Расулуллоҳнинг умрга татигулик НАСИҲАТЛАРИ

76555

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Икки олам сарвари жанобимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун умрларини шу умматнинг салоҳияти, икки дунё саодати учун фидо этганлар. Расулимиз ҳаёти давомида бизнинг ташвишимиз билан яшаганлар. Ул зотнинг умматларига бўлган меҳри ота-оналаримизнинг меҳриданда чандон-чандон зиёда эди. Ул зоти шарифнинг айтган ҳар бир сўзлари фақат ва фақат бизнинг фойдамизни кўзлаб айтилган бебаҳо дурданалардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир ҳадислари лафзан қисқа ва лўнда, ифодаси эса  олам-олам кенг маънолардир. Қуйида сизу бизларнинг икки дунёмиз учун етарли бир насиҳатларини бандма-банд ўрганиб чиқамиз:

وعن أبي هريرة رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أن رَسُول اللَّهِ  قال: إياكم والظن فإن الظن أكذب الحديث، ولا تحسسوا ولا تجسسوا ولا تنافسوا ولا تحاسدوا ولا تباغضوا ولا تدابروا؛ وكونوا عباد اللَّه إخواناً كما أمركم. المسلم أخو المسلم لا يظلمه ولا يخذلـه ولا يحقره. التقوى ههنا، التقوى ههنا (ويشير إلى صدره) بحسب امرئ من الشر أن يحقر أخاه المسلم؛ كل المسلم على المسلم حرام: دمه وعرضه ومالـه؛ إن اللَّه لا ينظر إلى أجسادكم ولا إلى صوركم وأعمالكم، ولكن ينظر إلى قلوبكم

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ  айтдилар:

Гумондан сақланинг! Чунки гумон гапларнинг ёлғонроғидир!

Ҳадисда бадгумонлик назарда тутилган. Асоссиз ёмон гумонга берилиб чиқарилган қарор шайтон тарафдан инсон қалбига солинган бўлади. Ёлғон гапларнинг манбаи кўпинча бадгумонлик бўлгани учун ҳадис матнида гумонни мажозан “ҳадис” (гап) деб ифода этилмоқда.

Бировларнинг ҳолини суриштирманг!

Ҳадис матнида келган “таҳассус”нинг маъноси ўзгаларнинг ҳолини қулоқма қулоқ суриштириш, дараклашиш, салбий маънода разведкачилик қилишдир. Имом Ибн Маликнинг изоҳ беришича, одамларнинг ютуқ ва мусибатларини суриштириб, титкиланиб юрмоқ бир гуноҳ бўлса, излаганларини топгач иккинчи гуноҳ ҳолатига тушиб қолишади. Суриштирган одамлари ютуққа эришганини билса унга нисбатан қалбида ҳасад уйғонади. Агар бошига мусибат тушганини аниқласа қалбида мўмин биродарининг мусибатидан шодланиш пайдо бўлади. Иккиси ҳам мўмин учун маънавий ҳасталикдир.

Жосуслик қилманг!

Яъни одамларнинг шахсий маълумотларини, сирларини хуфёна ўрганишга уринманг. Олдинги бандда айтилган таҳассус билан бу ерда келтирилган жосуслик қилишнинг орасида бироз фарқ бор. Таҳассус бировнинг маълумотларини бошқа одамлардан суриштириб аниқлаш бўлса, тажассус шахсан ўзи хуфёна тарзда, мунофиқлик шаклида аниқлашга уринишга айтилади.

Жосусликка шариатда мутлақо салбий қараш қилинмайди. Баъзи истисноли ҳолатлар ҳам бор. Масалан, Ватан, миллат, дин, халқ фойдасига жосуслик қилиш, жиноят ва бузғунчиликларнинг олдини олиш мақсадида қилинган жосусликлар бу ҳадис тахтига дохил бўлмайди. Бу ҳақда Имом Мовардий “ал-Аҳком ус-султония” асарида Имом Нававийга таяниб гапириб ўтган.

Шунингдек,  ҳарбий амалиётлар чоғида ҳам жосуслик қилиш шаръан мумкин. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зубайр розияллоҳ ануҳни душман ичига хуфя кириб керакли маълумотларни олиб келишга рози бўлганларида “Зубайр менинг ҳавориййимдир”, деб алқаганлар.

Дунёвий мақсадларда рақобатлашманг!

Биров бир ишни бошлаган бўлса, унинг йўлига тўғаноқ бўлиш, ишини ортга суриш, бозорини касод қилиш каби дунёвий паст ишларда рақобатлашманг. Рақобат охират учун қилинадиган улуғ ишларда бўлгани яхши, ибодатда, намозда, хайрли ишларда мусобақа қилиш фойдали.

Бир-бирингизга ҳасад қилманг!

Ҳасад бир инсонга берилган неъматни заволини исташликдир. Мўмин мусулмон киши ҳеч бировга ҳасад қилиши ҳалол эмас.

Бир-бирингизга ғазаб қилманг!

Мўмин мўмин биродарига ғазаб қилиши, ғазабга боис ишлар билан шуғулланиши ҳам ҳалол эмас.

Бир-бирингизга орқа қилиб юз ўгирманг!

Мўмин бошқа бир мўмин биродаридан ғазабланиб, нафратланиб у билан дўстлик риштасини узиши, алоқаларни тўхтаб қўйиши ҳам мумкин эмас.

Аллоҳ буюрганидек, Унинг ака-ука бандалари бўлинг!

Аллоҳ таоло Ўз китобида мўмин-мусулмонларни ака-ука деб хабар берган. Дарҳақиқат, мўминлар гўё бир ота ва бир онанинг фарзандлари каби бир-бирларига ака-ука жигар бўлиши лозим. Афсуски бу насиҳатлар, бу таълимлар, бу буйруқлар хозир фақат китоблардагина қолиб кетмоқда. Воқеликда эса мўмин-мусулмонлар бир-бирларига душман бўлиб боришмоқда. Бир қиблага қараб якка Аллоҳга ибодат қиламиз, Бир инсоннинг умматиман деб даъво қиламиз, аммо бир-биримизни кофир, бидъатчи, залолатчи деймиз, молини талаб жонига қасд қиламиз…Қани бизнинг мўминлигимиз?!

Мусулмон мусулмоннинг оға-ини биродаридир. Унга зулм қилмайди, уни хорлатиб қўймайди, ҳақорат қилмайди!

Мусулмонлар насабда бир-бирлари билан бирлашмасаларда уларнинг дини, иймони, эътиқоди бирлаштириши лозим. Насабий ака-ука бўлмасаларда диний, иймоний ака-укачилик ришталарини маҳкам боғлашлари, узилишига йўл қўймасликлари керак. Мусулмон ўз оғасига нисбатан ноҳақлик қилмаслиги шарт. Бировларнинг ноҳақлик қилишига ҳам йўл қўйиб бермаслиги шарт. Мусулмон бошқа бир мусулмонни камситиши, ҳақоратлаши, ортидан гапириб бадном қилиши мутлақо ҳаром эканини доимо ёдда тутиши шарт!

Тақво мана бу ердадир! Тақво мана бу ердадир! Тақво мана бу ердадир!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу иборани унинг мазмун-моҳияти ўта муҳим эканлигини таъкидлаш мақсадида кўкракларига ишора қилиб уч бора такрорлаган эканлар. Демак, ҳақиқий тақвонинг жойи қалб экан қалбни эса кўриб, эшитиб бўлмайди. Шундай экан мўминни очиқча аломатларсиз ҳақоратлаш мумкин эмас.

Кишининг ёмон эканлигида унинг мусулмон диндош биродарини камситиши етарлидир.

Мусулмондан жирканиб, камситиб юрган кишини ҳеч тараддудланмасдан ёмон одам деб баҳо бериш мумкин.

Ҳар бир мусулмонга бошқа мусулмоннинг қони тўкиш, шаънини ерга уриб обрўсизлантириш ва молини талаш ҳаромдир!

Минг афсуски, бу ҳаром қилинган ишлар ҳам бугун оммавий тарзда тарқаб кетди. Айниқса, мусулмон биродаримизнинг ортидан ғийбат ва иғво қилиб обрўсини тўкиш оддий ҳолга айланиб улгурган.

Аллоҳ таоло сизларнинг гавдангиз, суратингизга ва амалларингизга қарамайди, лекин қалбингизга боқади. (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ банданинг ташқи қиёфасига эмас, балки унинг ички гўзаллигига, қалбининг поклигига, қалбидаги тақвосига эътибор қилади. Қачонки қалб пок бўлса ана энди унинг амаллари мақбул бўлади. Ният ва қалб бузуқ бўлсаю, амаллар кўринишда гўзал бўлса бунинг Аллоҳ таоло хузурида заррача қадри бўлмайди. Банда аввал қалбни ширк, бидъат каби фосид ақидалардан поклаши, ана энди унга солиҳ амалларни уйғунлаштириши лозим бўлади. Амаллар шундагина самара беради.

Андижон шаҳар “Абу-Ҳурайра” жоме масжид имом хатиби

Ш. МУСАБОЕВ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...