ҒИЙБАТНИНГ ҲАММАСИ ҲАМ ҲАРОМ ЭМАС!

exclamation-markМУҚАДДИМА

Ўқувчиларга махфий эмаски, камина аксар ҳолларда қўлимга қалам олар эканман албатта, бунинг ўзига хос сабаби бўлади. Бирон воқеа-ҳодиса жиддий туртки бўладики, шундан кейин мавзуга доир нимадир ёзишга жазм қиламан. Одатимга кўра, бу сафар ҳам арзирли деб топганим бир сабаб билан ёзишга киришдим.

Ижтимоий тармоқлар ҳаммамиз учун ҳаётнинг бир бўлагига айланган. Ҳаммақатори мен ҳам тармоқда ўз фикр-мулоҳазаларимни жамоатчилик билан бўлишаман, бошқаларга у-бу мавзуларда муносабатлар, ҳатто эътирозлар билдириб тураман. Баъзида шахсиятларни яшириб, умумий услубни танлайман, баъзида эса кимларнингдир шахсини очиқча ҳам ёзаман. Табиийки шу иккинчи услубим нишон ва унинг атрофидаги мухлис-у ҳамфикрларига ёқмайди ва дарҳол менинг ўзимни “савалашга” киришиб кетишади. Кимдир ҳақорат қилади, кимдир камситади, кимдир ғийбатчи дейди, кимдир устимдан кимларгадир арз-ҳол қилади, кимдир холис насиҳат қилиб услубни ўзгартишимни маслаҳат беради ва ҳоказо. Буларнинг ичида илм аҳллари ҳам бор. Қайсидир илм аҳлига таассубона мухлислик қиладиган (фанат) омилар ҳам бор. Ғийбат ва унга доир аҳкомларни биладигани ҳам, билмайдиганлари ҳам бор. Худди шуларнинг ҳаммасига ёппа бир жавоб бўлсин деб шу мақолани ёзишга киришдим. Унда ғийбатнинг шаръий таърифи, ҳукми, ғийбат ва ғийбат бўлмаган ҳолатлар ҳақида имкон борича маълумот беришга уринаман. Албатта, ҳар бир ишга тавфиқ Аллоҳдан.

ҒИЙБАТНИНГ ТАЪРИФИ

Ғийбатга бир қанча олимлар тарафдан қисқа-лўнда, кенг-батафсил тарзда турлича таърифлар берилган бўлиб, улар ичидан ҳанафий олими имом Биргивий раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги таърифни танладим:

الغيبة هى ذكر مساوى اخيك المعين المعلوم عند المخاطب او محاكاتها و تفهيمها باليد او غيرها من الجوارح على وجه السب و الغضب

Ғийбат бу тингловчига таниш бўлган муайян биродарингизнинг айбларини, ғазаб ва ҳақорат кўринишида зикр қилиш, ёки ҳикоя тарзида, ёинки қўл ва ё бошқа аъзолар билан ишора тарзида тушунтириб беришдир”. (Тариқат ул-Муҳаммадия).

Таърифда айтилган айблар умумий айблар бўлиб, диний ва дунёвий айбларни қамрайди. Хоҳ диний хоҳ дунёвий айбларини гапирсин, барибир ғийбат бўлади. Масалан, фалончи бенамоз, ё ранги қора, деганга ўхшаш. Баъзи уламолар: “диний айбларни гапириш ғийбатга кирмайди, чунки бунда Аллоҳ қоралаган иш гапирилади. Шундай экан, диний айблар ғийбатга кирмайди” – деганлар. Лекин бу жумҳурнинг қавлига ҳам, ижмоъга ҳам хилоф.

ҒИЙБАТНИНГ ҲУКМИ

Ғийбат ислом шариатида қатъан ҳаром қилинган амалдир. Ислом уммати ғийбат ва чақимчиликни ҳаром деб ижмоъ қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ғийбат қилишдан қайтариб шундай деган:

وَلَا يَغْتَب بَّعْضُكُم بَعْضاً أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَن يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتاً فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَّحِيمٌ

«Бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлйдими? Буни ёмон кўрасизлар-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқинглар, аллоҳ албатта тавбаларни қабул қилувчидир, раҳмлидир» (Ҳужурот сураси. 12. Тафсири Ирфон).

Аллоҳ таоло ғийбатдан қайтариб, уни ўлакса гўштини ейишга ўхшатмоқда. Табиийки, инсон ўлаксадан жирканади. Шундай экан, бошқаларни ғийбат қилиб, обрўсини тўкишдан ҳам худди ўлакса гўштидан жиркангандек жирканиши лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ғийбат ва унинг зарарлари ҳақида бир қанча ҳадислар бор. Жумладан:

Абу Умома ал-боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кишига (ҳасанотлари ёзилган) китоби очиқ ҳолда берилади. У: “Эй Раббим, фалон-фалон ҳасанотларим қани, саҳифамда йўқ-ку?” – дейди. Шунда унга: “Одамларни ғийбат қилганинг туфайли уларни ўчириб, ғийбат қилинганларнинг амал дафтарларига ёзиб қўйдим” – дейди(Ибн Ҳиббон ривояти).

Ғийбатчи қиёмат куни ҳасанотларидан қуруқ қолади. Ғийбатчилар бошқаларни ғийбат қилар экан, гўёки уларнинг гуноҳларини олиб, ўзларининг ҳасанотларини уларга бераётган бўлади.

АСЛИ ҒИЙБАТ ЭМАС-У ЛЕКИН ҒИЙБАТДЕК ТУЮЛАДИГАН ҲОЛАТЛАР

Шуни таъкидлаш ўринлики, бировнинг айбини гапиришнинг ҳаммаси ҳам ғийбатга киравермайди. Шундай ҳолатлар борки уни ғийбат деб ўйлайсиз-у, аслида эса у ғийбат эмас.

Ғийбат шаръан ҳаром ғийбат бўлиши учун тингловчи гап ким ҳақида кетаётганини аниқ билиши шарт. Агар қаршингиздаги одамга мутлақо нотаниш одамнинг айбларини гапирсангиз, бу ғийбатдек туюлсада, лекин ғийбатга кирмайди.

Ундан ташқари ғийбатчи ғийбат қилинмиш одамга нисбатан нафрат туйғуси билан ҳақорат кўринишида гапирган бўлиши керак. Агар унга нисбатан ачиниш, ғамхўрлик кўринишида гапирган бўлса, бу ҳам ғийбатга кирмайди. Лекин қиёфаси ғийбатдек кўринади. Бу икки хулосани ғийбатнинг таърифидан англаб олишингиз мумкин.

Хулосат ул-фатово ва бошқа фатво тўпламларида қуйидаги фатволарни кўриш мумкин:

فذكر العيب لتغيير المنكر او للإستفتاء او للتحذير من شره او التعريف كالأعرج و نحوها ليس بغيبة و كذا إن كان مجاهرا للفسق و الظلم فذكرهما و اما إن ذكر عيبا اخر فغيبة

Бировнинг айбини мункарни бартараф қилиш, ё фатво сўраш, ё бошқаларни унинг ёмонлигидан эҳтиётлаш, ёки “фалончи чўлоқ ва ҳоказо” сўзлар билан танитиш мақсадида гапирса ғийбатга кирмайди. Шунингдек, агар фисқ ва зулмни ошкора ҳаммага намойишкорона қилиб юрадиган одамни айнан фисқи ва зулмини гапирса ҳам ғийбат бўлмайди. Аммо бошқа айбларини гапирса ғийбат бўлади” (ал-Бариқа. 3 –Ж. 232 – Б).

Демак, мункар ишни қилиб юрган одам ҳақида, унга кучи етадиган ва тийиб қўйишга қодир шахсга унинг айбини тийиб қўйиши учун, яъни мункарни бартараф қилиш учун гапирилса ғийбат бўлмайди. Гарчи бу ғийбатдек кўринса ҳам.

Шунингдек, фатво сўраш мақсадида ҳам бировнинг айбини тилга олиш ғийбатга кирмайди. Мисол тариқасида келтириш мумкинки, тарихда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг хотини Ҳинд розияллоҳу анҳо кириб, эридан шикоят қилади ва унинг ўта зиқналигини гапириб, ўзимга керакли миқдорда унинг молидан билдирмасдан олсам бўладими, деб фатво сўрайди. Шунда Расулуллоҳ “ҳа, олавер” деб ижозат берганлар. У аёлнинг бу сўзларини ғийбат деб билмаганлар.

Бидъатини бошқа одамларга юқтириш, сингдириш, ўргатиш хавфи бўлган вақтда ҳам бшқаларни огоҳлантириш мақсадида, унинг шарридан жамиятни сақлаб қолиш учун, қаршингиздаги одамга таниш-муайян бир шахсни айбини гапириш ҳам ғийбатга кирмайди. Гарчи ўша айб билан тилга олинган одамнинг ихлосмандларига ғийбатдек кўринса ҳам.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қуйидагича ҳадис ривоят қилинган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

من القى جلباب الحياء فلا غيبة له

Ҳаё ёпинчиғини улоқтирганлар учун ғийбат йўқ(Абу Шайҳ, Қузоъий, Байҳақий, Хатиб Бағдодий).

Ҳанбалий мазҳаби олимларида аллома Абдулқодир Румий бу ҳадисга шундай изоҳ берган: “Ҳаёни йиғиштириб қўйиб, фаҳш ишларни очиқча қилиб юрган одамни айнан шу айбларини ошкора гапириш ҳаром эмас. Гарчи бу унга ёқмаса ҳам. Чунки Расулуллоҳдан мана бундай ҳадис бор: “Фожир одамни ундаги фужурлари билан гапиринглар, токи одамлар ундан сақланишлари учун”. (Шарҳу китоб аш-Шиҳоб. 490 — Б).

Аллома Румий ишора қилган ҳадис матни эса қуйидагича:

اتروعون من ذكر الفاجر متى يعرفه الناس اذكروا الفاجر بما فيه يحذره الناس

Одамлар ўзлари билиб оладиган вақт келгунича фожирни гапиришдан қўрқасизларми, фожирни ундаги айби билан гапиринглар, токи одамлар ундан ҳазир бўлсинлар”. (Ибн Абу Дунё).

Аллома Румий келтирган бу шарҳ аслида Моликий мазҳабининг йирик тафсирчиси Имом Қуртубийга мансуб. У киши “Хужурот” сурасининг тафсирида худди шу гапни айтганлар ва “демак, ғийбат бировнинг яшрин айбларини ошкор қилиш экан” деб қўшимча хулоса ҳам бериб қўйган. (Қаранг: ал-Жоме лиаҳком ил-Қуръан. 19 – Ж. 408 – Б)

Имом Қуртубий яна шундай деган: “Ҳасан ал-Басрийдан ривоят қилинишича, уч хил тоифанинг ҳурмати бўлмас экан (яъни уларни ғийбат қилиш ҳаром эмас, демоқчи): ҳавойи нафсига эргашган бидъатчи; кўча-кўйда ошкора гуноҳ қилиб юрадиган фосиқ; золим раҳбар” (ал-Жоме лиаҳком ил-Қуръан. 19 – Ж. 408 – Б).

Рабий ибн Сабиҳ Ҳасан ал-Басрийдан рвиоят қилади: “Бидъат аҳли учун ғийбат йўқ” (Шарҳу усули аҳли сунна вал-жамоа 280 – Б).

Хозирги кундаги “салафий”ларнинг раҳнамоси саналмиш Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳга ҳам ғйибатнинг ҳалоли ва ҳроми ҳақида савол тушган экан:

  • Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “фосиқ учун ғийбат йўқ” деган ҳадис бор экан. Бу ҳадисда кўзда тутилган фосиқликнинг ҳадди нима?

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ жавоб берди:

  • Сен айтган ҳадис Расулуллоҳнинг ҳадиси эмас. Балки бу Ҳасан ал-Басрийнинг гапи. Расулуллоҳ мана бундай деган: “фожирни гапиришдан қўрқасизларми, ундаги фужурни гапиринглар. Токи одамлар ундан хазир бўлсин”. Бошқа ҳадисда бундай деган: “Ким ҳаё ёпинчиғини улоқтирса у учун ғийбат йўқ”. Мана шу икки навда ғийбат қилиш жоиз бўлади. Биринчиси, бир одам масалан зулм, фахш, суннатга мухолиф бидъатларни ошкора қилса, имкон қадар унга раддия қилиш, инкор этиш вожиб бўлади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Сизлардан кимки бирор мункарни кўрса уни қўли билан ўзгартирсин. Кучи етмаса тили билан, бунга ҳам кучи етмаса қалби билан. Буниси эса иймони заифроғидир” Муслим ривоят қилган. Иккинчиси, кимдир никоҳланиш мақсадида, ёки бошқа бир муомала учун ва ё гувоҳлик масаласида кенгашмоқчи бўлди. У биладики суриштирилган шахс бунга ярамайди. Яъни, никоҳланишга ҳам бошқа ишларга ҳам салоҳиятсиз. Бу вазиятда маслаҳат сўралган киши суриштирилаётган одам ҳақида бор гапни айтиши керак. (Шайҳ ибн Таймия. Мажмуат ул-фатово 28 – Ж. 219 — Б).

БИДЪАТЧИНИНГ АЙБИНИ ТИЛГА ОЛГАНИНГИЗДА СИЗНИ ХУШЛАМАЙДИГАНЛАР АСЛИДА КИМЛАР ЎЗИ

Юқорида нима ғийбату нима ғийбат эмаслиги ҳақида маълум даражада тасаввурга эга бўлдик. Энди сизнинг айрим чиқишларингизни ғийбат деб баҳолайдиганлар, сизга ўзича ухувват ва биродарлик мавзуларида насиҳат қилиб, йўналишни бошқа тарафга бурмоқчи бўлганлар, сизга қулоқ солиб турган оммани сиздан чалғитиб, аксинча сизни ўзингизни айбдор қилиб намойиш қилмоқчи бўлганлар ҳақида фикримни айтсам.

Фараз қилинг, сиз бирор муайян шахснинг фикр ва ғояларида жамият учун хавф кўряпсиз ва шу хавфдан оммани огоҳлантириш мақсадида чиқиш қилдингиз. Масалан фейсбукда. Ишончингиз комил бўлсинки, сизнинг бу чиқишингиз ғийбат эмас. Гарчи омиларга ғийбатдек туюлса ҳам. Бу ҳолатда табиийки сиз айблаб чиққан шахс мухлислари сизни ҳар томондан талашни бошлайди. Кейин тўсатдан сизнинг ўз атрофингизда юрганлар ичидан ҳам сизга кескин бўлмасада эътироз билдирувчилар, ҳаракатларингиз ва услубингиздан норозилар чиқиб қолди. Булар ҳақида нима деган бўлардингиз?

Улар икки хил турдан бирига мансуб одамлар бўлади. Биринчи эҳтимол шуки, сиз ким ҳақида гапириб чиққан бўлсангиз улар ҳам аслида худди ўша шахс мансуб бўлган тоифа одамларидир. Лекин улар қиёфасини ўзгартиришган. Яъни, вазиятга мослашишган, лекин фикр ўша-ўша.

Иккинчи эҳтимол шуки, улар сиз гапириб чиққан одам тоифасига мансуб эмас. Лекин юқорида айтилганидек ғийбат ҳақида тушунчаси ўта саёз бўлиб, сизнинг чиқишларингиз унга худди ғийбатдек туюлади. Хуллас ғийбат билан огоҳлантиришни фарқига борадиган даражада эмас. Буларда сиз кўрган ва сезган хавфни англар даражада фаҳм-фаросат йўқ. Шунинг учун сиздан норози бўлишади, сизни ғийбатчи дейишади.

ХУЛОСА

Хулоса қилиб шуни айтаманки, ғийбат ҳаром. Лекин ғийбатни ҳаромлиги билан бирга унга доир тафсилотни ҳам билиш ҳам вожиб. Ҳеч кимга сир эмас, хозир интернетда “дин ўргатаман” деб жар солаётган диндор қиёфалилар кўп. Узун кўйлак, ҳайбатли соқоллар билан жозибадор кўринишда одамларни алдаётган бидъачтлар ҳақида гапиряпман. Ташқи қиёфага суннатга мос тус берилса сўзнинг таъсир кучи ортади. Галстук тақиб, ялангбош калта кўйлакда ҳақни гапирган соқолсиз одамдан кўра, салла-чопонда чиқиб ботилни гапирган серсоқол одам омилардан кўпроғини ўзига эргаштира олади.

Шундай экан, бугунги илм аҳлининг олдида турган энг муҳим вожиботлардан биттаси авомни ўшандай алдамчилардан огоҳлантириш. Ва ҳеч иккиланмаслик керакки, огоҳлантириш мақсадида баъзи шахсиятлар ҳақида очиқ-равшан фикр билдириш асло ғийбат эмас. Бунга аввало ўзимииз ишониб олишимиз керак. Шундагина тараддудсиз, дадил қадам ташлашимиз мумкин. Ахир юқорида ўтдику, буни ҳатто мухолифларимизнинг раҳнамоси ибн Таймия ҳам таъкидлаган.

Бундай чиқишларда энг эътибор қилиш лозим бўлган нуқта шуки, гапирилаётган одамнинг ошкора бидъатларини гапириш керак. Кўпчиликдан яшириб қиладиган айбларини гапириш ҳаром. Масалан бир муйян киши «Ҳанафийлар фалон масалада далилни яхши билишмайди», деганга ўхшаш гап билан фасод тарқатяпти. Унинг айнан шу ишига урғу бериб инкор этиш керак. Бошқа тарафларга ўтиб кетиш ғийбатнинг ҳаром турига кириб қолади.

Қайсидир бидъатчи ҳақида очиқ чиқиш қилганингизда сизни ғийбатчи деганларга эса парво қилиш ноўрин. Аксинча улардан бўлган озорларга таҳаммул ила ўз мақсадингиз сари давом этишингиз хайрли бўлади. Уларга парво қилиш бекорга вақт сарфлаш бўлади.

Сўзимнинг охирида шуни таъкидлайман, муҳтарам ўқувчи! Бу мақола менинг интернетдаги баъзи чиқишларимга нисбатан билиб-билмай эътироз билдирувчи ва ҳаракатларимга ғийбат деб баҳо берувчилар туфайли ёзилгани рост. Лекин бу умумий мақсадда ёзилди. Айнан танқидчиларим учун эмас, балки ҳамма ўзига тегиши фойда олиши учун яхши ниятда ёзилди. Аллоҳ ҳаммамизга илм ва тақво берсин!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “Ғиштли” жоме масжид имоми

Имом Бухорий номли ТИИ сиртқи бўлим битирувчиси

“Саййид Муҳйиддин Махдум” ислом ўрта махсус билим юрти ўқитувчиси

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 1 та

  1. Hamidullo:

    Alloh rozi bo’lsin!

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *