ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

 

كيفية-صلاة-ليلة-القدر-مع-دعاء-ليلة-القدر-مكتوب8Меҳрибон ва раҳмли бўлган Зот Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки мана, Рамазон ойининг учинчи дахасида яъни учинчи ўн кунлигига соғ- саломат етиб келдик. Дарҳақиқат барчаларимизга маълумки рамазон ойи уч қисмга бўлинади: биринчи ўн кунлиги Аллоҳ таоло томонидан мўмин мусулмон бандаларига Ўзининг бехисоб раҳматини нозил қилиши, иккинчи ўн кунлигида мўминларни инсончилик билан ёки эҳтиётсизлик натижасида қилиб қўйган саҳву хатоларини мағфират қилиб, гуноҳларидан фориғ этиши, иншааллох. Энг муҳими бўлмиш учинчи ўн кунлиги оташи дўзахдан сақловчи, озод бўлиш кунлардир.  Рамазоннинг Раҳмат ва Мағфират кунларида Аллоҳ таоло қодир қилганича бу кунларни ғанимат билиб ибодатлар ва хайру эхсонлар қилдик Аллохим Ўзи даргохига қабул айласин. Шундай бўлсада ҳаётимиз давомида янада кўпрок эзгу ишларни ва яхши амалларни қилишга ҳаракат қилмоғимиз зарур. Чунки Рамазон ойининг саноқли кунлари қолди. Дарҳақиқат ҳар бир ишга бахо берилаётганда, унинг охирига ва натижасига қаралади. Бизнинг Рамазондаги амалларимиз ҳам шу кунларда қилаётган ишларимизга қараб бахоланади. Фахри коинот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ибодатларга янада кўпроқ эътибор бериб қилганликлари ҳақида кўплаб ҳадислар баён қилинган. Жумладан: Оиша онамиз розияллоҳу анхо айтадилар: “Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги бошланса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодатларга қаттиқ киришар эдилар, кечаларни бедор ўтказар ва ахлларини ҳам (ибодат учун) уйғотар эдилар”. Маълумки, муборак рамазон ойида Ислом таълимотининг асосий манбаи- Қуръони карим нозил бўлган. Аллоҳ таоло: “Рамазон ойи- одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”-деб марҳамат қилган. (Бақара сураси). Ояти карима баёнида Имом Хозин ўз тафсирида қуйидаги ривоятни Абдуллоҳ ибн Аббосдан нақл қилади: “Қуръони карим тўлалигича Рамазон ойида Қадр кечасида Лавхул- Маҳфуздан нозил қилиниб, дунё осмонидаги Байтул-иззага қўйилди. Сўнгра Жаброил (а.с.) Мухаммадга (с.а.в.) оятларни муқтазои хол тақозосига мувофиқ бўлак-бўлак қилиб олиб келди”-дедилар. Демак, муборак Қуръони каримнинг пайғамбаримиз Мухаммадга (с.а.в.) нозил бўлиши Рамазон ойида бошланган. Яна бу кунларнинг улуғлигига сабаб шуки, унинг ичида Қуръон оятлари нозил қилинган кеча- Қадр кечаси яширинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Албатта, Биз у (Қуръон) ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй мухаммад), Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча) да фаришталар ва Рух (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”- деб марҳамат қилган. (Қадр сураси 1-5 оят). Оятдаги улуғ кеча Рамазон ойининг 27- кечаси эканлигига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Қадр кечаси Рамазон ойининг қайси кечасида эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Пайғамбаримиз а.с дан уни аниқлаб беришларини кўп сўрашганидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ эса учинчи ўн кунликни тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сунг Рамазон ойининг 27-кечаси экани маълум булган. Ибн Умар (р.а.) ривоят киладилар: «Пайгамбаримизнинг (с.а.в.) бир канча сахобалари Лайлатул Кадрни Рамазоннинг охирги ун кунлигининг еттисида булишини тушларида куришган экан. Шунда Расулуллох (с.а.в.): «Сизларнинг тушларингиз Лайлатул Кадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканинга мувофик келади, деб ўйлайман. Ким Лайлатул қадрни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!»- дедилар». Ойша (р.а) ривоят қилган бошка бир ҳадисда: «Расулуллоҳ (с.а.в.)Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар, деб айтдилар»-дедилар. Демак, Рамазон ойининг хар бир кунини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат, кишиларга яхшилик қилиш, мурувватли булиш, хайрли ва савобли амалларни кўпроқ амалга ошириш, рўзадорларга ифторликлар қилиб бериш (шариат чегарасидан чиқмасдан) каби яхши амаллар билан бирга, унинг охирги ўн кунлигида тоат-ибодат қилишга қаттиқ киришиш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.  «Лайлатул қадр» сўзи «белгилаш кечаси», яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризк, такдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради. Сизу бизларни олдимизда турган муборак Кадр кечасида бизга ушбу оятлардан куриниб турган уч хил фазилатни англашимиз мумкин.

  1. Бу муборак Лайлатул қадр кечасининг минг ойга баробарлиги ва ундан хам ортиқлиги.
  2. Бу кечада осмон фаришталари Жаброил а.с билан бирга ер юзига тушиб, мўмин- мусулмонларга салом айтиб, дуоларига омин деб туришлари.
  3. То субҳи тонгигача аҳли иймон бандаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилиб туриши.

Мана шу сабабдан хам фахри коинот бир хадиси муборакларида: «ҳар ким Лайлатул қадр кечасида чин ихлос ва имон билан Аллоҳ учун бедор бўлса ўтган жамики гуноҳлари мағфират қилинур »- деб баён килганлар. Демак барчаларимиз бу кечани ганимат билиб эзгу мақсадларимизни сўраб, дуолар қилишимиз зарур. Оиша онамиз (р.а.) дедилар: «Ё Расулуллоҳ (с.а.в.) Агар қадр кечаси қачон бўлишини билсам, у кечада қандай дуо қиламан?» Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: «Эй Аллоҳ, Сен авф қилгувчи зотсан ва авф қилишни яхши кўрасан. Менинг гунохларимни авф қилгин»- деб дуо килгин дедилар.

Аллоҳим барчаларимизни Рамазон ойида яхши ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари коим туриб адо этаётган ибодатларимизни ва холис килаётган дуоларимизни Узининг лутфи карами ила кабул килсин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб билиб билмасдан қилган гуноҳларимизни Ўзи мағфират айласин. Зеро, фақат Аллоҳнинг Ўзигина дуоларни ижобат қилувчи ва гуноҳларни кечиргувчи Зотдир. ОМИН.

Манбалар асосида Андижон шаҳар “Абу-Ҳурайра” жомеъ масжиди  имом хатиби: Шарофуддин Мусабоев

тайёрлади.

 

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *