ҲАР КИМ ЎЗ ИШИНИ ҚИЛИШИ ВА ҲАДДИНИ БИЛИШИ КЕРАК!

exclamation-markСобиқ депутат Қобул Дусовга мурожаат

Қобил Дусовнинг айрим ташаббуслари, жонкуярликларини қадрлайман. Барака топсин, жони бор одам деб биламан. Аммо айрим фикр‑мулоҳазалари жуда ҳам хом ва ноҳақдир.
Бир неча ой олдин қорилар ҳақидаги гаплари учун бир мақола ёзган эдим. У киши ўшандан етарлича хулоса чиқарган деб ўйлагандим. Бироқ, кейинги пайтларда ҳайбаракаллачиликка берилишми ёки бошқами, яна ўз ҳудудидан ташқарига қадам қўйиб, кўпчиликни саросимага солаётганини кузатиб қоляпман. Бу гал олдингидан бироз бошқачароқ сўзлашга мажбурман.

Биринчи масала.
Қобил Дусов бир чиқишида имом домлаларни рўмол масаласида ташаббус кўрсатмаганликда айблабди. Бу гапда бир жиҳатдан жон бордек. Аммо Ўзбекистонда яшаётган ва ўзини сиёсатдон деб билган одамнинг бу гапни айтиши аслида сиёсий нўноқликдан бошқа нарса эмас.
Аввало одамларга рўмол ва бошқа шариат ҳукмларининг асосларини етказган ва ҳаётларида кўрсатиб берган кишилар айнан имом домлалардир. Буни ҳамма яхши билади. Улар айрим вазиятларда бу мавзуда гапира олмаган бўлса, бу халқ вакиллари ‒ сиз депутатларнинг айбларингиз сабабидандир. Сизлар олдин одамлар учун сўз эркинлиги ҳуқуқини таъминлаб беринглар, кейин гапиришни талаб қилинглар. Ўзларинг ўзларинг билан оворасизлар, халқнинг ҳақиқий дардини биладиган имомлар билан умуман ишларинг йўқ, бирор марта келиб, нима гап демагансизлар. Шундай бўлса‑да, сайлов пайтида имомлар ҳам сизларни ўзларидан вакил қилиб сайлаган ва ҳар гал сайлайди. Сизларнинг эса хаёлингиз бошқа жойда, ўзларингни билимдон ҳисоблаб, имомларни ҳам, қориларни ҳам оёқ учида кўрсатиб юрасизлар. Сиз каби депутатлар олдин халқнинг сўзлаш ва фикр билдириш ҳуқуқини етарлича ҳимоя қилиб беринглар, халқ билан ишлашни ўрганинглар, кейин бошқа гапни гаплашамиз.
Қолаверса, сўз эркинлиги деб ҳар мавзуни ортиқча муҳокама қилиш ҳам ўринсиз, жамият ўртасини бўлиб, аксинча натижа бериши мумкин, фитнага сабаб бўлиши мумкин.
Сизга оддий савол: бирорта имомнинг дахлсизлик ҳуқуқи поймол этилганда сиз уни ҳимоя қилиб курашганмисиз? Бирорта аҳли илмга тажовуз бўлса, сиз уни оддий фуқаро сифатида қанчалик ҳимоя қилиб бера оласиз? Қайси депутат ўзини сайлаган қайси имомнинг бирор кунига яраган, кўрсатиб бера оласизми?

Иккинчи масала.
Сиз «Ҳеч бир домла гапирмаганда мен рўмолни ҳимоя қилдим», дебсиз. Биринчидан, айнан 666‑сонли қарор муҳокамага қўйилганда мен ва яна айрим аҳли илмлар уни биринчилардан бўлиб улашиб, нима қилишни ёзганмиз ва шариатнинг ҳукмини ҳам айтганмиз. Иккинчидан, аслида рўмолнинг ҳукмини аҳли илмлар керагича етказиб бўлганлар, уларнинг асл вазифалари, ваколатлари доираси ўзи шу, аммо бу ҳуқуқни ҳимоя қилиш чиндан ҳам халқ вакиллари ‒ депутатларнинг иши, домлаларнинг мажбурияти эмас. Сиз рўмолни ҳимоя қилганда уни шаръий жиҳатдан эмас, ҳуқуқий жиҳатдан гапиргансиз ва бу айнан сизнинг бурчингиз ва ваколатингиздаги иш эди.
Қолаверса, бир минбардан жоиз бўлган гап бошқасида дуруст саналмайди. Мен маросимда айтган ҳамма гапимни масжид минбаридан гапира олмайман ва гапиришим хато ҳам бўлади. Бир мавзуни имом‑хатиб ўлароқ кўтариш бошқа, депутат, сиёсатчи ўлароқ ўртага ташлаш бошқа, оддий фуқаро сифатида гапириш бошқа. Сиз буни фарқлашингиз керак, ахир бу оддий ҳақиқат. Сиз бирорта домлани ёмонлашдан олдин сизни ўша домланинг ўрнига қўйса, қанчалар сўзлай оласиз, олдин бир ўйлаб кўринг‑да, кейин гапиринг.
Масалан, рўмол мавзусини бир соҳа вакилининг сўзлашига бошқа, бошқа соҳа одамининг гапига бошқа баҳо берилади. Бир гапни қайсидир минбардан тўғри эшитилса, бошқасидан ўзгача талқин қилиниши мумкин. Бунга ўхшаш нозик жиҳатларни сиёсатдан сўзлайдиган одам яхши фарқлаши керак аслида.
Бир инсон ишчи бўлганида гапирган ҳар гапини бўлим бошлиғи мансабига ўтирганда ҳам гапиравермайди. Оддий депутат агар партияга раҳбар этиб сайланса, олдинги эркин сўзлаши қайсидир маънода чекланади. Агар ҳозир сизни бирор партияга раҳбар қилинса, сиз бугунгидек эркин гапира олмайсиз, сўзларингиз анчагина ҳисоб‑китобли бўлиб қолади, дўсту душманни инобатга олиб қоласиз. Шундан ўзингиз виждонан хулоса чиқариб олсангиз ҳам бўлади.
Биз дунявий ва ҳуқуқий давлатда яшамоқдамиз. Жамиятда ҳар кимнинг ваколати ва мажбурияти ўзига хос. Ҳар бир фуқаро, жумладан, имомлар ҳам ўз ҳудудларини билишлари табиий. Буни ҳам ҳисобга олиш керак.

Учинчи масала.
Сиз бир гапда хато сўзлабсиз. «Ўшанда мен рўмолни гапирдим, ҳамма домлалар жим турди, энди шариатдан гапирсам, нега бўлмайди экан?» дебсиз. Бу гапни ўйлаб гапирдингизми?
Сизнингча, мусулмонларнинг бирорта ҳуқуқини кўтариб чиққан одам шу бўйи шариат олими деб эътибор қилиниши ва у энди шариатдан хоҳлаган ҳукмини айтиши мумкин бўладими шунда? Бизнинг бирорта ҳуқуқимиз ҳақида бир‑икки оғиз баралла гапирганки депутатни, сиёсатчини биз ўзимизга имом қилиб, шариатни ундан ўрганишимиз керакми энди? Қизиқ экансиз‑ку.
Сиз бир муаммони гапирдингиз ва бошқалар ҳам гапирди, ташаббуслар учун ташаккурлар, аммо ҳеч нарса ҳал бўлгани йўқ. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Агар ўша қарорни бекор қилинишига эриша олганингизда ҳам бу ҳақда қилган ташаббусингиз билан бироз мақтансангиз, балки ўринли бўларди. Ҳали ҳеч нарсани битирмай туриб, урмасдан бошни ёриш нимаси?

Тўртинчи масала.
Энди сўнги кунларда ўзингизнинг қандайдир тушунчаларингиздан келиб чиқиб, рибо ҳақида ҳам фатво берворибсиз. Қойил! Сиз ҳали биттагина рўмол ўраш ҳуқуқини ҳал қилмай, шу ҳақда бир‑икки бор гапирганингиз учун шунчалар журъатга эга бўлсангиз, Аллоҳ кўрсатмасин, агар мусулмонларга тузукроқ хизмат қилиб қолсангиз, шариатни ўзингиз ёзиб бера қоласиз эканда‑а? Ука, сизга насиҳатим, ҳаддингизни билинг ва одамларнинг гап‑сўзига, олқишига маҳлиё бўлманг, адашиб қоласиз. Шариатдан сўзлаш учун ўзингизни ҳеч ҳам ҳақли билманг. Сиз ўз ишингизни қилинг, имкониятингиз даражасида мусулмонларни сиёсий жиҳатдан ҳимоя қилинг, ҳуқуқларини ўргатинг, ҳимоя этинг, хизмат қилинг, барака топасиз. Аммо шариат ишига, дин аҳкомларига аралашманг.
Рибо ҳақида бир‑иккита одамнинг гапини эшитиб, ёқтириб қолиб, ўшани оммага тақдим қилиш ҳавои нафсга эргашиш бўлади. Бу каби нозик масалада шариатнинг ҳукмини сўзлаш учун шу мавзудаги аксар далилларни ва фатволарни ўрганиб чиқиш лозим. Сиз эса битта‑яримта одамнинг гапини кўтариб юрибсиз ва ўзингизга шариат ишида ўта катта баҳо бериб юборибсиз.
Рибо ҳаром, уни ҳеч ким ҳалол қилиб бера омлайди. Диний идора 100 та фатво чиқарса ҳам, рибо ҳалол бўлиб қолмайди. Чунки у Қуръон ва Суннатда очиқ таъқиқлаб қўйилган. Бунинг ҳикматини бугун мусулмонлар қолиб, бошқалар яхшироқ англаб турибди. Шариатдан ташқарида ким нима қилса, ўзи билади. Аммо шариат бу мавзуда ўз сўзини қатъий айтиб бўлган, нуқта қўйилган.
Сиз мусулмон одам рибо билан бўлса ҳам бойиши керак, бошқалар фойдаланиб бойиб кетяпти‑ку, одамлар қийналяпти ва ҳоказолар, деб анча важ келтирибсиз. Бу гаплар ўзини оқламайди. Иқтисодчиларнинг фикрича, рибо иқтисодиётни баттар чўктиради. Фақат айрим тарафлар ундан фойда кўради. Рибода рибохўрлар бойиб, бошқалар камбағаллишиб кетаверади. Шунинг учун рибодан катта давлатлар бойигандан бойиб, бошқалар эса қарз устига қарзга ботиб бораверади. Кейин рибо роса шишиб кетгандан кейин, банкротлик эълон қилиниб, кимлардир қурбон қилинади. Мутахассислар фикрича, сўнгги ўн йилликларда такрорланаётган иқтисодий инқирозларнинг асли айнан шундай юз бермоқда. Ҳатто дунёдаги айрим урушларга ҳам аслида рибонинг кемтигини ёпиш муаммоси сабаб бўлади деган фикрлар бор.

Биласизми, рибо нега ҳаром? Чунки у эвазсиз мол. Ислом иқтисодиётида пул даромад манбаи ҳисобанланмайди, балки пул келтирган манфаат даромад манбаи ҳисобланади. Капиталга асосланган иқтисодиётда эса пулнинг ўзи даромад манбаи саналади ва шунинг учун ҳар қандай шароитда фоиз устамаси мавжуд бўлади. Бунинг самараси шундаки, рибода пул фойда келтирмаса ҳам, ҳатто ишчи ишлаб зарар қилган бўлса ҳам, пул эгасига белгиланган даромад айтилган вақтда топширилади. Ҳолбуки, воқеликда унинг асли йўқ. Бу йўқ фойдадан улуш беришдек гап. Натижада ўз‑ўзидан бўшлиқ пайдо бўлади ва бу пуфак кимнингдир бошида ёрилади. Ислом банкида эса аниқ фойдадан даромад ундирилади ва бунда ҳеч ким ютқазмайди, чунки даромад воқеликка мутаносибдир.
Сиз агар шунчалар ҳалқнинг иқтисодий юксалишини ўйласангиз, Муфтий Ҳазратга рибога йўл топиш маслаҳатини бериш ўрнига, Вазирлар Макҳамасига, Марказий Банк раҳбариятига Ислом банкларини юртга киритиш бўйича мурожаат қилинг. Ана шунда сиз ўз ишингизни қилган бўласиз ва халқнинг ҳалол пул топиш ҳуқуқи учун курашган бўласиз.

Бешинчи масала.
Сиз кўпроқ ўз соҳангиздан бошқа соҳалардаги муаммоларни оғиз тўлдириб гапирасиз, аммо ўз соҳангиз ‒ сиёсат майдонидаги, депутатларнинг фаолиятларидаги муаммолар ва бошқалар ҳақида тузук қуруқ тўхталмайсиз. Нега шундай?
Аслида сиз аввал ўз соҳангиз, ўз ҳамкасбларингизни ислоҳ қилишдан ишни бошласангиз тўғри бўлади. Зеро, жамиятдаги аксар муаммолар ана ўша нуқтадан келиб чиқмоқда. Сизга масалаҳат шуки, сиёсатшуносман дедингизми, шу соҳани яхши ўрганинг, Исломнинг ушбу мавзуга оид ҳукмлари билан танишинг ва фақат муаммоларни санаб кетавермай, аниқ ва воқеий ечим беринг. Депутатларингизни уйғотинг, халқ билан ишлашга ўргатинг, еганини ҳалоллаб ейишларини уқтиринг, соҳангизни ичидан ислоҳ қилишга ҳисса қўшинг.
Халқ учун чин дилдан хизмат қилмоқчи бўлсангиз, ошкорасидан кўра махфийсини кўпайтиринг ва энг муҳими ‒ ўз ишингизни қилинг, мутахассислигинггиз бўлмаган соҳага аралашманг, шунда ўзингиз учун ҳам, бошқалар учун ҳам энг катта яхшилик қилган бўласиз.
Шариатдан сўзлайдиган кишилар етарли. Диний идорада фатво бўлими бор, ўз ишини қиляпти. Сизлар ҳам ўз жабҳангиздан туриб халққа хизмат қилинглар, ҳар ишга бурун суқаверманглар.
Мен сизнинг ҳамма чиқишингизни ҳам кузата олмайман. Айрим кўзим тушганларидан олган маълумотларим асосида сизга айрим мулоҳазаларни айтган бўлдим. Шулардан етарли хулоса чиқара оласиз деб умид қиламан.
Бу гапларни ўзингизга айтишим ҳам мумкин эди, аммо чиқишларингиз оммавий бўлгани учун жавобни ҳам шу ўзандан юборишни лозим топдим.

Аллоҳ таолодан тавфиқу иноят ва хайли ишларингизга омад сўраб қоламан.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...