ИМОМ БУХОРИЙ ВА МИНГ ДИНОР ОЛТИН

Boat-Ocean-Wallpapers-13-1024x640Ҳикоя қилинишича, бир куни имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ёнларида минг динор солинган ҳамён билан денгиз сафарига чиқдилар ва кемага миндилар. Минг динор у пайтларда (аслида ҳозир ҳам) жуда катта пул эди. Бу ҳар бири 4.25 грамм оғирликдаги мингта 22 каратли тилла танга дегани эди. Бу элликта закот нисобига тенг пул эди. Сафар давомида кема йўловчиларидан бири имом Бухорий билан чиқишиб қолди. У доим имомнинг олдига келиб, хушмуомалалик билан дўстлик ва самимият изҳор қиларди. Шу тариқа бу иккиси орасида қайсидир маънода дўстлик ва оқибат пайдо бўлди.

Имом Бухорий ҳам ўз навбатида унга илтифот кўрсатиб, мурувватлар қиларди. Ҳамсуҳбатининг кўнглини риоя қилиб, ундан ҳеч нарсани яширмас эди. Бу орада ҳалиги киши Бухорийнинг сафар анжомлари орасидаги минг динорли ҳамён ҳақида ҳам хабар топди. Бу ҳақда имом Бухорийнинг ўзи айтиб берди. Кемадаги ҳамроҳ бунга ишонқирамагансимон шаклда «йўғе, қўрқмасдан шунча пул билан кемага чиқдингизми?!.. Ҳазиллашяпсиз!», деди. Имом Бухорий «ҳазиллашмаяпман, мана ўша ҳамён» дея нарсалари орасидан бояги ҳамённи чиқариб, ичини очиб кўрсатди.

Имом Бухорийнинг кемада танишган дўстининг даҳшатдан кўзлари косасидан чиқиб кетаёзди ва «биродар сиз кимсиз ўзи подшоҳмисиз, вазирмисиз, кимсиз?!», деди. Имом Бухорий эса «на унисиман, на буниси. Балки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини тўплаб, йиғувчи бир инсонман», деди.

Орадан бир-икки кун ўтар-ўтмас, эрта тонгда ҳалиги киши уйқудан туриши билан дод солиб, юзини тимдалаб, кийимларини йиртиб, «минг динорли ҳамёнимни ўғирлашди», дея барча кема аҳлини оёққа турғазди. Жон ҳолатда ўкириб, йиғлаб, одамларга ўзини мазлум қилиб кўрсатди. Кема аҳли ҳаммаёқни титкилашга тушдилар. Ҳамманинг сафар анжомлари ва кийимларини биттадан текшира бошладилар. Бу пайтда имом Бухорий тезлик билан ҳалиги ҳамёнларини олиб, сездирмасдан денгизга улоқтириб юбордилар. Одамлар кемани тамомила тафтиш қилиб чиқдилар. Бироқ, минг динорлик халта топилмади. Шундан сўнг, пули йўқолганини даъво қилган мазкур кимсанинг олдига келиб, уни ёлғончиликда айблаб, қаттиқ маломат қилдилар. Одам шарманда бўлди. Сафар ниҳоясига етиб, кема қуруқликка етиб келгач, одамлар кемадан тушиб, ҳамма ўз йўлига кета бошлади.

Шунда ҳалиги сурбет киши қадамини тезлатиб, имом Бухорийнинг ёнига келди ва «минг динорли ҳамённи нима қилдингиз?», деб сўради. — денгизга отдим, — деди имом Бухорий бамайлихотирлик билан. Пасткаш «дўст» минг динорни илк кўргандаги ҳайратланишидан кучлироқ шаклда ҳайратланар экан «ахир, қандай қилиб, шунча пулни ўз қўлингиз билан зое қилишга чидадингиз?! Шунча молу дунёни ўз қўлингиз билан йўқ қилишга қаердан куч топдингиз?», деди. Имом Бухорий тубанликни ўзига касб қилган бу бечорага ачиниб, бош чайқар экан: «эй нодон, мен бутун умримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларини тўплаш йўлида сарфладим. Олам аҳли менинг ростгўйлигим ва омонатдорлигимни билди. Шундай экан, нимани эвазига бўлмасин ўз обрўйимни сақлайман ва унга гард юқишига асло йўл қўймайман, гарчи бу йўлда бор-будимдан айрилсам ҳам», деди. — зеро, масала менинг обрўйим эмас балки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сўзларининг ҳимоясидир. Сен нима деб ўйлагандинг, ҳаётим давомида йиққан бебаҳо дурларимни (Набий алайҳиссалом ҳадисларига ҳамда ишонч ва омонатдорликка ишора) қандайдир минг динор тилло эвазига зое қилармидим?!».

Абдуссалом Муборакфурийнинг «сийратул Бухорий» китобидан арзимас тузатишлар билан таржима қилинди.

Улуғларимиздаги бундай фидойилик, бу қадар жасорат ва олийжаноблик, бундай донолик қаердан келган экан?!.. Бу қандайин муаззам иймон, қандайин буюк садоқат бўлди?!..

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...