Абу Мансур ал-Мотуридий: “Тавҳид рисоласи”

Рисолани .pdf форматда юклаб олиш

Lotin alifbosida

 Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандий (257-333/870-945) раҳматуллоҳи алайҳи Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида тахминан 257/870 йилда таваллуд топганлар. Вафот йили эса барча манбаларда бир хил кўрсатилади, яъни, аллома 333/945 йилда вафот этганлар.

Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг калом мактабини Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг калом йўналиши асосида ишлаб чиққанлар ҳамда аҳли суннат ва жамоат ақоидининг асосий икки йўналишидан бирининг буюк устози бўлиб қолдилар. Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг аҳли суннат ва жамоат ақоидининг соф исломий ақидаси илмига қўшган ҳиссасини эътиборга олиб замондошлари ва кейинги замонлар аҳли уни “Имом ал-ҳудо” (Ҳидоятга элтувчи имом), “Қудвату аҳл ас-сунна” (Аҳли сунна пешвоси), “Мусаҳҳиҳу ақойид ал-муслимин” (Мусулмонлар ақидасини ислоҳ этувчи), “Имом ал-мутакаллимин” (Калом илми эгаларининг имоми), “Рабибу аҳл ас-сунна” (Аҳли сунна ва жамоат тарбиясини олган зот) каби илмий унвонлар билан атаганлар.

Имом ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг ўндан ортиқ асарлари соф исломий таълимотга даъват қилганлиги билан жуда аҳамиятлидир, хусусан, улардан иккитаси муҳим. Улардан биринчиси Қуръон тафсирига оид бўлиб, “Таъвилот ал-Қуръон”  деб аталади. Яна у “Таъвилоту аҳли ас-сунна” (“Суннат аҳлининг изоҳлари”) номи билан 12 (ўн икки) жилдлик қилиб нашр қилинган. Унинг аҳли суннат ва жамоат ақоидининг асосини ташкил қилувчи асари “Китоб ат-тавҳид” (“Аллоҳнинг ягоналигини исботлаш китоби”) деб номланган. Мазкур “Китоб ат-тавҳид” асари йирик ҳажмли, ўзида аҳли суннат ва жамоат ақоидининг мураккаб масалаларини муфассал равишда қамраб олгани боис, уни қисқартирилиб, “Рисолат ат-Тавҳид” (“Тавҳид рисоласи”) асари яратилган.

“Рисолат ат-Тавҳид”да йирик ҳажмли “Китоб ат-тавҳид”даги масалалар қисқа равишда зикр этилган. Натижада ушбу рисола “Китоб ат-тавҳид”нинг мундарижаси шаклини олган. Рисоланинг арабча матни ва туркча таржимаси Истанбулда нашр қилинган.

“Рисолат ат-Тавҳид”да келтирилган масалалар аҳли суннат ва жамоатнинг мотуридия йўналишини белгилаб беради. Мазкур рисола билан танишишнинг ўзи, тўла бўлмаса-да, “Китоб ат-тавҳид” мазмунидан хабардор бўлишни таъминлайди. Ушбу соф исломий ақидалар билан танишиш бугунги кун учун ҳам аҳамиятлидир.

 بسم الله الرحمن الرحيم

 كتاب التوحيد من جهة الشيخ الامام الأجل صاحب الكرامة رئيس اهل السنة و الجماعة ابى منصور الماتريدى تغمّده الله برحمته

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

“Тавҳид китоби” – буюк имом, шайх, каромат соҳиби, аҳли суннат ва жамоатнинг раиси Абу Мансур ал-Мотуридий, Аллоҳ уни ўз раҳматига чулғаб олсин, томонидан битилгандир.

و هى اثنى عشر فصلا

Ушбу асар ўн икки фаслдан иборат:

(Имом ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг “Китоб ат-Тавҳид” асари бешта катта бобдан тузилган бўлиб, унинг мавзулари қуйидаги ўн икки фаслда ўз аксини топган, дейиш мумкин.).

الفصل الاوّل: إنّ الله تعالى واحد قديم بصفاته، و ما سوى الله تعالى بصفاته مُحْدَث، أحدثها الله تعالى بمشيته، و قدّر مقادير على علم، و صفاته لا هو و لا غيره

Биринчи фасл. Албатта Аллоҳ таоло ягонадир, ўз сифатлари ила қадимдир. Аллоҳ таолодан ўзга нарсалар ўз сифатлари ила пайдо бўлган. Аллоҳ таоло уларни ўз хоҳиши ила пайдо қилган, илмга кўра ўлчовлар билан тақдирини яратгандир. Аллоҳнинг сифатлари (айнан) ўзи ҳам эмас, ўзидан жудо ҳам эмас!

(Аллоҳ таоло якка-ю ягонадир. Унинг комил сифатлари қадим, яъни аввали ва бошланиши йўқ, кейинчалик пайдо бўлган эмас. Бу мотуридийликнинг асосий эътиқодларидан биридир. Масалан, Аллоҳнинг раззоқлиги махлуқотларни яратганидан сўнг уларга ризқ бера бошлаган вақтда пайдо бўлган эмас. Балки, Аллоҳнинг раззоқ ва бошқа сифатлари ҳали ўша сифатларни ишга солишдан аввал ҳам бўлган.

Бошқа барча яралмишларнинг сифатлари яратилган, пайдо бўлган. Уларни Аллоҳнинг ўзи яратган. Ҳар бир нарсанинг ўлчови – қазо ва қадари Аллоҳ таоло томонидан яратилган. Аллоҳ таоло яратган нарсаларининг тақдирини ўзининг хоҳиш-истаги билан пайдо қилган.

Аллоҳ таолонинг сифатлари айнан Унинг Зотининг ўзи эмас, Ўзидан бошқа нарса ҳам эмас. Бу ҳам мотуридийликнинг асосий эътиқодларидан биридир.).

الفصل الثانى: إنّ الله تعالى واحد لا شريك له و لا نِدَّ له و لا شبيه، و لا إبتداء له، و لا إنتهاء له، و لا حدّ له، و لا نهاية له، له الوحدانية على التحقيق، و ما سوى الله تعالى يسمّى واحداً على المجاز لانّه أبعاضٌ و اجزاءٌ

Иккинчи фасл. Албатта Аллоҳ таоло якка-ю ягонадир, Унинг шериги йўқ. Унинг монанди йўқ, ўхшаши йўқ. Унинг ибтидоси – бошланиши йўқ, Унинг интиҳоси – тугалланиши ҳам йўқ. Унинг ҳадди – ҳудуди-чегараси йўқ, Унинг ниҳояси йўқ. Дарҳақиқат ягоналик Унга хос. Аллоҳ таолодан бошқа нарсалар эса мажозан битта – ягона дейилиши мумкин. Чунки, бошқа нарсалар айрим қисмлар ва бўлаклардан иборат.

(Аллоҳ таоло яккаю ягонадир. Унинг ҳеч қандай шериги, ўхшаши йўқ. Ана шу “тавҳид ақидаси” дейилади. Ҳақиқий ягоналик Унга хосдир. Бошқа бирор нарсани “дунёда ягона” дейилган тақдирда ҳам у мажозий маънода қўлланган бўлади. Чунки, унинг ўхшаши бўлиши, яратилиши мумкин. Ўша нарса қисмлар ва бўлаклардан ташкил топган бўлади. Аллоҳ таолонинг эса ўхшаши бўлиши мумкин эмас, Аллоҳ таоло қисмлар ва бўлаклардан ташкил топган эмас.).

 الفصل الثالث: إنّ الله تعالى كان لم يَزَلْ، و لم يَكُنْ شئٌ سواه، لا مكان و لا زمان و لا غمام و لا عرش و لا سماء و لا هواء فهو كما كان و يكون كما هو، لا يتغيّر عليه الأحوال و هو خالق الأحوال، و إنّه على العرش استوى و فوق العرش و فوق السماء بلا توهم انه زال عما كان، قال الله تعالى: «إنّ الله مع الذين اتّقوا» (نحل ١٢٨) و قال: «إنّ الله مع المتقينّ» (بقرة ١٩٤) و «لمع المحسنين» (عنكبوت ٦٩) و «نحن اقرب اليه من حبل الوريد» (ق ١٦) و قال: «ما يكون من نجوى ثلثة الا هو رابعهم» (مجادلة ٧) و قال: «لا تحزن إنّ الله معنا» (توبة ٤٠). هذا كلّه بلا توهّم أنّه زال عما كان، لكنّه على ما يصحّ فى العقل لا يوصف بالانفصال عن الخلق و لا بالاتصال و لا بالخروج من الخلق و لا بالدخول فيهم و نحن ذلك فافهم

Учинчи фасл. Албатта Аллоҳ таоло Ундан бошқа нарса бўлмаганида ҳам доим бўлган. Ўша вақтда макон ҳам, замон ҳам, булут ҳам, Арш ҳам, осмон ҳам, ҳаво ҳам йўқ эди. У зот бўлганидекдир, қандай бўлса, шундай бўлади. Унга ҳолатлар ўзгармайди, зотан, Унинг ўзи ҳолатларни яратувчидир. У Аршга “истиво” қилган, У бўлганидан ўзгармайдиган зот бўлиб, Арш ва самодан юқори – буюкдир.  Аллоҳ таоло: “Албатта Аллоҳ тақво қилувчилар билан биргадир”, деган (Наҳл, 128). Яна: “Албатта Аллоҳ тақводорлар билан биргадир”, деган (Бақара, 194). Яна: “Албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар билан биргадир!”, деган (Анкабут, 69). Яна: “Биз унга бўйин томиридан ҳам яқинроқдирмиз”, деган (Қоф, 16). Яна: “Уч кишининг ўзаро шивирлашиб гаплашиши бўлса, албатта, уларнинг тўртинчиси Удир”, деган (Мужодала, 7). Яна: “Ташвиш чекма! Албатта Аллоҳ биз билан биргадир!”, деган (Тавба, 40). Бунинг барчаси албатта Аллоҳ бўлганидан ўзгармайдиган зот эканини англатади. Бироқ, ақлда тўғри гап шуки, Аллоҳ таолони яралмишлардан ажралган ёки ёпишган, яралмишлардан чиққан ёки улар орасига кирган деб тавсиф қилиб бўлмайди. Бизнинг эътиқодимиз шундай. Буни тушуниб ол!

(Аллоҳ таоло аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам шундайдир. Бундан кейин ҳам худди шундай бўлиб қолаверади. Аллоҳ осмонлар, Арш-Курсий ва бошқа нарсалар йўқ пайтида ҳам бўлган. Зотан, осмонларни ва Арш-Курсий кабиларни Унинг ўзи яратган. Аҳли суннат ва жамоат эътиқодига кўра, шунинг учун ҳам Аллоҳ таолони осмонда деб бўлмайди. “Истиво” ва бу ерда ояти каримларда келтирилган “биргалик”, “яқин бўлиш” каби сифатлари муташобеҳ – маъноси бизга номаълум сифатлар деб аталади. Уларнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳ таолонинг ўзи билади. Бизларнинг ноқис ва қосир ақлимиз тушуниши учун ушбу сифатларни “яратиш”, “ҳукмини ўтказиш”, “раҳмат ва баракотини тушуриш” каби маънолар билан таъвил қиламиз.).

 الفصل الرابع: إنّ الله تعالى لا يتصوّر فى الأفهام و لا يحيط به الافهام، و لا يسمّى جسماً و لا جوهراً و لا عرضاً، اى ليس بذى نهاية و حدّ حتى يحيط به الفهم، و لا يوصف بصفة الأجسام و لا بالأعراض و كلّ ما يتصوّر فى وهمك فاعلم بانّ الله تعالى خالق لا يُشبه ذاتُه ذاتَ المخلوقين لانّه قديم سبحانه ان يعتريه العيوب او يمسّه الحاجة او اللغوب

Тўртинчи фасл. Албатта Аллоҳ зеҳнларда тасаввур қилинмайди, Уни тушунчалар қамраб ололмайди. Жисм деб аталмайди, У жавҳар ҳам эмас, араз ҳам эмас. Яъни, фаҳм қамраб ола биладиган ниҳояси ва ҳадди-чегараси бор эмас. Жисм ва аразларнинг сифатлари ҳамда хаёлингда тасаввур қилинадиган барча нарсалар билан тавсиф қилинмайди. Билиб олгин! Албатта Аллоҳ таоло яратувчидир, Унинг зоти яралмишларнинг зотига ўхшамайди. Чунки, У қадимдир. У айблардан покдир, Уни ҳожат ёки ҳолсизланиш ушламайди.

(Инсоннинг хаёлига келган нарсалардан Аллоҳ таоло покдир, хаёлга келган жами нарсаларга Аллоҳ таоло ўхшамайди. Аллоҳ таоло жисм эмас. Чунки, жисм бир неча қисмлардан таркиб топади. Аллоҳ таолонинг эса қисмлари ва аъзолари йўқ. Аллоҳ таоло араз ҳам эмас. Араз деб бирор жисм ёки модда билан бирга тура оладиган, сифатланадиган нарсага айтилади. Масалан, ҳид, ранг, таъм каби. Аллоҳ таоло ҳеч кимга ўхшамайди. Ҳеч бир нарсанинг сифати ҳам Аллоҳнинг сифатларига ўхшамайди. Аллоҳ таоло барча айб-нуқсон ва камчиликлардан покдир. Аллоҳ ҳеч нарсага муҳтож бўлмайди, ҳеч нарсага ҳожати тушмайди. Аллоҳни ҳолсизланиш, дармонсизлик қамраб ололмайди.).   

الفصل الخامس: إنّ الله تعالى يوصف على ما يوصف به فى الأزل من العلم و القدرة و الحكمة و الرحمة و الجود و الارادة و المشية و التكوين و العظمة و الجلال و نحو ذلك على التحقيق من غير تشبيه و لا تعطيل. و التكوين غير المُكوَّن بل التكوين صفة الله تعالى. و المكوَّن مخلوق و التكوين غير مُحدث و المكوّن مُحْدَثٌ

Бешинчи фасл. Албатта Аллоҳ таоло илм, қудрат, ҳикмат, раҳмат, саховат, ирода, хоҳиш-истак, таквин – бўлдириш, азамат – улуғлик, жалол – буюклик ва шунга ўхшашлар билан ўхшатишсиз, камчиликсиз ҳақиқатдан ҳам азалий сифатланадиган нарсалар билан тавсифланади. Таквин, яъни бўлдириш мукаввандан, яъни бўлган нарсадан бошқадир. Балки, таквин Аллоҳ таолонинг сифати, мукавван эса яратилгандир. Таквин пайдо бўлган эмас, мукавван эса пайдо қилингандир.

(Аллоҳ таолонинг жами сифатлари ҳақиқий маънодадир. Улар Аллоҳнинг ўзига хос, ҳеч нарсага ўхшамайдиган сифатлардир. Уларнинг барчаси азалийдир. Сифатларнинг барчаси камчилик ва нуқсонлардан холи. Уларнинг барчаси ҳақиқий маънода ва доим фаолиятдадир. Улар олдинги мотуридийларга кўра бошқа маъноларда тавсифланмайди.

Таквин – мотуридийликка кўра Аллоҳ таолонинг зотий сифатларидан саккизинчисидир. У яратиш, бўлдириш, йўқдан бор қилиш сифатидир. Демак, яратилган, бўлдирилган ва йўқдан бор қилинган нарсалар пайдо бўлган нарсалардир. Таквин бир сифатдир, мукавван, яъни яратилган нарса ўша сифат таъсирида пайдо бўлган нарса бўлиб, сифатдан бошқа бир нарсадир.).

الفصل السادس: إنّ الله تعالى يسمّى شيئاً على ارادة الشيئيّة و الاثبات و الثبات اذ «لا شئ» نفيى، كذلك الذات و النفس، و لا يسمّى جسماً لانّه ليس باسم اثبات اذ «لا جسم» ليس بنفيى

Олтинчи фасл. Албатта Аллоҳ таоло нарсаликни, исботни ва саботни назарда тутганда бир нарса деб аталади. Чунки, “йўқ нарса” инкор қилинган. Шунингдек, зот ва нафс сўзлари билан ҳам аталади. Жисм деб номланмайди. Чунки, “жисм йўқ” жумласини исботлаш жиҳатидан инкор қилинмаган.

(Аллоҳ таолони нарса дейиш мумкин. Чунки, нарсанинг борлигини исботлаш мумкин. Шунингдек, Аллоҳни зот деб атаб ҳам бўлади. Чунки, бир нарсанинг йўқлигини айтиш мумкин. Демак, нарса бор бўлиши мумкин экан. Аллоҳни жисм дейилмайди. Жисм бир неча қисм ва бўлаклардан таркиб топган бўлади. Шунингдек, жисмнинг йўқлигини исботланмайди.).

الفصل السابع: إنّما يسمّى فى اسماء الله تعالى و فى صفاته على ما جاء فى الكتاب و السنّة و قول المسلمين. و اختلفوا فى انّه صبور ام لا فالكفّ عنه أسلم. و اختلفوا فى اضافة الاستحياء الى الله، فالكفّ عنه أسلم. و لا يأثم قائله لما جاء فيه من الآثار و ظهر بين المسلمين. فقد اجاز قوم فى الدعاء يا ضارّ يا نافع، و لم يجيزوا يا ضارّ على إنفرادٍ. و يقال يا نور على معنى أنّه مُنَوِّر، او على أنّه هادٍ و هو خالق النور و الظلمات، او أنّه برئ عن العيوب

Еттинчи фасл. Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларида Китоб (Қуръон), Суннат (ҳадис) ва мусулмонларнинг сўзларида келган номлар билан исмлаб бўлади. Уламолар Аллоҳни Сабур – сабр соҳиби дейиш борасида ҳар хил фикр билдирганлар, ундан тилни тийиш саломатлироқдир. Аллоҳга ҳаё қилишни боғлаш борасида ҳам олимлар ихтилоф қилганлар. Ундан тилни тийиш саломатлироқдир. Бироқ, уни айтувчи гуноҳкор бўлмайди. Чунки, у ҳақида хабарларда келган ва бу мусулмонлар орасида ошкора айтиб юрилади. Бир гуруҳ уламоларда дуода “Ё Зорру, ё Нофеъ!” (“Эй, Зарар етказувчи ва эй фойда етказувчи!”, дейишга ижозат берганлар, бироқ, фақат “Ё Зорру!” (“Эй, Зарар етказувчи!”) дейишга ижозат бермаганлар. “Нурлантирувчи” ёки “Ҳидоят қилувчи” маъноси билан “Ё Нур!” дейилади. Зотан, у нурни ва зулматларни яратувчидир. Ёки У зот барча айблардан холидир.

(Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққиз гўзал исмларидан бошқа ҳам исмлари Қуръонда, ҳадиси шарифларда зикр қилинган бўлса, улар билан аташ жоиз. Шунингдек, мусулмонлар аввалдан ижмоъ қилиб атаб келаётган исмлар билан ҳам номлаш мумкин. Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ Аллоҳни Тангри ёки Худо деб аташ мумкинлигини қайд қилганлар. Бироқ, Аллоҳни нуқсон ёки камчиликни ифодалайдиган номлар билан аталмайди. Масалан, Аллоҳни шифо берувчи “Шофий” номи билан аталади, лекин “Табиб” дейилмайди. Чунки, табиб айрим касалликларни даволай олмаслиги мумкин. Аллоҳ таоло чўчқа ва итларни ҳам яратган, бироқ, “Чўчқа ва итларни яратувчи зот” деб номланмайди.).   

الفصل الثامن: إنّ الله تعالى هو الرحمن الرحيم العالم القادر الملك القدوس السّلام المؤمن المهيمن العزيز الجبّار المتكبّر الخالق البارئ المصوّر. و لا يقال أنّ علمه قدرته و لا يقال علمه غير قدرته، بل يقال علمه لا القدرة و لا غيرها، كما يقال صفة الله تعالى لا هو و لا غيره، و على ذلك امر ساير الصفات

Саккизинчи фасл. Албатта Аллоҳ таоло – у раҳмон (ўта меҳрибон), раҳим (жуда раҳмли), олим (билимдон), қодир (қудратли), малик (подшоҳ), қуддус (муқаддас), салом (тинчликни севувчи), мўъмин (омонлик берувчи), муҳаймин (эгаллаб олувчи), азиз (иззат соҳиби), жаббор (бандалар ишини ислоҳ қилувчи), мутакаббир (катталик ярашувчи зот), холиқ (яратувчи), борий (вужудга келтирувчи), мусаввир (мавжудотларга сурат ва шакл берувчи)дир. Унинг илми Унинг қудратидир, дейилмайди. Илмини қудратидан бошқа деб ҳам аталмайди. Балки, Унинг илми қудрат ҳам эмас, Ундан ўзгаси ҳам эмас, дейилади. Чунончи, бу Аллоҳ таолонинг сифатлари У эмас, Ундан ўзга ҳам эмас, дейилганидекдир. Бошқа сифатларнинг иши (ҳоли) ҳам худди шундай.

(Аллоҳ таолонинг сифатлари “сифат зотий эмас, на ғайри зотий” қабилидан бўлиб, Аллоҳнинг зотини билдирмайди, ундан бошқа эканини ҳам англатмайди. Илм алоҳида сифат, қудрат ҳам алоҳида сифат. Бироқ, улар бир-бирларидан жудо эмаслар. Шунинг учун Унинг илмини қатъий равишда “бу Унинг қудратидир”, деб бўлмайди.).   

و قد روى عن النبى عليه السلام أنّه قال: «إنّ لله تعالى تسعة و تسعين إسماً ماءة غير واحد، من أحصاها دخل الجنّة

Дарҳақиқат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинганки, у зоти шариф марҳамат қилганлар: “Албатта Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта – бир кам юз исми мавжуд. Кимки уларни санаса, жаннатга кирур”.

(Имом ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ нақл қилган ривоят қуйидагича:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳнинг тўқсон  тўққизта – бир кам юзта исми бор. Албатта, Аллоҳ таоло тоқ бўлиб, тоқ (сон)ни севади. Кимки бу исмларни охиригача санаса, жаннатга киргай. У Аллоҳ шундай зотки, Ундан бошқа бирор илоҳ йўқ. У ар-Раҳмон, ар-Раҳийм, ал-Малик, ал-Қуддус, ас-Салом, ал-Муъмин, ал-Муҳаймин, ал-Азийз, ал-Жаббор, ал-Мутакаббир, ал-Холиқ, ал-Бориъ, ал-Мусаввир, ал-Ғаффор, ал-Қаҳҳор, ал-Ваҳҳоб, ар-Раззоқ, ал-Фаттоҳ, ал-Алийм, ал-Қобиз, ал-Босит, ал-Хофиз, ар-Рофиъ, ал-Муъиз, ал-Музилл, ас-Самийъ, ал-Басийр, ал-Ҳакам, ал-Адл, ал-Латийф, ал-Хабийр, ал-Ҳалийм, ал-Азийм, ал-Ғафур, аш-Шакур, ал-Алий, ал-Кабир, ал-Ҳафийз, ал-Муқийт, ал-Ҳасийб, ал-Жалийл, ал-Карийм, ар-Рақийб, ал-Мужийб, ал-Восиъ, ал-Ҳакийм, ал-Вадуд, ал-Мажийд, ал-Боъис, аш-Шаҳийд, ал-Ҳаққу, ал-Вакийл, ал-Қавиййу, ал-Матийну, ал-Валиййу, ал-Ҳамийд, ал-Муҳсий, ал-Мубдиъ, ал-Муъийд, ал-Муҳйий, ал-Мумийт, ал-Ҳаййу, ал-Қаййум, ал-Вожид, ал-Можид, ал-Аҳад, ас-Самад, ал-Қодир, ал-Муқтадир, ал-Муқаддим, ал-Муаххир, ал-Аввал, ал-Охир, аз-Зоҳир, ал-Ботин, ал-Волий, ал-Мутаолий, ал-Барр, ат-Таввоб, ал-Мунтақим, ал-Афувву, ар-Рауф, Молику-л-мулки, Зул-жалоли вал-икром, ал-Муқсит, ал-Жомиъу, ал-Ғаниййу, ал-Муғний, ал-Мониъу, аз-Зоорру, ан-Нофиъу, ан-Нур, ал-Ҳодий, ал-Бадийъу, ал-Боқий, ал-Ворис, ар-Рашийд, ас-Сабурдир».

Уни Бухорий, (3/2736, 9/7392); Муслим, (4/2677); Термизий, (5/3506-3507); Насоий, (4/7659); Ибн Можа, (4/3860-3861); Ибн Ҳиббон, (3/807-808); Ҳоким, (1/41-42); Байҳақий, (10/19601-19602); Аҳмад, (2/7493); Баззор, (2/7747); Абдурраззоқ, (10/19656) каби муҳаддислар ривоят қилганлар.).

قال الشيخ الامام هذا على تسمية الخلق. فأمّا الذى سُمِّى الله به فنفس صفته و صفات الله ليست بأغيار و لا أعداد. و على ذلك كلامه الذى هو صفته لا يوصف بالحدّ و النهاية و لا بالحروف و الهجاء و لا بالصوت و ليس لصفاته حدّ و نهاية و لا لذاته حدّ و نهاية و لا ابتداء و لا غاية

Шайх, имом (Абу Мансур ал-Мотуридий) деганлар: бу (исмлар) яралмишларнинг номланишига кўрадир. Аммо Аллоҳ ўзини-ўзи номлагани сифатларининг айнан ўзидир. Аллоҳнинг сифатлари эса бошқа ҳам эмас, саналган ҳам эмас. Унинг сифати бўлмиш калом ҳам худди шунингдекдир. У (яъни, калом сифати) чегара билан ҳам, ниҳоя билан ҳам, ҳарфлар билан ҳам, ҳижо (алифбо) билан ҳам, овоз билан ҳам тавсифланмайди. Унинг сифатларининг ҳадди-ниҳояси йўқ. Унинг зотининг ҳам ҳадди-ниҳояси йўқ, ибтидоси ҳам, охири ҳам йўқ!

(Аллоҳ таолонинг калом сифати Унинг азалий ва абадий сифати бўлиб, яратилган эмас, пайдо бўлган ҳам эмас. У бизнинг каломимиз каби ҳарфлар, овозлардан иборат эмас. Аллоҳ таолонинг бошқа сифатлари ҳам худди шундай азалий ва абадийдир. Улар бизнинг сифатларимиз каби эмас. Аллоҳнинг сифатлари комил ва бенуқсондир.).

الفصل التاسع: لا بدّ من الإيمان لقوله تعالى: «و لكنّ الله رمى» (انفال ١٧) و لقوله تعالى: «فنفخنا فيه من روحنا» (تحريم ١٢) و نحو ذلك من الآيات، و لكنّه لا يسمّى رامياً و لا نافخاً لانّه لم يجئ به التَّسمّى، و يسمّى صانعا و خالقا و نحو ذلك لانّه جاء به التَّسمّى، و على ذلك امر سائر الاسماء

Тўққизинчи фасл. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларига имон келтириш лозим: “Балки Аллоҳ отди” (Анфол, 17) ва “Бас, Биз ўз (даргоҳимиздаги) руҳимиздан унга пуфладик” (Таҳрим, 12) ва шунга ўхшаш (бошқа) ояти карималар. Лекин, Уни “отувчи” ва “пуфловчи” деб аталмайди. Чунки, у хилда номлаш (далилларда) келмаган. Сонеъ ва холиқ шунга ўхшаш деб аталади. Чунки, бу хилда номлаш (далилларда) келган. Бошқа исмлар ҳам шунга ўхшашдир.

(Оят ва ҳадисларда Аллоҳ таолонинг айнан исми ва сифати сифатида айтилмаган, ижмоъи уммат қабул қилмаган нарсаларни Аллоҳ таолонинг сифати дейиш дуруст эмас. Жумладан, “отмоқ”, “пуфламоқ”, “макр қилмоқ”, “унутмоқ”, “ҳаракатланмоқ”, “келмоқ”, “кетмоқ”, “нузул қилмоқ” (тушмоқ), “югурмоқ”, “малолланмоқ”, “азият чекмоқ”, “оч қолиш” кабиларни Аллоҳ таолонинг сифати сифатида кўрсатиш асло мумкин эмас. Бу мотуридийлик ва ашъарийликнинг иттифоқ қилган, яъни аҳли суннат ва жамоатнинг энг устувор таълимотидир. Уни инкор қилиш аҳли суннат ва жамоатдан оғишиш ҳисобланади.).

الفصل العاشر: روى عن أبى حنيفة رحمه الله أنّه قال: «من عَبَد ما يقع فى الوهم فهو كافر حتى يعبد ما لا يقع فى الوهم». قال الشيخ: كان الله تعالى قبل ان يخلق الخلق قديما بلا توهّم مكان و لا مسافة و لا داخل فى شئ و لا خارج عنه، و لا متّصل بشئ و لا منفصل عنه، و لا على شئ و لا تحته، و لا عن يمين شئ و لا عن يساره، و لا يتوهم ان له حدا و نهاية، فهو كما كان و يكون كما هو، فهو متعال عن نزول عمّا كان، او أن يغيّر عليه الأحوال، و قال الله تعالى فى قصّة إبراهيم عليه السلام قوله: «لا أحبّ الآفلين» (انعام ٧٦). قال الشيخ الامام رحمه الله فى الآفل الزايل دليل على الدائم الباقى

Ўнинчи фасл. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, у зот бундай деган эканлар: “Кимки хаёлига келган нарсага ибодат қилса, то хаёлига келтирмаган  нарсага ибодат қилмагунча у кофирдир!”.

Шайх (Абу Мансур ал-Мотуридий) айтадилар: Аллоҳ таоло халқни яратмасидан илгари ҳам қадимдан маконсиздир, масофасиздир. Бирор нарсага кирмаган ва ундан чиқмаган. Бирор нарсага муттасил эмас, ундан ажралган ҳам эмас. Бирор нарсанинг устида ҳам эмас, унинг остида ҳам эмас. Бирор нарсанинг ўнг тарафида эмас, бирор нарсанинг чап томонида ҳам эмас. Унга ҳад ва ниҳоя бор деб хаёл қилинмайди. Демак, у бўлганидекдир, қандай бўлса, шундай бўлади. У бўлган жойидан “нузул” қилишдан – тушишдан олийдир. Унга ҳолатлар ўзгармоғидан ҳам олийдир. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом қиссасида ўз гапини айтган: “Ботиб кетувчиларни ёқтирмайман!” (Анъом, 76).

Шайх, имом (Абу Мансур ал-Мотуридий) раҳимаҳуллоҳ заволга юз тутган ботувчи ҳақида у боқий ва доимий зотга далилдир, дейдилар. 

(Аллоҳ таоло хаёлга келган нарсалардан покдир, уларга ўхшашдан олийдир. Аллоҳ таоло маконга муҳтож эмас! У маконларни яратган зотдир. Бинобарин, уни осмонда деб тавсифлаб бўлмайди. Зотан, у осмонларнинг яратувчисидир. Уни Аршнинг устида туради, деб ҳам бўлмайди. У Аршидан осмонга тушади, деб зикр қилиб бўлмайди. Бу хилдаги оят ва ҳадислар “муташобеҳ” деб аталиб, улар Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатларига лойиқ маъно билан ифодаланиши зарур.).

الفصل الحادى عشر: روى عن أبى حنيفة رحمه الله أنّه سئل عن الله تعالى قبل ان يخلق الخلق، فقال: «كان بالقدرة»، فقيل: «بقدرة من؟»، قال: «بقدرته». قال الشيخ: فى هذا دليل على أنّ لله تعالى قدرة لا هو و لا غيره

Ўн биринчи фасл. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, у зотдан: “Аллоҳ таоло халқни яратишидан олдин қаерда эди?”, деб сўралган. У зот: “Қудрат билан эди”, деганлар. Шунда “Кимнинг қудрати билан?”, деб сўрашган. У зот: “Ўзининг қудрати билан” деб жавоб берганлар.

Шайх (Абу Мансур ал-Мотуридий) айтадилар: бу гапда Аллоҳ таолонинг қудрати У эмас, Ундан ўзга ҳам эмаслигига далил мавжуд.

(Аллоҳ таолонинг барча сифатлари “Ўзи эмас, Ўзидан жудо ҳам эмас!” қабилидадир. Унинг сифатлари айни зоти эмас, лекин зотидан ажратилган бир нарсалар ҳам эмас. Сўфи Аллоҳёр алайҳи раҳмату-с-Саттор бобомиз булар ҳақида: “Сифот зотий эмас, на ғайри зотий!” деганлар.).

و فيه أنّ صفات الله تعالى تضاف الى الله، و لا يضاف هو الى صفته. و اصل ذلك أنّ الصفات تضاف الى الله، يقال علم الله و قدرته، و لا يقال عالم بعلمه و قادر بقدرته، و لا يقال عالم بالعلم و قادر بالقدرة، و اذا قيل: بعلم من و بقدرة من؟»، قيل: «بعلمه و قدرته». و على هذا امر سائر الصفات

У ҳақида бундай дейиш мумкин: албатта Аллоҳ таолонинг сифатлари Аллоҳга боғланади, Аллоҳнинг Ўзи сифатига боғланмайди. Асли қоида шуки, албатта сифатлар Аллоҳга боғланади. Яъни, “Аллоҳнинг илми”, “Унинг қудрати”, дейилади. “Ўз илми билан билувчи”, “Ўз қудрати ила қодир” дейилмайди, “Илм билан олим”, “қудрат билан қодир” ҳам дейилмайди. Қачон “Кимнинг илми билан ва кимнинг қудрати билан?” дейилсагина “Ўз илми билан ва ўз қудрати билан” деб жавоб берилади. Бошқа сифатларнинг иши ҳам шу кабидир.

(Аллоҳ таолонинг сифатлари Унинг Ўзи эмас, Ўзидан жудо ҳам эмас, деган қоидадан келиб чиқиб, барча сифатларни Аллоҳ таолога изофа қилиниб, гапириш керак бўлади. Масалан, “Аллоҳнинг илми”, “Аллоҳнинг қудрати”, “Аллоҳнинг иродаси” каби.).

الفصل الثانى عشر: إنّ صفات الله تعالى لا توصف، لان فى ذلك شبهة أنّها أغيار و أنّها تصير موصوفات. و تفسير ذلك أنّه لا يقال علم الله قديم و قدرته قديمة و رحمته قديمة و تكوينه قديم و نحو ذلك من الصفات، و لا يقال ايضا لم يَزَلْ قدرته و علمه لم يَزَلْ، بل يقال إنّ الله تعالى قديم بصفاته، فانّ الله تعالى بصفاته لم يَزَلْ، و الصفات تضاف الى الله، ثمّ يوصف الله تعالى أنّه قديم بصفاته

Ўн иккинчи фасл. Албатта Аллоҳ таолонинг сифатлари тавсифланмайди. Чунки, бунда уларнинг бошқача тавсифга айланиб қолиш шубҳаси мавжуд. Бунинг маъноси шуки, Аллоҳнинг илми қадимий, унинг қудрати қадимий, раҳмати қадимий, таквини қадимий, дейилмайди. Бошқа сифатлар ҳам шунга ўхшашдир. Яна Унинг қудрати доим бўлган, илми ҳам доимий бўлган, ҳам дейилмайди. Балки, Аллоҳ таоло ўз сифатлари ила қадимдир, дейилади. Зотан, Аллоҳ таоло ўз сифатлари ила доим бўлгандир. Сифатлар Аллоҳга боғланади (изофа қилинади). Сўнгра Аллоҳ таолони ўз сифатлари ила қадимий, деб тавсифланаверади.

(Аллоҳ таолонинг қадим сифати ижмоъ билан собит бўлган. У Аллоҳ таолонинг уммат айтиб келган сифатидир. Шундай экан, Унинг бошқа сифатларини қадимий деб алоҳида тавсифлаш унчалик тўғри эмас.). 

و على ذلك لا يقال إنّ صفة الله تعالى شئ على الإطلاق لانها توهم أنّها أغيار الا ان يقال شئ هو صفة الله على إرادة الإثبات و نفى الغيريّة و لا يقال إنّ الصفة لا شئ لانّه نفى، بل يقال هو صفة الله على التحقيق من غير تشبيه و لا تعطيل و فى جعل الصفات اغياراً منافاة التوحيد

Шунга кўра, Аллоҳ таолонинг сифатларини мутлақ қилиб “нарса” деб аталмайди. Чунки, унда уларнинг бошқа экан деган хаёл пайдо бўлади. Балки, нарсани Аллоҳнинг сифати деб бошқаликни инкор этиш ва сифатни исботлаш маъносида айтиш мумкин. Сифатни нарса эмас, ҳам дейилмайди. Чунки, у инкордир. Балки, Аллоҳ таолонинг сифати деб ташбеҳ қилмасдан ва инкор этмасдан мутлақ қилиб айтилади. Сифатларни бошқа қилиш тавҳидни инкор қилмоқдир.

(Аллоҳ таолонинг ўзини “нарса” дейиш мумкин. Чунки, “нарса” деб бор ва мавжудга айтилаверади. Сифатларнинг ҳар бирини “нарса” деб айтиб чиқиш яхши эмас. Чунки, бунда сифатларни ташбеҳ қилиш ёки уларни инкор этиш вужудга келиб қолиши мумкин.).

ثمّ الاصل فيما يضاف اليه ما يليق به من العلم و القدرة و العظمة و الجلال، و لا يجوز ان يضاف اليه ما لا يليق به من نحو الولد و الزوجة و الجور و الظلم و السفه. و ما فيه شبهة فالكفّ عنه أسلم، نحو انّه لا يقال لم يَزَلْ يخلق و لم يَزَلْ يَرْحَم، و على ذلك أمر سائر الأسماء و الصفات، إنّ ما فيه شبهة فالكفّ عنه أسلم، و كذلك كلّ ما لم يَظْهَرْ فيما بين الأمّة فالكفّ عنه أسلم و ما فيه شبهة ترك التعظيم لله تعالى فالكفّ عنه أسلم

Сўнгра, асл қоида шуки, Аллоҳга боғланадиган, яъни, изофа қилинадиган нарса илм, қудрат, азамат ва жалол каби Унга лойиқ бўлмоғи лозим. Бола, аёл, жавр, зулм, нодонлик каби нолойиқ нарсаларни Унга изофа қилиш жоиз бўлмайди. Шубҳали нарсаларни ҳам (Унга изофа қилиш жоиз бўлмайди). Ундан ўзни тийиш саломатлироқдир. Аллоҳ таолонинг таъзими тарк қилинадиган шубҳали жойларда ўзни тўхтатиш саломатлироқ қолишдир.

(Аллоҳ таолони улуғлайдиган сифатларни айтиш жоиз. Аллоҳга зулм-ситам, ёлғон, билимсизлик кабиларни нисбат қилиш асло мумкин эмас. Аллоҳ таолонинг таъзимини шубҳага қўядиган, уни пасайтирадиган нарсаларни Аллоҳга нисбатан айтиб бўлмайди. Бундай ҳолларда тилни тийиш саломат қолишдир.).  

و ردّ تأويل المتشابه الى الله تعالى أسلم و أجود و الله تعالى بذلك كله أعلم

Аллоҳ таолога бирор нарсани ўхшатувчининг ўзича гапирган гапларини – таъвилларини рад қилиш саломатлироқ ва яхшироқдир. Аллоҳ таоло бунинг ҳаммасини билувчидир!

(Аллоҳ таолони яралмишларнинг сифатларига ўхшатувчиларнинг, масалан, Аллоҳнинг аъзоси бор, дегувчиларнинг ҳар хил таъвилларини қабул қилмасдан, рад этиш саломат қолишдир. Аллоҳ таоло ҳеч нарсага ўхшамайди.).

قال الشيخ رحمه الله: تفسير كلمة الإخلاص «لا اله الا الله» إنّ اوّلها نفى الالوهيّة عن غير الله تعالى و آخرها اثبات الالوهيّة لله تعالى، فصارت من اوّلها الى آخرها توحيداً. ثمّ التصديق برسالة محمد عليه السلام تصديق بكلّ ما يجب ان يصدق من الكتب و الرُّسُل فى الدين الا أن يأتى بعد ذلك شئ يهدمه او يخلّ به

Шайх (Абу Мансур ал-Мотуридий) раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Ла илоҳа иллаллоҳ!” деган ихлос калимасининг маъноси шуки, унинг аввалги қисми Аллоҳ таолодан ўзгасидан илоҳийликни инкор қилишдир. Кейинги қисми эса Аллоҳ таоло учун илоҳликни исботлашдир. Демак, аввалидан то охиригача тавҳидга айланди. Сўнгра Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини тасдиқлаш диндаги пайғамбарларнинг барчасини, китобларда тасдиқлаш лозим бўлган нарсаларнинг ҳаммасини тасдиқламоқдир. Ана ундан кейин фақатгина уни вайрон қиладиган ва унга халал етказадиган нарсалар келади, холос.

 و الله الموفق. تمّ الكتاب بعون الله الملك الوهّاب

Аллоҳ тавфиқ берувчидир! Рисола малик ва ваҳҳоб бўлмиш Аллоҳнинг ёрдами ила тугади.

الكاتب: حميد الله البيرونى

Ҳамидуллоҳ Беруний

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...