Ғайб илми масаласи 5

55555555

Дин ғамхўри, суннат ҳомийси, бидъат кушандаси, ҳанафийлар фахри, улуғ устозимиз Ҳожи Ҳиндистоний ҳазратларининг фахрли устози Мавлоно Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб “ал-Асор ул-марфуъа фил-ахборил-мавзуъа” номли рисола бор. Муаллиф рисолада Расулуллоҳ соллаҳу алайҳи ва саллам жаноби олийларининг олий шаънига тўқиб чиқарилган уйдирма ривоят ва хабарлар ҳақида куюниб сўз юритган. Қандай мақсад бўлмасин Расулуллоҳ ҳақида ёлғон тўқиш мутлақо ҳаром эканини муқаддимада таъкидлаб, ёлғончи каззобларни ва уларнинг уйдирмаларини кўтариб юрувчи саводсизларни кескин танқид остига олади. Кейин эса халқ ичида воъизу нотиқлар орасида оғизма-оғиз кўчиб юрадиган қатор уйдирма ривоятларни санаб келтиради.

Аслида рисолани тўлиғича таржима қилиб халқимизга етказиш жуда катта савоблик иш бўларди. Лекин ҳолат тақозосига кўра, эътиборингизни ўша рисолада келтирилган бир уйдирма ҳақидаги илмий хулосага жалб қилишни зарурроқ деб топдик. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобларига мутлақо илми ғайбий сифатини нисбат қилишлик!

Мавлоно Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий шундай дейдилар:

و منها ما يذكره الوعاظ من ان النبي أعطي علم الاولين و الأخرين مفصلا، و وهب له علم كل ما مضي و ما يأتي كليا و جزئيا، و أنه لا فرق بين علمه و علم ربه من حيث الإحاطة و الشمول، و إنما الفرق بينهما أن علم الله أزلي ابدي بنفس ذاته بدون تعليم غيره، بخلاف علم الرسول، فإنه حصل له بتعليم ربه.

Таржимаси:

“Ўша тўқима ривоятлардан яна бири воизлар айтиб юрадиган ушбу гап-ки, Пайғамбар алайҳис-салом аввалгилар-у охиргиларнинг илмига муфассал эга қилинган. Шунингдек, Ул зотга мозий ва келажак маълумотларининг барча куллий ва ҳатто жузъийлари ҳам ошкор қилинган. Иҳота ва қамров жиҳатидан Пайғамбаримиз билан Парвардигорнинг илми орасида фарқ йўқ. Фарқ шундаки Аллоҳнинг илми азалий, зотида қоим ва ҳеч кимдан ўрганган эмас. Расулуллоҳнинг илми эса Роббисининг таълими орқали ҳосил бўлган”.

Мавлоно Абдулҳай Лакнавийнинг сўзларига кўра, ўша давр воизлари орасида шу хабар кенг тарқалган. Мавлид маросимлари ва шу каби бошқа йиғинларда халққа Пайғамбаримиз ҳақида нутқ қилган нотиқлар буни оммавий гапириб юришган. Бу ҳолатга ҳазрати Лакнавий ўз муносабатини билдириб айтади:

         و هذا زخرف من القول و زور علي ما صرح به ابن حجر المكي في «المنح المكية شرح القصيدة الهمزية» و غيره من ارباب الشعور.

و الثابت من الايات القرأنية و الأحاديث النبوية هو ان الإحاطة و الشمول و علم كل غيب مختص بجانب الحق و لم توهب هذه الصفة من جانب الحق لأحد من الخلق.

نعم علوم نبينا صلي الله عليه و سلم أزيد و اكثر من علوم سائر الأنبياء و الرسل. و تعليم ربه الأمور الغيبية له بالنسبة إلي تعليم غيره اكمل. فهو صلي الله عليه و سلم اكمل علما و عملا و سيد المخلوقات مرتبة و فضلا.

Таржимаси:

“Бу гап аслида зухруф (латиф, ташқаридан чиройли кўринса-да лекин ҳақиқатга тўғри келмайдиган ботил) ва ёлғондир. Буни Ибн Ҳажар Маккий “ал-Минаҳ ул-маккия шарҳи қасидат ул-ҳамзия”да очиқча баён қилган. Ва яна бошқа шеър арбоблари ҳам айтиб ўтишган.

Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз ҳадисларидан собит бўлган соф ақида шуки—илмий иҳота, қамров ва жамики ғайб илмини билиш фақатгина Аллоҳ таолога хос сифатдир. Бу сифат махлуқот ичидан ҳеч кимга берилган эмас.

Тўғри, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илми бошқа пайғамбар ва расулларнинг илмидан кўп ва мукаммалроқдир. Парвардигор Ул зоти шарифга илми ғайбийни бошқаларга нисбатан мукаммал тарзда таълим берган. Бас, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарий ва амалий жиҳатдан энг етук зотдирлар. Шунингдек, мартаба ва фазилат бобида ҳам бутун махлуқотларнинг улуғидир!

Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий. ал-Асор ул-марфуъа фил-ахборил-мавзуъа. Мажмуъати Лакнавий 5-жилд таркибида. 27-Бет.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...