МУСҲАФ БИЛАН ҚАСАМ ИЧИШ ҲУКМИ

photo-1609599006353-e629aaabfeae

Бизга етиб келган гапларга кўра, водийнинг Наманганида баъзи аҳли илмлар халқ орасида «Қуръон билан қасам ичиш ширк бўлади», деб айтаётган экан. Бу ҳақда устозимиз Ҳамидуллоҳ Беруний домла бир мақола ҳам ёзиб чиқдилар. Каминада ҳам бу мавзуда ёзилган бир мақола бор эди. Яъни, «Ижмоъ ва ижмоъий масалалар» номли тўпламимда шу мавзуни ҳам қисқача ёритиб ўтган эканман. Ҳолат тақозосига кўра ўша мақолани хозир эълон қилиш вақти келди.

Ислом шариатида Аллоҳ таолодан бошқасининг номи ила қасам ичиш жоиз эмас. Бунга аҳли сунна уламоларининг ижмоъси собит бўлган. Лекин савол туғилади: халқимиз орасида Қуръони карим китоби яъни мусҳафи шариф билан қасам ичиш одати борку. Бунинг ҳукми нима? (Баъзилар айтгандек ширкми?) Савол ўринли. Жавоби эса қуйидагича:

Мусҳафи шариф билан қасам ичсачи? Имом Молик, имом Шофеъий ва имом Аҳмад Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳимларнинг наздида мусҳафи шариф билан ичилган қасам ўринлидир. Ибн Ҳубайра раҳимаҳуллоҳ айтган: “Бу масалада сўзи эътиборсиз даражадаги аҳли илмларнинг хилофи нақл қилинган. Сўзи мўътабар олимлар эса иттифоқан “қасам боғланади”, деганлар”. “Тамҳид”да ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ жуда кўп саҳоба ва тобеинларнинг мавзуга доир қавллари борлигини ва уларнинг мусҳаф билан ичилган қасам мунъақид яъни шаръан кучга эга эканини ҳикоя қилган. Шунингдек, айтганки: “Бу масалада жамоатга ҳеч ким мухолиф бўлмаган, магар сўзига парво қилинмайдиган айримлар мустасно”. (Қаранг: Роҳмату-л-умма фи ихтилафи-л-аимма. 220 — бет).

Имом ибн ал-Мунзир раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Авсат” номли асарида келтиришича, Қатода раҳимаҳуллоҳ мусҳаф билан қасам ичар эканлар. Аҳмад ибн Ҳанбал ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳимаҳумаллоҳлар ҳам “мусҳаф билан қасам ичишнинг кароҳияти йўқ”, деганлар. Баъзи аҳли илмлар айтардилар: Аллоҳнинг азамати, иззати каби сифатлар билан қасам ичганларга каффоратни вожиб қиладилар-у, каломи билан қасам ичганларга нега каффорат вожиб бўлмас экан?! Ваҳоланки калом ҳам Аллоҳнинг сифатларидан биридир! Аллоҳнинг сифатлари билан ичилган қасам ва Қуръон билан ичилган қасамнинг орасида нима фарқ бор?! (Қаранг: Авсат. 12 — ж. 99-100 — бетлар).

Ҳанафий мазҳабимиз фиқҳига доир матнларда “Қуръон билан қасам ичиш дуруст эмас” дейилган бўлсада, мутааххир фақиҳлар томондан битилган ҳошия ва шарҳларда жумҳурнинг қавлига мувофиқ фатволар берилганига гувоҳ бўламиз. Жумладан “Танвийру-л-абсор”нинг шарҳи—“Дурру-л-мухтор”да шундай дейилади:

لا يقسم بغير الله تعالي كالنبي و القرأن و الكعبة  قال الكمال: و لا يخفي ان الحلف بالقرأن الان متعارف فيكون يمينا. و اما الحلف بكلام الله فيدور مع العرف. و قال العيني: و عندي ان المصحف يمين لا سيما في زماننا. و عند الثلاثة المصحف و القرأن و كلام الله يمين.

Таржима: Набий, Қуръон, Каъба каби Аллоҳдан бошқа нарсалар билан қасам ичилмайди. Камол ибн Ҳумом айтганлар: бугунги кунда Қуръон билан қасам ичиш урф-одатга айланиб, барча томондан қасам деб эътироф этилгани махфий эмасдир. Шундай экан, у шаръан қасам бўлади. Аммо, “каломуллоҳ” билан қасам ичишга келсак, бу масала ҳам урф-одат билан мослашиб кетаверади. Айний атган: “менинг фикримча, мусҳаф билан қасам ичиш шаръан қасамдир. Айниқса, бизнинг замонда…“. Имом Молик, Шофеъий ва Аҳмад Ҳанбалий раҳимаҳумуллоҳ уччовларининг наздида “мусҳаф”, “Қуръон” ва “каломуллоҳ” сўзлари билан ичилган қасам шариат нуқтаи назаридан ўринли қасамдир. (Қаранг: Родду-л-мухтор ъала дурри-л-мухтор. 5- ж. 484-485 — бетлар).

Хулоса қилиб айтганда хозирги замон урфида учраб утардиган Қуръон билан қасам ичиш ҳолати асло ширк эмас. Аксинча қасам ўринли бўлади ва бундай қасам ичган киши сўзининг устидан чиқиши, қасамини бузса қасам каффорат тўлаши вожиб бўлади.

Қасамни бузганларнинг каффорати уч хил йўлнинг бири билан бўлади: бир қулни озод қилиш; ўн нафар мискинни тўйдириш; ўн нафар мискинни кийинтириш. Шу уччовидан ихтиёрий тарзда бирини танлайди. Агар булардан бирортасига ҳам қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутишлари талаб қилинади.

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар «ҒИШТЛИ» жоме масжид имом-хатиби

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...