Усул ал-фиқҳ ва фуруъ ал-фиқҳда ишлатиладиган истилоҳлар

Lotin alifbosida

 ал-Фарз (الفرض) – (фарз). Қатъий ва шубҳасиз далил билан буюрилган, далилида ҳеч қандай шубҳа туғдирмайдиган амал. Яъни, “шу ишни қилинг!”, “бу фарз қилинди!” деганга ўхшаш аниқ иборалар билан буйруқ келгани билан унинг фарзлиги аниқланади. Уни қилиш билан катта савоб олинади, узрсиз тарк этиш билан эса қаттиқ азобга дучор бўлади. Уни инкор этган ва енгил (истихфоф) санаган кимса кофир ҳисобланади. Фарз бевосита Қуръони карим, кейин мутавотир ёки машҳур деб аталадиган ҳадиси шариф ҳамда ижмоъ ила исботланган бўлиши лозим. Фарз икки хил бўлади: “фарзи айн”  ва “фарзи кифоя”. Фарзи айнни ҳар бир балоғатга етган, ақли-ҳуши жойида бўлган мусулмон қилиши шарт ҳисобланади. Беш вақт намоз, рамазон ойининг рўзаси кабилар фарзи айн дейилади. Фарзи кифоя эса барчага лозим, бироқ баъзи мусулмонлар бажариши билан бошқалардан соқит бўлади. Жаноза намозини ўқиш, жамиятда маълум соҳа бўйича мутахассислар етиштириш кабилар фарзи кифоя бўлади. Фарз яна моҳиятига кўра икки турга бўлинади: “фарзи илмий” ва “фарзи амалий”. Фарзи илмий илм аҳли иттифоқи билан қатъий белгилаб қўйилган ҳақиқий фарз бўлиб, илмга кўра ҳам, амалиётда ҳам фарз ҳисобланади. Фарзи амалий эса илмга кўра вожиб ўрнида бўлиб, амалиётга келганда фарз даражасидадир. Бу икки турни аксар ҳолатда “фарзи қатъий” ва “фарзи зонний” ҳам деб аталади.

ал-Вожиб (الواجب) – (вожиб). Гумонли далил, қатъий бўлмаган далил билан талаб қилинган амал. Унинг далили бор, лекин фарзлигига шубҳа (эҳтимол) бўлади. Бу далил оят, ҳадис ва ижмоъдан олинган бўлиши мумкин. Уни қилиш билан савоб олинади, узрсиз тарк қилиш билан гуноҳга қолади. Инкор қилган кимса кофир бўлмайди, балки фосиқ ҳисобланади. Фиқҳий манбаларда “вожиб” атамаси мутлақ келтирилганда, фарзлар ҳам тушунилиши мумкин. Вожиб ҳам гоҳида “вожиби айн” ва “вожиби кифоя”га бўлинади. Оқилу болиғ ҳар бир мусулмон бажариши вожиб бўлгани – витр намозини ўқиш каби вожиби айн бўлса, баъзилар қилиши сабабли бошқалардан масъулият кўтарилса, масалан, тиловатга ихлос билан қулоқ солиш кабилар вожиби кифоя бўлади. Фарз билан суннат ўртасида вожиб амали ва алоҳида тушунчаси борлиги ҳанафийлик мазҳабига хос бўлиб, бошқа мазҳаб қарашларига кўра бундай алоҳида амал тури йўқ.

ас-Суннат (السنة) – (суннат, муқаддас одат). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки хулафои рошидиннинг давоматли қилган амаллари ёки таъкидлаб буюрганлари суннат ҳисобланади. Уни тарк қилиш билан маломатга қолиш мумкин. Суннат икки турга бўлинади: “суннати ҳудо” ва “суннати завоид”. Суннати ҳудо (ҳидоятга сабаб бўлмиш муқаддас одат) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодат тарзида бажарган амалларидир. Суннат намозлари, суннат рўзалар кабилар бунга киради. Мусулмонларга айнан шу турдаги суннатларни қилиш таъкидлангани учун уни “суннати муаккада” (таъкидланган суннат) ҳам дейилади. Суннати завоид (зиёда суннатлар) эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатлари, инсоний феъл-атворлари асосида шакллантирилган. Масалан, оқ кўйлак кийиш, иргуруч истеъмол қилиш кабилар. Суннати ҳудо ёхуд муаккада ўз навбатида “суннати айн” ва “суннати кифоя”га бўлинади. Беш вақт намозлардаги суннатлар суннати айн бўлса, таровеҳ намозини жамоат билан масжидда ўқиш суннати кифоя бўлади. Суннат атамаси гоҳида вожибга ва гоҳида мустаҳабга нисбатан ҳам қўлланилади. Суннати ҳудони узрсиз тарк қилиш билан гуноҳ орттирилади; макруҳ бўлади; маломатга қолинади; енгил санаш (истихфоф) ва ҳақоратлаш билан куфрга кетилади. Суннати завоидни тарк қилиш билан маркуҳлик содир бўлмайди; маломатга мустаҳиқ ҳисобланмайди.

ал-Мустаҳаб (المستحبّ) – (мустаҳаб, мақбул саналган). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир марта қилиб, бошқа пайт бажармай қўйган амаллари “мустаҳаб” деб номланган. Шунингдек, саҳоба ва тобиъинларнинг яхши кўриб бажарган ишлари ҳам “мустаҳаб” жумласига кириши мумкин. У суннати завоиддан пастроқ даражада бўлиб, адо қилганга қандайдир савоб берилади, тарк қилган эса маломат қилинмайди. Уни тарк қилиш доимо ҳам макруҳ ҳисобланавермайди, чунки бирор амалнинг макруҳ бўлиши учун махсус (алоҳида) далил бўлиши керак. Лекин, мустаҳабни адо қилишга киришилгандан сўнг тарк қилиш ярамайди, уни охирига етказиш керак бўлади. Мустаҳабнинг номлари кўп, унинг “мандуб”, “нафл”, “татаввуъ”, “адаб”, “фазилат” каби номлари бор. Мустаҳаб – шариат соҳиби яхши кўргани ва далилини айтгани; мандуб – унинг фазилат ва савобини баён қилиб мақтагани; нафл – у орқали фарз ва вожибларга қўшимча савоб ато этилгани; татаввуъ – уни бажарган кимса хос буйруқ бўлмаса ҳам ўз ихтиёри билан адо этгани; фазилат – уни қилган одам фазилатли ҳисоблангани; адаб – уни бажарувчи одобли бўлгани учун ҳам амал шу номлар билан аталган. Мустаҳаб атамаси гоҳида суннатга нисбатан ҳам ишлатилади.

ал-Ҳаром, ал-муҳаррам (الحرام، المحرّم) – (ҳаром). Оят, мутавотир ва машҳур ҳадис ёки ижмоъдаги аниқ далил билан қатъий таъқиқланган амал. Уни тарк қилиб савобга эга бўлинади, уни бажарган одам катта гуноҳга қолади. Уни ҳалол санаган кимса кофир бўлади. Ҳаром ҳам ўз навбатида “ҳаром ли-айниҳи” (айнан ўзи ҳаром) ва “ҳаром ли-ғайриҳи” (бошқа сабаб билан ҳаром) каби турларга бўлинади. Масалан, зино қилиш ҳаром ли-айниҳидир, ўз аёлига ҳайз пайтида жинсий яқинлик қилиш ҳаром ли-ғайриҳидир. Баъзилар “ҳаром ли-ғайриҳи”ни инкор қилиш билан кофир бўлинмайди, десалар, айримлар ҳатто сағира гуноҳни ҳалол санаш билан ҳам куфрга кетилади, деб ҳисоблайдилар.

Макруҳи таҳримий (المكروه تحريمًا) – (ҳаромга яқин макруҳ). Шариат гумонли, эҳтимолли, қатъий бўлмаган далил (яъни, бир неча эҳтимолли, бир неча таъвилли оятлар ёки аҳод деб аталадиган саҳиҳ ҳадислар) билан қатъий тарзда қайтарган амал. Ҳайит куни рўза тутиш, кўзмунчоқни тумор сифатида тақиш кабилар. Уни қилмаслик билан савобга, қилиш билан эса гуноҳга эга бўлинади. Ҳалол санаган одам кофир бўлмайди, лекин шафоатдан маҳрум бўлиб қолиши таъкидланган. Шу жиҳатдан у “вожиб”нинг қарама-қаршисида турадиган амал. Фиқҳий манбаларда “макруҳ” атамаси мутлақ келганда, “макруҳи таҳримий” назарда тутилган бўлади. “Макруҳ” атамасини Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ гоҳида “ҳаром”нинг ўрнида ҳам ишлатганлар.

Макруҳи танзиҳий (المكروه تنزيهًا) – (ҳалолга яқин макруҳ). Шариат қатъий тарзда қайтармаган амал, лекин мулойимлик билан уни тарк қилиш авлолиги таъкидланган. Мушук теккан сувни ишлатиш кабилар. Вожибнинг тарки макруҳи таҳримий, суннатнинг тарки макруҳи танзиҳий, дейдиган уламолар бор.

ал-Мустакраҳ (المستكره) – (макруҳ саналган). Уламолар макруҳ санаган амал. У макруҳи танзиҳий даражасидаги ва ундан гуноҳи камроқ бўлади. Одобсизлик, мурувватсизлик, инсонга зарари бор нарсаларга нисбатан уламоларимиз қўллайди. Масалан, қайноқ чой истеъмол қилиш, қўл ювганда қўлни силкитиш кабилар.

ал-Мубоҳ (المُباح) – (мубоҳ, ижозат берилган). Қилиш ёки қилмаслик ихтиёри тенг берилган амал. Шунинг учун уни қилган кимсага савоб, қилмаган одамга гуноҳ бўлмайди. Умумий фиқҳий қоидага кўра, ҳаром бўлмаган ёки таъқиқланмаган барча нарсалар мубоҳ ҳисобланади. Масалан, ош ейиш. Бироқ, мубоҳни қилмаслик билан инсон ҳалокатга учрайдиган бўлса, уни бажариш вожибга айланиб қолади.

ал-Муфсид (المفسد) – (бузувчи). Шаръий амалларни бузувчи нарса. Масалан, намозда қаҳқаҳа отиб кулиш, гапириш кабилар. Шаръий амални бажаришни бошлагандан сўнг уни узрсиз, қасддан бузиш гуноҳ ҳисобланади. Унга тавба қилмоқ ва шу бузилган амални қайта адо қилмоқ лозим.

ал-Ботил (الباطل) – (ботил, пуч, беҳуда). Бирон амалнинг аслига зарар етказиш. Бундай ботил иш билан амал рукни умуман йўқ бўлиб кетади. Масалан, ҳур озод инсонни сотиб юбориш. Бу ҳолатда амал рукни тамоман йўқ бўлиб кетгани боис унинг пули тузатиб бўлмайдиган мутлақо ҳаромга айланади.

ал-Фосид (الفاسد) – (бузуқ). Бирон амалнинг маълум қисмига зарар етиши. Бу билан ўша амалнинг асли йўқ бўлиб кетмайди, балки агар фасод йўқолса, яна амал тўла давом этиши мумкин. Қўлга киритилмаган молни сотиш, ёки бирор шарт билан нарсани сотиш кабилар. Бунда молни қўлга киритиб, сотиб олувчига топширгандан сўнг, шартни бекор қилишга келишувга келгандан сўнг савдо ҳақиқий бўлаверади.

Ло баъса (لا بأس) – (зарари йўқ, ҳечқиси йўқ). Мубоҳ амалга нисбатан ишлатилади. Уни бажариш жоиз, бироқ тарк қилиш афзал амалга қўлланилган. Шунинг учун Шамс ал-аимма ас-Сарахсийраҳимаҳуллоҳ уни қилиш билан савобга эга бўлинмайди, деганлар. Рамазонда рўзадор ҳолда чўмилиш кабилар. Гоҳида “ло баъса” мандубга нисбатан ҳам истеъмол қилинади. Айрим ҳолларда суннати завоиднинг таркида “ло баъса” атамаси қўлланилади.

Йажузу (يجوز) – (жоиз бўлади). Бу билан амални бажариш мумкин, уни қилишда амал бузилиб кетмайди, саҳиҳ бўлаверади, дегани тушунилади. Масалан, ёмон одамни имомликка ўтказиш кабилар жоиз. Демак, “жоиз бўлади” ёки “саҳиҳ бўлади” деган амалда макруҳлик ҳам қамраб олинган бўлади. Зотан, макруҳлик билан амал бузилиб кетмайди, дуруст бўлаверади, бироқ нуқсонли бўлади. Гоҳида бу билан мубоҳ, яъни шариат рухсат берган амал ҳам ирода қилинади. Айрим ҳолатларда эса вожиб амалга ҳам ишора қилиниши мумкин.

Йанбағий (ينبغى) – (шуни қилиш керак, қилишга мажбур, қилмоқ зарур). Мутааххирин фақиҳлар уни мандуб амалларга нисбатан ишлатишади. Мутақаддиминлар эса мандубга ҳам, вожиб амалларга нисбатан ҳам ишлатганлар. Шунинг учун баъзи манбаларда “йанбағий” мустаҳаб ва суннатдан юқори, вожибдан пастроқ амалга нисбатан қўлланилиши таъкидланган. Демак, Ло йанбағий (қилмаслик зарур) атамаси шариат манъ қилган амалга нисбатан қўлланилади.

Истисҳоб (إستصحاب) – (ўзи билан олиб кетмоқ). Бирор ҳукмни аввалдаги ҳолидек кейинги даврда ҳам қолдирмоқ. Сабаби, уни ўзгартирадиган муғаййир – ўзгартирувчи далил топилмаган бўлади. Шунга кўра, масалан, таҳорати бор одам таҳорати синганига шубҳа қилса, таҳорати синмаган, деб ҳукм қилинади.

 Тамликот ал-арбаъа (تمليكات أربعة) – (тўрт хил эга қилиш). Бир муайян нарсани бирор нарса эвази-бадалига берса “байъ” (савдо), эвазсиз берса “ҳийба” (совға), муайян нарсанинг ўзини эмас, мулк эгалигини эмас, балки ундан фойдаланишни, манфаатни бирон нарса эвазига берса “ижара”, фойдаланишга эвазсиз берса “орият” (қарз)дир.

Хилоф ал-авло (خلاف الأولى) – (авлонинг хилофи, мақбулга қарши). Бирор амалдан қайтариш учун қўлланиладиган атама бўлиб, асосан, макруҳи танзиҳий ва ундан ҳам пастроқ қайтариқларга нисбатан ишлатилади.

ал-Мужтаҳаду фиҳи (المجتهد فيه) – (унда ижтиҳод қилинган). Дуруст ижтиҳод қилиш мумкин бўлган ўрин: оят, ҳадис ва ижмоъга мухолиф бўлмаган, мазҳаб соҳибларидан фатво берилмаган масала. Агар мужтаҳиднинг раъйи бўлса, у борада янги ижтиҳод ярамайди, албатта.

Мафҳум ал-мухолафа (مفهوم المخالفة) – (тескари тушунча). Бирор далили бор ҳукмнинг тескарисидан далили йўқ ҳукмни чиқариш. Масалан, маст қилувчи нарсалар истеъмоли ножоиз, деган ҳукмдан маст қилмайдиган нарсалар истеъмоли жоиз эканини англаш. Ҳанафийлар мафҳум ал-мухолафани далил сифатида қўлламайдилар. Чунки, ҳукмнинг тескарисидан ҳукм чиқариш учун унга алоҳида далил шарт, дейилади. Фақат баъзи ҳанафийлар уни қиёс билан чиқариладиган ривоятларда қўллаш мумкин, дейдилар. Мафҳум ал-мухолафа билан бирга мафҳум ал-мувофақа (мувофиқ тушунча) атамаси ҳам ишлатилади. Мафҳум ал-мувофақа, масалан, маст қилувчи нарсанинг ножоизлиги ҳақидаги ҳукмдан наша чекишнинг ҳам ножоизлигини фаҳмлашдир.

Лаа хайра (لا خير) – (яхшилик йўқ). Кўпинча ҳаром амалга нисбатан ишлатилади. Чунончи, “ал-Ҳидоя”да шу хилда қўлланилган. “Салоти Масъудий”да “Ло хайра” атамасини бажариш дуруст бўлмайдиган ишга нисбатан истеъмол қилинади, дейилган.

ал-Ҳасан (الحسن) – (чиройли, гўзал). Суннатдан пастроқ амалга нисбатан қўлланилади ва бундан мустаҳаб тушунилади. Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ суннатга нисбатан ҳам ишлатганлар.

Лайса лаҳу (ليس له) – (унинг учун эмас, унга эмас). Мақбул бўлмаган, мустаҳабб эмас амалга нисбатан қўлланилади. Чунончи, “ал-Ҳидоя”да ҳам шу хилда ишлатилган.

аш-Шубҳа (الشبهة) – (шубҳали). Асосан ҳаромга яқин амалга нисбатан ишлатилади. Бундан кўпинча макруҳи таҳримий назарда тутилган бўлади.

Лаа уҳиббу лаҳу (لا أحبّ له) – (уни яхши кўрмайман). Кароҳиятга яқин ва ундан паст даражада турадиган амалга нисбатан қўлланилади. Жумладан, “ал-Муҳит”да шу хилда ишлатилган.

Умум албалво (عموم البلوى) – (кулфат, мусибатнинг оммавийлиги). Бирор иш, аниқроғи, шариатда ман қилинган ишнинг оммавий тус олиб, илм ва амалда ниҳоят даражада тарқалиб кетиши бўлиб, шунинг натижасида ундан сақланиш мумкин бўлмай қолишидир. Бу ҳолатда ҳанафийликда ўша нарсанинг рухсат берилишига мажбур бўлинади. Оёқ кийимига нажосат тегса, уни ерга ишқаш билан пок бўлиши; кийимдаги қуриган манийни ишқаш билан тозаланиши; қушларнинг тезаги кийимга тушса ёхуд йўллардаги сувлар ва лойлар кийимга тегса, нажас қилмаслиги; кийимга игна бошларидек сийдик сачраши ёки ҳожатхонадаги пашша, чивинлар кийимга қўниши натижасида кийим нажас ҳисобланмаслиги кабиларга умум ал-балво қоидасига кўра фатво берилган.

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *