Валийуддин ал-Ироқий: сифатларни таъвил қилиш ҳукми

Lotin alifbosida

Валийуддин Аҳмад ибн Абдурраҳим ал-Ироқий (762-826 ҳ./1361-1423 м.) раҳимаҳуллоҳ таниқли ҳадисшунос олим, фақиҳ, тилшунос бўлиб, Қоҳирада туғилиб-ўсганлар. Кейинчалик Дамашқ, Макка, Мадина шаҳарларида ўқиганлар. Илмни ўз отаси машҳур олим Зайниддин ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳдан ҳамда Иззиддин ибн Жамоа раҳимаҳуллоҳ, Сирожиддин ал-Билқиний раҳимаҳуллоҳ каби ўз даврининг бошқа етук олимларидан олганлар.

Мазкур Валийуддин ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳ ҳақларида Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ: “У ўз асрининг энг яхшиси эди”, деганлар. Бадриддин ал-Айний раҳимаҳуллоҳ эса “У Миср диёрларида шофеъий имомларининг энг охиргиси”, деганлар.

Валийуддин ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳнинг йигирмадан ортиқ муҳим асарлари бор. Жумладан, “Сунани Абу Довуд”га битган етти жилдлик шарҳи ҳам мавжуд.

Валийуддин ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳ “ал-Ажвиба ал-марзия ъан ал-асъила ал-маккия” (“Маккаликларнинг саволларига рози бўладиган жавоблар”) номли асар ёзганлар. Мазкур асар маккалик олимлар томонидан у зотга юборилган саволларга жавоб шаклида ёзилган. Асарда ўттизта саволга жавоб берилган. Улардан биринчи савол Аллоҳ таолонинг сифатлари тўғрисидадир. Бу сифатлардан айнан “муташобеҳ” деб аталадиган, “яд” (“қўл”), “важҳ” (“юз”), “айн” (“кўз”), “истиво” (“тенглашув, жойлашув”) каби Аллоҳ таолонинг зоҳиран қараганда яралмишларга ўхшаб зикр қилинган сифатларини қандай тушуниш кераклиги ҳақидадир.

Мелодий XV аср бошларида яшаб ўтган олим Валийуддин ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг муташобеҳ сифатларини тушунишда аҳли суннат ва жамоат уламолари икки гуруҳга бўлинганларини зикр қилганлар. Тавфиз қилувчилар жамоаси ва таъвил қилувчилар жамоаси. Биринчи гуруҳда кўпроқ салафи солиҳинлар бўлсалар, иккинчи гуруҳни мутааххирин уламолар – кейинги давр олимлари ташкил қилганлар. Валийуддин ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳ ҳам кейинги давр уламоси бўлгани боис муташобеҳ сифатларни таъвил қилишни жоиз ва зарур деб билганлар. Ҳатто буни илм аҳлига фарзи кифоя деб ҳукм қилганлар.

Ҳозирги давримизда мазҳабларга тақлид қилишни хушламайдиган, ўзлари оят ва ҳадислардан далил олувчи мужтаҳиднамо янги зоҳирийлар, ўзларини билар-билмас салафи солиҳинларга эргашувчи деб даъво қилувчи сохта салафийлар, ваҳҳобий ва бошқа номлар билан аталаётганлар Валийуддин ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳ келтирган ҳақиқатларни инкор қилишга ўтганлар. Улар муташобеҳ сифатларнинг зоҳирини ушлаб олиб, салафи солиҳинларимизни шундай қилган деб бўҳтон ва туҳмат қилмоқдалар. Кейинги давр уламоларининг таъвил услубларини эса мутлақо инкор қилишиб, ашъарий ва мотуридийларга таъна қила бошладилар. Ҳолбуки, ашъарий ва мотуридийлар айнан аҳли суннат ва жамоат таълимотининг асосини ташкил қиладилар. Уларга таъна-дашном қилиш, уларнинг эътиқодий ва фиқҳий қарашларини ботилган чиқариш адашув ва ҳақдан четлашувнинг асосидир!

Хуллас, Валийуддин ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳ мазкур “ал-Ажвиба ал-марзия ъан ал-асъила ал-маккия” (“Маккаликларнинг саволларига рози бўладиган жавоблар”) номли асарларида буларни айтганлар:

المسئلة الأولى. الآيات و الأحاديث التى فيها ذِكْرُ بعض صفات الله تعالى العليا منها ما يُشْكِل على الناس التدبر فيه و التعقل له و إن خاضوا فيه يُخاف عليهم الوقوع فى ظلمات الضلال و التردّى فى الشبهات و المحالات فيؤمنون بظواهر الألفاظ و لا يتعقلون فيها يقينا ام كيف يفعلون؟ و إن أمِروا بالتعقل كيف طريق سلامتهم من الآفات و الشبه؟ هذا من واجبات الدين او مكملاته او فرض كفاية؟

الجواب. أنّ لأهل العلم فى آيات الصفات و أحاديث الصفات قولين مشهورين:

أحدهما و هو مذهب السلف أنه لا يتكلم فى معناها بل يجب علينا أن نؤمن بها و نعتقد لها معنى يليق بجلال الله سبحانه و تعالى مع إعتقادنا الجازم أنّ الله سبحانه و تعالى ليس كمثله شئ و أنّه منزه عن الأجسام و الإنتقال و التحيز فى جهة و عن سائر صفات المخلوقين ليس كمثله شئ و هو السميع البصير و قد ذهب الى هذا جماعة من المتكلمين ايضا و هوأسلم و أقلّ خطرا

و القول الثانى و هو مذهب أكثر المتكلمين أنها تُتأول على ما يليق بها على حسب مواقعها بحيث تُصرف عن ظواهرها للأدلة القائمة على ذلك و إذا قلنا بهذا المذهب الثانى فإنما يسوغ تأويلها لمن كان من أهل ذلك بأن يكون عارفا بلسان العرب و قواعد الأصول و الفروع ذا رياضة فى العلم و من كان بهذا المحل من العلم فلا يُخشى عليه الوقوع فى الآفات و الشبه لتمكّنه من معرفة قواعد الشرع و خبرته بما يجب لله تعالى و يستحيل عليه.

أما من لم يكن بهذه الصفات فليس له الكلامُ فى ذلك و الخوضُ فيه و متى فعل ذلك إرتكب أمرًا عظيمًا و تجشم خطبًا جسيمًا و يجب على أهل العلم منعُه من ذلك فإنه يُلحِد فى آيات الله تعالى من حيث لا يدرى و الواجب عليه إمرارُها كما جاءت من غير خوض فيها و لا تعقل لمعناها

و إمّا سؤالُ اهل العلم المتمكنين من معرفة لسان العرب و قواعد الشرع و الوقوفُ عند ما يذكرونه له من غير زيادة عليه و لا نقص عنه و قد قال الله تعالى «فاسألوا أهل الذكر إن كنتم لا تعلمون». و ليس هذا تقليدا فى الإيمان لأنّ إستناده فى إثبات تلك الصفات الى ما علم من الكتاب و السنة و لكنه لما أشكل عليه معناه رجع فيه الى أهله قال الله سبحانه و تعالى «و لو ردّوه الى الرسول و الى أولى الأمر منهم لعلمه الذين يستنبطونه منهم».

و الأسلم له و لغيره تركُ الخوض فى ذلك و حظّه من الإيمان التصديقُ به و إعتدادُه مع علمه بأن له معنى يليق بجلال الله سبحانه و تعالى و أنّه ليس كمثله شئ و إذا كان هذا هو الأسلم فى حقّ من رسخ قدَمُه فى العلم فكيف بغيره

فإن قلنا بالمذهب الأول فليس الخوض فيها و التعقل لمعناها فرضَ عينٍ و لا كفاية و إن قلنا بالمذهب الثانى فهو فرض كفاية يتعلق بأهل العلم الذين بلغوا مرتبة ذلك و لا يتعلق الفرض فيه بالعوام و لا بمن لم يرسخ قدمه فى العلم بل الواجب على من هو بهذه الصفة الكفّ عن ذلك كما قدمتهُ و الله أعلم

Биринчи масъала. Аллоҳ таолонинг олий сифатларидан айримларининг зикри келган оят ва ҳадисларда одамларга тушуниш ва ақлига сиғдириш мушкил бўладиган нарсалар бор. Агар улар борасида чуқур кетсалар, уларнинг залолат зулматларига, шубҳалар ва муҳоллар гирдобига тушиб қолиш хавфи ҳам мавжуд. Ибораларнинг зоҳирига имон келтириб, уларнинг маъносига ақлларини ишлатмай турсинларми ёки нима қилсинлар? Агар ақл ишлатишга буюриладиган бўлса, уларнинг офатлар ва шубҳалардан саломат қолиш тариқаси қандай? Бунинг ўзи диний вожиботларданми ёки уни мукаммал қилувчими ёхуд фарзи кифоями?

Жавоб. Сифатлар баён этилган оят ва ҳадислар борасида аҳли илмларнинг иккита машҳур қарашлари мавжуд.

Улардан биринчиси, салафи солиҳинларнинг мазҳаби. Сифатларнинг маъноси борасида гапирилмайди, дейдилар. Балки, бизга уларга имон келтирмоғимиз вожиб бўлади ва Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг жалолига лойиқ маъноларда деб эътиқод қилмоғимиз лозим бўлади. Шу билан бирга, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога ҳеч нарса ўхшамайди, у жисмлар, кўчишлар, бирор томонда чегараланишдан ва яралмишларнинг бошқа сифатларидан пок, Унга ҳеч нарса ўхшаш эмас ва У ўта эшитгувчи ва кўргувчи деб жазм қилиб эътиқод қиламиз. Дарҳақиқат, бу қарашни мутакаллимлардан бир жамоаси ҳам қабул қилганлар. У саломатлироқ ва хатари озроқдир.

Иккинчи қараш, мутакаллимларнинг кўпчилигининг мазҳабидир. У сифатларда Аллоҳ таолога лойиқ бўладиган маъноларни ўрнига қараб таъвил қилинади. Шунга мувофиқ келувчи далиллар борлиги учун сифатларнинг зоҳирларидан (таъвил томон) бурилади. Агар бу иккинчи мазҳабни айтадиган бўлсак, шунга аҳл бўлган (илмлик) кимсалар учун сифатларни таъвил қилиш жоиз ҳисобланади. Улар араб тилини танувчи, усул ва фуруъ қоидаларини билувчи, илмда риёзат чеккан кимсалар бўлади. Илмда шу жойга етиб келган кимса (таъвил қилишга қодир илмга эга олим)га офатлар ва шубҳаларга тушиб қолишининг хавфи бўлмайди. Чунки, у (олим) шариат қоидаларини танишда ўз ўрнига эга, Аллоҳ таолога вожиб ёки муҳол бўладиган нарсалардан хабардордир.

Аммо, кимда ушбу сифатлар (олимлик) бўлмаса, унга бу борада гапириш ва чуқур кетиш жоиз эмас. Қачон бу ишни қилса, у оғир ишни қилган ва йирик юкни ўз бўйнига олган бўлади. Аҳли илмларга уни бундан ман қилиш вожиб бўлади. Билмагани учун у Аллоҳ таолонинг оятларида мулҳид (кофир) бўлиб қолади. Унга вожиб шуки, уларни (сифатларни) қандай келган бўлса, шундай ўтказсин (ишонсин), уларга чуқур кетмасин ва уларнинг маъноларига ақл юритиб ўтирмасин.

