“Маъолим ал-иршодия ли синоат толибил илм” асарида илму маърифатга берилган эътибор

unnamedАллома Муҳамад Аввома ушбу асарнинг “Илмни шайхлардан олишнинг зарурлиги” бобида шундай ёзадилар:

Илмни шайхлардан олишлик тўғри илмнинг калитидир ҳамда толиби илм муваффақиятининг унвони, мақсади, гарови ва зафаридир. Ишончли уламолардан олинмаган илмда яхшилик йўқ. Шарофатли шаръий илм мана шу жиҳатдан худди бошқа илмлар, ҳунарлар ва санъатлар кабидир. Шунинг учун тиб илмини моҳир табибларнинг хузурида ўрганмаган табибга ишонилмайди. Шу жиҳатдан, моҳир жарроҳлар қўлида махсус тажриба ўтаб маҳоратини оширмаган жарроҳ табибга ҳам жароҳат илмлари борасида хотиржам бўлиб бўлмайди. Шунингдек, масалан, юзлаб оилалар яшайдиган ва сиғдирадиган катта иморатни қурдириш керак бўлса, уни қурадиган меъморга ҳам ишонилмайди. Бу юқорида айтилганидек, мутахасислардан назарий ва амалий таълимни олмаганлиги учундир. Бошқа татбиқий ва назарий илмларни ўрганмаган соҳалар ҳам шу кабидир.[1]

Аллоҳ таолонинг дини эса энг улуғ ва энг ғанимат нарсадир. Бирон бир киши Аллоҳ таолонинг дийни борасида гапиришликка дахл қилмоқлиги жоиз бўлмайди. У ақоид илми бўлсин, ибодат масалаларими, муомалат масалаларими ёки Аллоҳ таоло китобининг тафсири бўлсин, фарқи йўқ. Набавий суннатнинг шарҳи бўлса ҳам шундай. Ёки ҳадисларни саҳиҳ ва заифга чиқариш борасида бўлса ҳам шундай. Мана шу каби исломий илмлар фақтгина уни ўша ўрганган зотлардан олинади, ҳакийм ва ҳалийм бўлган уламоларнинг қўлларида ўрганилади. Зеро, улар ҳам ўзларининг шайхларидан худди шундай олишган. Улардан илмни ва хикматни мерос қилиб қабул қилиб олишган.[2]

Исломда энг биринчи табақадаги толиби илмлар саҳобалар эдилар. Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин. У зотлар илмни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзларидан тўғридан тўғри олганлар. Ёки яна бир бошқа саҳобийнинг воситасида олганлар (саҳобанинг мурсали). Бир саҳобий ўзи кўрмаган бўлса кеча бирга бўлган саҳобадан олган. У саҳобалар бирданига бошқа саҳобаларни айтмасдан: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар”, деб айта олади. У зотлардан кўзи очиқ, зукко, илғорлари бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган тарзда ёки ўзларининг хузуридаги бор илмни у зотнинг буйруғига кўра ўзларича тасарруф қилишган, сўнгра ўша қилган ишларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб тасдиқлатиб олишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг қилган ишларини тўғри, деган бўлсалар ёки тақрир қилинган: “Тўғри қилибсан!”, деганлар ёки индамасалар ҳам тақрир бўлади ёки “Сеники тўғри, сеники тўғри эмас!”, деб тасдиқ қилганлар. Шу билан уларнинг илми ўзидан чиққан бўлса ҳам барибир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалади. Бундан бошқа иложи йўқ, ўзича бўлмайди.[3]

Ана шундан кейин асрма-аср илмий табақалар кетма-кет бир-бирининг изидан кела бошлади. Саҳобалардан кейин тобеъинлар даври. Кейин тобеъинларга эргашган табъа тобеъинлар даври. Сўнгра, ҳоказо кетма кет кела бошлаган. Демак, буларнинг ҳаммасини илмий мадрасалар деймиз. Саҳобаларнинг илмий мадрасаси. Уларнинг ичидаги улуғ мартабадаги олимнинг ўзига хос бир мактаби, мадрасаси бўлган. Ана ўшанга нисбат берилган. Унинг саҳобалари, дўстлари, шогирдлари бўлган. Уларнинг фикрий мадрасаси пайдо бўлган.

Шундан кейин, илмий урфда илм аҳли орасида мана шу гап пайдо бўлган: “Толиби илмларнинг устозлари уларнинг худди оталари ва боболари кабидир. Худди уларнинг насабларидаги устун (асос) кабидирлар”.

