ВИЖДОН

tumblr_ouqmygWHlu1uq20lao1_1280Виждон фақат инсон зотига хос нарса. У арабча «важада» (топмоқ) сўзининг масдари ҳисобланади. Виждон бу инсоннинг ички олами, ўзи ва ботиний қувватидир. Виждон бу ҳис-туйғулар, реакциялар, хоҳиш-истаклар, бирор нарсани яхши кўриш, ёмон кўриш, мойил бўлиш, нафратланиш, бирор ҳолатдан маънавий лаззат олиш ёхуд аламланиш каби инсоний туйғулар мажмуасидир.

Виждон инсон учун жуда ҳам муҳим нарсадир. Зеро, одамларнинг ўзаро алоқа ва муносабатлари автоматик равишда ҳаракатланадиган машиналар каби ташқаридан бошқарилмайди. Ижтимоий муносабатлар ўта чигал ва мураккаб ҳолатлардан иборат. Улар дастурланган компьютерлар сингари ишламайди.

Агар инсоннинг ҳаёти фақат ақл деган нарсага таяниб, унда виждон ва ҳис туйғулар учун ўрин бўлмаганда бу дунё ҳаёти ўта бешафқат, ўта худбинона тус олган бўларди. Унда фақат моддий манфаатлар биринчи ўринга чиқарди. Ҳар қандай одамийлик, олийжаноблик, меҳру мурувват каби тушунчаларга ўрин қолмасди.

Баъзида «фалончи виждонли одам экан», «виждони бор экан» деган сўзларни эшитиб қоламиз. Қандай қилиб инсон виждонли бўла олади? Бунинг учун аввало инсоннинг ўзи виждонидан юз ўгирмаслиги лозим. Бу олийжаноб ҳисни ўтмаслаштириб қўймаслиги лозим. Зеро, парваришланмаган нарса ҳалокатга юз тутгани каби виждон ҳам агар эътибор кўрмаса заифлашиб боради ва кун келиб буткул йўқолади.

Виждонни йўқотмасликнинг яна бир сабаби кишининг яхши оилада, олийжаноб муҳит бағрида ўсиб-улғайишидир. Яхши одамлар қуршовида яшаган, уларнинг эзгу амалларига гувоҳ бўлиб катта бўлган инсон бу туйғуни бой бериб қўйиши қийин.

Негаки, бундай инсон ўз вақтида ота-онасидан етарлича меҳр кўрган, қариндош уруғлар ва оиласини ўраб турган яқинларидан олийжанобликнинг олий намуналарига шоҳид бўлган, гўзаллик боғида униб, маърифат чашмаларидан қониб ичган бўлади.

Натижада унинг қалби, онгу шуури гўзаллик нима, эзгулик нима, меҳру мурувват нима эканлигини ҳис қиладиган, разолат ва қабоҳатдан, чиркинлик ва пасткашликдан қочадиган, нафратланадиган бўлиб, шаклланади.

Юқорида виждон бу арабча «важада» (топмоқ) сўзининг масдари эканлиги айтилди. Демак, виждон бирор ҳолат қаршисида кишининг унга нисбатан қалбида топувчи тепки ва реакциялари экан.

Локин, бу ҳолат юз бериши учун яъни қалб муайян ҳолатлар қаршисида ниманидир ўзида топиши учун аввал у қалб яхшиликлар билан суғорилган ва ёмонликлар, қабоҳат ва разолат, пасткашлик ва тубанликларга нисбатан нафрат ҳисси ичирилган бўлиши керак.

Яъни, инсонда виждон мавжуд бўлиши, виждон ишга киришиши учун аввал қалбда яхшилик ва ёмонликнинг, гўзаллик ва чиркинликнинг «штамплари» мавжуд бўлиши керак.

Ана шунда киши ўзи йўлиққан, йўлига кўндаланг бўлган яхши ёки ёмон ҳолат қаршисида ўзини йўқотмайди. Унинг қалби, ботини бу ҳолатларга нисбатан инсоннинг товланиб, ўзгариб турувчи, ўзгарувчан ва фақат манфаатларнигина кўзлайдиган буқаламун ақлига бўйсунмаган ҳолда ўз ҳукмини чиқаради.

Бу қатъий ва ўзгармас ҳукм бўлади. Унга қарши юришга ҳар қанча ҳаракат қилмасин виждон азоби катталашиб бораверади. Ахийри, инсон ё онгли равишда виждонидан воз кечиб, ботилга хизматкор ва шайтонга малай бўлишга ўзини мажбур қилади. Ёхуд ўзини ўнглаб олади ва қалб хотиржамлигига эришади.

Аксинча бўлсачи, яъни инсон соғлом муҳитда тарбия топмаган, гўзаллик оғушида вояга етмаган бўлса, маънавий қашшоқ ва маърифатдан йироқ уяда катта бўлган бўлса, унинг қалби ва ботини яхшилик ва ёмонликни ажратолмайди. Чунки, унга яхшилик ва ёмонлик қандай бўлиши кўрсатилмаган. Эзгуликдан тотиб кўрмаган.

Шу боис, унинг қалбида эзгулик ва ёвузликнинг, гўзаллик ва қабиҳликнинг асари ва муҳри кўринмайди. Бас, ҳолат шундай бўлгач, унинг қалби қайси меъёр ва ўлчовларга кўра яхшилик ва ёмонликка нисбатан жунбушга келсин?! Ўзида бўлмаган ва ўз вақтида суғорилмаган яхшилик ва ёмонлик туйғуларини қандай топсин ва қандай аниқласин?!

Виждон масаласига энг кўп аҳамият қаратган дин Исломдир. Ислом дини инсоннинг ботини ва ички оламини поклаш ва гўзаллаштиришга энг муҳим ишлардан бири сифатида қарайди. Зеро, кишининг сулукини белгилайдиган, уни яхшилик сари ҳаракатлантирадиган нарса ҳам ана шу виждондир.

Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларидан маълумки, ҳар бир инсон фитратда туғилади. Сўнгра, унинг ота-онаси уни ё яҳудий ё насроний ёхуд мажусий қилиб тарбиялайдилар.

Ушбу ҳадиси шариф виждон Исломдаги энг муҳим нарса эканлигининг очиқ-ойдин исботидир. Зеро, покиза фитрат бу ҳадисда Ислом сўзининг синоними сифатида ишлатилган.

Инсон фитрати тоза бўлиб туғилади ва агар покиза ва соғлом муҳитда улғайса, унинг фитрати ўз покизалигини сақлаб қолади. Натижада, яхши ва ёмон ҳолатларга ўз муносабатини билдира олади. Виждони унинг ҳаёт ўлчови бўлиб қолади.

Бордию, у нопок муҳитда тарбияланиб, қоронғу кўчаларда ётиб-турса, унинг фитрати ўз покизалигини сақлаб қололмайди. Балки, унинг устини моғор қоплайди. Оқибатда, тўғри йўлни йўқотади.

Сўз хазиналари ато этилган улуғ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бениҳоя балоғатли бўлган бу ҳадислари тафаккур юритувчилар учун олам-олам маънолар эшигини очиб беради.

Агар юқоридаги ҳадиси шариф ҳақида тадаббур қиладиган бўлсак, Ислом бу асл фитрат ва асл виждонга мувофиқ эканлиги балки, Ислом бу виждон ва фитратнинг ўзи эканлигини англаб етамиз.

Виждон деб атаётганимиз шуур Қуръони каримда нафси лаввома (маломатчи нафс) дея васфланади. Ҳатто Рабб таоло Қиёмат сурасида мазкур нафсни қасамёд билан зикр этади. Бу ҳам бўлса, виждоннинг мусулмон киши ҳаётидаги ўрни беҳад баланд эканлигига ишорадир.

Яна шуни билиш ҳам зарурки, Виждон буюк неъматдир. У йўлимизни ёритиш учун Раббимиз томонидан туҳфа этилган улуғ тортиқдир. Қадрига етилмаган, қадрланмаган неъмат эса заволга юз тутишга маҳкумдир. Бўлиб ҳам Виждон ўта нозик, ўта латиф неъматдирки, уни шикастлаб қўйиш, зарарга гирифтор этиш ғоят осон.

Виждонни асрайлик…

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...