Бироқ, араб тилини, шариат қоидаларини билишда ўз ўрнига эга ҳамда улар зикр қилган нарсалардан (сифатлар ҳақидаги оят ва ҳадислар маъносидан) зиёдаликка ва нуқсонга йўл қўймасдан воқиф бўлган илм аҳлидан сўраш – Аллоҳ таолонинг “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг!”, (Наҳл, 43) дегани сабабли бу имонда тақлид ҳисобланмайди! Чунки, ушбу сифатларни исбот қилишда унинг суянадиган нарсаси Китоб ва Суннатдан билган маълумотларига кўрадир. Лекин, у ҳам уларнинг маъноси мушкил бўлган жойларда унинг ўз аҳлига мурожаат қилади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай деган: “Агар уни Пайғамбарга ёки ўзларидан бўлган амирларга етказсалар, уни билиб олишни истовчилар ўшалардан (сўраб) билаверар эдилар” (Нисо, 83).

Унга ҳам, бошқаларга ҳам бу борада чуқур чўнғишни тарк этиш саломатлироқдир. Имондан унинг насибаси уларни тасдиқ қилиш, ўзининг илми билан уларни Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг жалолига лойиқ бўладиган маънода деб ҳисоблашдир. Зотан, Аллоҳ таолога ҳеч нарса ўхшамас. Агар мана шундай бўлса, у саломатлироқ қолади. Бу қадами илмда мустаҳкам бўлган кимса ҳаққидадир. Бошқалар қандай бўлади?

Агар аввалги мазҳабни айтадиган бўлсак, булар борасида чуқур кетишнинг ва уларнинг маъносига ақл юритишнинг жоиз эмаслиги фарзи айн бўлади, фарзи кифоя эмас. Агар иккинчи мазҳабни айтадиган бўлсак, у фарзи кифоядир. Бу ушбу мартабага етган илм аҳлига тааллуқли, фарзлик авомга ва қадами илмда мустаҳкам бўлмаган кимсага тааллуқли бўлмайди. Балки, бу сифатдаги (авом ва илми мустаҳкам бўлмаган) ларга бу борада тилини тиймоқ, айтиб ўтганимиздек, вожиб бўлади. Валлоҳу аълам!”.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг муташобеҳ сифатларига ёндашув борасида аҳли суннат ва жамоат таълимотидан оғишмаган мусулмонларнинг уламолари икки гуруҳга бўлинганлар. Аввалги давр уламолари “тафвиз” аҳли, кейинги давр уламолари эса “таъвил” аҳли деб аталади. Илмни юксак, узоқ йиллар устоз олдида таҳсил олган, қуръоний оятлар ва ҳадисий ҳикматларни чуқур биладиган, араб тилини мукаммал эгаллаган, аҳли суннат ва жамоатнинг соф ақидаларини тўла ўзлаштирган аҳли илмларга муташобеҳ оятларни “таъвил” қилиб оммаган тушунтириб бериш, Валийуддин ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳ фикрига кўра фарзи кифоя бўлади. Демак, бу аҳли суннат ва жамоат таълимотларига мукаммал эргашиб ёзилган тафсир ва ҳадис шарҳларида ўз аксини тўла намоён қилган. Ашъарий ва мотуридийлар аҳли суннат ва жамоатнинг икки қаноти бўлиб, муташобеҳларни “таъвил” қилиб тушунишда бу мажбуриятни мукаммал адо қилгандир. Бироқ, афсуски, аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифалар ушбу ашъарий ва мотуридийларга таъна қилиб, залолат гирдобида қолиб кетмоқдалар.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизни ҳаққоний аҳли суннат ва жамоат таълимотларидан, ашъарий ва мотуридийликнинг соф ақидаларидан ўзи айирмасин. Омин!

    Ҳамидуллоҳ Беруний.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *