УЛАРГА ХАВФ ЙЎҚ…

130417_manquranҚиёмат шиддатли азоб ва даҳшатли манзараларга бой бўлади. У куннинг қўрқинчидан эмизикли аёл боласини унутиши, ҳомилали хотин ҳомиласини ташлаб қўйиши мумкин. Одамлар худди мастдек гаранг ҳолатга тушиб қолишади. Лекин ўшандайин қўрқинчли кунларда ўзини йўқотмасдан, хотиржам ва бамайлихотир юрадиган, ҳеч нарсадан қўрқмайдиган, қалбига ташвиш ҳам маҳзунлик ҳам бегона бир тоифа бор. Улар бу дунёда Аллоҳга дўст бўлган авлиёларидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда уларнинг қиёмат кундаги ҳавасга арзигулик ҳолатини баён қилиб шундай дейди:

أَلا إِنَّ أَوْلِيَاء اللّهِ لاَ خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلاَ هُمْ يَحْزَنُونَ

Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. (Юнус сураси / 62).

Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи ва салламдан:

  • Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг авлиёлари ким?—деб сўради. Расулуллоҳ:
  • Ўз кўринишлари билан Аллоҳни эслатадиганлар—деб жавоб бердилар. (Табарий).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу юқоридаги оят ҳақида шундай деган:

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман, ул зот айтдилар: Аллоҳнинг бандалари ичида шундайлари борки, қиёмат қоим куни уларга кўрсатилган илоҳий эҳтиром туфайли пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳавас қилади. Расулуллоҳдан сўрадилар:

  • Эй Аллоҳнинг Расули, улар ким? Нима иш қилишган? Айтинг, биз ҳам уларга муҳаббат қилайлик… Ул зот жавоб берди:
  • Улар қариндош бўлмаган ва бир-бирларига совға-салом улашмаган ҳолда бир-бирларини Аллоҳ йўлида яхши кўра олган қавмдир. Аллоҳга қасамки, уларнинг юзлари нур каби ёғдули бўлади. Улар атрофни ёритиб турадиган минбар устида бўладилар. Одамлар хавфдан даҳшатга тушганда улар хотиржам бўлишади. Одамларнинг қалбини ғам эгаллаган кунда уарнинг қалбига маҳзунлик кира олмайди – Расулуллоҳ шундай деб сўзларини: “Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар.”—оятини тиловат қилиш билан тамомлади. (Абу Довуд).

Юқоридаги оят тафсирида баъзи олимлар: Аллоҳнинг дўстлари зурриётларини ўйлаб хавфга тушишмайди, дунёлари учун ҳам маҳзун бўлишмайди. Чунки Аллоҳ уларнинг ҳар икки тарафдан ҳам кўнгилларини хотиржам қилиб қўяди—дейилган. (Имом Қуртубий).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу имтиҳон дунёда маънавиятини ҳам, ташқи кўринишини ҳам ислом талабига – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига мослай олганлар ва исломий жамиятда одамлар билан чин исломий муносабат ўрната олганлар Аллоҳнинг авлиёлари экан. Булар қиёмат куни халойиқ даҳшатга тушганда ҳеч нарсадан қўрқмайдиган, қалби асло маҳзунлик кўрмайдиган чин бахтли инсонлар бўлар экан. Аллоҳ барчамизни Ўз Авлиёлари сафида қилсин! Омин!

Файзуллаев ФУРҚАТ

Сирдарё вилоят Сардоба туман «Янги қишлоқ» ж/м

 

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...