Кимнинг устози, шайхи бўлмай туриб, улардан дарс ололмайдиган бўлса, лекин ўзи “Мен олим бўлдим!”, деб илмни даъво қилса, илм борасида гап-сўз қиладиган бўлса, бу бир оддий даъвочи (сохта даъвогар) дейилди. Унинг кимлиги ва насаби номаълумлигича қолаверди.[4]

Имом ан-Нававий раҳматуллоҳи алайҳ уламоларнинг таржимаи ҳолининг аҳамияти борасида баҳс юритган “Таҳзиб ал-асмо ва-л-луғат” номли китобларида айтганларки, ушбу зотлар бизларнинг имомларимиз ва бизларнинг салафларимиздирлар. Улар биз учун ота-она кабидир. Яна шу китобда Муслим ибн Холид аз-Занжий деган олимнинг таржимаи ҳоли ҳақида гапира туриб, “Муслим раҳимаҳуллоҳ то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача етадиган бизнинг муттасил фиқҳий силсиламизда бобомиз кабидирлар!”, деган эканлар.[5]

Яна ан-Нававий ўзларининг мумтоз китоблари “ал-Мажмуъ”да Абулаббос ибн Сурайж раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолида: “У зот бизнинг фиқҳ силсиламиздаги боболаримиздан биридир”, деган эканлар.

Демак, олимлар шайхларни, яъни устозларини худди руҳий маънавий оталари ўрнида кўрдилар. Улар руҳий маънавий оталар тананинг отасидан кўра улуғроқдур. Чунки, улар нур ва хидоят оталаридир. Демак, улар таом ва шароб берадиган отадан улуғроқ бўладилар.

Яна Ибн Ваҳб раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи борасида айта туриб, “Бир бечора одам Ибн Ваҳбга ёмонлик қилди. Унинг қилган беадабчилиги ироқлик бир кишининг қаттиқ ғайратини қўзғатиб юборди. Ироқлик бечора ўша мискинга қаттиқ ёмонлик қилди ва кейин келиб Ибн Ваҳб раҳимаҳуллоҳга: “Сиз бизнинг суҳбатдошимиз, бизнинг зиёмизсиз!”, деди. Бу иккита сўзга қарагин, қандаям буюк сўзлар! Сиз бизнинг суҳбатдошимиз ва нуримиз, деган эканлар.

Демак, илмда устози бўлмаган кишига илтифот қилишмаган ва ўша олим учун илмда бирон бир вазн ҳам эътибор ҳам қўйишмаган. У билан гаплашишнинг лойиқ эканига ҳам рухсат беришмаган. Чунки, у хато ва чалкаштириб юборишнинг жойидир.[6]

Қози Иёз раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Илмоъ” деган китобларида, яна у зотнинг шогирди Ибн Башкувол раҳимаҳуллоҳнинг “ас-Сила” деган китобида Ибн ал-Фаразий раҳимаҳуллоҳдан қуйидагилар нақл қилинган. Ал-Фаразийнинг санади Солиҳ ибн Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳга бориб тақалади. У зот айтган экан: “Отам Имом Аҳмаднинг бундай деганларини эшитдим: “Ҳақиқий одам бизга ҳадис қилиб берди, бизга хабар берди, деган кимсадир. Ундан бошқаларда хайр йўқ!”.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг ўғли давом этираяпти: “Отамга Халифа Мўътасим илтифот қилдилар. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳга: “Ибн Аби Дуодга гапиргин!”, деганда, отам юзи билан тескари қараб, “Бирон бир олимнинг дарвозасида, эшигида бўлмаган одам билан қандай гаплашаман”, деган эканлар.[7]

Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Илмлардан бирор бир илм билан шуғулланувчи ҳар бир кишида ё ҳақиқатга етишиш бўлади, ё унда сергаплик ҳосил бўлади. Аҳли ҳадисларда бунақа эмас. Зотан, уларнинг кўпчилиги авомдирлар! Чунки, аҳли ҳадисдан биронтаси ҳам бирор олимнинг ҳузурида хизмат қилмаган, турмаган. Бирор бир қорининг ҳузурида бўлмаган. Бирор бир фақиҳнинг ҳузурида бўлмаган. Бирор бир тилшунос олимнинг ёки луғатчи олимнинг ёхуд бирор бир адибнинг ҳузурида бўлмаган. Бирорта усул олимининг олдида бўлмаган. Улардан бирортаси мактабда хат илмини ўрганган бўлса шу билан ўсиб келаверган, тамом. Шунақа киши ўқиб олади ва ўзининг ақлига тўғри келганини қилаверади. Ўзининг фикрига туриб олади. Ундай одамни ким яхши кўради? Ҳадис эшитишни ёқтирадиган, ўзига ўхшаган бир авом яхши кўради”.

