СОЛАТИ НОРИЯ

00(1668)Тасаввуф аҳли орасида кўп ўқиладиган саловат турларидан бири “солати нория”дир (оловли саловат). Унинг бундай номланишига сабаб шуки, улар бирор балони даф қилиш учун ёки бирор тилагини ҳосил бўлиши учун йиғилиб жамоавий тарзда 4444 марта шу саловатни ўқиса ҳожатлари оловдек тез ҳосил бўлар экан. Тасаввуф аҳли бу саловатни “хазиналар калити”, “солати тафрижия” (ғам-ташвишни аритувчи саловат) деб ҳам аташади. Солати нориянинг сийғаси будир:

اللهم صل صلاة كاملة وسلم سلاما تاما على سيدنا محمد الذي تنحل به العقد وتنفرج به الكرب وتقضى به الحوائج وتنال به الرغائب وحسن الخواتم ويستسقى الغمام بوجهه الكريم وعلى آله وصحبه وسلم فى كل لمحة ونفس بعدد كل معلوم لك

Таржимаси:

Эй Аллоҳ, саййидимиз Муҳаммадга комил саловат ва тугал салом йўллагин. Ул Муҳаммад шундай зотки, У туфайли тугунлар ечилар, мушкуллар бартараф бўлар, ҳожатлар раво бўлар, У сабабли истакларга, гўзал хотималарга етишилар, Ул зотнинг карамли юзи сабаб булутлардан ёмғир ёғилиши сўралар. Ва Ул зотнинг оиласига, саҳобаларига ҳам ҳар лаҳза ва ҳар нафас сенга маълум бўлган нарслар адади миқдорича комил саловат ва тугал саломлар йўллагин.

Имом Қуртубий бу саловат ҳақида айтади: Кимки шу саловатни ҳар куни 41 марта, ёки 100 марта ўқиб юришни ўзига одат қилса, Аллоҳ унинг ғам-ташвишларини аритади, зиён-захматини даф қилади, ризқини кенг қилиб, унга яхшилик эшикларини очади. Бало офатлардан, очлик ва қашшоқликдан омонда бўлади. Аллоҳдан нима яхши нарса сўраса албатта истагига етишади. Бу имтиёзларнинг бари давомий ўқиб юриш билан ҳосил бўлади.

Шайҳ Муҳаммад Тунисий айтади: кимки ҳар куни шу саловатни 21 марта ўқишга одат қилса Аллоҳ унинг ризқини кенг қилиб қўяди.

Имом Қуртубий айтади: кимки бирор муҳим ишни амалга оширмоқчи бўлса, ёки бирор балони даф қилиш ниятида бўлса мана шу саловатни 4444 марта ўқиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўртага қўйиб дуо қилсин. Шундай қилса, Аллоҳ унинг муродини ҳосил қилади ва мақсадига етказади. Аллома ибн Ҳажар Асқалоний айни саловатнинг хусусиятлари орасида шуларни ҳам қатор санаб ўтган. Валлоҳу аълам бис-савоб.

Файзуллаев ФУРҚАТ

Сирдарё вилоят Сардоба туман «Янги қишлоқ» ж/м

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...