Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта, Аллоҳ сизларнинг гавдангиз ва қиёфангизга эмас, балки, қалбингизга боқади».
(Имом Муслим).
Бандаи ожизлигимиз туфайли кўпинча ташқи қиёфа гўзаллигига ишлов бериш билан овора бўлиб руҳий оламдан чалғиб қоламиз. Ибодат-у юриш туришимизда фақат ва фақат Аллоҳ ризолигини кўзлаб ихлосни эмас, одамлар онггида яхши таассурот қолдиришни олдимизга мақсад қилиб қўямиз. Бу эса бизнинг энг катта хатоимиздир!
Ихлос—ибодат сиҳҳатининг гаровидир! Мўмин бу имтиҳон дунёда ўз қалбини турли қалб офатларидан асрай олсагина унда ихлос қарор топади. Акс ҳолда ибодат деб қилган ишларининг ҳаммаси охиратда фойда ўрнига зиён келтиради!
Уммат ғамхўри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўмин қалбини бузиши мумкин бўлган барча иллатларни бирма бир баён қилиб кетганлар. Нафақат баён қилган, балки унинг муолажа услубларини ҳам ўргатиб кетганлар. Аллоҳнинг хузурида бахтли бўлишни истаган ҳар бир мўминга қалб билан боғлиқ барча зарарли ва фойдали хислатларни билиши фарз бўлади. Қуйида сизга Ҳанафий мазҳабли тасаввуф олимларидан имом Биргивийнинг “Тариқат ул-муҳаммадия” асаридаги “қалб офатлари” бобидан мухтасар таржимани илиндик. Аллоҳ барчамизни ички ва ташқи дунёимизни гўзал қилсин, қалбимизда доим Аллоҳнинг назари бўлсин!
1-) Куфр
Яъни, иймонсизлик. Бу иллат қалб ҳасталиклари ичида энг оғири ва қалбни буткул хароб қилгувчисидир. Куфр ҳасталигини муолажа қилмасдан дунёдан ўтмоқ жаҳаннамда абадий қолишга сабаб бўлади.
Куфр нав жиҳатидан учга тақсимланади:
1. Жаҳлий куфр;
2. Жуҳудий куфр;
3. Ҳукмий куфр.
Аллоҳнинг борлигини билдириб турувчи оят-далиллар билан қизиқмайдиган, ҳаёт фақат шу дунёдаги воқеликдангина иборат, деб ҳаёл қилувчи, онг савияси паст даҳрийларнинг қалби жаҳлий куфр билан касалланган бўлади. Аллоҳнинг борлигини ва бирлигини билган ҳолда, қасддан Исломга кирмаганлар эса, жуҳудий куфр билан ҳасталанганлардир. Буларга Расулуллоҳ жанобларига асрдош бўлган аҳли китоб кофирларни мисол қилса бўлади. Ҳукмий куфр иллатини ўзини мусулмон деб ҳисобловчи-ю аммо шариат ҳукми бўйича куфрий сўз айтиб юрувчи эътиқоди бузуқларда ва Исломдан чиқиб муртад бўлган кофирларда топиш мумкин.
2) Жаҳолат
Яъни, илмсизлик. Бу ҳасталик икки нав бўлади:
оддий жоҳиллик;
мураккаб жоҳиллик.
Оддий жоҳиллар мутлақо илмдан йироқ саводсиз кишилардир. Бундай ҳасталарнинг оқибати жаҳлий куфр билан ниҳояланиш эҳтимоли юқори бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳасталик эгаларини ўз каломида ҳайвонларга ўхшатиб шундай деган:
«Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик. Уларнинг диллари бору тушуна олмаслар. Кўзлари бору кўра олмаслар. Қулоқлари бору эшита олмаслар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Балки улардан ҳам баттарроқдирлар. Ана ўшалар ғофилдирлар». (Аъроф-179. Тафсири ҳилол.)
Энди, баъзи инсонлар борки, маълум даражада илм таҳсил қилади. Ўзларини зиёли ҳисоблайди. Аммо, бу «саводли»ларнинг илми ҳам, амали ҳам ҳақ воқеликка мувофиқ эмас. Аҳли сунна ва-л-жамоъа мансубларидан бошқа, барча бузуқ тоифларни бунга мисол қилса бўлади. Буларнинг илми эътиқодини ислоҳ қила олмагани учун илм деб ҳисоб қилинмайди. Балки жаҳолат дейилади. Яъни, турли илмлар мажмуидан иборат жаҳолат.
Қалбнинг бу тур ҳасталиги оддий жаҳолатдан оғирроқ дард деб баҳоланади. Чунки оддий жаҳолатни даволаш мумкин. Аммо мураккаб жаҳолат эгалари ўзларини соғлом эътиқод соҳиби, деб ҳаёл қилганлари учун, маънавий ҳаста эканларини тан олишмайди. Шу жиҳатдан унинг муолажаси анчагина қийин кечади.
3) Дунёвий раисликни яхши кўриш
Бу иллат қалбни хароб қилувчи ҳасталикларнинг учинчисидир. Буни шараф, жоҳ, деган номлари ҳам бор. Бу дардга чалинганларнинг оқибати жуҳудий куфр билан тугаши мумкин. Мансабпарастлар мансабга эришиш йўлида, эришгач эса, уни ўзида сақлаб қолиш учун ҳатто, иймони ва динини ҳам сотиб юборишга тайёр турувчи иродаси заиф инсонлардир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган:
«Кишининг мол-дунё ва шарафга бўлган ҳирси унинг дини учун, қўйга қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ҳатарлироқдир«. Каъб ибн Моликдан Термизий ва Насаий ривоят қилишган.
4) Одамларнинг айблови ва маломатидан қўрқмоқ
Бу иллат қалбнинг тўртинчи ҳасталигидир. Бу дардга мубтало бўлганлар ҳам, алал-оқибат жуҳудий куфрга дучор бўлишади. Чунки ноўрин уятчанлик айниқса, ғайри мусулмонлардан уялмоқ, уларнинг танқидидан қўрқмоқ кишини Исломдан юз ўгиришига мажбур қилади. Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Толиб ҳудди шу маънавий ҳасталик туфайли куфрда ўлиб кетган эди.
5) Мақтов ва олқишларга ўч бўлмоқ
Маънавий қусурларнинг бешинчиси тилёғламачи, лаганбардорларга лаққа тушишлик. Уларнинг маддоҳликларини яхши кўришликдир.
Агар, кишининг қалбида бу иллат бўлса, у ўзининг айбини асло кўра олмайди. Шунингдек унга айтилган камчиликларини ҳам эшитишни истамайди. Чунки унинг қалбида фақат мақтов ва тилёғлама сўзларни эшитишгагина жой бўлади холос.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Инсонларнинг мадҳу саносини ҳуш кўрмоқ кишини кўр ва кар қилиб қўяди«. Имом Дайламий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумадан ривоят қилган.
6) Бидъатчилик
Инсон қалбини хароб қилувчи иллатларнинг олтинчиси бу—эътиқодий бидъатчилик. Яъни, асри саодат ва ундан кейинги икки асрда мавжуд бўлмаган, динда асли йўқ, шариатга хилоф ақида. Бу ҳасталик инсон қалбида ривожланишига унинг ҳавойи-нафсига мутелиги, ақлига бино қўйиши, ўз райини тўғри деб оёқ тираб олиши, мутаассиблиги ва аҳли бидъатларга кўр-кўрона тақлид қилиши сабаб бўлади.
Шариатимизда бидъатчиликдан ҳазар қилишга катта аҳамият берилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноблари умматни бидъатдан ҳушёр бўлишга чақириб, қаттиқ куюниб гапирганлар. Бу ҳақида Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳунинг ҳадисида батафсил ўқиш мумкин. Бу ерда, ўқувчиларга малол бўлмаслиги учун биргина ҳадис келтириш билан кифояланамиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта, Аллоҳ таоло тавбани ҳар бир бидъатчидан ҳижоблаб қўйди«. (Имом Байҳақий ва Тобароний). Яъни, бидъатчи то бидъатидан воз кечмас экан унга тавба эшиклари ёпиқлигича қолаверади.
7) Ҳавои-нафсга қуллик
Қалб офатларидан саналмиш бу хабис хулқ еттинчи ҳасталик бўлиб, бидъатчиликни келтириб чиқарувчи бош омиллар сирасига киради. Бу ҳасталик инсонни доим ҳақсизлик томон юришга чорлаб туради. Аллоҳ таоло ўз каломида ҳавои-нафсга эргашишдан жуда кўп қайтарган, бу дардга чалинганларни бир неча ўринларда қоралаган. Жумладан шундай дейди:
«…Ҳавои нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг. Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир». (Нисо. 135. Тафсири ҳилол).
Шунингдек, Аллоҳ таоло бундай ҳасталарни итларга мисол қилиб шундай дейди: «Агар хоҳласак, уни ўша (оят)лар билан кўтарар эдик. Лекин унинг ўзи ерга ёпишди ва ҳавои нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайди, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверади, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверади. Бу бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Бу қиссани ҳикоя қил, шоядки тафаккур қилсалар». (Аъроф. 176. Тафсири ҳилол.)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам бу мавзуда насиҳатлари бисёр. Мисол тариқасида, имом Баззор Анас ибн Молик розияллоҳу ануҳудан ривоят қилган узун ҳадиснинг сўннги бандини келтириш мумкин. Унда айтилишича, уч ҳислат инсонни ҳалок қилувчи бўлиб, улар — эгасини бўйсиндирган бахиллик, эгасини ўзига тобе қилган ҳавои-нафс, кишининг ўз нафсидан ажабланиб ҳайратланиб юришидир.
Ибн Аби Дунё келтирган ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам айни шу мавзуда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Сизларга зиёни тегишидан мени қаттиқ қўрқитган нарса икки хислатдир. Ҳавои-нафсга тобелик ва узун орзуларга берилмоқ. Чунки, ҳавои-нафсга тобелик сизни ҳақдан буради. Узун орзуларга берилмоқ эса, сизга дунёни маҳбуб қилиб қўяди«.
8) Кўр-кўрона тақлид
Қалб офатларининг саккизинчиси, эътиқодий масалаларда бировга кўр-кўрона тақлид қилиш, ўша шахсга нисбатан ҳаёлида шаклланган яхши гумонига суянган ҳолда унинг сўзларини ҳужжат-далилсиз, суриштирмасдан қабул қилишлик, ўз эътиқодини унинг эътиқод йўлига мослашдир. Ақоид соҳасида бундай тақлид мақбул эмас. Балки, ло-ақал ижмолий тарзда бўлсада, эшитган сўзи устида фикр қилиб кўриши, шариат андозасига солиб кўриши шарт. Шариатга мос бўлса эргашади, зид бўлса рад қилади. Албатта, мана шу таққослаш учун ҳам маълум даражада илм таҳсил қилиш фарздир.
Қуръони каримда бу ҳасталикка мубтало бўлганларни Аллоҳ таоло танқид қилиб шундай дейди:
«Худди шунингдек, Биз сендан илгари ҳам қайси бир қишлоқ-шаҳарга огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг зодагонлари: «Таъкидки, биз ота-боболаримизни бир динда топдик ва, албатта, биз уларнинг изларидан эргашгувчилардирмиз», дедилар”. (Зухруф. 23. Тафсири ҳилол).
Баъзи инсонларга «дининг нима?» деб савол қилинса, Ота-бобом мусулмон, мен ҳам мусулмонман, деб жавоб беришади. Ислом ҳақида батафсил сўзлаб бериш у ёқда тура турсин, ҳатто шаҳодат калималарини тузукроқ айтишни ҳам уддалай олмайдилар. Аслида улар ота-боболарининг нима учун мусулмон бўлганларини ҳам билиб олишлари лозим эди.
Аҳли суннанинг ақоид бобидаги икки улуғ имомидан бири Имом Мотуридийнинг қавлига кўра бунақанги тақлидчиларнинг иймони саҳиҳ бўлсада, далил талаб қилмагани учун гуноҳкор ҳисобланишади. Ҳатто баъзи уламолар муқаллиднинг иймони саҳиҳ эмас деганлар.
Аҳли илмлар ақоид масаласида истидлол вожиб эканига ижмоъ қилганлар.
Амалиётда яъни, фуруъот масалаларида эса, илоҳиётнинг акси ўлароқ, адолат ва солиҳлиги билан танилган, мужтаҳид мақомида бўлган аҳли тақво олимларнинг фатволарини ҳужжат сўрамасдан қабул қилиш ва унга эргашиш жоиздир.
9) Риё
Қалбни қорайтирувчи иллатларнинг тўққизинчиси риёкорликдир. Риё деб охират амали воситасида дунёвий мақсад сари қилинган ҳаракатларга айтилади. Масалан, «намозҳон» номини олиш учун масжидга қатнаш каби ишлар. Буни «диндорлар риёси» дейилади. Жамоатчилик ишларида ўзини кўрсатиб, масалан раҳбардан мукофот олиш илинжида қилинган, динга алоқаси бўлмаган ишлар ёки шу қабилдаги барча ҳаракатларни «дунё аҳлининг риёси» дейилади. Риёнинг иккиси ҳам динимизда қораланган бўлиб, айниқса диндорлар риёси ҳатарлироқ иллатдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: «Ким охират ҳосилини истаса, Биз унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз. Ким дунё ҳосилини истаса, Биз унга ўшандан берурмиз ва унга охиратда бирон насиба бўлмас«. (Шувро. 20. Тафсири ҳилол)
Жандаб ибн Абдуллоҳ ибн Суфён розияллорҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким эшиттирса, Аллоҳ уни ҳам эшиттиради. Ким кўрсатса Аллоҳ уни ҳам кўрсатади». (Муттафақун алайҳ).
Яъни, кимки одамлар эшитсин учун амал қилса, қиёмат куни Аллоҳ уни ҳалойиқ олдида шарманда қилади. Кимки агар, одамлар кўрсин, билсин, деб амал қилса қиёмат куни Аллоҳ унинг қалбини бутун ҳалойиққа кўрсатиб уялтириб қўяди.
Татархонияда айтилишича риё тарзида ўқилган намозга ажр эмас балки визр яъни гуноҳ берилади. Ҳатто, фақиҳ Абу Лайс раҳматуллоҳи алайҳ «Танбеҳу-л-ғофилийн» китобида риёкорнинг борар жойи жаҳаннам бўлиб, у ерда Фиръавн ва Ҳомонлар билан ҳамтовоқ бўлишини айтган.
10) Орзу-умид
Қалб ҳасталикларининг ўнинчиси инсон ўзини кейинги вақтда ҳам ҳаёт бўлишига қатъий ишониши ва шунга биноъан орзу-умидларга берилиши, келажак учун узундан-узун дунёвий режалар тузишидир.
Бу хусусда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагича насиҳатлар бор. Умму Мунзир ансория розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди. Бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларга юзланди ва шундай деди:
— «Эй инсонлар Аллоҳ таолодан уялмайсизларми?!»
Саҳобалар айтдилар:
— Бу (сўзингизга сабаб) нима эй Аллоҳнинг расули?
Расулуллоҳ айтдилар:
— «Еб тугата олмас даражада мол жамғарасиз, етиша олмайдиган нарсаларингизни орзу қиласиз, (ҳожатингиздан ортиқча) яшамайдиган бинолар қурасиз». (Ибн Аби Дунё ва Байҳақий)
Бу касаллик ўзидан тўрт асорат қолдириши мумкин:
1. Ибодатларда дангасалик. Ибодатга қодир бўлгани ҳолда кейинга суриш. Масалан, намознинг аввалги вақти кириши билан адо қилиш ўрнига уни кейинга суради, аммо, шу фурсат ичида унга ўлим фариштаси келиб қолишини эса, асло ўйламайди;
2. Тавбани ортга суриш. Масалан, гуноҳ ишларга муккасидан кетганлар тавбага чақирилса, улар айтиши мумкин, «Ҳали ёшмиз ўйнаб кулиб олайлик. Ўлим келгунича тавба қилиб оламиз..» ва ҳоказо баҳоналар;
3. Қалбнинг қорайиши. Ўлим ва ундан кейинги ҳақиқатлар ҳақида ўйламаслик оқибатида қалблари қорайиб кетади. Натижада насиҳат тасир қилмас ҳолга тушади;
4. Мол-дунё жамғаришга берилмоқ. Қалби орзу-умид билан ҳасталанганларнинг аксари бойлик орттириш ташвишида охиратни унутиб қўядилар. Улар қариб-қартайиб, кучдан қолишдан олдин иложи борича кўпроқ мол захира қилиш ғамида бўладилар.
Аммо шартли равишда, келгусидаги режаларини Аллоҳнинг хоҳишига боғлаб, кўпроқ ибодат билан, охиратига захира қилиш ниятида Аллоҳдан узоқ умр тилашлик мандуб амалдир. Бу ҳақда жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидагича ҳадислари бор:
Амр ибн Анбаса р.а. дан ривоят қилинди, у киши деди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитгандим ул зот айтардиларки: «Кимники соч-соқоли исломда оқарса, қиёмат куни бу унга нур бўлади«. (Насаий).
Демак, қиёмат куни нур юзли бўлиш ниятида узун умр тилаб, мўйсафидликни орзу қилиш мазмум эмас балки маҳбуб фазилатдир.
11) Тамагирлик
Инсон қалбини занглатувчи ҳасталикларнинг ўн биринчиси тамагирликдир. Бунинг икки тури мавжуд:
1. Аллоҳ таолодан ёки бандалардан ҳаром нарсани умид қилиш, уни қўлга киритишни қаттиқ исташлик. Таманинг бу тури ҳаромдир. Айниқса банда қўлидаги ҳаром молга умидвор бўлиш жуда хунукдир. Бу фел инсон учун хорлик бўлиб, уни пайдо бўлишига очкўзлик ва ишсиз бекорчилик сабаб бўлади;
2. Нафл ибодатлар билан Аллоҳ таолодан қатъий, савоб исташлик. Банда ҳар бир ибодатини «аниқ қабул бўлди ва қатъий савобга ҳақли бўлдим», деган ҳотиржамлик фикридан йироқ ҳолда бажариши керак. Айниқса нафл ибодатларда бунақанги ишончга берилиш ҳатарли ва таҳликалидир. Чунки ҳеч ким бажарилган ибодатини тўлақонли мақбул бўлгани ва у ибодатидан кўзланган савобга эга бўлганини ишонч билан айта олмайди. Балки умид ва Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлаган ҳолда, ибодатининг нуқсонларини Аллоҳ тўлдириб қабул этишинини ундан ёлвориб ибодат қилиш даркор.
Таманинг бу тури ҳаром бўлмасада, шариатда қаттиқ қораланади. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Бир киши Расулуллоҳ жанобларининг олдига келди ва «Эй Аллоҳнинг росули менга панд-насиҳат қилинг»—деди. Расулуллоҳ унга «Одамларнинг қўлидаги нарсалардан умидвор бўлма! Тамагирликдан йироқ бўл. Чунки у нақд фақирликдир. Намозни ҳудди видолашувчи каби ўқи! Узр сўраладиган ишларга яқинлашма!«—деб насиҳат қилди. (Байҳақий. Ҳоким ривоятлари).
12) Кибр
Қалбни мажруҳ қилувчи иллатларнинг ўн иккинчиси кибрдир. Инсон ўзини бошқалардан устун кўриши ва шу билан нафсоний фараҳ туйишига — кибр, деб айтилади. Бу дардга мубтало бўлган киши шундай ҳолга тушадики, хатолари-ю нотўғри ишларини ҳақ деб ҳимоя қилишни бошлайди ва буларни давом эттиришга доимо бир баҳона топишга уринади. Насиҳатларга қулоқ солмайди. Ўзидан бошқаларни бесавод, жоҳил деб ҳисоблайди. Ҳолбуки асл бесавод, жоҳил унинг ўзидир.
Банданинг кибр қилиши ҳаромдир.
Бу иллатни пайдо бўлишига етти нарса сабаб бўлади:
1) Илм;
2) Ибодат;
3) Насаб;
4) Ҳусн-жамол;
5) Куч-қувват;
6) Бойлик;
7) Серфарзандлик.
Шу етти нарсадан биттаси ёки улардан бир нечтасига эга бўлган шахсда кибр ва унинг ёмон оқибати ҳақида тўлиқ маълумот бўлмаса, унинг қалбида кибр пайдо бўлади. Кибрдан асата-аста такаббур униб чиқади.
Инсон қалбидаги кибрини изҳор қилиши, ўзини юқори табақадан эканини ошкора айтишига — такаббур дейилади. Такаббур сўз билан ҳам ҳаракат билан ҳам бўлиши мумкин. Шунингдек, ҳақли равишда ва ноҳақ ҳолда такаббурчилик қилиш ҳам мумкин. Мутакаббирларга муносиб тарзда такаббур қилишлик ҳақли такаббур, деб баҳоланади.
Банданинг ноҳақ такаббурчилиги ҳаром. Аммо мутакаббирга такаббур билан жавоб қайтариш ҳаром эмас. Чунки мутакаббирларга тавозе кўрсатиш уларнинг такаббурини зиёда қилади. Такаббур билан жавоб қилиш эса уларни ҳушёр торттиради. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтардиларки: «Беписанд мутакаббир шахсга тавозе кўрсатувчилар золимларнинг золимидир«. Имом Шофеъий айтадиларки: «Мутакаббирга икки карра такаббур қилиб жавоб қайтаринг!».
Ноҳақ такаббурчиликни Истикбор дейилади. Бинобарин, Аллоҳ таолони «Мутакаббир» деб сифатланади. Мустакбир, деб сифатлаш эса дуруст бўлмайди.
Тўрт ўринда такаббур қилиш ҳаром эмас:
1) Мутакаббирларнинг такаббурига яраша жавоб қилиш;
2) Жанг майдонида душманга руҳий тасир ўтказиш ниятида такаббур қилиш;
3) Садақа тарқатиш вақтида фақирларга нисбатан такаббурли бўлиш. Токи, уларни ҳам, мол топиш ва садақа берадиган ҳолга етишларига ундов маносида;
4) Дунёвий риёкорларга уларнинг фелига муносиб такаббур қилиш.
Амр ибн Шуайбдан ривоят қилинди:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни мутакаббирлар инсон қиёфасида аммо, чумоли каби майда ва ҳақир ҳолда тирилтириладилар. Уларни ҳар тарафдан хорлик қамраб олади. Уларни жаҳаннамнинг «Булис» деган чуқур ерига ҳайдаб борилади. Уларнинг устидан оловлар ёниб туради. Жаҳаннам аҳолисининг баданидан оққан чиқиндилар билан суғориб турилади.» (Термизий.)
13) Тазаллул
Ўн учинчи маънавий ҳасталик тазаллулдир. Яъни, инсон ўзини хору-зор, бечора-ҳол қилиб кўрсатиши. Дунё учун тазаллул қилишлик ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар:
«Ҳеч қайси мўминга ўз нафсини хор қилиб намоён этиши ҳалол бўлмайди.» (Муслим.)
Тазаллул мўминларга ярашмайдиган хабис хислат бўлиб, айниқса аҳли илмлардан содир бўлса жуда хунук кўринади. Аҳли илм ўз шарафи ва қадрини билмоғи лозим. Ўзгаларга ўзини хор кўрсатиб, нималарнидир ундириш илинжида паст кетиши яхши эмас.
Бир кунга етарли озуқаси бор кишининг кейинги кун ғамида, тиланчилик қилиши шунингдек, чақирилмаган тўй-маракаларга сурбетона тарзда бориш, зарурат бўлмаган чоғда, «бирон нима униб қолар» деган ўй билан бой-амалдорларнинг эшиги олдида туриш, золимлар қўлини ўпиб лаганбардорлик қилиш ва ҳоказо пасткашликларнинг бари мўминга ярашмаган тазаллулдир.
14) Ужб
Маънавий ҳасталикларнинг ўн тўртинчиси ужбдир. Ужб деб инсон немат берувчи зот Аллоҳни унутиб, ўз райи ёки амалларига юқори баҳо бериши, «ҳар бир ишни қойиллатаман» деб нафсоний, ички лаззатни туйишига айтилади. Қалбда бу иллатни ҳосил бўлишига ҳам, кибрни пайдо қилувчи сабаблар омил бўлади. Шунингдек, жоҳиллик ва ғафлат сабабидан ҳам ужб пайдо бўлиши мумкин.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: ул зот айтдилар:
«Агар ҳеч гуноҳ қилмасаларинг, сизлар учун унданам ёмонроқ нарсадан қўрқаман. Ужбдан, ужбдан….» (Ҳофиз Баззор).
Одатда осий инсон ўз гуноҳини билади ва Аллоҳдан хавфу-ражода бўлади. Тавба қилиб Худодан умидвор бўлади. Аммо, гуноҳи йўқларни эса Шайтон ужб билан алдайди. Ужбланувчилар илми ва амалларига катта бино қўядилар ва ўзларини «бандаликни қойиллатиб бажо қилмоқдамиз» деб ҳисоблайдилар.
Ужбнинг энг ёмони хато фикр билан ужбланишликдир. Аҳли бидъат, аҳли залолатларнинг ҳаммаси ужбнинг шу турига мубтало бўлишган. Улар ўзларининг хато фикрларига юқори баҳо беришлари туфайли залолатда мунтазам қолиб кетадилар. Бундайлар ҳақида Аллоҳ таоло айтадики:
«Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъи-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир», дегин. (Каҳф. 104. Тафсири ҳилол)
15) Ҳасад
Маънавий ҳасталикларнинг ўн бешинчиси ҳасадчиликдир. Ҳасад деб кимгадир Аллоҳ тарафидан инъом қилинган, диний ёки, охиратига зарарсиз дунёвий салоҳиятига сабаб бўладиган нематнинг завол бўлишини истамоққа айтилади. Шунингдек, бировга Аллоҳнинг неъмати берилмаслигини исташликка ҳам ҳасад, дейилади.
Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Ҳасаддан йироқ бўлинглар! Чунки ҳасад яхшиликларни, ҳудди олов ўтинни ёндиргандек ёндириб юборади». (Абу Довуд).
Агар қалбда бу иллат беихтиёр пайдо бўлса-ю лекин, инсон уни ич-ичидан хоҳламаса бунинг зарари йўқдир, унга жавобгар бўлмайди ҳам. Бу фикрда уламолар иттифоқ қилган.
Мабодо қалбда кимгадир ҳасад ҳисси ихтиёрий тарзда, хоҳиш истак билан пайдо бўлса ва ҳасадчи ҳасадига мувофиқ ҳаракатга ўтса, бу ҳолат уламолар иттифоқи билан ҳаромдир.
Агар, ҳасадчи ўз ихтиёри билан ҳасад қилса-ю аммо, унга мувофиқ ҳаракат қилмаса балки, ҳасад унинг фақат қалбида қолиб ташқарига чиқармаса, бунинг ҳукмида уламолар ихтилофли қарашга эга. Ҳужжату-л-ислом Ғаззолий ҳазратлари ҳаром деган. Зайнуддин Муҳаммад Биргивий роҳимаҳуллоҳ ҳаром эмас, деган. У кишининг бундай фикрга келишига ушбу икки ҳадис асос бўлган:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч нарса борки, ҳеч ким улардан қутула олмайди. Бадгумонлик, шумланиш ва ҳасад. Бундан чиқиб кетиш йўлини сизларга айтиб бераман. Агар гумон қилсангиз уни ташқарига чиқарманг. Агар (бирор белги ё ҳодисадан) шумлансангиз, (Аллоҳга таваккал билан ишингизда) давом этинг. Агар ҳасад қилсангиз, ҳасад қилинмиш шахсга зулм қилманг!». (Ибн Абу Дунё).
Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта, Аллоҳ умматларимнинг кўнглига келган-у аммо, гапирмаган ё амалга оширмаган (яъни, ташқарига чиқармаган ёмонлик) ларидан ўтиб юборди». (Бухорий. Муслим.)
Савол:
Инсон ўз ихтиёри билан қалбида ҳасад қилса-ю бироқ уни ташқарига чиқармаса бу ҳасталик афу қилинади. Аммо, инсоннинг қалбидаги бузуқ эътиқоди ва бидъатичи? Булар ҳам залолатини ошкор қилмасдан, аҳли сунна билан мувофиқ қиёфада бўлса, булар ҳам афу қилинадими?
Жавоб:
Бузуқ эътиқод, бидъат бу ҳасталиклар асли ўзи қабиҳ нарсалардир. Аммо, ҳасад қачонки қалбда пайдо бўлиб амалиётда кўрсатилсагина қабиҳ суратига киради. Аксинча бўлса, яъни, қалбнинг ўзида қолиб кетса қабиҳ эмас балки асли зарарсиз ҳолича қолади.
Ҳасаднинг зиёни саккиз турдир:
1) Ҳасад тоъат ибодатларга берилган савобларни емиради;
2) Ҳасад ҳасадчини гуноҳларга мойил қилиб қўяди. Натижада ғийбат, ёлғон каби хабис ишларга берилади;
3) Ҳасад ҳасадчини Расулуллоҳнинг шафоъатидан маҳрум қилади. Расулуллоҳ «Ҳасад, чақимчилик ва коҳинлик мендан эмас. Мен ҳам ундан эмасман» деганлар;
4) Ҳасад ҳасадчини жаҳаннамга олиб боради. Расулуллоҳ дўзаҳга тўғри равона бўладиган олти тоифа ичида ҳасадчини ҳам санаб ўтганлар;
5) Ҳасад ҳасадчини зараркунанда қилиб қўяди. Шу туфайли Аллоҳ таоло қуръони каримда ҳасадчининг шарридан истиъоза қилишга амр қилган;
6) Ҳасад ҳасадчини ғамга, диққинафасликка дучор қилади. Бошқаларнинг ютуғини кўра олмай юраги сиқилади, беҳуда ғам ташвишга ботади;
7) Ҳасад ҳасадчининг қалбини кўр қилади;
8) Ҳасад ҳасадчини охир-оқибат хор қилади. Душманини енга олмай ўзи шарманда бўлади.
16) Ҳиқд
Маънавий ҳасталикларнинг ўн олтинчиси ҳиқддир. Ҳиқд деб бирон кишининг сўзини малол олиш, ундан нафратланиш, ёмон кўришга айтилади.
Агар, ҳақгўй шахсга нисбатан қалбда ҳиқд пайдо бўлса, масалан, амри маъруф ё наҳий мункар тарзида насиҳат қилган шахснинг сўзини малол олиб унга нафрат қилса, бунинг ҳукми ҳаромдир.
Агар, ундан зулм-ситам кўргани учун унга нисбатан ҳиқд ҳисси пайдо бўлса, бунинг ҳукми ҳаром эмас.
Молиявий ҳақларда масалан, бировдан ҳаққини ундира олмаса, унга нафрат, хусумат қилиш ўрнига, муҳлат беришлик яхши. Бу дунёда ундиришга кўзи етмаса, душманчилик ўрнига ҳақини қиёмат кунига қолдирган яхши.
Ҳар қандай ҳақларни талаб қилиш жараёнида, ҳиқд-нафратга берилгандан афу этиб кечириб юборишлик мўминга хос энг афзал ҳолдир. Буни энг юксак намунасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларида кўриш мумкин. Ул зоти шариф мушриклардан, жуда кўп жабр-зулм кўрди. Асҳоблар ичида уларни дуоибад қилинг, деганлар ҳам бўлди. Бироқ Расулуллоҳ улар ҳаққига ҳидоят сўраб дуо қилдилар. Уларга нафрат қилиш ўрнига раҳмат тиладилар.
Ҳиқд ўзидан ўн битта ёмон асорат қолдириши мумкин. Яъни, бировни ёмон кўриш, унга нафрат қилиш натижасида инсон қалбида ўн битта бошқа иллатлар униб чиқиш эҳтимоли юқоридир.
1. Ҳасадчиликни келтириб чиқаради;
2. Шамотат. Яъни, унинг бошига бало тушганда севиниш;
3. Ҳажр. Яъни орадаги ришта узилиши. Аразчилик;
4. Ёмон кўрган одамини ўзидан паст кўриш, такаббур;
5. Ёлғончилик;
6. Ғийбатчилик;
7. Сирларни ошкор қилиб юбориш. Яъни, ёмон кўрган шахснинг сирларини ошкор этиб юбориш;
8. Истеҳзо. Унинг устидан кулиш;
9. Дилозорлик;
10. Унинг ҳаққига хиёнат;
11. Бераҳмлик.
17) Шамотат
Қалб ҳасталикларининг ўн еттинчиси ҳиқднинг маҳсули ўлароқ, шамотатдир. Юқорида айтиб ўтганимиздек, шамотат деб, бировнинг мусибати устидан кулмоқ, шодланмоқ, ҳурсанд бўлмоқликка айтилади. Бу ҳам мўминларга ярашмайдиган хабис хулқлар сирасига киради. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари мавжуд: Восила ибн ал-Асқаъ р.а. дан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биродаринг мусибатидан шодланма! Бас, Аллоҳ унга офият ато қилиб, сени ўшандай балога грифтор қилиб қўяди». (Имом Термизий).
Комил мўмин ҳатто душманининг мусибатидан ҳам шодланмаслиги лозим. Айниқса ўша мусибат душманининг кўзини очилишига ва тавба қилишига сабаб бўлса. Чунки, мусибат аслида Аллоҳнинг имтиҳонидир. Мўмин шуни унутмаслиги вожиб. Шунингдек, унинг ҳаққига яхши дуода бўлиши, мусибати ўрнига яхшилик беришини Аллоҳдан сўраши лозим. Бироқ, мусибат эгаси золим инсон бўлиб, бошига тушган бало туфайли зулм қилишга ожиз бўлиб қолган бўлса, бошқа мўминлар унинг жабридан халос бўлгани учун шод бўлиши гуноҳ эмас.
18) Ҳажр
Ҳиқднинг асоратларидан ҳисобланмиш ҳажр яъни, ёмон кўрган одами билан дўстлик, биродарчилик риштасини узиб қўйишлик маънавий иллатларнинг ўн саккизинчисидир. Бу хусусда Расулуллоҳнинг қуйидагича насиҳатлари бор: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳеч қайси мўминга уч кундан ортиқ (аразлашиб) ҳажр қилиш ҳалол бўлмайди. Агар орадан уч кун ўтса, унинг олдига борсин ва салом берсин! Алик олса иккиси ҳам ажрда шерик бўладилар. Агар алик олмаса бас униси гуноҳни ўзига олган бўлади». (Абу Довуд).
Ҳажр қачонки дунё учун бўлса қалб ҳасталиги деб баҳоланади. Аммо, Аллоҳ йўлида бирор бидъатчи ё Аллоҳнинг душмани билан орани узса, бу асло танқид қилинмайди. Балки, бундай ҳажр мустаҳаб яхши амаллар сирасига киради. Зеро, бировни севишлик ҳам, ёмон кўришлик ҳам Аллоҳ учун бўлиши лозим. Шунингдек, одоб бериб, эсини киритиб қўйиш ниятида ҳам аразлаб олишлик жоиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам табук ғазотидан чекинган уч кишига яъни, Каъб ибн Молик, Ҳилол ибн Умайя ва Мирора ибн ар-Робиъ учовлари билан орани узиб қўйгандилар. Ҳатто саҳобаларга ҳам улар билан эллик кун алоқа қилмасликни амр қилганлар.
19) Жубн
Маънавий ҳасталикларнинг ўн тўққизинчиси жубндир. Яъни, қўрқоқлик иродасизлик. Бу ҳулқни динимизда жуда қаттиқ қораланади ҳатто имом Шофеъий ҳазратлари қўрқоқларни эшакка ўхшатганлар. Бу касалга чалинганларда ҳамиятсизлик, ғайратсизлик каби разил сифатлар пайдо бўлади. Қўрқоқлар на ўз аёли ва қизларини ўзгалардан қўриқлай олади ва на шариатда мункар бўлган ишларга шоҳид бўлганларида уни ҳимоясига бел боғлай олади.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз жанобларини кофир ва мунофиқларга нисбатан қаттиқ-қўпол бўлишга буюрган. Шунингдек зинокорларга ҳукм чиқаришда раҳмдил бўлмасликка чақирган. Саҳобаи киромлар ҳам ўзаро бир-бирларига ҳуш-фел, раҳмдил эдилар. Аммо, кофирлар қаршисида улар мутлақо бошқа одамга айланар эдилар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умматларимнинг энг яхшиси (шариатга мухолиф бўлганлар қаршисида темирдек мустаҳкам турувчи) полвонларидир». (Байҳақий. Тобароний).
20-) Таҳаввур
Қалб ҳасталикларининг йигирманчиси таҳаввурдир. Таҳаввур деб, инсон ўзини тута олмаслиги, ғазабга берилиб ақлсизлик қилиши ва ўйламасдан дин ва дунёси учун зарарли иш қилиб қўйишига айтилади.
Таҳаввур жубндан фарқли ўлароқ, инсоннинг ўзига ва бошқаларга зарар келтиради. Қўрқоқликнинг зиёни эса, фақат қўрқоқнинг ўзига бўлади холос. Мана шу жиҳатдан таҳаввур қўқрқоқликдан ҳам оғирроқ ҳасталик ҳисобланади. Таҳаввур дардига мубтало бўлганларнинг аксари, кўпинча «уч талоқ» қилган хотинидан ажраб қолмаслик учун шариатдан ҳам четга чиқиб кетадилар. Унинг энг катта зарари эса кишининг иймони учун ҳам ҳатарли бўлганидир. Чунки ғазаб отига минган мутаҳаввирлар, ўзини тута олмаслик оқибатида куфр сўзларини айтиб юбориш эҳтимоли юқори бўлади.
Таҳаввур ҳасталиги ғазаб вақтида ўзини тута олмайдиган иродасизларга тўртта катта офат келтиради:
1. Иймонни бузади. Баҳз ибн Ҳаким отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ғазаб келганда ўзини тута олмаслик, аччиқ дори асални айнитганидек, иймонни айнитади». (Байҳақий. Тобароний);
2. Уни қилмишига яраша Аллоҳ таоло жазолаб қўйиш хавфи бўлади;
3. Икки орада адоват пайдо бўлади;
4. Ғазаб вақтида ҳунук, кўримсиз қиёфага киради.
Ҳикматуллоҳ Иброҳим
(Давоми бор)