ШАЙХ ҲАЗРАТЛАРИ БИЛАН СЎНГГИ ДАРС
ёхуд «мусулмон бир тешикдан икки марта чақилмайди»
2015 йилнинг март ойи. Пайшанба кунги дарс. Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳнинг «Ал-ашбоҳ ван-назоир» китобидан дарс бўлди. Дарсдан кейин кўпчиликка таниш бўлган устозлардан бири ҳазратга мурожаат қилиб қолди: «Ҳазрат, бир шогирдим бор эди, анчадан бери кўрмас эдим, кеча йиғлаб келибди. Ҳа десам, бир туш кўрибди. Тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сен Мовароуннаҳр муфтийсининг ҳузурига боргин» деб, сизни кўрсатибдилар. Бу тушдан тўлқинланиб, йиғидан ўзини тўхтата олмай, олдимга келибди…»
Ҳамманинг нигоҳи ҳазратда эди. У киши бир зум тўхтаб турдилар-да, бепарвогина: «Ҳа энди, тушга нималар кирмайди» деб, ҳамманинг диққатини бўлиб, гапни бошқа мавзуга буриб юбордилар.
Ҳамма чиқиб кетгач, бир-иккита домлалар билан биз яна айрим саволлар юзасидан ёнларида қолдик. Шунда шерикларимиздан бири: «Ҳазрат, сиз ҳақингизда айрим одамлар жуда бўлмағур, туҳмат гапларни гапиришяпти. Шунга бир нима десакмикин?» деб сўраб қолди. Ҳазрат одатдаги жавобни бердилар: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёқаларидан тортиб, у зотни маломат қилишган. Сарвари коинотга «Сен адолат қилмадинг», деб таъна қилишган. Биз ким бўлибмиз?.. Агар уларга жавоб бериш билан банд бўлсак, бошқа зарур ишларимиз қолиб кетади. Ўзи айрим одамлар динга хизмат қилаётган кишиларни чалғитиш учун ҳам айнан шу услубни қўллайди. Биттаси менга 100 тача савол юборибди, ҳаммаси бефойда тортишувли гаплар, уларга жавоб бериб чиқсангиз, яна нимадир топади…»
Туҳматчиларнинг гапларидан ранжиб турган домламиз фикрини очиқлаб, «Лекин айрим кишилар ҳақиқатни билмагандан янглишиб, кетиб қолишяпти-да», деди. Шунда ҳазрат: «У ҳолда ҳақни етказиш учун бирор мақола шаклида, илмий асосда жавоб бериб қўйиш керак, шу кифоя. Қолганини одамлар ўзи ажратиб олади. Беҳуда гапларга парво қилманглар, тортишиб вақт ўтказманглар, улар ўзи йўқ бўлиб кетади, ҳаммаси яхши бўлади, иншааллоҳ», дедилар.
Устознинг дарсларида охирги иштирокимиз шу бўлган экан. Орадан беш кун ўтиб, у зот вафот топдилар. Аллоҳ раҳматига олсин. Ўша насиҳатлари бизга гўё васиятдек бўлиб қолди. Ана шу эътибордан яқин кунларда кўтарилган бир мавзу ҳақида айрим мулоҳазаларни баён қилишни лозим топдим. Сабаби ‒ бу мавзуни очиқлаб қўйишни айрим аҳли илмларимиз ва бир қатор мухлис мусулмонларимиз ҳам таъкидлаб эслатмоқдалар.
Шайх ҳазратлари «Ҳизбут-таҳрир» деган партиянинг кирдикорлари ва адашувларини баён қилиш учун «Дин – насиҳатдир» номли китоб ёзган эдилар. Бу асар жуда кўп одамнинг кўзини очиб, диннинг моҳиятини тушунишига туртки бўлган. Юзлаб, минглаб инсонлар беҳуда ҳаракатларини тўхтатиб, фойдали иш билан машғул бўлди, оила бағрига қайтиб, фарзандларини илмли, ҳунарли қилиб тарбиялашга киришди. Буни ҳамма билади.
Бу борадаги минглаб мисоллардан бирини эсласам.
Бизнинг яқинларимиздан бирининг учта ўғли «ҳизб»га кириб, бирин-кетин қамалган эди. Ўзи ибодатда бўлса-да, илмсиз одам бўлгани учун фарзандларининг диндан деб гапирган фикрларига эътироз билдиришга чўчир экан. Аммо ҳаётга, воқеликка зид бўлган бу тумтарақай фалсафалардан кўнгли таскин топмас, ақли қабул қилмас экан. «Дин насиҳатдир» китобини ўқигач, ўша истаган нарсасини топибди ва қалбини қийнаб турган кўплаб саволларга жавоб олибди. Бир куни кўзида жиққа ёш билан менга шундай деб қолди: «Ҳазратдан Аллоҳ рози бўлсин, мана бу ҳақиқий дин, ҳақиқий илм. Руҳингиз озиқланади. Аммо бир нарсадан хафаман: шайх шунча ҳақиқатларни билар экан, шу китобни нега олдинроқ ёзмади? Агар шундай бўлганида, балки ўғилларим ҳаётини бундай зое қилишмасмиди…»
Мен у кишига «Ҳаммаси қазои қадар экан… Ҳазрат ҳам дастлаб муаммонинг кўламини пайқамаган бўлишлари мумкин, кейин вазият мураккаблашиб, талофат каттариб кетаётганини кўрганда ёзганлар-да…» деганга ўхшаш гаплар билан юпанч айтган бўлдим.
Шайх ҳазрат ўзлари айтиб берган эдилар. Бир-иккита масъуллар у кишининг ҳузурига келиб, «ҳизб»чи йигитлар ҳамма ходимларни кофирга, ҳатто имом-домлаларни ҳам тоғутга чиқариб, ўта радикал бўлиб кетганини айтиб, «Тақсир, биз буларни қамаб ўтиришни истамаймиз, аммо уларни бу аҳволда қўйиб қўя олмаймиз ҳам, чунки уларнинг фикри мамлакат тинчлигига раҳна солади. Уларга хатоларини дин йўли билан тушунтирса бўлмайдими? Ахир Ислом бундай дин бўлмаса керак?» деган маънода мурожаат қилишади. Ҳазрат бу партияни яхши билганларидан, дунёнинг бошқа жойларида ҳам фақат муаммо туғдириб юрганидан хабардор бўлгани учун, уларнинг тасарруфлари шариатга зид эканини баён қилиш лозимлиги учун бу борада бир рисола ёзишга киришадилар. Китобни ўқиган қалби очиқ одам у ердаги ҳар бир гап шариатга, ҳақиқатга асосланганини, катта ғам билан, самимий ёзилганини англайди.
Ҳазратнинг ҳамма китоблари ҳам элнинг дардига даво бўлган, лекин мана шу китоб ҳаммасидан ҳам кўпроқ малҳам бўлганини ақл-ҳушли одамлар жуда яхши билишади. Аммо инсон унутувчан бўлади, кўпчилик бир ёқлама қарашга мойил бўлади. Айниқса, инсонларнинг туйғуларини суистеъмол қиладиган тоифаларнинг таъсирига тушган одамлар воқеликни тўғри баҳолай олмайдилар. Шу эътибордан айрим ҳақиқатларни айтишни лозим топдим.
Аввало шуни билиш керакки, «ҳизбут-таҳрир» – бир сиёсий партия, холос. У дин эмас, шариат эмас. Улар динни, исломий илмларни ўргатадиган бирорта мадрасага ҳам эга эмас. Ўша партиянинг манбалари ҳам буни таъкидлайди. Шу боис, ичларида уламолар эътироф этадиган бирорта олим йўқ. Аммо бизнинг одамлар узоқ йиллик динсизлик сабабли диний илмлардан узоқлашиб кетгани учун ким Исломдан, Аллоҳдан гапирса, уни ўзига шайх деб олаверади, гапини дин деб қабул қилаверади. Устига устак, нари борса, оддий бир талаба бўлган одамлар ўзларини «Шайх Фулоний ҳафизаҳуллоҳ» деб номлайдиган бўлиб олишган.
Хўш, шайх Муҳаммаад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мазкур асарда «ҳизбут-таҳрир» партиясига туҳмат қилганмилар?
Ушбу даъвони қилган бир «жаноб» шайх ҳазратларини хиёнатда айблаб, оғзига келган ҳақоратларни қилибди. Бу борада шайх ҳазратларининг китобидан бошқа бирор китобни ўқиб кўрмаган одамлар бу гаплардан бироз ўйланиб қоляпти ёки анави аҳмоққа қўшилиб, оҳ-воҳ қилиб ётибди. Аслида «ҳизб» ҳақида «Дин насиҳатдир» китобида берилган маълумотлар араб, рус тилидаги адабиётларда жуда ҳам машҳур бўлиб, ҳеч бири осмондан олинган эмас, тўқиб ҳам чиқарилмаган, балки айнан партиянинг ўз расмий манбаларидан олиб келтирилган. Бу партияга раддия сифатида бир қатор китоблар ёзилган бўлиб, Ислом оламидаги фирқаю мазҳабларга бағишланган қомусларда ҳам бу мавзуда етарлича маълумот топса бўлади. Аммо «ҳизбут-таҳрир» масъуллари ўзларининг манбаларини ҳамиша таҳрир қилиб, ўзгартириб туришади, кейин эса олдинги гапларига раддия берганларни туҳмат қилганликда айблаб тураверади. Араб тилини билганлар ушбу партия ҳақида интернетни қидириб кўрса, бу гапларга ўзлари гувоҳ бўлишлари мумкин.
Улар гапни айлантириб, ўз манбаларини иккига бўлиб қўйишган. Бу – ғирт қаллоблик. «Фалон одаминг бундай дебди» десангиз, бу ўша аъзонинг ижтиҳоди, бу унинг фикри, дейди. Хўш, ундай бўлса, нега унинг бу гапини сайтларингда тарқатиб ётибсизлар, десангиз, «бу фикр эркинлиги» деб, яна гапни олиб қочади. Аслида эса агар унинг гапини қабул қилмаса, ижтиҳодини нотўғри деб билса, мусулмонларни аҳмоқ қилиш ўрнига, унинг нотўғрилигидан бошқаларни огоҳлантириши керак эмасми? Ижтиҳодни ижтиҳод билан рад этиш керак-ку! Йўқ, улар одамларни аҳмоқ қилишда давом этаверишади, мусулмонларни ўз ноғорасига ўйнатаверишади. Уларнинг бунга ўхшаш ҳийлакор, тутуруқсиз тасарруфлари жуда кўп.
Ҳазратга нисбатан туҳмат қилди деб айтилган ҳар бир гапга раддия бериб, манба кўрсатиб чиқишга вақт зиқлиги тўсқинлик қилди. Қолаверса, бу тоифанинг одамлари далил нималигини ҳам яхши тушунмайди, ҳақиқатни тан олмай, гапидан тониб ҳам тураверади. Шундай бўлса-да, интернетдан қидирсам, ҳозир ҳам бу борада араб тилида ёзилган маълумотлар етарли экан (буни илгари ҳам кўрган эдим), тил билганлар интернетдан уларнинг фатволарини ва уларга берилган раддияларни кўриб олишлари мумкин. Ҳаммаси нашрларнинг рақамлари билан кўрсатилган. Балки бошқа аҳли илмларимиз бунинг баёнига имкон топсалар, ажаб эмас. Мен ўз шароитимдан келиб чиқиб, ўзим билган айрим гапларни айтиб, шундан хулоса чиқаришга ва қизиққанлар керакли манбаларга мурожаат қилишларига ишора қилиш билан чекланмоқчиман. Мақсад ‒ бу ёлғонга аввал бир марта алданган мўминларни илон ўша тешикдан яна заҳарламасин.
Бу «ҳизб» аъзолари «Халифа муслимон бўлиши шарт эмас», деган гапни ўз манбаларида очиқ ҳам айтган, ишора билан ҳам айтган. Бу борада уларнинг энг асосий китобларидан бири бўлган «Ислом низоми» деган китобда умумий мазмундаги матн ҳам бор. Улар «Бошқарувчининг ким бўлиши муҳим эмас, низом исломий бўлиши муҳим», дейишади. Бу гапни уларнинг вакилларидан ўз қулоғим билан эшитганман. Уларнинг бу гапи дин талабларига эмас, қуруқ ақлга суянган.
«Ҳизб»нинг адабиётларини ўқисангиз, биринчидан, уларда муайян усул, услуб йўқлигига, иккинчидан, гапни айлантириб, турли эҳтимолларга тортадиган гапларни қўллашларига гувоҳ бўласиз. Шунинг учун оддий одам бу хатони илғай олмай, чалғиб қолади. Масалан, «Маҳдий чиқиши ҳақидаги ҳадисларни қабул қилиш мумкин, аммо оҳод бўлгани учун уларга ишониш гуноҳ», дейишади. Улар мана шу тутуруқсиз услублари билан қабр азобини ҳам инкор қилишади. Бу гапдаги зиддиятни шарҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Эътироз билдирсангиз, «Аҳли сунна олимлари оҳод хабарни ақийдага олмаймиз, дейишган, бу гап мана шу усулдан келиб чиққан», дейишади. Аслида эса аҳли сунна уламолари ақийданинг фаръий масалаларида оҳод ҳадислар ҳам олинишини, аммо зонний хабарлар яқийнни англатмаслигини айтганлар, бироқ унга ишонишни гуноҳ демаганлар ва қабр азоби ҳақидаги ҳадислар маънан мутавотир эканини таъкидлаганлар. Кўряпсизми, бу умуман бошқа гап, орада ер билан осмонча фарқ бор. Аммо илмсиз одамлар бу фарқларни ажрата олмай, ҳизбчиларнинг дийдиёларига ишониб қолади. Шуни таъкидлашни истардимки, мен бу ердаги сўзларни ўзимча айтаётганим йўқ, бу гаплар уларнинг китобларида ҳам бор, қолаверса, бу гапларни уларнинг айрим етакчи аъзоларидан ҳам эшитганман, баҳслашганман.
Номаҳрам билан қўл бериб кўришиш жоизлиги ҳақида улар алоҳида рисолалар ҳам нашр қилишган, ўша рисолалар бундан йигирма йилча муқаддам Андижонда тарқатилган. Мен уни ўз кўзим билан кўрганман, ўқиганман. Адашмасам, 1994-1995 йилларда улар ҳали «ҳизб»чи бўлиб танилмаган пайтлар эди. Андижондаги улардан таъсирланган айрим одамлар «ҳизб»нинг беҳаё киноларни кўриш жоизлиги ҳақидаги арабча китобларини ҳам тарқатишган. Аммо бу ишни ниҳоятда эҳтиёткорлик билан, тор доирада қилишган.
Биладиганлар эсласа керак. Ўша пайтларда Андижондаги «Жомеъ» масжиди имом хатиби Абдулвалий қори ака ўзларининг бир сафарлари асносида «ҳизб»чиларнинг вакиллари билан бўлиб ўтган мунозарани айтиб берган ва бу маъруза жуда ҳам машуҳр бўлган (у киши бу «ҳизб»га қарши бўлишига қарамай, кўп шогирдлари унга ўтиб кетган). Мунозарада «ҳизб»чилар (бу ҳодиса, адашмасам, Иорданияда бўлган) яланғоч суратларга қараш жоиз деб даъво қилишган. Имом-домла бунинг ҳаромлиги ҳақида шаръий далиллар келтирса, улар турли важлар билан қабул қилмай, «Йўқ, бу нарса расм, холос. Ўша нарсангинг асли эмас, акси. Аслга қараш жоиз эмас. Лекин бу акс, уни томоша қилса бўлади», деб жавоб беришган. Шунда у киши доимгидек ҳозиржавоблик билан: «Ундай бўлса, келинг, онангизнинг яланғоч суратини хонага илиб қўяйлик, ахир бу асл эмас, расм-ку», деган. Шунда улар мот бўлиб, лом-мим дея олмай қолишган.
Айтмоқчимизки, бу гаплар «ҳизб»нинг вакиллари ўртасида роса маълум ва машҳур бўлган. Аммо булар дўппи тор келганда ҳамма нарсадан тониб тураверади, уялмайди. Худди шу ҳолатни шайх ҳазратларига ўзича лой отаётган анави юзсиз тентакда ҳам кўриш мумкин. «Гапимни исботлай олмасам, қайтиб мени кўрмайсизлар», деган одам эртасидан безрайиб туҳматда давом этиб тураверади. Портал кутубхонасида беппа-бекорга, оппа-очиқ турган китоб ҳақида: «Бу китобни улар ўчириб юборишган, мен сайтдаги мақоласидан топиб, ҳозир сизларга хатоларини кўрсатиб беряпман», деб валдираайди. Бу бола ё кўриб турган нарсасидан ҳам тонадиган ўта кетган каззоб, ёки унинг руҳий ҳолатида қандайдир муаммо бор. Лекин шунда ҳам уни эшитаётганларга қойил! Эссиз умр!
«Ҳизб»нинг ақийдадаги, фиқҳдаги адашувлари ўзи бир олам бўлса, уларнинг руҳий тарбиядан, ахлоқдан бутунлай мосуволиги бу тоифанинг адашган эканига етарли далил бўлади. Гаплари фақат фикр, сиёсатдан иборат, ахлоқ-одоб, диннинг мағзи бўлган убудият руҳи умуман йўқ. Энг ачинарлиси, ўша фикр ва сиёсат ҳам ўта саёз, қотиб қолган, хаёлий. Китобларини ўқисангиз, ҳақиқий уламоларнинг асарларидан олинадиган руҳий озуқа йўқ, «дин» ниқобидаги янгича бир таълимот, фақат фикрий баҳслар, қоқ-қуруқ, тумтароқ бақир-чақир гаплар. Озгина тартибли илм олган киши ҳам бу гаплар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келаётган дин эмаслигини, Аллоҳнинг сўнгги ваҳийси эмаслигини дарҳол пайқайди.
«Ҳизб»чиларнинг манҳаждаги адашувлари эса кундек равшан. Бу партияга асос солинганига 70 йил бўлди. Улардан сўранг-чи, қачон қаерда нимани қойиллатишибди? Орадан бир-икки авлод ўтиб кетди, лекин айтган даъволари амалга ошишига сал-пал яқин келадиган натижага ҳам эришганлари йўқ. Бироқ, яна ўша осмонўпар даъволарда давом этиб кетаверишади. Бошқаларнинг илмий ҳаракатлари орқали одамлар динини ўрганиб, диёнати кучайяпти, Аллоҳни таниб боряпти. Аммо буларда қуруқ баландпарвоз гаплар, амалда эса ҳеч вақо йўқлиги етмагандай, ўзидан бошқаларни обрўсизлантиришдан ҳам чарчашмайди. Қувайт фуқаҳолари 30-40 йиллик илмий ҳаракат билан мамлакатдаги қонунларнинг 80 фоизини Ислом шариатига мувофиқлаштиришди. Аммо булар 70 йил ичида қаерда Исломнинг қайси ҳукмини татбиқ этишди экан? Буларнинг фикрлари кирган жой фақат хароб бўлди, ёшларнинг умри хазон бўлди, умматнинг қуввати беҳуда мафкура билан, хаёлпарастлик билан совурилди, жамият пароканда бўлди ва ҳоказо…
Сабаби оддий: ақийда ҳам, йўл ҳам нотўғри, манҳаж ҳам набавий сийратга тамоман зид.
Булар доим фақат ғўр, дину дунёдан бехабар одамларни овлаб, тентиратишади. Ўша йигирма йилча аввал, бизда уларнинг «даъвати» роса авжига чиққан пайтларда халқимиз ташқи дунёдан бугунгидек хабардор эмас эди, кўпчилик дунёнинг сиёсатидан ҳам бехабар эди. Булар эса дам-бадам битта гапни тарқатишади: «Тезроқ ҳизбга хизмат қилиб қолинглар, яқинда халифалик тикланса, бу имконият бўлмайди, савоб олиб қолинглар». «Ие, халифалик сайлови қачон экан?» десангиз, «Шу, келаси ойларга. Узоғи билан икки ой ичида. Айтишларича, ҳозир бутун дунё бўйича ҳизбнинг энг кучли таянчи Ўзбекистонда бўляпти экан, халифалик маркази водийда бўлар экан», дейишар эди. Шу гапга ўзлари ҳам чиппа-чин ишонишарди. Энг қизиғи, бу айтган гаплари амалга ошмагач (ўзи амалга ошмаслиги ҳам аниқ эди), янги ёлғон тўқишади: «Эҳ, кечаги куни Фалончи билан Пистончининг учрашувида шундай гап бўлиб ўтибди, шунга халифалик кейинги ойга қолдирилибди», дейишарди, бояги калласи қотган бечоралар бу ёлғонга ҳам яна ишониб кетаверишарди. Мана шунақа ёш болача гаплар билан қанча йигитларнинг умрини хазон қилиб, аслида яхши ниятли бўлган одамларни йўлдан оздиришди, ихлосини, ғайрат-шижоатини кўкка совуришди.
Энг ажабланарлиси, «ҳизб»чилар ўзининг дунёдаги энг муваффақиятсиз партиясини дин деб, эътиқод деб, эргашиш вожиб бўлган йўл деб даъво қилишади. «Қанақасига?» десангиз, «Чунки ҳозирда Ислом аҳкомларини ҳаётга татбиқ этишнинг ягона йўли шу», дейишади. Бу ҳам ёлғон. «Қани, қаерда, қайси ҳукмни татбиқ қилдинглар?» десангиз, ҳеч нарса йўқ.
Ўзингиз инсоф билан ўйлаб кўринг, ўзидан бошқа ҳамма мусулмонни залолатда деяётган, бир нарса десангиз, «Одам бундай деса, диндан чиқади» деб, такфир билан таҳдид қилаётган, хатосини айтган одамни хоинга чиқараётган, динда ҳам, сиёсатда ҳам ўтакетган нўноқ шу жамоа бугунги дунёда бир ярим миллиард мусулмонга раҳбар бўла оладими? Улар шу ишни уддалай олади деб ишонасизми? Ўзи улар шунга ҳақлими? Сиз ўзингизнинг, фарзандларингиз ҳаётини шу одамларга топшира оласизми?
Даъвони ҳамма ҳам қилаверади. Коммунистлар ҳам одамларга шу дунёнинг ўзидаги жаннатни ваъда қилган эди. Ҳолбуки, бутун мамлакатни дўзахга айлантиришди. Шу боис, даъволар, шиорлар эмас, амал ва натижа муҳим. Дин ғамидан гапирган, муаммоларни бир четдан санаб берган ҳар кас ҳам ҳақгўй, ҳақпарвар бўлавермайди. Овозини қўйиб, йиғламсираб гапирганки даъватчи нажоткор бўлавермайди. Ҳатто мусулмонларга чиндан жони куйиб, ихлос билан бор вужудини фидо қилишнинг ўзи ҳам етарли эмас. Ҳақиқий раҳнамо бўлган одамда ўша муаммонинг аниқ ечими ҳам бўлиши керак. «Ечим Исломда» деган шиорнинг ўзи билан ҳеч нарса ҳал бўлмайди, буни уларсиз ҳам ҳамма билади. Шунинг учун ҳам биз «Ҳизбут-таҳрир ҳаётга ечим бера олмайди, чунки у Ислом дини эмас», деймиз.
«Ҳизб»чилар одамларнинг эҳтиросини, айниқса, диний ҳис-туйғуларини қўзғашга уста, холос. Улар шу йўл билан ўз фикрларини ёйишга уринишади, бу йўлда инсонларнинг руҳий қувватини суистеъмол қилишади. Улар шу йўл орқали жамият билан давлат ўртасини бузиб, бир бутун халқни бўлакларга бўлиб ташлайди, қувватини бир-бирига қарши сарф этади. Булар халқимизнинг бир авлодини еб битирди, бошқа жойларда иккита авлодни аҳмоқ қилди. Энди яна нимани даъво қилишади, тушунмайсиз. Улар-ку, инглиз юртидаги марказига тобеъ, ўша «қибла»ларидан нима садо келса, ўшани тарқатиб юраверишади. Аммо уларнинг шу сийқаси чиққан, бефойда сафсатасига қулоқ солаётган одамларга ҳайронсан, буларга нима бўлган? Мўмин киши ҳам шунчалар фаросатсиз бўладими?
«Ҳизб»чиларнинг гап-сўзини эшитсангиз, роса сиёсатдон, довюрак арслондек кўринишади. Аммо аслида ҳолатлари тамоман бунинг акси, сиёсатда ҳам, жасоратда ҳам гўдак, камига воқеликка зид. Шунинг учун ҳамма жойда муаммо келтириб чиқаришади, аммо ҳеч қачон ҳеч қандай муаммони ҳал қилишмайди.
Бу партия ҳар қайси мамлакатда ўша ернинг одамларининг савиясига қараб иш юритади. Бу ҳам уларни қандайдир жамиятшунослар бошқаришига ишора бўлса керак. Бундан йигирма йилча олдин бизнинг одамлар дунё ахборотидан деярли бехабар яшар эди. Ўша пайтда жаҳон ахборотида ёки интернетда тарқалган биргина сиёсий хабар, масалан, Иордания президенти билан Франция масъули ўртасида бўлиб ўтган учрашув тумтарақай «ҳизб»ча хомхаёллар билан изоҳланган варақани тарқатишни дин-диёнат, Аллоҳ йўлидаги жиҳод деб уқтириб, қанча ёшларни аҳмоқ қилишарди. Ҳолбуки, интернетни билган одам бу хабарни ўтирган жойида жимгина ўқиб қўйиши ҳам мумкин эди. Аммо булар халқнинг саводсизлигидан усталик билан фойдаланишар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биргина Ёсирнинг оиласига талофат етгач, мусулмонларнинг жону молларини ҳимоя қилиш учун Ҳабашистонга ҳижрат қилишга буюрганлар. Ошкора даъват таъқиқланган пайтда саҳобаларни махфий қабул қилиб, уларга Қуръон ўргатганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Маккада баралла Қуръон ўқиб, мушриклар тарафидан калтаклангач, яна чиқмоқчи бўлганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга рухсат бермаганлар. У зот биргина «Аллоҳ ягона» деган сўзни етказишда шунчалик эҳтиёткорлик қилганлар. Чунки у зот бир инсоннинг ҳаётини енгил санамаганлар, одамларнинг тинчлиги, саломатлиги билан ўйнашмаганлар. Аммо бу «ҳизб»нинг даъватчилари ўзлари дунёнинг қайси бир бурчагидаги офисда ўтирволиб, бу ёқдаги ёш мусулмонларнинг ҳаётини барбод қилишда давом этаверишади ва бундан уялишмайди ҳам. Ҳар замонда бир ҳақни айтаётгандек бақир-чақир қилиб, муаммони ҳал қиладигандек жавраб қўяди, нари борса, хотинларга ўхшаб қарғаниб қўяди ёки «буюк режалар» билан таҳдид қилади. Бўлди, шу билан вазифаси битди, ҳомийларидан пулини олиб, тинчгина дамни олиб ётаверади, буёқда эса мусулмонлар ташвишда, оилалар пароканда, болалар сарсон бўлиб юраверади.
Азизлар, Ислом – воқелик дини, илм дини, илмга амал дини. Хаёлпарастлик, баландпарвоз шиорлар ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Ислом бандаларнинг устидан ҳукмронлик қилишга интилиш билан эмас, балки бандаларни Аллоҳнинг йўлига чақириш билан барпо бўлади. Мусулмонлар бунақанги қуруқ даъволар билан эмас, балки дину дунё илмларини ва қувватини эгаллаш билангина юксалади.
Охирги эллик йилдаги дунёни бир кўз олдингизга келтиринг. Бошқа халқлар илғор технологияларни эгаллаш, сиёсатнинг янги-янги поғоналарига кўтарилиш борасида мусобақалашиб, юксалиб бормоқда. Ер қолиб, фазога эгадорлик учун курашмоқда, самога сунъий йўлдошларни кортеж қилиб учирмоқда. Аммо мусулмонлар бир-бири билан тортишишдан бўшамайди, минг йил олдин ҳал қилиб қўйилган масалалардаги жузъий ихтилофларни кавлашдан нарига ўтмайди. Бир ёқда манави «ҳизб»чиларга ўхшаган эси паст тоифалар мусулмонларни қуруқ хаёлпараст ғоялари билан чалғитса, бошқа тарафда ўзини мужоҳид деб танитган сафсатавозлар умматнинг умиди бўлган ёшларни боши берк кўчага – биродаркушлик урушларига чақириб, қурол савдогарларининг чўнтагини қаппайтиришяпти. Эллик йилдан бери шу талофатларда ҳалок бўлаётган, қалбида иймони жўш урган кишиларимиз воқеий фикрлаб, динини тўғри ўрганиб, мусулмонлар учун зарур бўлган соҳаларни эгаллашганида, замонавий илмларни ўрганишганида, мусулмон уммати учун фойдали эмасмиди? Хўп, бўлар иш бўлди, энди кўзни очиш керак эмасми, ақлни ишлатиш керак эмасми? Қачонгача миллатнинг энг сара гулларини ўзимиз нобуд қиламиз?
Аллоҳ таоло дунёни сабабият қонунлари асосида юргизиб қўйган. Мусулмонлар ҳам ушбу қонуниятни ҳисобга олишга мажбурлар. Шайх ҳазратлари мана шу ҳақиқатни теран англаган олим эдилар. Аммо мана бундай хомхаёл партиялар ёшларнинг қувват ва имкониятларини бефойда йўлга сарфлаш билан овора. Мусулмонларга ким хиёнат қилаётганини шундан ҳам билса бўлади. «Мусулмонларни кимнингдир хиёнатидан огоҳлантирмоқчи бўлсанг, биринчи бўлиб ўзингдан бошла, галварс», дегинг келади.
«Ҳизб»чилар ўз аъзолари ўртасидаги ихтилофларни ижтиҳод ҳуқуқи деган изоҳ билан оқлаб туриб, ўзларидан бошқа барча мусулмонларни хатокорликда айблайди, ҳатто динга душман қилиб таърифлайди, «Биз Аллоҳнинг шариатини қоим қиламиз десак, манави фалонийлар бунга қарши, пистончилар ундай-бундай», дейди. «Аслида бу олимлар динга эмас, сенинг қинғир йўлингга қарши, холос, сўтак», дейдиган одам йўқ.
«Ҳизбут-таҳрир» аслида оддий сиёсий партия сифатида иш бошлаб, кейин ўз мафкурасини кенгроқ ёйиш учун ақийда, фиқҳ соҳаларига ҳам аралашди ва табиийки, ҳамма нарсани чалкаштириб юборди. Улар ўз мафкурасини Ислом ақийдаси ва фиқҳига бўйсундириш ўрнига ақийда ва фиқҳни ўзларига мослаштиришга уринишди. Шунинг учун улар ўз аъзоларига ақийдада ҳам, фиқҳда ҳам фақат ўз одамларининг енгил-елпи китобларини ўқитишади, у ёғига ўтказишмайди. Адашган тоифаларнинг барчасида одат шу – ўз фикрига қўшилмаган барча мусулмонларни адашганга чиқаргани учун туросий, яъни қадимги китобларга рағбат қилишмайди. Чунки буюк олимларнинг илмидан баҳраманд бўлган одам буларнинг пойма-пой гапларига қулоқ солмай қўяди. Аҳли сунна уламолари эса барча соҳаларда замонавий асарлар ёзиб, илмни осонлаштириш баробарида ҳамиша қадимги китобларга таяниб турадилар ва янги асарларни ўша катта китобларга бир нарвон сифатида кўрадилар.
Эътибор берсангиз, бу тоифаларни дунёда ҳеч ким тан олмайди – на дин олимлари, на сиёсий доира кишилари. Шундан аламзада бўлгани учунми, қаерга қараманг, булар Ислом умматига буюк хизмат қилиб турган шахсиятларга қарши жанг қилиб келади. Бир қарасангиз, Туркия президенти каби жаҳонда ўрни бор мусулмон етакчиларни танқид қилса, бир айланиб, шайх ҳазратларига ўхшаш уламоларга осилади. Мусулмонларнинг пешволари ҳақида қалбларда шубҳа туғдириш, ҳатто уларни бидъатчига, кофирга чиқариш Ислом душманларининг ҳар доимги услубидир. Анави шаввозлар аслида шу ноғоранинг ўйинчиларидир.
Нима эмиш, одамларнинг қалбидаги шайх деган «бут»ни йиқитармиш. Шайх ҳазратлари ким эди? Инсон сифатида оддий бир одам эдилар, аммо у киши Исломни етказиш жиҳатидан халқнинг қалбидан ўрин олган. Хўш, буни одамларнинг қалбидан кетказиб, нимага эришмоқчисан? Нима, мусулмон одам динини ўргатган устозига муҳаббат қилиши, эргашиши мумкин эмасми?
Булар халқни бебош қилмай туриб, ўзининг сафсатасига ҳеч кимни ишонтира олмаслигини яхши билади. Шуни билгани учун мана шу пасткаш йўлни тутади.
Одамларнинг қалбига ҳукмронлик қилишни шунчалик истар экансан, қалблардаги «бутлар»ни йўқотмоқчи экансан, нега қалбида шайтон ҳукмрон бўлган, ўзинг икки гапнинг бирида нафрат билан тилга оладиган ғайридинларга қарши курашмайсан? Ғарб Ислом оламини ундай қилди, бундай қилди, демократия ундай-бундай, деяпсан. Аммо ўзинг ўша Ғарбнинг қўйнида ўтирибсан-ку! Қўлингдан келса, даъволаринг рост бўлса, ўша ғайримуслимларнинг қалбидаги ростакам бутларни синдир олдин!
Йўқ, улар бундай қилмайди ва қила олмайди ҳам. Чунки бу маънода уларга буйруқ келмаган, кўрсатма берилмаган. Булар анави террорчи ҳамтовоқлари билан бир хил: бир қадам нарида турган босқинчи давлатлар билан иши йўқ, лекин дунёнинг нариги бурчагида ўз ҳолича динига амал қилиб турган мусулмонларга таҳдид қилиб, ўшқиради. Шунчалик шариатни жорий қилмоқчи экансан, марҳамат, шариатнинг асари ҳам бўлмаган, лекин ялиниб борганингда сенга бошпана берган ўша Европадан бошла! Ахир, ўзинг айтмоқчи, уларнинг аксари кофирлар-ку! Яна ҳам аниқроғи, мусулмонни кофирга чиқаргунча, Ислом юртларини дорул-куфр дегунча, кофирни мусулмон қил, дорул-куфрни дорул-Ислом қил, барака топгур! Йўқ, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмайсан, чунки биринг ўша кофир давлатнинг қоқ марказида ижарага жой олиб, улар ясаб берган жиҳозларда, улар яратган интернет билан тирикчилик қиласан, биринг эса ўша кофирлар ясаган қурол-аслаҳалар билан мусулмоннинг қонини тўкяпсан. Ваҳоланки ўша қурол тугул, унинг битта ўқини ҳам ўзинг ясай олмайсан. Шу аҳволингда қандай қилиб уларга қарши бирор иш қила олардинг? Камига, шу ўйин жангни «жиҳод» дейишларинг ортиқча. Шундай экан, нима қиласан ўзингча катта гапириб, бошқаларни маломат қилиб? Сал кўзгуга қараб гапир, буёқдагилар сен ўйлаганчалик аҳмоқ эмас!
Аммо афсуски, ўшаларнинг шу аҳволига маҳлиё бўлаётганлар ҳалиям бор экан. Аллоҳ тузум берсин.
Бундай тоифаларнинг бу қилмишлари аслида уларнинг ботиндаги эътиқодига мос келади. Нима эмиш, кофирлар зиммий эмиш, мусулмонлар эса муртад эмиш! Шунинг учун мусулмонларни ўлдириш керак эмиш. Шундан ҳам билсангиз бўлади буларнинг асл раҳбарлари кимлигини…
«Ҳизб»чиларнинг жуда кўп аъзолари попирис чекиб, анча-мунча гуноҳ ишларни ҳам писанд қилишмасди. Ҳа десангиз, «Аввал халифа сайланиши керак, кейин бу каби ишлар ўз-ўзидан тузалиб кетади», дейишарди. Бир куни сигарет чекиб ўтирган бир «ҳизб»чига: «Ака, борингки, шуни ҳалол деган фатвони топдингиз ҳам дейлик, лекин бу зормандангиз сиз ҳамиша ёмонлайдиган, синдириш керак дейдиган куфр давлатларининг маҳсулоти-ку? Кеча бир тақвимда ўқиб қолдим, бир йилда мусулмон давлатлардан Ғарб мамлакатларига сигарет савдоси орқали 1,5 миллард доллар даромад келиб тушар экан. Хўш, шуни тўғри деб ўйлайсизми? Сиз айтаётган душманнинг тегирмонига сув қуйиш ўрнига, шу пулни мусулмонлар учун, дин учун сарфлаш керак эмасми? Ахир кимлардир сизга Аллоҳ йўлида деб ёрдам қиляпти, сиз эса уни тутатворсангиз, ёқворсангиз, бу қанақаси бўлди?» дедим. Ўша одам жавоб тополмай, каловланиб қолди.
Бундан 15 йилча муқаддам Қирғизистонда бир таксига ўтирсам, ҳайдовчи «ҳизб»чи бола экан, бирпасда мени ўзичасига даъват қила кетди. Ўзида ҳеч вақо йўқ, намоз ўқиши ҳам даргумон, аммо даъволар осмон қадар, ҳар гапида халифаликдан, Ислом аҳкомларини татбиқ этишдан келяпти. У ҳам ҳалигидай гап айтиб қолди: «Бу майда-чуйда гуноҳлар ҳеч нарса эмас, халифалик тикланса, битта фатво билан ҳаммаси тўғриланиб кетади», деди. Мен унга: «Сиз мисвок воқеасини эшитмаганмисиз?» десам, «Йўқ, нима экан у?» деб қолди. Мен шундай дедим: «Салафи солиҳлар бир жангда ҳеч ғалаба қозона олишмабди. Одатда бундан ҳам камчилик бўла туриб ғалаба қозониб юришган, шунинг учун учун дарҳол ўзларидан камчилик қидиришибди: «Биздан нима хато ўтдики, Аллоҳнинг нусрати келмаяпти», дейишибди. Кейин билишса, мисвок ишлатиш суннатига бепарво бўлиб қолишган экан. Дарҳол туяларда мисвок олиб келиб, тарқатиб, ушбу суннатни қоим қилишгач, уларга ғалаба ёр бўлган экан. Сизлар суннат у ёқда турсин, анча-мунча фарзларга ҳам бепарво бўлиб, камига гуноҳларни енгил санаб юриб, қанақанги нусрат кутяпсизлар?»
Афсуски, бу каби тоифалар 70 йилдан бери борган жойида фақат муваффақиятсизликка учраётган бўлса ҳам, ўзини ислоҳ қилмайди, хатосини қидирмайди. Айтсангиз, тан ҳам олмайди. Аксинча, ҳаммани ўша боши берк кўчасига даъват қилаверади, ўзидан бошқаларни эса адашганга чиқараверади. Қарангки, бугун қанчадан-қанча «ҳизб» аъзолари 15 йил, 20 йил қамоқда ўтириб, минг афсус-надоматлар билан, тавбасига таяниб, ҳукуматдан кечирим сўраб, озодликка чиқиб келаётган бир пайтда қаердаги аблаҳлар ёшларни яна ўша эртакчи, касод партияга даъват қилмоқда. Улар кейинги авлодни ҳам барбод қилмоқчими? Етар шунча гўллик?!
Бу каби тоифаларнинг одати шуки, қаерда Исломга йўл очилса, ўша ерда пайдо бўлиб, ҳаммани ташвишга сола бошлайди, ҳикматли аҳли илмларнинг, мухлис мўминларнинг йиллар давомида қилган саъй-ҳаракати билан қўлга киритилган ютуқларни ҳам барбод қилади, фаросатсизлик қилиб, «қош қўяман деб, кўз чиқаришади». Йўл очилди дегунча, бақир-чақир қилиб даврага кириб келишади. Вазият кескинлашганда эса яна писиб, йўқ бўлиб қолишади.
Кимдир: «Сиз фақат бир тарафга гапиряпсиз, ахир бир одамни фикри учун қамаш зулм-ку, нега уларга насиҳат қилмайсиз?» деб ақллилик қилиши мумкин. Ҳар қандай соғлом фикрли одам биладики, давлатнинг асоси бўлган конституцияни куч билан ўзгартирмоқчи ёки давлатни тўнтармоқчи бўлганларга дунёнинг ҳеч бир жойида енгил қаралмайди. Агар ўша «ҳизб»чилар иқтидорда бўлса, улар ҳам бунга йўл қўймайди. Чунки бусиз давлат давлат бўлмайди. Воқелик шундай экан, мусулмон одам ақл билан иш қилиши керак. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Замонини билган, тилини сақлаган ва йўли тўғри бўлган кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деганлар. Замонини билиш шу замоннинг барча илмларини, шарт-шароитларини ҳар жиҳатдан билиш демакдир. Мусулмон одам бу ҳикматга доимо амал қилиши лозим.
Шуни ҳам англаш керакки, бир мамлакатда ўтириб олиб, бошқа давлатни танқид қилиш ҳеч қандай жасорат ёки ҳақгўйлик эмас. Бунақанги «ҳақпарварлик»ни ҳамма ҳам қилиши мумкин, кўпинча бундайлар «чувалчанг» бўлади.
Ҳар қандай кўзи очиқ одам шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг кимлигини яхши билади. У киши умрини Ислом хизматига тиккан ва бу йўлда муваффақият қозонган саноқли кишилардан эди. Хусусан, юртимизда ушбу замонда Исломга хизмат қилишда у кишининг олдига тушадиган одам бўлмади десак, муболағаси йўқ. Бу борада Парвардигори олам у кишининг улушини мўл қилган экан. Ҳазратни ҳақорат қилаётган ўша нобакорлар ҳам аслида шу одамнинг динга қилган хизматлари соясида эркинликка эришган. Аммо кўрнамаклигидан буни тан олишмайди.
Аллоҳ таоло собиқ иттифоқ ҳудудида Ислом динига кенг йўл очилишида шайх ҳазратни сабаб қилди. У зот нафақат Ўзбекистонда, балки бутун минтақада минглаб масжидлар очилишига сабабчи бўлдилар, юзлаб масжидлар, ўнлаб мадрасалар ишга тушишида бевосита иштирок этдилар, бу борада беҳад ташаббус кўрсатдилар. Бундан ташқари, минтақада исломий илмларнинг қайта уйғонишида ҳам, ихтилофлар бартараф бўлиб, аҳли сунна мазҳабининг мустаҳкамланишига ҳисса қўшишда ҳам ҳозирча у кишига етадиган одам йўқ. Бироқ, инсон унутувчан бўлгани учун, айримларнинг кўзини эса ҳасад кўр қилиб қўйгани учун, кўпчиликнинг ҳақиқий илмдан, кўплаб ҳақиқатлардан бебаҳра бўлгани учун олимларни таниш ҳаммага ҳам насиб бўлавермас экан. Шу боис, уламоларларга таъна тоши отишга уриниш ҳамиша бўлган ва бундан кейин ҳам бўлаверади. Шайх ҳазратларининг обрўсига қасддан путур етказиш учун қилинаётган фитналар ҳам ана шунинг бир кўриниши. Иншооллоҳ, бу уринишлар ҳам беҳуда кетади, чунки Аллоҳ Ўз динини, Ўзининг дўстларини ёрдамсиз ташлаб қўймайди. Бунинг исботини ҳар доим кўриб келинган.
Азизлар, биз олимларимизни қадрлашни, мўътабар устозларга садоқатли бўлишни ўрганишимиз лозим. «Ҳизб» ва унга ўхшаш тоифалар 50 йилдан бери ана-мана деб, мусулмонларни чалғитиб, аҳмоқ қилишдан бошқа ҳеч нарсани уддалашгани йўқ. Бирорта мадраса очишгани йўқ, бирорта масжид қуришгани йўқ, бирор кишига Исломни ўргатишгани йўқ. Улар бор нарсаларни хароб қилишди, илм толибларини хазон қилишди, холос. Содда халқимиз эса буларнинг баландпарвоз гапларига яна алданиб юрибди. Қачонгача бу сафсатавоз хаёлпарастларга қулоқ солинади, билмадим. Аммо бир нарса аниқки, ҳақиқий илмга эга одамлар ўртасида улар ҳеч қачон бош кўтара олмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин Аллоҳнинг нури билан назар қилади, унинг фаросатидан эҳтиёт бўлинглар», деганлар, яъни мўмин инсон ана шундай фаросатли бўлиши керак, демоқчилар. Яна бир ҳадисларида: «Мўминни бир тешикдан илон икки марта чақмайди», деганлар. Доно халқимиз бу набавий ўгитни «Кўр ҳассасини бир марта йўқотади» деган мақолда ифодалаган. Ушбу ва бошқа набавий ўгитларга амал қилинг, сийратни яхшироқ ўрганинг, жуда кўп ҳақиқатларни англайсиз, ўзингиз учун ҳам, жамият учун ҳам фойдали инсонга айланасиз.
Дунё бугун бир қишлоққа айланиб қолди. Энди олдинги даврлардаги каби ҳудудий, чекланган, тор қарашлар ярамайди. Жамиятлар ва давлатлар тизими жуда ҳам мураккаблашган. Бу воқеликни англай билиш керак.
Шу билан бирга, яхши билишимиз керакки, Ислом аввало қалбларда барпо бўлади, кейин ҳаётда бўй кўрсатади, уни ташқаридан босим билан сингдириб бўлмайди. Қадимдан шундай бўлиб келган, Қиёматгача шундай бўлади. Қалб эса фақат мафкура билан бошқарилмайди. Мафкуранинг ўзи етарли бўлса, коммунизм каби мафкуралар инсонларга бахт келтира олган бўлар эди.
Аллоҳнинг сўнгги дини бўлмиш Ислом мукаммал таълимотдир, ҳаётий манҳаждир. Ислом – диндир, у қуруқ фалсафа ёки сиёсатдан иборат партия эмас. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга назар солинг!
Шуни айтишни истардимки, айрим кимсалар билан тортишмасак, ўша кимсанинг даъвосига жавоб топа олмадик ёки унга тан бердик дегани эмас. Бу – ўша кимсани тортишувга лойиқ деб билмаслик, унга жавоб беришни зарур деб билмаслик, керак бўлмаган мавзу билан одамларни чалғитмаслик, илмий доирага хос гапларни омма ўртасида муноқаша қилмаслик, мусулмонлар учун зарурроқ, манфаатлироқ ишлар билан бандликдир. Бироқ, одамлар яна адашиб қолмасин, вақти исроф, умри хазон бўлмасин деган хавф бўй кўрсатганда керакли чора сифатида ҳақиқатнинг баёни учун шу каби мақолалар тақдим қилиш лозим бўлади. Ушбу сатрлар ҳам айнан шу маънода юзага келди. Шу боис, мухлис диндошлардан бу мулоҳазаларни кўпчилик билан баҳам кўришларини истардим.
Барчаларингизни Рамазон ойи билан яна бир бор муборакбод этаман.
Аллоҳ таоло барчамизга инсоф-тавфиқ бериб, Ўзининг ҳақ йўлидан айирмасин!
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид