МЕҲМОНДОРЧИЛИККА ДОИР БАЪЗИ ШАРЪИЙ ОДОБЛАР

12Меҳмонга борган одамнинг мезбоннинг уйида ўтириш ва унинг икромини қабул қилиш одоби. Мезбон билан жой масаласида тортишманг, у қаерни кўрсатса, ўша ерга ўтиринг. Эҳтимол, ўзингиз истаган жойга ўтирсангиз уй соҳибининг бирор авратига, сиз кўришингиз мумкин бўлмаган нарсасига кўзингиз тушиб қолар. Ёки бу ўтириш билан уй аҳлини ноқулай аҳволга соларсиз. Мезбон сизга нималарни буюрса, буйруғини бажаринг. Сизга қандай икром кўрсатса, икромини қабул қилинг.

Буюк саҳоба Адий ибн Ҳотам розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлишлари қиссасида шундай дейилади: “У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини тўшак устига ўтирғизиб, икром қилдилар. Ўзлари эса, ерга ўтирдилар”. Адий розияллоҳу анҳунинг ўзлари воқеани шундай баён қиладилар: “Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени уйларига олиб бордилар ва ичи ҳурмо пўстлоғи билан тўлдирилган кўрпачани ерга тўшаб: “Ўтир бунга” дедилар. Мен: “Бунга ўзингиз ўтиринг” дедим. У зот: “Бунга сен ўтир” дедилар ва ўзлари ерга ўтирдилар”.[1]

Хорижа ибн Зайд Ибн Сириннинг ҳузурларига меҳмон бўлиб кирдилар. Қарасалар Ибн Сирин кўрпачани четга қўйиб, ерга ўтирган эканлар. Хорижа ибн Зайд ҳам ерга ўтирмоқчи бўлиб, шундай дедилар: “Сиз ўзингизга ихтиёр қилган ишни мен ҳам ўзимга ихтиёр қилдим (яъни сиз ерга ўтирган экансиз, мен ҳам ерга ўтираман). Шунда Ибн Сирин: “Мен уйимда ўзимга рози бўлган нарсани сизга раво кўрмайман. Шунинг учун буюрилган жойга ўтиринг” дедилар. Сиз ҳам меҳмонга борганингизда мезбон кўрсатган жойгагина ўтиринг. Мезбон буюрмагунича бирон бир сўри, диван ёки шу каби нарсаларга ўтирманг.

Меҳмондорчиликда ўтириш одоблари. Меҳмондорчиликда ўтирирганингизда у ёқ, бу ёққа аланглаб, кўзингизни жовдиратманг. Аксинча, ўтирганингизда кўзингизнипастга қаратиб, одоб билан ўтиринг. Берк жавонларни, сандиқларни, сумкаларни ва бошқа ўралган нарсаларни очманг. Чунки бу ислом одобига ва омонатдорликка хилоф ишдир. Шунинг учун меҳмондорчилик ва зиёрат одобларини яхши билиб олинг ва буларга амал қилинг. Шунда мезбоннинг сизга бўлган ҳурмати ва муҳаббати янада ортади.

Меҳмондорчиликка бориш вақтини ва муддатини танлаш одоби. Меҳмонга боришда ҳар икки тараф учун ҳам муносиб вақтни танлаш лозим. Шунингдек, мезбоннинг уйида ҳам керакли миқдорда ўтириш керак. Мезбонга малол келадиган, оғир келадиган даражада кўп ўтирмаслик лозим. Зиёратга, меҳмондорчиликка ноқулай ва номуносиб вақтда борманг. Масалан, таомланиш, ухлаш, дам олиш ва бошқа шу каби вақтларда бормаслик лозим.

Имом Нававий ўзларининг “Ал-азкор” номли китобларида шундай дейдилар: “Мусулмон киши солиҳларни, ака-укаларни, қўшниларни, дўсту биродарларни ва бошқа яқинларни зиёрат қилиши ҳамда уларга икром кўрсатиши, яхшилик қилиши, силаи раҳм қилиши энг зарур мустаҳаб амаллардандир. Бу нарсаларга эса зиёрат қилинадиган кишининг ҳолатидан келиб чиқиб амал қилинади. Улар ёқтирмайдиган, уларни ноқулай аҳволга соладиган вақтларда зиёрат қилмаслик лозим. Балки, улар рози бўладиган вақтда зиёрат амалга оширилиши зарур. Бу борада ворид бўлган ҳадислар жуда ҳам кўп ва машҳурдир”.[2]

Меҳмонга борганда у жойдаги катта ва кичиклар билан гаплашиш одоби. Меҳмонга борганингизда у ердагилар билан вазиятга мос мавзуда ва керакли миқдорда гаплашиш лозим. Агар сиз ўтирганларнинг ичида энг кичиги бўлсангиз, бирор киши савол бериб бирор нарса сўрамагунича, ҳеч нарса гапирманг. Ёки сизнинг гапирадиган гапингиз вазиятга мос бўлса, ўтирганларни ҳурсанд қилса гапиринг. Гапни чўзиб юборманг, гапингизнинг мавзуси, оҳанги мажлис аҳлига ҳамда ўзингизнинг мақомингизга мос бўлсин.

Меҳмонга борганда у ердагиларга салом бериш ва улуғ кишилар билан уларга мос тарзда муомала қилиш одоби. Меҳмонга борсангиз, у ердагиларга салом беринг. Қўл бериб кўришишни у ердаги улуғлардан, олимлардан, тақводорлардан ва ёши катталардан бошланг. Фазилат соҳиби бўлмаганлар сафнинг бошида, ўнг томонда турган бўлса ҳам улуғларни қўйиб, саломлашишни улардан бошламанг, балки, саломлашишни чап томондан бўлса ҳам, улуғлардан бошланг. Агар сиз у ерда ким улуғроқ, тақволироқ эканини билмасангиз, ўша ердагилар кўрсатган кишидан бошланг. Агар меҳмонга келганларнинг ҳаммалари фазилатда тенг бўлишса, ёши каттароқларидан саломлашиш бошланади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Каттани ҳурмат қил” дедилар.

Бошқа бир ривоятда эса: “Ёши улуғни эъзозла” дедилар. Бухорий ва Муслим ривоятлари. Абу Яъло ва Табаронийларнинг ривоятида эса: “(Ҳурмату эъзозни) катталардан бошланглар” деганлар.

Меҳмондорчиликка борганда у ердаги бошқа меҳмонлар билан ўтириш одоби. Агар бир мажлисга кирсангиз икки кишининг ўртасига ўтирманг. Балки, уларнинг ўнг ёки чап тарафларига ўтиринг. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кишининг ўртасига, фақат, улар рухсат бергандагина ўтириш мумкин” деганлар.[3]

Икки кишининг ўртасига ўтиришга рухсат берилган одам чордона қурмай, ўзини йиғиштириб ўтириши лозим. Ибн Аъробий шундай деганлар: “Баъзи ҳукамолар айтишган: “Икки киши золимдир: насиҳат эшитиб, уни гуноҳ ишларга ишлатган киши ва тор жойда ўтиришга рухсат берилганда, чордона қуриб ўтирган киши”.

Агар икки кишининг ёнига ўтириб қолсангиз, уларнинг гаплари ўзаро сирли ва уларгагина хос гап бўлса, гапларига қулоқ солманг. Агар шундай бўла туриб қулоқ солсангиз, катта айб иш қилган бўласиз. Зеро, саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бир қавмнинг гапларини эшитса, улар эса бунинг эшитишини ёқтирмасалар, қиёмат куни ҳалиги одамнинг қулоғига эриган қўрғошин қуйилади” деганлар.[4]

Агар уч киши гаплашиб ўтирган бўлсангиз, икки киши ўзаро махфий гаплашманглар, зеро бу иш учинчи кишини хафа қилади, сизлардан узилишига, ажралишига сабаб бўлади. Бу мусулмончиликка тўғри келадиган иш эмас. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ишдан қайтариб: “Учинчи киши ҳам бор жойда икки киши ўзаро пичирлашиб гаплашмайди” деганлар.[5]

Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Гаплашмасин” демаяптилар, балки “Гаплашмайди” деб айтяптилар. Бу деганлари мусулмон кишидан бу каби хато ва айблар асло содир бўлмаслигига, бу айбни қилиш мусулмон шахсга мутлақо нолойиқ эканлигига ишорадир. Юқоридаги ҳадис Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган. У зотдан “Агар тўрт киши бўлсачи” деб сўралганда, у киши: “У ҳолда пичирлашиб гаплашишингни сенга зарари йўқ” деган эканлар.

БОҚИЕВ ЭЛБЕК

ТИИ сиртқи бўлим битирувчиси

[1] Бу ҳадисни Исмоил ибн Касир ўзларининг “Ал-бидоя ван-ниҳоя” китобларида зикр қилдилар

[2] Имом Нававий “Ал-азкор”да ривоят қилган

[3] Имом Абу Довуд ривояти.

[4] Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилишган.

[5] Имом Молик ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *