МАБЛАҒ ЙИҒИШДАН АСЛ МАҚСАД

Часы-и-монетыИнсон шу дунёда яшар экан, албатта мақсадли маблағ йиғади. Кундалик эҳтиёжидан ортиниб, яна қандайдир ишларни амалга ошириш учун бойлик жамғариб боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак замоналарига яқин даврларда яшаб ўтган салафи солиҳларимизнинг мабалағ йиғишдан бирламчи мақсадалари шу маблағ воситасида Аллоҳ таолонинг ризолигини топиш бўлган. Масалан, Аллоҳ йўлида сарф-харажат қилиш учун, ёки ўзларини тиланчилик каби хорликдан сақлаш каби ниятларда жамғарар эканлар. Ўз навбатида ҳалоллик, тўғриликка ҳам жиддий аҳамият берганлар. Улар дунёда қинғир йўл билан жамғарилган маблағнинг ҳисобини охиратда беришдан кўра, шу дунёда муҳтожликда ўтган енгилроқ деб ҳисблаганлар. Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳ: ортимдан қирқ минг динор қолдириб, қиёматда у туфайли саволга тутилгандан кўра, шу дунёда бировларнинг эшигига бориб эҳтиёжимни арз қилганим яхшироқ—деган.

Луқмони ҳаким ўғлига насиҳат қилиб деди: Эй ўғлим, ўзингни фақирлик балосидан ҳалол касб билан сақлагин. Чунки, фақирлар кўпинча учта иллатга гирифтор бўлишади: дин-диёнати, эътиқодида сустлик; ақлида заифлик; одамгарчилик уни тарк этмоғи. Шуниси энг оғиридир. Булардан ҳам энг ёмони шуки, одамлар уни кўзга илмай қўядилар.

Абу Қалоба розияллоҳу анҳу болаларига айтар экан: эй болаларим, тижорат ё саноат билан шуғулланинглар. Чунки ошна-оғайниларингизга ишингиз тушмаса, доим уларнинг иззат-ҳурматида бўласиз. Агар улардан муҳтож бўлиб сўрайверсангиз, ўз қадрингизни тўкиб оласиз.

Қайс ибн Осим раҳимаҳуллоҳ фарзандларига насиҳат қилиб деди: эй фарзандларим, маблағни фақат ҳалол йўл билан жамғаринглар. Чунки ҳалолдан топилган бойлик дўстларингизни ҳурсанд қилади, душманларингизни бурнини ерга ишқайди. Касб-кори бор одам тиланчилик қилмайди. Тиланчиликдан хазар қилинглар, чунки у ожиз-нотавонларнинг касбидир.

Фузайл ибн Иёз айтганлар: биз шундай одамларни кўрганмиз, бозорда тирикчилик қилишарди. Азон айтилса, бозорнинг тиқилинчлигига қарамасдан жамоат намозига шошилардилар. Ҳозирги замонамиз одамлари эса бозорда олди-сотди қилишади, намозларини ортга суриб савдо қилишади. Касодга учраганда эса “нима гуноҳим бор эди?”—деб надомат қилишади…

Салафларнинг яна бир одати, эшигига тиланиб келган муҳтожларни қуруқ қайтармасдилар. Албатта, қодир бўлганича нимадир бериб қайтарар эканлар.

Ҳазрати Исо алайҳиссалом айтган экан: қодир бўла туриб, тиланчини қуруқ қайтарган одамнинг хонадонини 7 кун мобайнида фаришталар ҳимоя қилмайди.

Саҳнун раҳматуллоҳи алайҳдан сўралди: тиланчига нимадир садақа қиламан деб чиққанда, у кетиб қолган бўлса ўша садақани нима қилиш керак? У киши жавоб бериб: Бошқа одамга садақа қилиб юбориш керак. Ўз маблағига қўшиб қўйса ҳам зиёни йўқ—дедилар.

Нодирбек КЕНЖАЕВ

“Бува таваккул” жоме масжид имом-хатиби

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...