Яна Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳнинг мана бу гапига қарагин: “Бирон бир олимнинг олдида имтисол қилмади, яъни, унга эргашмади, ҳечам, асло”.

“Имтисол” дегани қоим бўлиш дегани, хизматида турмади, деганидир. Яъни, ҳадис толиби биз юқорида санаган бирон бир олимнинг ҳузурида қоим бўлмади, дарвозасида турмади, дегани экан. Нима учун туриш керак эди? Мазкур илмлардан ўзига анча ўзлаштириб олиш учун. Чунки, бу шарофатли илмларга толиб муҳтож бўлади. Аллоҳ таолога ёлворамиз![8]

Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ 402 ҳижрий санада вафот этган Абу Жаъфар ад-Довудий ал-Асадий раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолида айтадиларки, у зотнинг Қайравоннинг уламолари бўлмиш ўз замондошларини инкор қилишлиги ҳақидаги хабар етган. Ушбу уламолар мамлакатда яшовчи убайдийлар экан. Бу киши уларнинг гапларини орқасига ташлар экан. Шу ҳақида уларга мактуб йўллаган вақтида, ушбу уламолар унга: “Жим бўл, сенинг устозинг йўқ!” деган эканлар. Чунки, у дарсни ёлғиз ўзи қилган. У бирор машҳур имомнинг ҳузурида илмининг аксарини ўрганиб, фиқҳ ҳосил қилмаган. У мана шу етиб келган мақомига ўзининг ақл-идроки билан етган, холос. Агар унинг бир ҳақиқий фиқҳни ўргатадиган шайхи бўлганда эди, уларнинг боқий умри мусулмонлар жамоасининг оёқларини ислом динига мустаҳкам қилган ва имонга лойиқ ишлар қолдирган зотлар билан бирга эканини билган бўларди.[9]

“Жим бўл, сенинг устозинг йўқ!” деган жавобларини ва “ҳақиқий фиқҳни ўргатадиган шайхи” деган гапнинг қандай зўр гаплигига қарагин! Бу мен ўз сўзимда толиби илмнинг илм олиш борасида айтмоқчи бўлган гапларим хулосасидир: у ҳақиқий, соф бўлган илмни ҳосил қилсин!

Бу жавобнинг асли қадимга бориб тақалади. У салаф бўлган олдинги уламоларнинг ҳам, халаф бўлган кейинги давр уламоларининг ҳам ич-ичларида мавжуд бўлган бир жавобдир. Яна у мутақаддим уламолардан бўлмиш Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ҳам ривоят қилинган.

Хатиб Боғдодий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Адаб ал-фақиҳ ва-л-мутафаққиҳ” деган китобларида ровийлар силсиласи билан бундай келтирганлар: Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан: “Масжидда фиқҳ ҳалқаси бўлаёпти. У ерда фиқҳни дарс қилишаяпти”, деб сўралганда, “Уларнинг бошлиғи ким?”, деган эканлар. “Уларда бир бошчи йўқ!” дейишганда, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Улар абадий фиқҳни ўргана олишмайди”, деган эканлар.[10]

Имом ас-Суютий раҳимаҳуллоҳнинг “Исъоф ал-мубатто” деган китобларида бундай деганлар: “Исҳоқ ибн Муҳаммад ал-Фарвий раҳимаҳуллоҳ Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан бундай деб сўрашганини айтиб берган: “Ҳеч бир уламолар билан ўтирмаган, талабалик қилмаган одамдан ҳам илм олса бўладими?”. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ “Йўқ!”, деб жавоб берган. “Ўзи саҳиҳ, сийқа, ишончли бўлган одамдан илм олса бўладими? Лекин, у ёдламаган, тушунмаган”, деб сўралганда ҳам, “Йўқ!” деган эканлар. “Илм дегани ёдлаган одамдан ёзиб олинади. Илм талаб қилган, одамлар билан ўтиришган, маърифати бор, амали ҳам бўлган, шу билан бирга тақвоси ҳам бор бўлган одамдан ёзиб олинади”, деган эканлар.[11]

Мана шу юқоридагиларнинг ҳаммасини ва бошқа маълумотларни умумлаштириб айтганда, кимки китоблардан илм олган бўлса, у адашувчи ва адаштирувчи бўлади.

Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Кимки битта масалани ўнта китобда кўрган бўлса ҳам у одамга фатво беришлиги жоиз бўлмайди. Чунки, у кўрган китоблар бир заиф йўлдан ёки заиф гап изидан кетган бўлиши мумкин”, деган эканлар.

Демак, фақатгина биттагина шайхи ва биттагина ижозаси бўлган, илмни узоқ муддат хизмат қилиб олмаган мақтанчоқ қаерда?! Ана ўша одам эмасми, толиби илмларнинг сафларини ёриб ташлаган, мусулмон йигитларнинг ўртасини ажратиб ташлаган, шу эмасми?! Яна устига устак, у одам суннат китоблариниям, ҳадис китоблариниям Китоб ва Суннатга амал қилиш ва суннатнинг заифини саҳиҳидан ажратиш шиори остида сочиб ташлади-ку![12]

Ана шунинг учун, илм китоблари тасниф қилингани учун имомларнинг баъзилари кўп афсус чекканлар. Чунки, китоблар шайхлардан илмни бевосита олишга енги қаралиб қолишига восита ҳамдир. Масалан, Имом ад-Доримий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ас-Сунан” номли китобларининг муқадимасида, имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзларининг “ал-Мадхал” номли китобларида Имом ал-Авзоий раҳимаҳуллоҳнинг бундай деганларини ривоят қилганлар: “Бу илм эркаклар, яъни, олимлардан олинаверса, азизликда бардавом бўлаверади. Илмлар мана бу саҳифаларга тушадиган бўлса, аслида илм аҳли бўлмаган одамларнинг қўлига тушади”.[13]

Олимларга хизмат қилиб олишда иқболи шадид бўлади, яъни қаттиқ юзланиш бўлади, илмга ҳарисмандлик ва рағбат бўлади, эрта боришга ҳаракат қилади. Ушбу хислатлар тиззама-тизза ўтириб олинадиган илмдагина юз беради. Ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ улуғ олимлардан уч нафарига суяниб айтганлар. Улар Имом Молик раҳимаҳуллоҳ, Сулаймон ат-Таймий раҳимаҳуллоҳ ва Сулаймон ибн Ҳабиб ал-Муҳорибий раҳимаҳуллоҳ бўлиб, улар Луқмони Хакимнинг ўз ўғлига мана бундай деб васият қилганларини ҳикоя қилишган: “Эй ўғилчам, уламолар билан бирга ўтиргин! Иккита тиззангни уларга ёпиштиргин! Чунки, Аллоҳ таоло қалбларни худди ўлик ерни осмоннинг ёмғири билан тирилтиргандек ҳикмат билан тирилтиради”.[14]

Абдуманнонов Умаржон

ТИИ сиртқи бўлим битирувчиси

[1] Муҳаммад Аввома. “Маолим ал-иршодия ли-синоати толиб ал-илм”. – Жидда: Дор ал-Минҳож, 2013 йил. 5-бет.

[2] http://book.google.com

[3] Муҳаммад Аввома. “Маолим ал-иршодия ли-синоати толиб ал-илм”. – Жидда: Дор ал-Минҳож, 2013 йил. 7-бет.

[4] Муҳаммад Аввома. “Маолим ал-иршодия ли-синоати толиб ал-илм”. – Жидда: Дор ал-Минҳож, 2013 йил. 8-бет.

[5] www.wикипедиа.cом

[6] Муҳаммад Аввома. “Маолим ал-иршодия ли-синоати толиб ал-илм”. – Жидда: Дор ал-Минҳож, 2013 йил. 10-бет.

[7] http://ru.wikipedia.org/wiki

[8] Муҳаммад Аввома. “Маолим ал-иршодия ли-синоати толиб ал-илм”. – Жидда: Дор ал-Минҳож, 2013 йил. 86-бет.

[9] http://islam-book.info

[10] Муҳаммад Аввома. “Маолим ал-иршодия ли-синоати толиб ал-илм”. – Жидда: Дор ал-Минҳож, 2013 йил. 87-бет.

[11] http://forum.stop55.com/263177.html

[12] Муҳаммад Аввома. “Маолим ал-иршодия ли-синоати толиб ал-илм”. – Жидда: Дор ал-Минҳож, 2013 йил. 88-бет.

[13] http://ru.wikipedia.org/wiki

[14] Муҳаммад Аввома. “Маолим ал-иршодия ли-синоати толиб ал-илм”. – Жидда: Дор ал-Минҳож, 2013 йил. 89-бет.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *