибдилар (Насоий, 2/1679; Ибн Хузайма, 2/1101).

Шунинг учун ҳам, буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

إِذَا أَوْتَرْتَ أَوَّلَ اللَّيْلِ فَلاَ تُوتِرْ آخِرَهُ وَإِذَا أَوْتَرْتَ آخِرَهُ فَلاَ تُوتِرْ أَوَّلَهُ

“Агар кечанинг аввалида (хуфтон билан) витр ўқисанг, уни (таҳажжуд билан) охирида витр ўқимагин. Агар кечанинг охирида (таҳажжуд билан) витр ўқийдиган бўлсанг, кечанинг аввалида (хуфтонда) витр ўқимагин!” (Байҳақий, 3/5041; Ибн Абу Шайба, 2/6799).

Демак, Ибн Аббос разийаллоҳу анҳунин гапларидан ҳам витрдан кейин бемалол намоз ўқийвериш мумкинлигини англаш мумкин. Хуфтонда витр ўқиган кимса таҳажжудга турганида витрни қайта ўқиймайди. Макҳул раҳимаҳуллоҳ: إِذَا أَوْتَرَ ثُمَّ قَامَ يُصَلِّي صَلَّى شَفْعًا شَفْعًا – “Агар витрни ўқиб ётиб, сўнг туриб намоз ўқийдиган одам жуфт-жуфт (икки-икки) ракъатдан намоз ўқийверади”, деганлар (Ибн Абу Шайба, 2/6796).

“Намозларингизнинг охиргисини витр қилинглар!” кўрсатмасида тушуниш керак бўлган яна бир нарса борки, у кечда ўқиладиган умумий намозларингиз ракъатлари тоқ бўлсин деганидир. Витрни аввалида ўқисанг ҳам, охирида ўқисанг ҳам намозларнинг умумий сони тоқ – витр бўлса, бўлди. Мана шу маъно саҳиҳ бўлиб, у витрни асло қолдирмасликка, витрнинг суннат эмас, балки вожиб эканига далолат қилади. Саҳобалар: “Намозларингизнинг охиргисини витр қилинглар!” кўрсатмасини худди шундай тушунганлар. Жумладан, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг энг кўп ҳадисларини ривоят қилган саҳоба Абу Ҳурайра разийлалоҳу анҳу бундай деганлар:

لَوْ جِئْتُ بِثَلَاثِ أَبْعِرَةٍ فَأَنَخْتُهَا ثُمَّ جِئْتُ بِبَعِيرَيْنِ فَأَنَخْتُهُمَا أَلَيْسَ كَانَ يَكُونُ ذَلِكَ وِتْرًا؟

“Агар учта туяни олиб келиб чўктирган бўлсам, сўнг яна иккита туяни олиб келиб чўктирсам, бу витр (яъни, тоқ) бўлмай қоладими?!” (Таҳовий, 1/2021).

Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ бу ривоятни келтира туриб, бундай хулосага келадилар:

وَكَانَ يَضْرِبُهُ مَثَلًا لِنَقْضِ الْوِتْرِ وَهَذَا عِنْدَنَا كَلَامٌ صَحِيحٌ وَمَعْنَاهُ أَنَّ مَا صَلَّيْتَ بَعْدَ الْوِتْرِ مِنَ الْأَشْفَاعِ فَهُوَ مَعَ الْوِتْرِ الَّذِي أَوْتَرْتَهُ وِتْرًا

“Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу бу ерда витрнинг бузилиш-бузилмаслиги борасида мисол келтириб ўтганлар. Бу бизнингча саҳиҳ гап бўлиб, унинг маъноси витрдан кейин жуфт намозларни ўқийдиган бўлсанг, у ўқиган витринг билан бирга витр ҳисобланаверади, деганидир” (Абу Жаъфар ат-Таҳовий. Шарҳ маоний ал-асор. 1-жилд. – Байрут: Олам ал-кутуб, 1994. – Б. 343).

Жаннат башорати берилган ўн нафар саҳобадан бири Саъд ибн Абу Ваққос разийаллоҳу анҳу: أَمَّا أَنَا فَإِذَا أَوْتَرْتُ ثُمَّ قُمْتُ صَلَّيْتُ رَكْعَتَيْنِ رَكْعَتَيْنِ – “Мен бўлсам, витр ўқиб ётиб, сўнг таҳажжудга турганда икки ракъат-икки ракъатдан намоз ўқийвераман”, деганлар (Ибн Абу Шайба, 2/6797).

Саҳобалардан яна бири Аммор ибн Ёсир разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

أَمَّا أَنَا فَأُوتِرُ فَإِذَا قُمْتُ صَلَّيْتُ مَثْنَى مَثْنَى وَتَرَكْتُ وَتْرِي الأَوَّلَ كَمَا هُوَ

“Мен ҳам, витр ўқийман. Сўнг таҳажжудга турганда икки ракъатдан-икки ракъатдан қилиб намоз ўқийвераман. Витрни эса аввалда ўқиганим учун қолдиравераман” (Ибн Абу Шайба, 2/6798; Таҳовий, 1/2019).

Саҳобалардан яна бири Рофеъ ибн Хадиж разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

أَمَّا أَنَا فَأُوتِرُ فَإِذَا قُمْتُ صَلَّيْتُ مَثْنَى مَثْنَى وَتَرَكْتُ وَتْرِي

“Мен ҳам витр ўқийдиган бўлсам, бир ухлаб тургандан сўнг икки ракъат-икки ракъатдан намоз ўқийвераман. Витримни эса қайта ўқимайман” (Ибн Абу Шайба, 2/6801).

Тобеъинларнинг олимлари бўлмиш Ҳасан ал-Басрий, Алқама, Иброҳим ан-Нахаъий, Имом аш-Шаъбий, Мужоҳид ва Саъид ибн Жубайр раҳимаҳумуллоҳ кабилар ҳам хуфтонда витрни ўқиб олар, таҳажжудга турганда эса икки ракъат-икки ракъатдан намоз ўқиб қўйишар ва шу ҳақида фатво беришар эдилар (Ибн Абу Шайба, 2/6803-6813).

Витрдан кейин намоз ўқиш мумкинлиги ва унинг макруҳ эмаслигини рамазонда ўқиладиган таровеҳ намозидан ҳам билса бўлади. Фиқҳий манбаларда таровеҳни витрдан кейин ҳам ўқиш мумкинлигини айтиб ўтилган. Жумладан, Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳ бобомиз “ал-Ҳидоя” асарларида бундай деганлар:

وَقَوْلُهُ ثُمَّ يُوتِرُ بِهِمْ يُشِيرُ إلَى أَنَّ وَقْتَهَا بَعْدَ الْعِشَاءِ قَبْلَ الْوِتْرِ ، وَبِهِ قَالَ عَامَّةُ الْمَشَايِخِ ، وَالْأَصَحُّ أَنَّ وَقْتَهَا بَعْدَ الْعِشَاءِ إلَى آخِرِ اللَّيْلِ قَبْلَ الْوِتْرِ وَبَعْدَهُ لِأَنَّهَا نَوَافِلُ سُنَّتْ بَعْدَ الْعِشَاءِ

“Сўнгра одамлар билан бирга витр ўқийди”, деган гапда шунга ишора борки, таровеҳнинг вақти хуфтондан кейин витрдан олдин экан. Бу гапни машойихларимизнинг кўпчилиги айтишган. Энг саҳиҳ гап шуки, таровеҳнинг вақти хуфтондан сўнгра, кечанинг охиригача бўлиб, витрдан олдин ҳам ёки витрдан кейин ҳамдир. Чунки таровеҳ хуфтондан кейин суннат бўлган нафллар жумласидандир” (Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1904. – Б. 134).

Рамазонда эса витр намози жамоат бўлиб ўқилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан таровеҳ ўқиганларида уларга витрни ҳам ўқиб берган эдилар (Ибн Ҳиббон, 6/2409, 2415).

Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу даврида хуфтоннинг фарзини ва витр намозини у зотнинг шахсан ўзлари имом бўлиб жамоатда одамларга ўқиб берганлар. Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳу каби қори саҳобалар эса таровеҳда “Хатми Қуръон” қилиб берганлар. Ҳазрати Али разийаллоҳу анҳунинг ҳам худди шундай йўл тутганлари нақл қилинган (Байҳақий, 2/4802-4804).

Хулафои рошидин бўлмиш чаҳорёрлар ҳамда саҳобалардан қолган бу анъана ҳозиргача ўзгармай келмоқда. Шунинг учун, “Фатҳ ал-Қадир”да “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таровеҳни витр билан бирга одамларга ўқиб бериб, сўнг таровеҳни жамоат қилиб ўқиб бераверса, одамларга фарз бўлиб қолишдан қўрқиб, узр айтганлиги сабабли (кейинчалик) саҳобалар таровеҳни витр билан бирга жамоат қилиб ўқиганлари учун таровеҳ суннат бўлгани каби витрни ҳам жамоат билан ўқиш суннат ва афзалдир”, дейилган (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-Қадир. 1-жилд. – Миср: Амирия, 1898. – Б. 335).

“Баҳр ар-роиқ”да ҳам рамазонда витрни жамоат билан ўқишнинг афзаллиги борасида бундай дейилган:

فَالْوِتْرُ كَالتَّرَاوِيحِ فَكَمَا أَنَّ الْجَمَاعَةَ فِيهَا سُنَّةٌ فَكَذَلِكَ فِي الْوِتْرِ

“Демак, витр таровеҳ кабидир. Уни жамоат бўлиб ўқиш суннат бўлгани каби витрни ҳам худди шундай жамоатда ўқиш суннатдир” (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Ал-Баҳр ар-роиқ. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 123).

Чунки “Радд ал-муҳтор”да айтилишича, жамоат билан ўқиладиган ҳар қандай намозни масжидда ҳамма билан адо этиш афзалдир (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 501-502).

Жамоат намозининг ёлғиз намоз ўқигандан кўра 25 ёки 27 даража савоби кўпроқ экани барча намозхонларга маълум:

صَلَاةُ الرَّجُلِ فِي الْجَمَاعَةِ تُضَعَّفُ عَلَى صَلَاتِهِ فِي بَيْتِهِ وَفِي سُوقِهِ خَمْسًا وَعِشْرِينَ ضِعْفًا

“Кишининг жамоатдаги намози ўз уйида ва бозорида ўқиган намозидан кўра йигирма беш баробар ортиқ бўлади” (Бухорий, 1/647).

Бироқ, айрим одамларнинг рамазонда витрни жамоат бўлиб ўқиш ўрнига масжиддан чиқиб кетаётганларини кўриш мумкин. Улар, ўзларича, саҳарликка турганда таҳажжудда витрни ўқиш зарур, деган ниятда шу ишни қиладилар ва асл ҳақиқатдан бехабар бўлганлари боис жамоатнинг 25 ёки 27 даража савобидан маҳрум бўладилар.

ХУЛОСА шуки, бизнинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ҳанафийлик деб аталган мазҳабларида витрдан кейин тонггача ҳар қандай намоз ўқиш мумкин ва у макруҳ эмас. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ижозатлари билан саҳобаларнинг кўпчилиги ҳамда умматнинг мутлақ кўп қисми асрлар давомида қилиб келган иш шуки, витрни хуфтоннинг фарзи ва суннатидан сўнг дарҳол ўқиб олишган. Витрни ўқиб бўлиб, ухлашга ётишган. Саҳарда эса турадиган бўлсалар, таҳажжудни икки ракъат-икки ракъатдан қилиб ўқийверишган, ухлашдан олдин ўқиганлари сабабли витрни қайта ўқишмаган. Саҳобаларнинг кўчилиги ва уммати муҳаммадиянинг аксар қисми асло “Витрдан кейин намоз ўқиш макруҳ”, деган эмас. Бинобарин, бу борада ҳар хил маълумотларга чалғимасдан ҳанафий мазҳаби уламолари қабул қилган, барча мусулмонлар каби иш тутиб, ҳамма қатори витрни хуфтоннинг фарзи ва суннатидан сўнг дарҳол ўқиб олмоқ энг тўғри ва энг муносиб ишдир!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *