АҚИДАДА ИМОМ БУХОРИЙ КИМЛАРГА ЭРГАШГАН?

1585026090_230059Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ даврида ҳали аҳли суннат ва жамоатнинг икки ақидавий қаноти – ашъарийлар ва мотуридийлар шаклланиб улгурмаган эди. Зотан, Абулҳасан ал-Ашъарий (260-324 ҳ./874-936 м.) раҳматуллоҳи алайҳи ва Абу Мансур ал-Мотуридий (256-333 ҳ./870-944 м.) раҳматуллоҳи алайҳи Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг вафотидан кейин туғилганлар. Шунинг учун ҳам, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ақидасини саҳобалар, тобеъинлар ва табъа тобеъинлардан иборат салафи солиҳинларнинг ақидаси билан бир хил бўлган, дейиш тўғрироқ бўлади. Зотан, ашъарийлар ва мотуридийларнинг ҳам ақидаси уларники билан ҳамоҳанг эди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ақидада кўпроқ қайси мутакаллимлар билан ҳаммаслак ва ҳамэътиқод бўлган, деган савол бўлиши табиийдир.

Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (773-852 ҳ./1372-1449 м.) раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Саҳиҳи Бухорий”га битган машҳур “Фатҳ ал-Борий” асарида Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ фиқҳ ва ақидада ўтмишдошларидан кўпроқ кимларга эргашганини ёзиб қолдирган. Тарихда “Саҳиҳи Бухорий”ни энг кўп ва энг хўп тарзда ўрганган олим, шак-шубҳасиз, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ҳисобланади. У зотни “Саҳиҳи Бухорий”га Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ўзидан ҳам кўпроқ эътибор берган ва хизмат кўрсатган олим сифатида таърифланади. Ана шу Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ақидавий фикрлари қайси мутакаллимлар қарашлари орқали шаклланганини бу тарзда қайд қилган:

مَعَ أَنَّ الْبُخَارِيَ فِي جَمِيعِ مَا يَرِدُهُ مِنْ تَفْسِيرِ الْغَرِيبِ إِنَّمَا يَنْقُلُهُ عَنْ أَهْلِ ذَلِكَ الْفَنِّ كَأَبِي عُبَيْدَةَ وَالنَّضرِ بْنِ شُمَيْلِ وَالْفَرَّاءِ وَغَيْرِهِمْ وَ أَمَّا الْمَبَاحِثِ الْفِقْهِيَّه فَغَالِبُهَا مُسْتَمِدَةٌ مِنَ الشَّافِعِيِّ وَ أَبِي عُبَيْد وَ أَمْثَالِهِمَا وَ أَمَّا الْمَسَائِلُ الْكَلَامِيَّه فَاَكْثَرُهَا مِنَ الْكَرَابِيسِيِّ وَ ابْنِ كُلَّابٍ وَ نَحْوِهِمَا

 “Шу билан бирга, Имом ал-Бухорий ғариб (архаик) сўзлар изоҳида келтирган нарсаларининг барчасини Абу Убайда, Назр ибн Шумайл, ал-Фарро ва шу каби бошқа олимлардан нақл қилади. Фиқҳий мавзуларга келадиган бўлсак, уларнинг кўпчилиги Имом аш-Шофеъий, Абу Убайд ва уларга ўхшашларга суянилган. Каломий масалаларнинг аксарияти эса ал-Каробисий, Ибн Куллоб ва улар кабилардан олинган” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 1-жилд. – Риёз: Дор Таййиба, 2005. – Б. 420.).

Мазкур иқтибосда тилга олинган олимлар билан озроқ танишсак. Бу ерда тилшунос олимлардан учтасининг номи зикр қилинган:

Абу Убайда Маъмар ибн ал-Мусанно ал-Басрий ан-Наҳвий (110-209 ҳ./728-824 м.) раҳимаҳуллоҳ таниқли ва машҳур араб тилшунос олими. Ҳадис ровийларидан ҳам ҳисобланади. У зотнинг 200 га яқин асарлар ёзганлиги манбаларда айтилади (Хайриддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. 7-жилд. – Байрут: Дор ал-илм, 2002. – Б. 272). Жумладан, “Мажоз ал-Қуръон” номли китоби топилиб, нашр қилинган (Абу Убайда. Мажоз ал-Қуръон. – Миср: Хонжий, 1954. – 424 б.).

Абулҳасан ан-Назр ибн Шумайл (122-203 ҳ./740-819 м.) раҳимаҳуллоҳ араб тилшунос олимларидан бири, ҳадис ровийси. Бир муддат Марвда қози ҳам бўлиб турган. “Ғариб ал-ҳадис”, “ал-Маоний” ва “ас-Сифот” номли асарлари бўлган (Хайриддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. 8-жилд. – Байрут: Дор ал-илм, 2002. – Б. 33).

Абу Закариё Яҳё ибн Зиёд ал-Фарро ад-Дайламий ал-Кўфий (144-207 ҳ./761-822 м.) раҳимаҳуллоҳ эса таниқли ва машҳур кўфалик тилшунос олим, “Наҳв илми амири” деган унвонга сазовор бўлган. “Маоний ал-Қуръон” асари нашр этилган, у саксон нафарга яқин ўз даврининг қози, олим, уламолари даврасида қилинган маърузалари асосида “имло” қилинган бўлган (Хайриддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. 8-жилд. – Байрут: Дор ал-илм, 2002. – Б. 145-146).

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ гарчи ўзлари фиқҳда мужтаҳид бўлса-да, фиқҳий мавзуларни шофеъийлик мазҳаби мужтаҳиди Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофеъий (150-204 ҳ./767-820 м.) раҳматуллоҳи алайҳи каби фақиҳларнинг фиқҳий қарашлари таъсирида шакллантирган. Шунингдек, Тарсусда 18 йил қозилик қилган, ўз даврида Бағдод ва Мисрнинг таниқли фақиҳи ва муҳаддис олими сифатида фаолият юритган Абу Убайд Қосим ибн Саллом ал-Ҳаравий (157-224 ҳ./774-838 м.) раҳимаҳуллоҳ асарларидан унумли фойдаланган. У зот ислом тарихида илк бор ғариб ал-ҳадис йўналишида, 40 йил давомида “ал-Ғариб ал-мусаннаф” асарини ёзган буюк олим ҳисобланади (Хайриддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. 5-жилд. – Байрут: Дор ал-илм, 2002. – Б. 176). “Ғариб ал-ҳадис” деган машҳур ном билан шуҳрат қозонган мазкур китобнинг энг қадимий қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида сақланади (Қосим ибн Саллом. Ғариб ал-ҳадис. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, №  3101. – 132 в.).

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ калом илмида ва ақидавий қарашларда ўз замондошларидан икки нафар буюк ва таниқли мутакаллимларга эргашган эди:

Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Саъид ибн Куллоб (ваф. 245 ҳ./860 м.) раҳимаҳуллоҳ “ас-Сифот”, “Халқ ал-афъол”, “ар-Радд ъала ал-мўътазила” каби асарлар муаллифи ҳисобланади. Ибн ан-Надим раҳимаҳуллоҳ “ал-Феҳрист” асарида унинг “Китоб ас-Суннат ва-л-жамоат” номли асари бўлганини қайд қилган (Ибн ан-Надим. Ал-Феҳрист / Таҳқиқ: Ризо Тажаддуд.  – Теҳрон: Донишкада, 1971. – Б. 230).

Юқоридаги иқтибосда тилга олинган Абу Али Ҳусайн ибн Али ал-Каробисий (ваф. 248 ҳ./862 м.) раҳимаҳуллоҳ эса “Усул ал-фиқҳ ва фуруъуҳу” ва “ал-Жарҳ ва-т-таъдил” каби китоблар муаллифи, ўз даврининг таниқли олимидир (Хайриддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-илм, 2002. – Б. 244).

Аҳли суннат ва жамоатнинг катта қаноти бўлмиш ашъарийликнинг пешвоси, мутакаллим олим Абулҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ ҳам калом илмида Ибн Куллоб раҳматуллоҳи алайҳ йўлини тутган эди (Ҳасан Муҳаррам ал-Ҳувайний. Абдуллоҳ ибн Саъид ибн Куллоб – Шайх Абилҳасан ал-Ашъарий. Ҳаётуҳу ва маконатуҳу байн аиммати Аҳл ас-сунна // ал-Имом Абулҳасан ал-Ашъарий: имом аҳл ас-сунна ва-л-жамоа. 1-жилд. Тасдир: Аҳмад Таййиб шайх ал-Азҳар. Аъмол мултақа ал-оламий ал-хомис. 8-11 май.  – Қоҳира, 2010 йил. – Б. 165).

Бу “ал-Милал ва-н-ниҳал”да Муҳаммад ибн Абдулкарим аш-Шаҳристоний (479-548 ҳ./1086-1153 м.) раҳимаҳуллоҳ томонидан алоҳида қайд қилинган бўлиб, унда бундай дейилган:

حَتَّى اِنْتَهَى الزَّمَانُ إِلَى: عَبْدِ اللهِ بْنِ سَعِيدٍ الْكُلّابِي، وَ أَبِي الْعَبَّاسِ الْقَلَانُسِي، وَ الْحَارِثِ بْنِ أَسَدٍ الْمُحَاسِبِي؛ وَ هَؤُلَاءِ كَانُوا مِنْ جُمْلَةِ السَّلَفِ؛ إِلَّا أَنَّهُمْ بَاشَرُوا عِلْمَ الْكَلَامِ، وَ أَيَّدُوا عَقَائِدَ السَّلَفِ بِحُجَجٍ كَلَامِيَّةٍ وَ بَرَاهِينِ أُصُولِيَّةٍ، وَ صَنَّفَ بَعْضُهُمْ وَ دَرَّسَ بَعْضٌ. حَتَّى جَرَى بَيْنَ أَبِي الْحَسَنِ الْأَشْعَرِيّ وَ بَيْنَ أُسْتَاذِهِ مُنَاظَرَةً فِي مَسْأَلَةٍ مِنْ مَسَائِلِ الصَّلَاحِ وَ الْأَصْلَحِ فَتَخَاصَمَا؛ وَ اَحَازَ الْأَشْعَرِيُّ إِلَى هَذِهِ الطَّائِفَةِ، فَأَيَّدَ مَقَالَتَهُمْ بِمَنَاهِجِ كَلَامِيَّةٍ، وَ صَارَ ذَلِكَ مَذْهَبًاً لِأَهْلِ السُّنَّةِ وَ الْجَمَاعَةِ. وَ انْتَقَلَتْ سِمَةَ الصِّفَاتِيَّةِ إِلَى الْاَشْعَرِيَّةِ

“Замон Абдуллоҳ ибн Саъид ал-Куллобий, Абулаббос ал-Қалонисий, Ҳорис ибн Асад ал-Муҳосибий даврига етиб келди. Улар салафи солиҳлар жумласидан эдилар. Фақат улар калом илмини маҳкам тутдилар. Салафи солиҳларнинг ақидаларини каломий ҳужжатлар ва усулий далиллар билан қувватлаб бердилар. Уларнинг айримлари китоб ёздилар, айримлари эса дарс бериш билан чекландилар. Ҳатто Абулҳасан ал-Ашъарий билан устозлари орасида (калом илмидаги) “салоҳ ва аслаҳ” масаласида мунозара юз берди, ўзаро тортишиб қолдилар. Имом ал-Ашъарий бу тоифа томонга ўтди. Уларнинг гапларини калом илми услубига кўра қувватлаб берди. Мана шу аҳли суннат ва жамоатнинг бир мазҳаби бўлди. Аллоҳнинг сифатларини тўғри талқин қилувчилар ашъарийларга айланди” (Муҳаммад ибн Абдулкарим аш-Шаҳристоний. Ал-Милал ва-н-ниҳал. 1-жилд. – Қоҳира: Дор ал-иттиҳод ал-урфий, 1968. – Б. 93.).

Ибн Халдун (732-808 ҳ./1332-1406 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзининг дунёга машҳур “Муқаддима” асарида бу ҳақида шундай ёзган эди:

إِلَى أَنْ ظَهَرَ الشَّيْخُ أَبُو الْحَسَنِ الْأَشْعَرِيُّ وَ نَاظَرَ بَعْضَ مَشِيخَتِهِمْ فِي مَسَائِلِ الصَّلَاحِ وَ الْأَصْلَحِ، فَرَفَضَ طَرِيقَتَهُمْ، وَ كَانَ عَلَى رَأْيِ عَبْدِ اللهِ بْنِ سَعِيدٍ بْنِ كُلَّابٍ وَ أبِي الْعَبَّاسِ الْقَلَانُسِيِّ وَ الْحَارِثِ ابْنِ أَسَدٍ الْمُحَاسِبِيِّ مِنْ أَتْبَاعِ السَّلَفِ وَ عَلَى طَرِيقَةِ السُّنَّةِ. فَأَيَّدَ مَقَالَاتِهِمْ بِالْحُجَجِ الْكَلَامِيَّةِ

“Шайх Абулҳасан ал-Ашъарий зоҳир бўлгунгача (тортишувлар) давом этди. У зот (калом илмидаги) “салоҳ ва аслаҳ” масаласида ўзининг (аслида мўътазилий бўлган) айрим устозлари билан мунозара олиб бориб, уларнинг йўлларини тарк қилди. У зот Абдуллоҳ ибн Саъид ибн Куллоб, Абулаббос ал-Қалонисий, Ҳорис ибн Асад ал-Муҳосибий фикрларини қабул қилди. Улар эса салафи солиҳларнинг давомчилари ва суннат йўлидаги олимлар эди. Шайх Абулҳасан ал-Ашъарий каломий ҳужжатлар билан уларнинг айтган гапларини қувватлади” (Ибн Халдун. Ал-Муқаддима. 2-жилд / Таҳқиқ:  Абдуллоҳ Муҳаммад Дарвеш. – Дамашқ: Мактаба ал-Ҳидоя, 2004. – Б. 218).

Бу ерда Ибн Куллоб раҳимаҳуллоҳдан ташқари унинг икки нафар ҳаммаслагининг номи ҳам тилга олинди:

Абулаббос Аҳмад ал-Қалонисий (яшаган асри III-IV ҳ./IX-X м.) раҳимаҳуллоҳ таниқли мутакаллимлардан бири бўлиб, ҳаёти ва ижоди борасида тўлиқ маълумотлар сақланиб қолмаган. У зот 150 га яқин асар ёзган бўлса-да, бирорта асари бизнинг давримизгача етиб келмаган (Халаф Абдулҳаким ал-Фаржоний. Ал-Қалонисий: ҳаётуҳу ва ароуҳу ал-каломия // “Ҳавлия куллия ад-диросот ал-исломия ва-л-арабия”.  Мажалла Жомеъа ал-Азҳар. – № 12/1. – Қоҳира, 2015. – Б. 1127-1236).

Абу Абдуллоҳ ал-Ҳорис ибн Асад ал-Муҳосибий (165-243 ҳ./782-857 м.) раҳимаҳуллоҳ машҳур сўфий уламолардан, мутакаллим олимлардан бўлиб, ўз даврида ўзининг тасаввуфга оид фикрлари билан шуҳрат қозонган, мўътазилийларга қаттиқ раддиялар бериши билан танилган. Унинг “Рисолат ал-Мустаршидин” асари машҳур бўлиб, қайта-қайта нашр қилинган (Хайриддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-илм, 2002. – Б. 153).

Юқорида айтилганидек, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ калом ва ақида илмида Ибн Куллоб раҳматуллоҳи алайҳи маслагида бўлган. Тожиддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ “ат-Табақот аш-шофеъия ал-кубро”да:وَ ابْنُ كُلَّابٍ عَلَى كُلِّ حَالٍ مِنْ أَهْلِ السُّنَّةِ  — “Ибн Куллоб ҳар қандай ҳолатда аҳли суннатдандир!” деган эди (Тожиддин ас-Субкий. Ат-Табақот аш-шофеъия ал-кубро. 2-жилд. – Қоҳира: Дор эҳё ал-кутуб ал-арабия, 1964. – Б. 300).

Шунинг учун ҳам, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Халқ афъол ал-ибод” асарини ушбу Ибн Куллоб раҳматуллоҳи алайҳининг “Халқ ал-афъол” каби асарлари ва фикрларидан таъсирланиб ёзган, дея оламиз.

Ибн Куллоб раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолони жисм сингари тасаввур қилувчи мужассималикка асосланган фикрларга қарши бўлгани сабабли айрим ҳанбалийлар хуш кўрмайдилар. Бугунги кундаги сохта салафийларнинг ҳам ақидавий таълимотлари мужассималикдан таъсирлангани боис Ибн Куллоб раҳимаҳуллоҳ сингари мутакаллимларга нисбатан улар томонидан таъна тошлари отилаверади. Ҳатто бугунги кундаги сохта салафийлар, жумладан, Ибн Абдурраҳмон ал-Хаммис кабилар ўзларининг “ал-Мотуридия рабиба ал-Куллобия” (“Мотуридийлар куллобийларнинг асрандиси”) деган рисолалари билан Ибн Куллоб раҳимаҳуллоҳга қўшиб мотуридийларга ҳам таъна қилишдан тоймаяптилар (Ибн Абдурраҳмон ал-Хаммис. Ал-Мотуридия рабиба ал-Куллобия. (“Ҳивор маъа Ашъарий” рисоласи билан бирга). – Риёз: Мактаба ал-Маориф, 2005. – Б. 153-182).

Шу билан бирга,  Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳам ақидада Ибн Куллоб раҳматуллоҳи алайҳига эргашганлигини яширадилар. Ҳақиқат шуки, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ақидавий таълимоти Ибн Куллоб, Имом Каробисий, Имом ал-Қалонисий ва Имом ал-Муҳосибий раҳматуллоҳи алайҳим каби мутакаллимларнинг ақидалари таъсири ва заминида шаклланган эди.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ аҳли суннат ва жамоатнинг энг кўзга кўринган олими сифатида ўз ўтмишдошлари сингари ақидавий қарашларини ҳам баён қилиб кетган. Унинг эътиқодий фикрлари ва бу эътиқодга далил бўлган маълумотларни кейинги авлод кўз қорачиғидек сақлаб ва уларга бекаму кўст амал қилиб келади. Унинг ақидавий фикрлари “Саҳиҳи Бухорий”, “Халқ афъол ал-ибод” каби асарларидан ташқари алоҳида матн сифатида “Ақида” номи билан ҳам ёзиб қолдирилган.

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

 

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...