ҚАРЗ ОЛДИ-БЕРДИ ОДОБ-АҲКОМЛАРИ

1572073723Албатта қарз олиш ва бериш шариатимизда мубоҳ (ихтиёрий) амаллардан ҳисобланади. Дарҳақиқат инсоннинг ҳаёти доимо бир текис давом этмайди. Инсон зоти борки бир-бирларига нисбатан ўзаро ёрдам ва кўмакка муҳтож бўладилар. Динимизда ўзаро ёрдам, бировнинг оғирини енгил қилиш жуда савобли амал ҳисобланади. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Кимки, бирорта мусулмонни дунё ташвишларининг биридан қутқазса, Аллоҳ таоло у бандани қиёмат кунидаги битта ташвишидан қутқазади. Кимки бирорта кишининг оғирини енгил қилса, Аллоҳ у банданинг дунё ва охиратдаги ишини енгил қилиб қўяди. Ўз биродарига ёрдам бериб юрган бандага Аллоҳ таоло хам ёрдам беради.” – деб марҳамат қилдилар. Бошқа бир ҳадисда эса: “Жаннатга кирдим ва унинг эшигида “Садақа ўн (баробар савоб) билан, қарз ўн саккиз (баробар савоб) билан (мукофотланади)”, деган ёзувни кўрдим. Шунда “Эй Жаброил, қандай қилиб садақа ўн, қарз ўн саккиз баробар бўлади ?” — деб сўрадим. У айтдики: “Садақа бойнинг ҳам фақирнинг ҳам қўлига тушаверади. Қарз эса фақат муҳтож бўлган одамнинг қўлига тушади.” — дедилар” (Табароний ривояти). Мана шу ва шунга ўхшаш ҳадислардан қарз олиш ва бериш шариатимизда жоиз эканлиги маълум бўлади.

Бироқ, қарз олиш ва беришнинг ўз қонун-қоидалари ва унинг одоблари ҳам бор. Аллоҳ ўзининг каломи Қуръони каримда “Эй имон келтирганлар, бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз беришсангиз, уни ёзиб қўйинглар!” – деб марҳамат қилган. (Бақара сураси, 282-оят.)

Шариатимиз қарз олди-берди муомаласига рухсат берар экан, ўз навбатида, ҳар икки тарафга ҳам ўзининг талаб ва мажбуриятларини юклайди. Мисол учун, қарзни фақат унга муҳтож бўлганида олиш, олганда хам уни вақтида қайтариш зарур. Аммо бировга ҳасад қилиб, молига кўз олайтириб, уни чув тушириш, мол-дунёсидан айириш мақсадида қарз олиш катта гуноҳ эканлигини унутмайлик. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Кимки бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Кимки молига талофат етказиш мақсадида олса, Аллох унинг ўзига талофат етказади.” – деганлар. Албатта қарздор киши қарзини имкон қадар тезроқ узишга харакат қилиши лозим. Қарзини узишга етадиган моли бўла туриб уни эгасига (хақдор) бермай вақтни ўтказиб юриш зулмдир, деган маънодаги хадис Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ворид бўлган.

Шариатимиз, ўз навбатида, қарз берувчи кишига хам бир қанча талаб ва масъулиятлар юклайди. Жумладан, қарз берганда биринчидан, бировни оғирини енгил қилиш билан Аллоҳнинг розилигини топишни мақсад қилиш. Иккинчидан зинхор қарз бериш орқали мўмайгина даромад топишни кўзлаш мумкин эмас. Қарз бериб унинг эвазига қарздордан фойда олиш судхўрликдир. Судхўрлик эса катта гуноҳлардан бири эканлиги барчаларимизга маълум. Қарздорни ўта қистамасдан шароит яратиб бериш хам савобли амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръонда: “Агар қарздор қарзини узишга қийналаётган бўлса то қодир бўлгунча унга мухлат беринг. Агар билсангизлар ўшандай қийналган кишилардан қарзини кечиб, садақа қилиб юборишингиз сизлар учун энг яхши иш бўлар эди.” – деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 280-оят). Пайғамбаримиз (с.а.в.) хам: “Кимки қарзини узишга қийналган одамга мухлат берса ёки қарзини бутунлай кечиб юборса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг арши соясига олади” – деганлар.

Шундай экан қарз олди-берди қилувчилар ўз ҳақ-ҳуқуқларини, масъулиятларини яхши билишликлари билан бир қаторда бир-бирларига нисбатан фазилат ва мурувватни унутмасликлари лозим бўлади. Аллох барчаларимизни хидоятда бардавом қилсин. Бошқаларни ҳаққидан қўрқадиган, эл-юртига садоқатли, ўзи рози бўлган бандаларидан қилсин.

Ш.Мусабоев

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жомеъ масжид имом хатиби 

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *