Ҳизбчи йигитлар ва “салафий”лар етакчисининг ўзаро баҳси юзасидан холисона ТАҲЛИЛ

Lotin alifbosida

Техника тараққий этиб, жуда кўпчилик ҳаётининг бир қисмига айланган интернет оламида, яқин кунларда икки экстремистик оқим ҳизбийлик ва «салафий»лик аъзолари орасида содир бўлган баҳс кенг тарқалди. Ўзига АБДУЛЛОҲ деб таҳаллус қўйган ҳизбут-таҳрир аъзоси ижтимоий тармоқларда “Содиқжон домлага ҳолис насиҳат!” номли насиҳатномасини баралла эълон қилди. У бу мактубни охирги икки йил ичида виртуал оламда “Шайх Содиқ Самарқандий” номи билан шуҳрат топган бемазҳаб “салафий”лик тарғиботчисига раддия сифатида йўллаган.

Ҳизбчи Абдуллоҳнинг ёзишича, 2015 йилнинг 23 октябрида салафизм тарғиботига йўналтирилган сайт — Ixlos.org веб саҳифасида Ҳизб ут-Таҳрир шаънига тўғри келмайдиган мақола чоп этилган. Ва ўша мақолада ҳизбчининг иддаосига кўра, Ҳизб ут-Таҳрир нашр қилган китоблардан келтирилган иқтибослар асл нусханинг умумий маъносидан қирқиб олиниб, бошқа маънога бурилган ва матнни таржима қилишда ҳам катта хатоларга йўл қўйилган экан.

Бунинг ортидан ҳизбчилар Содиқ самарқандийни ўзаро фикр алмашиш учун учрашувга таклиф қилишади. Самарқандийнинг ижобий жавоби ила учрашув амалга ошади ва унда бутун дунё мусулмонлари бошидан кечираётган вазият ҳақида баҳс юритилади. Суҳбат давомида ҳизбчилар:

  • Агар сиз Ҳизб ут-Таҳрир ҳақида, у танлаган йўл, у нашр қилган китоблар ёки бу китоблардаги қайсидир раъй, фикр, ибора ва калималар ҳақида батафсил маълумот олмоқчи бўлсангиз, бизга хоҳлаган пайтингизда мурожаат қилишингиз мумкин. Биз сизга китобларимиз ва уларда келтирилган мавзуларни батафсил ёритиб беришга тайёрмиз”, деб таклиф қилишади.

Содиқ самарқандий бунга:

  • Жуда тўғри гапларни айтдингизлар, биродарлар! Сизлар тошнинг бир томонини кўтараётган бўлсангизлар, биз ҳам бир томонини кўтармоқдамиз. Ҳаммамизнинг дарду ғамимиз шу умматни бирлаштириш. Биз айрим домлаларимиз қилган хатони қилмаймиз. Фалончи домла ўз масжидидан жаноза намозини адо қилгани келган бир ҳизбийни ҳайдаб чиқарибди. Буни қандай тушуниш мумкин?! Ахир биз мусулмон биродарларимизни унисини ундоқ, бунисини эса бундоқ деб тош отаверсак, бундан фақатгина куфр аҳли ва мунофиқлар қувонадику?!”, деб жавоб берган.

Содиқ самарқандийнинг бу мулоҳазалари ҳизбчиларни қониқтирган чоғи у ҳақда: “онгли, фаросатли олимларга ҳос гаплар қилди”, деб олқайдилар.

Шу ерда эътиборингизни бир масалага жалб қиламиз:

Агар ўша  эл орасида “шайх Содиқ самарқандий” номи билан танилган шахс соф Аҳли сунна таълимоти бўйича эътиқод қилганда, ҳизбчилар билан келишмаган, уларни тасдиқламаган, манҳажимиз турлича бўлсада (яъни, сизлар ҳизбий биз эса “салафий” маъносида) бирламчи мақсадимиз – умматни бирлаштириш ғамида бир-биримиз билан бирлашар эканмиз демаган, жанозага келган ҳизбийни ҳайдаб чиқарган имом домлани танқид қилмаган бўларди. Ҳа, агар ўша Содиқ самарқандий исломда янги пайдо бўлган нарсаларнинг ҳукмини яхшироқ билганида, бидъатдан хазар қилиш қай даражада аҳамиятли эканини тўлиқ англаб етганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Динда янги чиққан нарсалардан сақланинг! Чунки динга киритилган ҳар бир янгилик бидъатдир, ҳар бидъат залолатдир, ҳар бир залолат дўзахдадир”, деган ҳадисларига амал қилганда, шунингдек, Ислом умматининг аҳли бидъатлар билан орани узиш, уларни ҳажр қилиш, муносабатларни узишлик лозим эканига бир овоздан иттифоқ қилган ижмоъсидан хабардор бўлганида, ҳизбчилар ташаббуси билан уюштирилган учрашувдан дўстона муносабат ўрнатиб, биродарлик кайфиятида чиқмаган бўларди.

Содиқ самарқандийнинг бу қилиғи унинг динда танлаган йўли нотўғри эканини очиқ-ойдин исботлаб беради. Чунки Исломда мусулмоннинг мақсади ҳам, мақсад сари олиб борувчи танлаган манҳажи ва ҳаракатлари ҳам аниқ ва шаръий тартиб интизом асосида бўлиши таъкидланади. Содиқ самарқандийга ўхшаб, тўғри келган янги диний тоифалар билан келишиб кетавериш, баримизнинг дарду ғамимиз бир – умматни бирлаштириш, сизлар тошни у томонини биз эса бу томонини кўтарамиз, ҳамкорликда ҳаракат қилаверамиз,  дейиш аслида Ислом низомини бузишдир. Бу ҳақиқатни англаб етиш учун олий маълумот ва ўткир ақл талаб ҳам қилинмайди аслида. Бу учун озроқ ақл ва соғлом тафаккурнинг ўзи етарли.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу умматнинг етмиш уч фирқага ажралиб кетишини олдиндан айтиб қўйганлар. Шунингдек, ўша тоифаларнинг деярли ҳаммаси жаҳаннамий эканлиги, фақат атиги бир донасигина яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар йўлидан оғмаганларгина жаннатий бўлишини ҳам башорат қилиб қўйганлар. Назаримизда Содиқжон домла шу ҳақиқатни англашга ҳам ожиз кўринади. Акс ҳолда у ҳизбийлар билан келишмаган бўларди. Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаҳаннамий деб санаган ўша етмиш икки тоифа аъзоларининг бош мақсади ҳам, жаннатий деб башорат қилинган ягона жамоанинг мақсади ҳам аслида бир-биридан фарқли бўлмаган. Уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг каломини улуғлаш, умматни бир дин, бир мафкура остида бирлаштириш сари ҳаракат қилишларини таъкидлайдиган тоифалардир. Лекин уларни етмиш учга бўлиб ташлаган нарса бу уларнинг ўша мақсад сари боришда танлаган манҳаж -мазҳабларидир, ақидавий ихтилофларидир. Содиқ самарқандий буларни билмайди чоғи…

Агар билганида эди, унинг ўзи ҳизбийлар ила ғийбат қилган имом сингари иш тутарди, жанозага келган ҳизбийни масжиддан қувган имом сингари у ҳам уни учрашувга таклиф қилган ҳизбийларни қувиб солар, ё уларнинг йўли чирик ғоялар асосига барпо бўлганини исботлаб, уларга тушунтириб берган бўларди. Буларнинг ўрнига ўзини “шайх” деб машҳур қилишга ҳаракат қилаётган бу одам қаёқдаги бидъатчи, ҳаттоки ўзаро ақидавий бирликка ҳам эга бўлмаган, тайинсиз, ўта заиф тоифа вакиллари билан мақсадимиз бир экан деб апоқ-чапоқ бўлиб ўтирибди.

Содиқ самарқандийнинг бу иши нимани англатади? Бу шуни англатадики, салафийлик ҳам худди ҳизбийлик сингари негизи чирик тоифадир, уларнинг ташқи қиёфаси бошқа-бошқа бўлсада, асл негизи бирдир, яъни бу икки тоифа хаворижлик ақидасида бирлашишини англатади.

АБДУЛЛОҲ таҳаллусли ҳизбчининг ёзишича ўша учрашувдан Содиқ самарқандий ҳам ҳизбий йигитлар ҳам, ўзаро самимий муносабатда бўлган ҳолда тарқалишган экан. Лекин воқеанинг қизиқроқ қисми кейин чиққан. 2016 йил 22 октябр куни Ixlos.org веб саҳифасида «Ҳизб ут-Таҳрир ҳақида» сарлавҳаси билан Содиқ самарқандийнинг савол-жавоб видеолавҳаси чиқади ва ижтимоий тармоқларда ҳам кенг тарқатилади. Видеолавҳа мазмуни шундай: Содиқ самарқандийга отаси ҳизбий бўлган бир йигит қуйидагича савол қилади:

Шайх, менинг отам ҳизб ут-Таҳрир. Ва у мени ҳам ҳам шу тоифага садоқатли бўлишга чақиради. Ҳаттоки ўлми олдидан ҳам менга шу оқимда то умрим охиригача содиқ қолишимни васият қилди. Бунинг ҳукми нима?”.

Содиқ самарқандий эса қуйидаги мазмунда жавоб беради:

«Бу саволга жавоб беришдан олдин ҳизб ут-Таҳрир жамоасини кимлигини билиб олиш мақсадга мувофиқдир. Ҳизб ут-Таҳрир жамоаси аҳли суннадан эмас. Бу тоифа бир қанча фиқҳий ва ақидавий масалаларда, манҳажда аҳли суннага хилоф қилишган. Буларнинг ичида олим инсон йўқ. Булар илмдан йироқ тоифа. Шуни ўзи ҳам уларнинг очиқ-мубин залолатда эканини кўрсатади. Номаҳрам аёллар билан қўл бериб кўришиш, ҳатто ўпишишни ҳам мубоҳ санашади. Ҳатто тоифа асосчиси Набаҳонийнинг айнан ўзини шу ҳақдаги фатвосини ўқидим мен. Уларнинг энг катта хатоларидан бири “Ғоя василани ҳалол қилади” деган қоидаларидир. Яъни, кўзланган мақсад яхши бўлса унга олиб борадиган йўлнинг қандай бўлишини аҳамияти йўқ. Аёл кишининг мақсади яхши бўлса ҳижоб киймаса ҳам, парламент мажлисларида эркакларга аралашиб ўтирса ҳам бўлаверади ва ҳоказо гаплар. Хуллас ҳизб ут-таҳрирга эргашиш мумкинмас, савол қилган йигит отасининг васиятига амал қилмаслиги керак, унга итоат қилиши шарт эмас”.

Содиқ самарқандий жавобининг умумий қисқача мазмуни шундан иборат. Ундан ташқари жавоб орасида ҳизбийлик асосчиси Набаҳонийнинг отаси ғулувга кетган сўфийларнинг каттаси бўлганига алоҳида урғу бериб, ўзининг тасаввуфни инкор этувчи бемазҳаб “салафий”лардан эканига ишорани ҳам қистириб ўтиб кетади.

Шу ерда яна диққатингизни бир масалага тортамиз. Содиқ самарқандий видеолавҳасида ҳизбийларни қораларкан уларнинг “Ғоя василани ҳалол қилади”, деган қоидаларининг нотўғри эканига алоҳида тўхталади. Лекин худди шу Содиқ самарқандийнинг ўзи ҳизбийлар билан бўлган учрашувида шу қоидага амал қилган эди. Яъни, у ҳизбийларга қарата: “Жуда тўғри гапларни айтдингизлар, биродарлар! Сизлар тошнинг бир томонини кўтараётган бўлсангизлар, биз ҳам бир томонини кўтармоқдамиз. Ҳаммамизнинг дарду ғамимиз шу умматни бирлаштириш. Биз айрим домлаларимиз қилган хатони қилмаймиз. Фалончи домла ўз масжидидан жаноза намозини адо қилгани келган бир ҳизбийни ҳайдаб чиқарибди. Буни қандай тушуниш мумкин?!  Ахир биз мусулмон биродарларимизни унисини ундоқ, бунисини эса бундоқ деб тош отаверсак, бундан фақатгина куфр аҳли ва мунофиқлар қувонадику?!”, деган гапида ўзи билибми ё билмайми Ғоя василани ҳалол қилади”, деган қоида ичига кириб қолган эди. Буни қандоқ тушуниш мумкин?!

Аввалги учрашувда бемазҳаб Содиқ самарқандий билан баҳслашиб, бир-бирларини тўғри тушунган ва биродарлик кайфиятида хайрлашган ҳизбий йигитлар бу видеолавҳадан кейин ҳайратга тушишади. АБДУЛЛОҲ таҳаллусли ҳизбий Содиқ самарқандийга ёзган насиҳатномасида шундай дейди:

“Шариат номидан гапираётган олим одам бунчалар тезликда бошқа тўн кийиб олганига хайрон қолдим. Ҳизб ут-Таҳрир йигитлари билан учрашганда биродарлар деб очиқ юз билан гаплашиб, уларнинг орқасидан эса, бутунлай тескари юз билан гапирган инсон шариатнинг қайси нормасига тўғри келади?!”

Ҳа, ҳизбийнинг бу саволи ўринли бўлган. Дарҳақиқат иккиюзламачилик, ҳар қандай мунофиқона ҳаракатлар исломда мутлақо оқланмайди. Шундан кейин ҳизбий йигит Содиқ самарқандийни ғийбатчи, туҳматчи ва бўҳтончиликда айблаб унинг ҳизбийлар ҳақида айтган баъзи даъволарини инкор қилади. Ва ҳадислардан раддиялар беради.

Асл негизи бориб хаворижликка тақалувчи бу икки тоифанинг баҳс мунозараларидан шундай холасага келиш мумкин: Дунёнинг кўплаб жойларида асосан яширин фаолият олиб бораётган ҳизб ут-таҳрирчилар ҳам, ўзларини саҳобалар манҳажида тасаввур қилувчи бемазҳаб “салафий”лар ҳам тўғри йўлда эмас!  “Шайх Содиқ самарқандий” таҳаллуси ила танилган “салафий” (ваҳҳобий) шахснинг ижодий ишларини тарқатувчи Ixlos.org сайти ва ҳизбийлар томондан бошқарилувчи TURKISTON.NET, hizb-ut-tahrir.info ва ҳоказо сайтлар ҳам аслида ишонса бўладиган тўғри мақсадларга йўналтирилган эмас!

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...