СОЛИҲЛАР РЎЗАСИ

depositphotos_54092051-stock-photo-dates-arabian-lantern-and-rosaryЙилда бир марта рамазон ойининг рўзасини тутиш биз мўмин бандаларга Аллоҳ таолонинг фарз қилган ибодатидир. Бу ойнинг фазилати нихоятда улуғдир.  Жумла махлуқотнинг эгаси Аллоҳ таоло ҳаким Зот. Унинг хар бир амрида сонсиз хикматлар яширинган. Ўзининг каломида: “Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди” (бақара, 183).Аллоҳ таоло рўзанинг фарзлигини мўминнинг тақвосига қайд қилгандир. Раслуллоҳ с.а.в айтганларидек, бу ойнинг аввали, яъни биринчи ўн кунлиги раҳмат, иккинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги эса дўзахдан нажотдир.

Раҳмат”-Аллоҳнинг рахмати тушган қалб эгаси ҳақдан адашмайди, дунёнинг зеб-зийнатларию ҳою-хавасларига алданмайди, ҳақиқатга хиёнат қилмайди. Албатта бундай бўлиш қийинроқ, лекин Аллоҳнинг раҳмати ёғилган қалбларга осон. Шунингдек. Бундай оила баракотли файзли бўлади, ундай оилада меҳр-мухаббат, ваъдага вафо ҳукмронлик қилади.

Мағфират”- фазилатли улуғ ойнинг иккинчи ўн кунида гунохлар кечирилади, хатолар авф этилади, тавбалар қабул қилинади, қалблар покланади, инсонлар гўё онадан янги туғилгандек маъсум холга келадилар.

Дўзахдан нажот”- Аллоҳнинг рахматига ноил бўлган, гунохлари кечирилган бандалар, албатта, дўзахдан нажот топадилар. Охирги ўн кунлик бизларга мана шундай омонликни беради.

Демак барчаларимиз буюк имкониятлар ойида фақат чин имон ва ихлос билан, Аллоҳга ва охират кунига имон келтириб, сидқидилдан рўза тутсак, ибодатимизга риё, тамаъ ва ихлосга путур етказадиган бошқа холатларни аралаштирмасак, келажак учун катта бир зоди рохила тайёрлаган бўламиз иншааллоҳ. Ҳар бир ибодат ва амалларда бўлгани каби рўзанинг ҳам шартлари, фарзлари, қонун-қоидалари бор. Тонгдан шомгача рўза тутиш нияти билан ейиш, ичиш ва аёли билан жинсий яқинлик қилишдан сақланиш- рўзанинг фиқхий шартларидир. Аммо салафи солиҳинлар булардан ташқари яна олти нарсани шарт қилганлар.

  1. Кўзни юммоқлик, яъни кўзни номашруъ (гунохга олиб борувчи) нарсаларга қарашдан сақлаш. Бу иш, аввало одамлар ўртасида амалга оширилади. Эркаклар бегона аёлларга, аёллар эса бегона эркакларга қарашдан сақланишлари лозим. Нафақат бу ойда балки доимо кўзни эхтиёт қилиш лозим. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: “(Эй, Муҳаммад) мўминларга айтинг, кўзларини (номахрам аёллардан) қуйи тутсинлар”(нур, 30). Кейинги оятда: “Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номахрам эркаклардан) қуйи тутсинлар” (нур, 31). Хадиси шарифда ҳам баён қилинган: “Номахрамга ташланган назар шайтоннинг захарли ўқидан бир ўқдир. Кимки Мендан қўрқиб ушбу назарни тарк этса, унинг ўрнига шундай имонни алмаштириб бераманки, қалбида унинг ҳаловатини хис қилади”. Бошқа хадисда: “Қиёмат куни барча кўзлар йиғлаб туради. Лекин Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан юмилган кўз, Аллоҳ йўлида бедор бўлган кўз ва Аллоҳ таолодан қўрқиб пашшанинг бошичалик ёш чиқарган кўз бундан мустаснодир”-дейилган.
  2. Тилни асрашлик, яъни худа-бехуда, ёлғон, ғийбат ва бошқа гунохга олиб борувчи сўзларни гапирмаслик. Зеро, тилни бемани, бефойда гаплардан тиймаслик- рўзанинг мукаммаллигига путур етказади. Хадисларда: “Кимки (ўзи рўзадор бўла туриб) ёлғон гапиришни ва у билан амал қилишни тарк этмаса, унинг таом ва ичимликни тарк қилишига Аллоҳ мухтож эмасдир”. Бошқа бир хадисда Расулуллоҳ с.а.в: “Қачон бирортангизнинг рўза тутган кунингиз бўлса беъмани сўзларни гапирмасин ва овозини баланд қилмасин. Агар бир киши у билан сўкишиб ёки уришиб қолса: “Мен рўзадорман ”десин”-дедилар.
  3. Қулоқни асрашлик, яъни бехуда ва бемани сўзлардан қулоқни эхтиёт қилишлик. Зеро, гапириш ҳаром қилинган сўзларни эшитиш ва қулоқ солиш ҳам ҳаромдир. Хадисларда: “Ғийбат қилувчи билан унга қулоқ солиб ўтирган киши гунохда шерикдирлар”-деб баён қилинган.Демак, бу ҳам рўзанинг савобини кетказувчи ёмон ишлардан биридир.
  4. Бошқа барча аъзоларни ҳам гунохдан асраш. Мисол учун: қўл билан бировга озор бермаслик, оёқ билан ёмон жойларга бормаслик ва ифторда ҳам, сахарда ҳам умуман доимо халқумни покиза, халолдан сақлашлик ва хоказо. Ҳалолдан сақланиб рўза тутсаю, ҳаромдан сақланмаса, рўзанинг хеч қандай маъноси қолмайди. Бу бамисоли бир қаср қуриб, бир шахарни вайрон қилиш билан баробардир.
  5. Ифторда кўп овқат емаслик ва кундузи кўп ухламаслик. Албатта буни ҳам хикмати бор. Чунки рўза инсонга очлик аламини ҳис қилдириш учун машруъ қилинган. Кундузи бир оз оч юриб, ифтордан кейин кўп овқат ейиш солихлар одатига хилофдир. Бундан ташқари очлик- нафс тарбиясида ва инсоннинг маънавий камолотида ҳам мухим ўрин тутади. Бу ҳақда бир хадисда: “Расулуллоҳ (с.а.в) Оиша (р.а)га: “Доимо жаннат эшигини қоқишда давом этгин”-дедилар. Оиша (р.а) онамиз: “Нима билан қоқаман?”-деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в): “Очлик билан”-деб жавоб бердилар”.
  6. Ифтордан кейин ҳавф (қўрқинч) ва ражо (умид) ўртасида бўлишлик. Ушбу шарт ҳам рўзанинг қабул бўлишида муҳим ўрин тутади. Инсон бордию қилган амалидан ғурурланиб, тутган рўзасидан фахрланса, ажр-савобдан махрум бўлиб қолади. Аксинча, баъзи бир камчилик ва нуқсонларини ўйлаб, улар кечирилмайди деб умидсизликка тушиш ҳам зарардир. Шунинг учун ҳам хар биримиз доимо қилган ибодатларимизда, тутган рўзаларимизда йўл қўйган хато ва камчиликларимизга истиғфор айтиб, Аллоҳ таолога ёлвориб уни қабул қилишини сўрашлигимиз зарур бўлади. Юқорида санаб ўтилган шартларга амал қилган холда адо этилган рўза иншааллоҳ мукаммал рўзадир. Салафи солиҳларнинг тутган рўзалари ана шундай комил ва чиройли, гўзал рўза эди. Аллоҳ таоло аввало юртимизни тинч ва осмонимизни мусаффо қилсин. Барчаларимизни Рамазоннинг раҳмат ва баракотидан бахраманд этсин.ОМИН.

Андижон шахридаги «Абу Ҳурайра» жоме масжиди  имом хатиби:

Мусабоев Шаробиддин

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *