ИСЛОМДА “ШАРЪИЙ ҲУКМ” ТУШУНЧАСИ

el-fekh-1“Ҳукм”  сўзи асли арабий сўз бўлиб луғатда 1) идора қилмоқ, бошқармоқ; 2) ҳукмронлик қилмоқ; 3) суд қилмоқ, қарор чиқармоқ; 4) чидамоқ, сақлаб қолмоқ маъноларига қўлланади.

Усул илми мутахасислари ҳукмни масдарига кўра шаръий ва ғайри шаръийга тақсимлайдилар.

Ғайри шаръий ҳукм деганда шариатга алоқаси бўлмаган, масалан ақлий, ҳиссий, урфий ҳукмлар кўзда тутилади. Бунга мисол тарзида “бирдан кейин икки келади, қуёш чиқса кун исийди, буйи етган қизлар турмушга чиқарилади” каби ҳукмларни келтириш мумкин.

Истилоҳда эса “ҳукм” сўзи Аллоҳ таолонинг мукаллаф[1] бандаларга тааллуқли, хоҳ талаб ва ё ихтиёр бериш ва ё вазъий хитобларига айтилади. Яъни бирор ишни қилиш талаб қилиб айтган сўзи, ёки бир ишни қилиш ё қилмаслик орасида ихтиёр бериб айтган сўзи, ёки бирор ишни ҳаром ё ҳалол эканлиги ҳақида айтган сўзлари.

“Шаръий ҳукм” деганда Ислом шариатидан далил асосида чиқарилган ҳукмлар назарда тутилади. Масалан намознинг вожиблиги, рибонинг ҳаромлиги ва ҳоказо.

Доим ёдда тутиш лозимки, аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, шаръий ҳукмлар аслида Аллоҳ таолонинг ҳукми ҳисобланади. Чунки уларни Аллоҳ ирода қилган. Хоҳ унинг далили Китобдан (Қуръон) ё суннатдан (Расулуллоҳнинг сўзлари, амаллари, ва тасдиқлаган ишлари) бўлсин, ҳаммаси бирдек Аллоҳнинг ҳукми деб қабул қилинади[2].

Шаръий ҳукмлар иккига бўлинади: Амалий ва эътиқодий шаръий ҳукмлар. Амалий шаръий ҳукмлар мукаллаф (балоғатга етган, соғлом, ақл-хуши жойида мусулмон эркак ва аёл)нинг амаллари кайфиятини ёритиб беради. Эътиқодий шаръий ҳукмлар эса мукаллафнинг эътиқодий масалалари ҳақида баҳс юритади.

Ҳанафий мазҳабимиз фуқаҳолари шаръий ҳукмларни даражасидан келиб чиқиб етти қисмга ажратганлар:

  • Фарз. Далолати ва субути қатъий далил[3] асосида банданинг амалга ошириши жазман (кескин) талаб қилинган амалга фарз деб айтилади. Масалан намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ибодатлар. Фарзнинг фарзлигини инкор этган одам кофир бўлади. Уни бажариш лозим деб ҳукм қилинади. Узрсиз тарк этганлар эса фосиқ дейилади.
  • Вожиб. Далолати ва ё субути зонний далил[4] асосида банданинг амалга ошириши жазман талаб қилинган амалга вожиб деб айтилади. Масалан фитр садақасини бермоқ, қурбонлик қилмоқ, намозда фотиҳа сурасини ўқимоқ ва ҳоказо. Вожиб амаллар ҳам худди фарзлар каби амалга оширилиши лозим, лекин унинг вожиблигини тан олмаганлар кофир дейилмайди. Беписандлик ила бажармаганлар эса фосиқ бўлади.
  • Мандуб. Шариат тарафдан амалга оширилиши талаб қилингану аммо жазман эмас.
  • Мубоҳ. Бажариш ё бажармаслик орасида бандага ихтиёр берилган амаллар.
  • Макруҳи танзиҳий. Шариат тарафдан у амални қилмаслик талаб қилинади аммо, талаб жазман бўлмайди. Масалан айнан жума кунида рўза тутмоқ.
  • Макруҳи таҳримий. Шариат тарафдан у амални қилмаслик жазман талаб қилинади. Аммо, далилнинг субути ё далолати зонний бўлади. Макруҳи таҳримийни қилган кишининг гуноҳи ҳаром амални қилган билан бир хил бўлади. Масалан жума намози вақти савдо қилмоқ. Ҳанафий олимларидан Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ макрҳнинг бу қисмини инкор қилган. Аммо имом Абу Ҳанифа ва имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ икковлари макруҳни танзиҳий ва таҳримийга ажратганлар. Ҳанафий асарларида “макруҳ” сўзи қайдсиз ишлотилса ундан макруҳи таҳримий тушунилади.
  • Ҳаром. Шариат тарафдан у амални қилмаслик жазман талаб қилинади. Далили қатъий бўлади. Масалан қотиллик, зино, ўғирлик каби амаллар[5].

Мана шу етти қисм инсон зоти ҳаёти давомида қиладиган амалларнинг ҳукми ҳисобланади. Одам боласи нима иш қилишидан қатъий назар – хоҳ у ижтимоий ҳаётда бўлсин ва ё ижтимоий тармоқда бўлсин – мана шу етти хил ҳукмдан бирига албатта, тааллуқли амал қилади. У қилган иш ё фарз, ё вожиб, ё мандуб, ё мубоҳ, ё макруҳ ва ё ҳаром деб баҳоланади. Фарз, вожиб ва мандуб амаллар жаннат сари боришимизга, ҳаром ва макруҳлар эса жаҳаннамга маҳкум бўлишимизга сабаб бўлади. Жаҳаннамдан сақланиб, жаннатга ошиққан ҳар бир мусулмон эса аввало амалларнинг шаръий ҳукмларини билиши, бир-биридан ажрата олиши лозим бўлади. Демак, шариатни ушлайман деган ҳар бир инсон шаръий аҳкомлар ҳақида етарли илмга эга бўлиши керак. Амалларнинг ҳукмларини бир-биридан ажрата олмас даражада саводсиз инсоннинг шариат доирасида юриши қийин бўлади.

БОТИРЖОН ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “ҒИШТЛИ” жоме масжид имоми

[1] Балоғат ёшига етган, соғлом ва ақли жойида бўлган мусулмон эркак ва аёл.

[2] Саъийд Фуда. Равҳ ал-усул. 17- бет. “Дор ан-нурил мубин” нашриёт матбааси.

[3] Китоб, суннати мутавотиралар шариатда қатъий далил, деб эътиборга олинади.

[4] Оҳод хабар, қиёс каби далилар зонний далил, деб ҳисобланади.

[5]Доктор Муҳаммад Мустафо Зуҳайлий. Ал-Важиз фи усулил фиқҳ ал-исламий.. “Дор ал-хайр” нашриёт матбааси. Б. 300-301.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *