“ҚУРЪОН” БИЛАН ҚАСАМ ИЧИШ ЖОИЗМИ?

Mahmut FIRAT - Sivas 075_4_kuran_okuyan_adapya

Ислом шариатига кўра қасамлар Аллоҳ номи билан бўлиши керак. Аллоҳ номи билан ичилган қасамлар ҳисобга ўтади. Аллоҳдан бошқанинг номи билан асло қасам ичиб бўлмайди! Аллоҳдан бошқанинг номи билан ичилган қасам эса, фиқҳий (усул ал-фиқҳ) қоидасига кўра макруҳи таҳримий (ҳаромга яқин макруҳ) деб ҳисобланади. Бу борада Ибн Абдулбарр (368-463 ҳ./978-1071 м.) раҳимаҳуллоҳ умматнинг ижмоъсини нақл қилганлар:

 لَا يَجُوزُ الْحَلِفِ بِغَيْرِ اللهِ عَزَّ وَ جَلَّ فِى شَئٍ مِنَ الْأَشْيَاءِ وَ لَا عَلَى حَالٍ مِنَ الْأَحْوَالِ وَ هَذَا أَمْرٌ مُجْتَمَعٌ عَلَيْهِ. وَ أَجْمَعَ الْعُلَمَاءُ عَلَى أَنَّ الْيَمِينِ بِغَيْرِ اللهِ مَكْرُوهَةٌ مَنْهِىٌّ عَنْهَا لَا يَجُوزُ الْحَلِفُ بِهَا لِأَحَدٍ

“Аллоҳ азза ва жалладан бошқа билан қасам ичиш бирор бир нарсада ва бирор бир ҳолатда жоиз бўлмайди. Бу ижмоъ қилинган ишдир. Уламолар Аллоҳдан бошқанинг номи билан ичилган қасамнинг макруҳ бўлиб қайтарилганига ижмоъ қилганлар. Ҳеч кимга Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичиш жоиз бўлмайди” (Ибн Абдулбарр. Ал-Ижмоъ. – Риёз: Дор ал-Қосим, 2010. – Б. 306).

Омматан халқ орасида “Қуръон”га қасам ичиш, мусҳафга қўл қўйиб қасам ичиш одат тусига кирган. Айрим аҳли илмларнинг уни қатъий ҳаром ва ҳатто ширк деб баҳолаганлари қулоғимизга етди. Бировни ширк қилганликда айблаш уни кофирликда айблаш билан тенг, аслида.

Бу муаммонинг ечими шариатимизда қандай? Шу тўғрида уламолар нима дейишган? Шуларни ойдинлаштириш учун ушбу мақолани ёзишга бел боғладик. Тавфиқ Аллоҳдандир!

Ибн Абдулбарр раҳимаҳуллоҳ “Қуръон”га қасам ичиш жоиз эканига ижмоъ қилинганини нақл қилганлар:

مَنْ حَلَفَ بِاللهِ اَوْ بِاسْمٍ مِنْ أَسْمَائِهِ اَوْ بِصِفَةٍ مِنْ صِفَاتِهِ اَوْ بِالْقُرْآنِ اَوْ بِشَئٍ مِنْهُ فَحَنِثَ فَعَلَيْهِ كَفَّارَةُ يَمِينٍ. فَالَّذِى أَجْمَعَ عَلَيْهِ أَهْلُ الْعِلْمِ فِى هَذَا الْبَابِ هُوَ أَنَّهُ مَنْ حَلِفَ بِاللهِ اَوْ بِاسْمٍ مِنْ أَسْمَاءِ اللهِ اَوْ بِصِفَةٍ مِنْ صِفَاتِهِ اَوْ بِالْقُرْآنِ اَوْ بْشَئٍ مِنْهُ، فَحَنِثَ فَعَلَيْهِ كَفَّارَةُ يَمِينٍ عَلَى مَا وَصَفَ اللهُ فِى كِتَابِهِ مِنْ حُكْمِ الْكَفَّارَةِ. وَ هَذَا مَا لَا خِلَافَ فِيهِ عِنْدَ أَهْلِ الْفُرُوعِ وَ لَيْسُوا فِى هَذَا الْبَابِ بِخِلَافٍ

“Кимки Аллоҳга қасам ичса ёки Унинг исмларидан ёки сифатларидан бири билан қасам ичса, ёхуд “Қуръон” билан ёки ундан бирор нарса (сура ёки оят) билан қасам ичса, сўнг ана шу қасамини бузадиган бўлса, унга қасамнинг каффорати лозим бўлади. Бу бобда илм аҳли ижмоъ қилган нарса шуки, кимки Аллоҳга қасам ичса ёки Унинг исмларидан ёки сифатларидан бири билан қасам ичса, ёхуд “Қуръон” билан ёки ундан бирор нарса (сура ёки оят) билан қасам ичса, сўнг ана шу қасамини бузадиган бўлса, унга Аллоҳ таоло ўз Китобида тавсифлаб берган каффоратнинг ҳукми билан қасамнинг каффорати лозим бўлади. Фуруъ (фиқҳ) аҳлининг наздида бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ, ўзи бу мавзуда ҳеч қандай ихтилоф бўлган эмас” (Ибн Абдулбарр. Ал-Ижмоъ. – Риёз: Дор ал-Қосим, 2010. – Б. 305).

Демак, ҳамма ихтилофни ижмоъни тан олмайдиганлар чиқариб юрган экан. “Қуръон”га қасам ичишни ширк деб баҳоловчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:  مَنْ حَلَفَ بِغَيْرِ اللَّهِ فَقَدْ أَشْرَكَ- “Кимки Аллоҳдан бошқага қасам ичса, ширк келтирибди”, деган саҳиҳ ҳадисларини далил қиладилар (Абу Довуд, 3/3253; Ибн Ҳиббон, 10/4358; Ҳоким, 6/7814; Аҳмад, 9/5375; Баззор, 2/5390; Байҳақий, 10/19615).

Аввало, шуни билиш керакки, мазкур ҳадиси шариф биргина саҳоба – Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган бўлиб, у ҳадис илмига кўра “аҳод” ҳисобланади. Бу хилдаги ҳадислардан ширк ва куфр каби мусулмонни азиз динидан мосиво қиладиган ишлар борасида ҳужжат қилинмайди ва уларга асосланиб, бировни ширк ва куфр каби ишларда айбланмайди. Чунки, ушбу ҳадис саҳиҳ бўлгани билан сариҳ эмас! Бу ҳақиқатни мазкур ҳадисни саҳиҳ тарзда ривоят қилган Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ бобомиз жуда тўғри тушунган бўлиб, бундай деганлар:

وَ فَسَّرَ هَذَا الْحَدِيثَ عِنْدَ بَعْضِ أَهْلِ الْعِلْمِ أَنَّ قَوْلَهُ فَقَدْ كَفَرَ أَوْ أَشْرَكَ عَلَى التَّغْلِيظِ

“Айрим аҳли илмлар бу ҳадисни изоҳлаб, “кофир бўлибди” ёки “ширк келтирибди” деган гаплари қаттиқ муносабатни билдириш учун айтилган, дейишган” (Термизий, 4/1535).

Чунки, қаранг: улуғ саҳоба, ашараи мубашшарадан бўлмиш Саъд ибн Абу Ваққос разийаллоҳу анҳу Лот ва Уззо каби бутларга қасам ичиб қўйибди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келганида, у зоти бобаракот унга ҳозиргиларга ўхшаб: “Ширк қилдинг, хароб бўлдинг, бало қилдинг, тамом бўлдинг…” демадилар. Балки, унга: “Ла илаҳа иллаллоҳ!” деб қўй ёки “Ла илаҳа иллаллоҳ, ваҳдаҳу ла шарика лаҳу” деб уч марта айтиб, уч марта “Аъузу биллаҳи мин аш-шайтони-р-рожийм” дегин ва қайтиб бу ишни қилмагин”, деб марҳамат қилганлар (Насоий, 7/3776-3777).

 “Саҳиҳи Бухорий”да бу ҳадис Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган:

مَنْ حَلَفَ مِنْكُمْ فَقَالَ فِى حَلِفِهِ بِاللاَّتِ وَالْعُزَّى فَلْيَقُلْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَمَنْ قَالَ لِصَاحِبِهِ تَعَالَ أُقَامِرْكَ فَلْيَتَصَدَّقْ

“Сизлардан кимки ўз қасамида “Лот ва Уззога қасам”, деб қўйса, (ортидан) “Ла илаҳа иллаллоҳ!” деб қўйсин. Кимки дўстига “Кел, қимор ўйнаймиз” деса, (бир миқдор пулни) садақа қилсин!” (Бухорий, 8/6107; Муслим, 3/1647; Термизий, 5/1545; Насоий, 7/3775; Байҳақий, 1/666).

“Саҳиҳи Бухорий”да мазкур ҳадис “Атайлаб ёки билмасдан кофирликда айблашни жоиз кўрмайдиган кимсалар ҳақида”ги бобда келтирилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳатто Лот ва Уззо каби бутларга қасам ичиб қўйган кимсани кофирлик қилганликда ёки ширк келтирганликда айбламаганлар. Балки, фақат “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб қўйишни тавсия қилганлар. Бу маънони “Саҳиҳи Бухорий”да бундай боб сарлаҳвасида ифода этилган:

مَنْ حَلَفَ بِمِلَّةٍ سِوَى مِلَّةِ الْإِسْلَامِ وَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ حَلَفَ بِاللَّاتِ وَالْعُزَّى فَلْيَقُلْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَلَمْ يَنْسُبْهُ إِلَى الْكُفْرِ

“Кимсанинг ислом миллатидан бошқа миллат билан қасам ичгани ҳақида. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Лот ва Уззога қасам ичса, “Ла илаҳа иллаллоҳ!”, десин деганлар ва уни куфрга мансуб қилмаганлар”.

Лот ва Уззога қасам ичиб қўйганни куфр ва ширкка нисбат қилинмаган экан, Аллоҳнинг каломи – “Қуръон”га қасам ичганни ширкда айблаш, албатта тўғри эмас!

Бу ерда, шариатга номувофиқ қасам ортидан “Ла илаҳа иллаллоҳ!” деб қўйиш тавсиясига амал қилиш ҳадис ва фиқҳ қоидасига кўра мустаҳаб ҳисобланади. Бу эса: إِذَا عَمِلْتَ سَيِّئَةً فَأَتْبِعْهَا حَسَنَةً تَمْحُهَا – “Агар бирор ёмон иш қилиб қўйсанг, ортидан яхши ишни эргаштир, ўша ёмонликни ўчиради”, деган ҳадисга амал қилиш бўлади. Абу Зарр разийаллоҳу анҳу: “Ла илаҳа иллаллоҳ!” язши ишми, деб сўраганида, севимли пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: هِيَ أَفْضَلُ الْحَسَنَاتِ – “У ҳасанотларнинг энг яхшиси!” деб жавоб берганлар (Аҳмад, 35/21487).

Демак, бу борада билмаганларга нисбатан қаттиққўллик эмас, балки бағрикенглик қилиш кераклиги маълум бўлади.

Иккинчидан, фақиҳлар айтишича, Ибн Обидин (1198-1252 ҳ./1784-1836 м.) раҳимаҳуллоҳ “Минҳат ал-Холиқ”да келтиришича, ҳадисда “Аллоҳдан бошқага қасам ичмоқ”дан умумий барча қасамлар назарда тутилмаган, балки араб тилидаги “қасам ҳарфлари” ёрдамида муайян иборалар билан ичиладиган қасамлар назарда тутилган (Ибн Обидин. Минҳат ал-Холиқ. 4-жилд. – Миср: Илмия, 1894. – Б. 301).

Масалан, ўзбек халқида арабларга ўхшаб “Валлоҳи!”, “Биллоҳи!” ёки “Таллоҳи!” деб қасам ичиш одати йўқ.

Учинчидан, “Кимки Аллоҳдан бошқага қасам ичса, ширк келтирибди”, деган ҳадисда “Қуръон” тилга олинмаган. Унда “Қуръон” ҳам назарда тутилгани аниқ эмас. Яъни, “Бунда “Қуръон”га қасам ичиш ҳам назарда тутилган”, дейиш ҳадиси шариф маъносини ўз тушунчасига буриш ҳисобланади. Мазкур ҳадиси шарифни далил қилиб Аллоҳнинг зотидан бошқага қасам ичиш ширк дейдиганлар ҳатто Аллоҳнинг сифатларига қасам ичишни ҳам ман қилганлар. Улар фақат қасам “Аллоҳга қасам”, деб ичилиши керак, деб ҳисоблайдилар. Ҳолбуки, “Аллоҳнинг раҳматига қасам”, “Аллоҳнинг меҳрбончилиги ҳаққи”, “Аллоҳнинг илмига қасам”, “Аллоҳнинг каломи ҳаққи-ҳурмати”, “Аллоҳнинг иззати ва жалолига қасам” деб қасам ичиш жоиздир.

Шунингдек, “Худога қасам!”, “Тангрига қасамки!”, “Худо ҳаққи!”, “Худо урсин!”, “Клянусь Богом!” ёки “I swear to God” кабилар ҳам Аллоҳ номи ишлатилмаган бўлса-да У назарда тутилгани боис қасам ўрнига ўтади. Чунки, фақиҳлар қасам ичишда урф-одатда мавжуд (мутаориф) қасамларни эътиборга олинади, деб ҳисоблаганлар. Демак, “Аллоҳнинг каломи ҳаққи-ҳурмати” деб қасам ичиш жоиз бўлар экан, “Қуръон”нинг Аллоҳнинг каломи эканини унутмаслик даркор бўлади.

   “Қуръон” билан қасам ичиш урф-одатда мавжуд бўлмагани (ғайри мутаориф) боис аввалига фақиҳлар у билан асам ичмасликни айтиб келганлар. Жумладан, “ал-Ҳидоя”, “Мухтасар ал-Виқоя” ва бошқа фиқҳий матнларда бу масала ўз аксини топган. Бироқ, “ал-Ҳидоя”нинг энг машҳур ва энг кучли шарҳларидан бирини ёзган Камолиддин ибн ал-Ҳумом (790-861 ҳ./1388-1457 м.) раҳимаҳуллоҳ “Қуръон” билан қасам ичиш халқ орасида одат тусига кириб бўлгани боис у билан қасам ичишни жоиз ва ичилган қасам ҳисобга ўтишини айтганлар:

ثُمَّ لَا يَخْفَى أَنَّ الْحَلِفَ بِالْقُرْآنِ الْآنَ مُتَعَارَفٌ فَيَكُونُ يَمِينًا كَمَا هُوَ قَوْلُ الْأَئِمَّةِ الثَّلَاثَةِ …  وَأَمَّا الْحَلِفُ بِكَلَامِ اللَّهِ تَعَالَى فَيَجِبُ أَنْ يَدُورَ مَعَ الْعُرْفِ

“Сўнгра, махфий қолмасинки, “Қуръон” билан қасам ичиш ҳозирда урф-одат тусига кирган. Демак, у қасам бўлади. Чунончи, бу уч нафар имомнинг ҳам гапидир… Аллоҳ таолонинг каломи билан ичилган қасамни урф билан бирга жоиз эканига айлантириб ҳукм чиқариш вожиб бўлади” (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-Қадийр. 4-жилд. – Миср: Амирия, 1899. – Б. 10).

“Фатҳ ал-Қадийр”даги гапни “Баҳр ар-роиқ” муаллифи айнан такрор келтирган (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 4-жилд. – Миср: Илмия, 1894. – Б. 301).

“Фатҳ ал-Қадийр”даги фикр ақидавий жиҳатдан ҳам асослаб берилган эди ҳамда унинг уч мазҳаб имоми – Имом Молик, Имом аш-Шофеъий ҳамда Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳим фатволарига мувофиқ келиши ҳам айтиб ўтилган эди. Зотан, бу уч нафар буюк фақиҳ наздида мусҳаф (китоб), “Қуръон” ва Аллоҳнинг каломи бир хилда қасам ҳисобланади. Ўзбекчага ҳам таржима қилинган “Арбаъин”, “Риёз ас-солиҳин” каби муҳим ва машҳур асарлар муаллифи Имом ан-Нававий (631-676 ҳ./1233-1277 м.) раҳимаҳуллоҳ айтишича, ҳатто Имом аш-Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи мусҳаф (Қуръон китоби) билан қасам ичишни мустаҳсан (мустаҳаб) иш деб ҳисобланаганлар (“Равзат ут-толибин”, 11/15).

Демак, аввалги ҳанафийлар аслида мумкин бўлса-да лекин урф-одатда оммалашмагани учунгина “Қуръон”га қасам ичишни жоиз санашмаган эди. Ҳанбалийларнинг мўътабар фиқҳий манбаси бўлмиш “ал-Муғний”даги қуйидаги ибораларга қаранг:

وَجُمْلَتُهُ أَنَّ الْحَلِفَ بِالْقُرْآنِ أَوْ بِآيَةٍ مِنْهُ أَوْ بِكَلَامِ اللهِ يَمِينٌ مُنْعَقَدَةٌ تَجِبُ الْكَفَّارَةُ بِالْحِنْثِ فِيهَا وَبِهَذَا قَالَ ابْنُ مَسْعُودٍ وَ الْحَسَنُ وَ قَتَادَةُ وَ مَالِكٌ وَ الشَّافِعِيُّ وَ أَبُو عُبَيْدٍ وَ عَامَّةُ أَهْلِ الْعِلْمِ…

وَإِنْ حَلِفَ بِالْمُصْحَفِ اِنْعَقَدَتْ يَمِينُهُ وَكَانَ قَتَادَةُ يَحْلِفُ بِالْمُصْحَفِ وَلَمْ يَكْرَهْ ذَلِكَ إِمَامُنَا وَ إِسْحَاقُ لِأَنَّ الْحَالِفَ بِالْمُصْحَفِ إِنَّمَا قَصَدَ بِالْمَكْتُوبِ فِيهِ وَ هُوَ الْقُرْآنُ فَإِنَّهُ بَيْنَ دُفًّتَيْ الْمُصْحَفُ بِإِجْمَاعِ الْمُسْلِمِينَ

“Хулосаси шуки, “Қуръон”га ёки ундан бирор оятга ёки Аллоҳнинг каломига онт ичиш боғланадиган қасамдир. Уни бузиб қўйса каффорат вожиб бўлади. Мана шу гапни Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу, Ҳасан ал-Басрий, Қатода, Молик, аш-Шофеъий, Абу Убайд ва аҳли илмларнинг барчаси айтишган… Агар мусҳафга (Қуръон китобига) қасам ичса онти боғланади. Қатода раҳимаҳуллоҳ Қуръон китобига қасам ичар эдилар. мана шуни бизнинг имомимиз (Имом Аҳмад) ва Исҳоқ ибн Роҳвайҳ макруҳ санашмаган. Чунки, “Қуръон” китобига қасам ичувчи унда ёзилганини қасд қилади. У мусулмонлар ижмоъсига кўра варақлар орасидаги “Қуръон” китобидир” (ал-Муғний. 11/180).

Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ “ал-Мажмуъ” асарида мазкур фикрларни айнан такрор келтирган (“ал-Мажмуъ”, 18/40).

“ал-Муғний”дан келтирилган юқоридаги иқтибосда саҳобаларнинг улуғларидан ва энг фақиҳларидан бирлари Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу билан тобеъинларнинг энг улуғларидан бири бўлмиш Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ “Қуръон” билан қасам ичишни жоиз санаганлари келтириб ўтилган. Ҳатто улар “Бақара” сураси билан қасам ичган одамга қасамига амал қилишни тавсия қилганлар. Бу ҳақида ҳадис тўпламларида ҳам маълумотлар мавжуд. Агар “Қуръон” билан қасам ичиш ширк бўладиган бўлса, бутун борлиғимиз фидо бўлгур, у буюк зотлар XXI аср “доно”лари билган ширкдан бехабар қолган бўладиларми?! Ҳатто ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганлари ҳам келтириб ўтилган:

مَنْ حَلَفَ بِسُورَةٍ مِنَ الْقُرْآنِ فَعَلَيْهِ بِكُلِّ آيَةٍ يَمِينُ صَبْرٍ فَمَنْ شَاءَ بَرَّهُ وَمَنْ شَاءَ فَجَرَهُ

“Кимки “Қуръон”нинг бирор сураси билан қасам ичса, унга ҳар бир оятига сабрнинг қасами бўлади. Кимки хоҳласа, қасамига амал қилсин, кимки хоҳласа, қасамини бузсин!” (Абдурраззоқ, 8/15948).

Шунинг учун, ҳанафийларнинг кейинги фақиҳлари “Фатҳ ал-Қадийр”да келган юқоридаги фикрни асос қилиб олдилар ва “Қуръон”га қасам ичиш жоиз эканини ва ичилган қасам албатта ҳисобга ўтишини таъкидлаб келдилар. “ал-Фатово ал-Оламгирия” ва “ал-Фатово ал-Ҳиндия” номлари билан шуҳрат қозонган энциклопедик фатволар тўпламидаги фатвони бир кўринг. Ушбу фатволар тўплами ўз даврининг қарийб 25 нафар фақиҳи томонидан тузилган ва 500 нафар олимнинг кўригидан ўтган эди:

قَالَ : مُحَمَّدٌ رَحِمَهُ اللَّهُ تَعَالَى فِي الْأَصْلِ لَوْ قَالَ : وَالْقُرْآنِ لَا يَكُونُ يَمِينًا ذَكَرَهُ مُطْلَقًا ، وَالْمَعْنَى فِيهِ ، وَهُوَ أَنَّ الْحَلِفَ بِهِ لَيْسَ بِمُتَعَارَفٍ فَصَارَ كَقَوْلِهِ : وَعِلْمِ اللَّهِ ، وَقَدْ قِيلَ هَذَا فِي زَمَانِهِمْ أَمَّا فِي زَمَانِنَا فَيَكُونُ يَمِينًا ، وَبِهِ نَأْخُذُ ، وَنَأْمُرُ ، وَنَعْتَقِدُ ، وَنَعْتَمِدُ ، وَقَالَ : مُحَمَّدُ بْنُ مُقَاتِلٍ الرَّازِيّ لَوْ حَلَفَ بِالْقُرْآنِ قَالَ : يَكُونُ يَمِينًا ، وَبِهِ أَخَذَ جُمْهُورُ مَشَايِخِنَا رَحِمَهُمْ اللَّهُ تَعَالَى كَذَا فِي الْمُضْمَرَاتِ

“Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ “ал-Асл” китобида “Қуръон”га қасам ичса, қасами ҳисобга олинмайди, деб умумий қилиб айтганлар. Унинг маъноси шуки, бундай қасам урф-одатда йўқ эди. Бу худди Аллоҳнинг илмига қасам ичгандек бўлади. Шунинг учун, уламолар бу уларнинг замонида эди, дейишади. Аммо, бизнинг давримизда у (ҳақиқий) қасам бўлади. Шу фатвони оламиз, шунга буюрамиз, шунга эътиқод қиламиз ва шунга суянамиз. Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий раҳимаҳуллоҳ “Агар “Қуръон”га қасам ичса, қасами дуруст бўлади”, деганлар. Ана шу гапни бизнинг жумҳур машойих фақиҳларимиз олишган. “Музмарот”да ҳам шундай дейилган” (ал-Фатово ал-ҳиндия. 2-жилд. – Миср: Амирия, 1893. – Б. 53).

Дарҳақиқат, “Музмарот”дан иқтибос олинган бу гап (Юсуф ибн Умар ал-Кодурий. Жомеъ ал-музмарот ва-л-мушкилот. 4-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2018. – Б. 714-715).

Бу ерда тилга олинган Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий (ваф.248 ҳ./862 м.) раҳимаҳуллоҳ ана шу Муҳаммад аш-Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдларидан ва Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг устозларидан ҳисобланади. Бунга қўшимча равишда, “Дурр ал-мухтор” ва унинг шарҳи “Радд ал-муҳтор”да “Саҳиҳи Бухорий”га ўзининг “Умдат ал-қори” номли кўп жилдлик шарҳи билан шуҳрат қозонган ҳанафийлар муҳаддиси ва фақиҳи Бадриддин ал-Айний (762-855 ҳ./1361-1451 м.) раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги фикри келтирилган:

وَعِنْدِي لَوْ حَلَفَ بِالْمُصْحَفِ أَوْ وَضَعَ يَدَهُ عَلَيْهِ وَقَالَ : وَحَقِّ هَذَا فَهُوَ يَمِينٌ وَلَا سِيَّمَا فِي هَذَا الزَّمَانِ الَّذِي كَثُرَتْ فِيهِ الْأَيْمَانُ الْفَاجِرَةُ وَرَغْبَةُ الْعَوَّامِ فِي الْحَلِفِ بِالْمُصْحَفِ

“Менинг наздимда, агар мусҳафга қасам ичса ёки қўлини унга қўйиб, “Бунинг ҳаққи-ҳурмати” деб қасам ичса, у (ҳақиқий) қасамдир. Хусусан, бизнинг ушбу замонамизда гуноҳ қасамлар кўпайиб кетган ва авомнинг рағбати мусҳафлар билан қасам ичишга одатланиб қолган” (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. 3-жилд. – Миср: Матбаат ал-Кубро, 1856. – Б. 52).

Бу ердаги Имом ал-Айний раҳимаҳуллоҳнинг гапи “Наҳр ал-фоиқ”дан олиб келтирилган (Ибн Нужайм ал-Ҳанафий. Ан-Наҳр ал-фоиқ. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2002. – Б. 55).

Аслида, Имом ал-Айний раҳимаҳуллоҳнинг гапи унинг ўзининг “Рамз ал-ҳақоиқ” деган шарҳида айтиб ўтилган (Бадриддин Маҳмуд ал-Айний. Рамз ал-ҳақоиқ шарҳ Канз ад-дақоиқ. 1-жилд. – Қоҳира: Омира, 1869. – Б. 254).

ХХ аср бошидаги Ҳинд ва Синд диёрларининг улуғ алломаси Ашраф Али ат-Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ “Имдод ал-фатово” деган фатволар мажмуасида “Қуръон”га ичилган қасамнинг инобатга олинишига юқоридаги “Радд ал-муҳтор”даги иқтибосни айнан келтиргалар. Кейин эса “Мусҳафга қўл қўйиб авомнинг қасам ичишидан мурод унинг Аллоҳ таолонинг каломи бўлганидандир. Уни қасам бўлишини эътироф қиламан”, деганлар (Ашраф Али ат-Таҳонавий. Имдод ал-фатово. 5-жилд. – Девбанд: Мактаба Закариё, 2017. – Б. 508-509).

ХУЛОСА шуки, “Қуръон”га қасам ичиш, “Қуръон”га қўл қўйиб қасам ичиш ўрнига “Аллоҳга қасамки!” дейиш яхшироқ ва хайрлироқ. Зотан, ҳадиси шарифларда агар қасам ичиладиган бўлса, Аллоҳнинг номи билан қасам ичишга кўрсатма берилган. Бироқ, урф-одатларда “Қуръон”га қасам ичиш, “Қуръон”га қўл қўйиб қасам ичиш мавжуд бўлса, бу ҳам жоиздир. Уни бидъат, ҳаром ёки ширк деб баҳолаш шариатга ортиқча ҳукм ижод қилмоқ ва мўъмин-мусулмонларнинг кўнглини вайрон қилмоқдир. Чунки, “Қуръон” ва унинг оятларига қасам ичиш саҳобалар давридан бери мусулмонлар орасида кўп ёки оз бўлса-да амалда жорий бўлиб келаяпти. Бизнинг давримизга келиб эса у урф-одатларимизда ва онг-шуурларимизда мустаҳкам ўрнашиб улгурди. “Қуръон”га қасам ичилганда ёки “Қуръон”га қўл қўйиб қасам ичилганда, албатта у инобатга олиниши лозим. Агар “Қуръон”га ёлғондан қасам ичадиган бўлса, “Қуръон”нинг Буюк Эгаси албатта уни “уради” ва жазолайди. Шундан олдин эса ёлғон қасам ичувчи тавба-тазарру қилиб, гуноҳини ювмоғи лозим. Агар қасамига албатта амал қиламан, деб қасам ичган бўлса-ю, бирор сабаб билан шу ичилган қасамни бузиб қўядиган бўлса, унга шариатда кўрсатилганидек каффорат тўлаш вожиб бўлади.

Хуллас, биз ҳар нарсани ширкка боғлайверишдан, ҳар амалдан ширк ясайверадиган ширксозликдан йироқ бўлишимиз керак.

Аллоҳ таоло бизгача буюк динимиз ҳукмларини етказиб келган улуғ уламоларимизни раҳмат айлаб, ҳаммамизни ўша алломаларимизни ҳурматини жойига қўядиган, оят ва ҳадис маъноларини мукаммал ва тўлиқ фаҳмлайдиган, шариат ҳукмларини теран тушунадиган ва унга амал қиладиганлардан айласин! Омин!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *